Уй

Уй

Хуллас, қишлоқ бузиладиган бўлди.

Қўрғончада алмисоқдан қолган бир бино бўларди. Биладиганлар гувоҳлик беришича, қишлоқда яккахўжаликлар тугатилиб, «колхоз-колхоз» бўлаётган даврлар улуснинг йиғинлари тез-тез шу бинода ўтказиб турилар экан, кейинчалик, алғов-далғовлар сал босилиб, мусичалар шипга бемалол ин қўя бошлагач, бу бино қишлоқнинг «Қизил чойхона»сига айлантирилибди. Шундан бери не-не замонлар ўтди. Орқа деворига тўртта ёғоч тираб қўйилганини демаса, бино яна бир-икки мучал қаддини тик тутиб тура оларди. Бироқ энди унинг ҳам умри битди.

Бугун шу бинода худди бурунгидек оломонйиғин бўлди, худди бурунгидек Қўрғонча аҳлининг обрўли қисми – қари-қартанг, биргадиру ҳисобчи, эски хотин-қиз фаолларию мактаб муаллимлари райондан келган вакилнинг нақ икки соатли маърузасига қулоқ осдилар…

 

Хуллас, қишлоқ бузиладиган бўлди.

Ҳайдар ота эшитган гапларининг ҳаммасини тушунишга тушунди-ю, айни чоқда, ҳеч балони англамагандек, гаранг эди. У одамлар кетидан бир зум тикилиб турди, узун-узун қуруқшоқ бармоқларини паншаха қилиб гарданини қашлади, сўнг лабини чўччайтирганча, туяюриш билан уйига жўнади.

Эшикни очиб, йўлакка кирар-кирмас кампирнинг куюнчак овозини эшитди:

 – Мунча йўқ бўп кетдингиз? Тез келаман, деб… Қачон эди чой дамлаб қўйганим.

Чиндан, Зулфинисо кампир унинг гузардан қайтишини кутиб, пастак ток тагидаги сўрига дастурхон ёйиб ўтирган эди. Дастурхонда тандирдан янги узилган иккита нон, пиёла, жўмраги қадоқланган чиний чойнак, сопол коса, лаби кемтик қошиқ, бир сиқимгина қора майиз ва катта пиёлада эрталабдан ортиб қолган қаймоқ…

Ҳайдар ота индамади. Бамайлихотир сўрига жойлашиб, белбоғига осиғлиқ қиндан чустий пичоғини суғурди. Косани олдига суриб, нон тўғрай бошлади. Устидан икки қошиқ қаймоқ солгач, чой қуйди. Шундан кейингина бошини кўтарди. Бояги гапларни райондан келган вакил эмас, ўзи ўйлаб чиқаргану бутун олам тақдири ҳозир биргина унинг қўлига қараб қолгандек, деди:

 – Қишлоғинг бузилади, кампир! Иҳм… Ўрнига посилка қурилади. – Шаҳодат бармоғи билан косадаги нон тўғрамларини ширчойга бўктира туриб, «Буни сенга мен айтяпман!» деган маънода ияк қоқди.

Лекин, кутганичалик, кампири «ҳайратдан ёқа ушлаб» қолмади, бу хабар қанчалик оламшумул бўлмасин, қулоқларининг ёнидан силлиққина ўтказиб юборди. Бу билан гўё чолга таъна қилди: «Йўқ ердаги гапларни ташиб юрасиз… Шу феълингиз қолмади-қолмади-да», дегандек бўлди. Ҳар ҳолда, Ҳайдар отага шундай туюлди. Айниқса, кампири аста уф тортиб: «Чой ҳам совиб қолгандир», деганида, чолнинг рўй-рост жаҳли чиқди.

 – Сенга ўзи қачон гапириб обрў топибман! – дея ўшқириб берди.

 – Оббо, келмасингиздан заҳрингизни сочасиз-а, бекордан-бекор.

 – Ҳа-а, сизнинг без бетингизга қош қоқайми, бўлмаса? Янгилик айтсанг ҳам бир бало!

Қампир ўзини босди. Хотири жам эканини кўрсатиб қўйиш учун пиёлани айлантириб чой ҳўплади, кўзини чолининг кўзларидан олиб қочиб, қаердадир тинмай чирқиллаётган чумчуқни излаб топмоқчи бўлди.

Яна чол ўзи гапирди:

 – Бутун қишлоқ бузиларкан, ўрнига янги қишлоқ қурилармиш. Мана шу уйинг ҳам бузилади, овсар!

Орқасидан пичирлаб қўйди: «Ҳм-м, чойи совиганмиш!»

Кампир пиёлани дастурхонга қўйиб, оғзига майиздан бир дона ташлади.

 – Нимага бузилади?

 – Ана холос! Овсарсан, десам ер тепинасан, аслида, минг карра овсарсан! Ҳозиргина айтиб турибман-а, ўрнига посилка қуриларкан, деб!

Кампирнинг кўзлари қисилди, кавшаётган нони лунжида данакдек қотди.

 – Мен овсар бўлсам, сиз ҳовлиқмасиз! – деди у. – Гапингизнинг ҳеч боши-кети йўқ. Ахир энди икки йил бўляпти-ку буни қурганимизга!

Ҳайдар ота қайрилиб, эшик-деразалари бўялмаган, девори оқланмаган иморатга бир назар ташлаб қўйди; кўп нарсаларни хотирлади. Оғиз жуфтлаган эди, овози чулдираб, ҳазин чиқди:

 – Бари бир бузмасдан илож йўқ, элдан қолсак, бўлмас.

 – Янгисини қандай қурасиз?

– …

 – Якка тўсин том кўтармас, – дея кампир ўзининг сўроғига ўзи жавоб қила бошлади. – Бунисини тикка қилгунча белимиз букчайди. Уй қуриш осон бўпқоптими! Каттаси чўлда бўлса, кичиги шаҳарда – ким бизга тиргак бўлади? Қизлардан умид йўқ: ўзларининг эри, ўзларининг уйи бор, сиз билан менга тасалли беришдан бошқасига ярамайди улар.

Кампирининг гаплари қанчалик жўяли бўлмасин, чолнинг орияти қўзиди.

 – Қизларингни орага суқма, аҳмоқмасман-ку мен ҳам! – деди у чинқириб. – Муқимжонни бўлса, чақирамиз, етади шаҳарда санқигани! Ундан кейин… одамлар ҳам ташлаб қўймас, майлисда ҳамма, қишлоқни ҳашар йўли билан қурамиз, деб қўл кўтарди-ку!

Зулфинисо кампирнинг миясига лоп этиб: «Яна мижғовланяпти!» деган ўй келди.

 – Кўрамиз қурганингизни! – дедию даст ўрнидан турди. Алланималарни ғўлдираб, сўридан нари кета бошлади.

Чол қичқирди:

 – Тўхта! Ўзингдан-ўзинг минғирламасдан, менга эшиттириб гапир! Қани?

 – Эшитсангиз ҳам, эшитмасангиз ҳам гапим шу: Муқимжон қишлоққа қайтаман деса, хотинини мана бу ерга ўтирғизиб қўйиб, уй қурсин! Бўлмаса, беш кунлик умрим қолдими, йўқми – менга уй керакмас!

Кампир «Гапим тамом!» дегандек бир ҳаракат билан, ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаса-да, оғилхонага қараб юрди. Бирпасдан кейин у ёқдан шанғиллаган овози эшитилди: «Нари тур тепкиламай! Ҳе, ҳайвон! Ўзи битта-ю, ифлоси бутун бошли перманикича бу Худо олгурнинг!»

Кечқурун чол-кампир қўшни болани чақириб чиқиб, шаҳардаги кенжа ўғилларига хат ёздиришди. Хат бир талай салом-аликдан сўнг, бундай давом этарди:

«Ўғлим, сен келгунингча уйларимиз бузилиб кетадими ҳали. Чунки ҳамманинг уйи бузилади, ўрнига посилка қуриларкан. Бугун эски чойхонада майлис қилиб, шунақа дейишди. Сени ўқитган домла бор-ку, Ўрозмат тегирмончининг ўғли, ўша ўртага чиқиб: «Бизга қозиқ қоқиб беринглар, қишлоқни ўзимиз қурамиз! Элимиз меҳнаткаш, мард. Ахир, Фарғона каналини қазган халқ бу, қишлоқ-ку қишлоқ, ҳашарга чорласангиз, бутун оламни қайта қуриб беради халқимиз!» деб юборди. Энди, ўғлим, ўзинг биласан, биз, чол-кампир, белимиз букчайиб, мункиллаб қолдик, эшик тиқ этса, Азроилни пойлаб ётибмиз, янги қишлоғимизни кўриш бизга насиб қиладими, йўқми – Худо билади. Аканг бўлса, ўзи билан ўзи овора, сезон-сезон деб ярим йилда бир келади, холос. Ёнимизда энди сен турсанг, деймиз. Шундай қилиб, болам, хотин, бола-чақангни олгину кўчиб келавер. Кўзимиз очиқлигида шу ерда тинчиб кетсанг бўларди. Эрта-индин ҳукумат ер бўлиб берса керак, биз нима қилайлик – шунинг хабарини бер. Ё вақт топиб, ўзинг бир келиб кет! Невараларимизни ўпиб қўй, хўпми. Дуои салом билан, отанг».

 – Етади, – деди чол оғир-оғир нафас олиб.

Кампир намли кўзларини енгининг учи билан артаркан, шивирлади:

– “Онанг” ҳам деб қўшиб қўй, болам.

 

Шу гапдан роса ўн кун ўтиб, Ҳайдар отанинг уйига яна қўшни бола чиқди.

Вақт пешиндан оққан, ҳаво қилт этмайди. Кампир қопдеқ кўйлагининг кўкрак бурмасидан тутиб, ҳадеб елпинади. Чол теран ўйга чўмган. Хатни икки-уч қайта ўқитганидан кейин, салмоқлаб бундай деди:

– Боланинг турмуши чатоққа ўхшайди хатининг маънисидан. Зоти-насаби тайинсиз бир қизга уйланиб олиб, егани қалампиртуз бўпқолди-ёв шунинг…

– Ўзимиз айбдормиз, вақтида қаттиқ турмадик. Бўлмаса, қишлоғимизда қиз уруғи қуриб кетганмиди! Ўзи ёқтирибдими, буюрсин, дедингиз сиз ҳам. Мана, оқибати…

Кампир, келинг, шуни гапирмайлик, қабилида чолига илтижоли боқди. Хиёл ўтмай, юзи ёришиб кетди:

 – Уни-буни қўйинг, болам тўғри ёзибди, у келгунича биз районданми, совхозданми ёрдам сўраб турайлик!.. Тавба, бурнимиз тагидан нарини кўрмайдиган бўпқопмиз ўзи. Болам шаҳар кўрган-да, билади! Ёрдам қилишлари керак, дебдими, ташвишимиз бекор.

Нима қиларини билмай, боядан бери зерикиб ўтирган бола хатни тўшак қатига тиқиб, секин чиқиб кетди. Чол-кампир ҳатто сезмай қолишди.

– Пуч гапни қўй, кампир, – деди Ҳайдар ота. – Бир камим энди, шу ёшга кириб, одамларга кулги бўлиш қолувди.

– Кам-кўстини сўрашнинг нимаси айб? Бир дона ёғочимиз бўлмаса, кесагимиз бўлмаса, бор-будимизни йиғсак, битта товуқ катаккаям етмаса, ёрдам сўраймиз-да, нимасидан уяласиз?

– Ҳашар қилиб қурамиз, деб майлисда катта кетиб қўйдик, энди бўйнимни эгиб боришим керакми? Йўқ!

«Шалвирамай кетинг! Оғзингиздагини олдириб, раҳмат ҳам дейсиз шу туришда», деб кўнглидан кечирди кампир хуноб бўлиб. Ташида эса, бошқа гапни айтди:

– Нима, ҳашар қиламиз, деб сиз айтибсизми? Айтган бўлса, Ўрозмат тегирмончининг ўғли айтган. Ўзи, шу маълим жуда маҳмадана… Ўшандаям ўзидан чиқариб айтмаган-ов. Тепадан кимдир гап ўргатганга ўхшаяпти. Сиз бошлаб беринг, биз ҳайя-ҳайя қилиб юборамиз, деган. Ҳа, қолавурса, ким айтади сизни, бир пайтлар колхоз актипларидан бўлган деб! Ижроқўмгами, райқўмгами айтинг шуни. Эшилсак, эшилаверамиз-да, биров келиб қумғонимизни қайнатиб берармиди.

Хотин киши барибир хотинлигига бораркан-да. Нима, битта Ҳайдарми колхоз учун жон куйдирган? Дўппи тор келиб қолганида бари бурнини осилтириб районга чопаверса… Йўқ, буни қаёқдан тушунсин?

– Қизиқсан-а, кампир, ҳе йўқ-бе йўқ, дунёнинг ташвиши битта сенга тушгандай уввос тортасан. Шошмай тур, олдин кўрайлик, одамлар нима қиларкин, ана ундан кейин бир нима десанг, арзийди.

Зулфинисо кампирнинг сабр косасига бир томчигина етмай турган эди, томдию тилини тиёлмай қолди:

– Қўйинг-э, қўрқоқлик ҳам эви билан-да! Менга деса, ўлиб кетмаймизми! – дея баралла йиғлаб юборди. – Болаларимни ўйлайман, бошқалардан кам бўлмасин, дейман! Менинг куним уларнинг бошига тушмасин, дейман!

Чолнинг заҳил юзига гуп этиб қон тепди. Тирноғининг учидан миясигача бир нима шиддат билан куйдириб ўтди ва шу ондаёқ, кун иссиқ бўлишига қарамай, эти учди. «Кўнглингда шунақа гапларинг бор экан, билмаганим маъқул эди, кампир! – деб изтироб аралаш ўйлади у. – Турмушимиздан нолиганинг чатоқ бўлди… Майли, бораман, бормаган ҳам номард!»

 

***

 

Ҳайдар ота бозор-ўчар учун район марказига тушиб турарди, бу кўчадан ҳам неча бор ўтган, аммо ижроқўмнинг янги биносини бунчалик яқиндан биринчи марта кўриб туриши. Олди кенг майдон, икки тарафи гулзор, ўртада ихчам-ихчам мармар ҳовузчалар. Гулзорнинг нариёғида ранг-баранг мошиналар сафда турган аскарлардек бир текис тизилган. Йўлакдан турфа одамнинг оёғи узилмайди: дўппилилар, шляпалилар, ориқлар, семизлар, тажанглару беғамлар – ҳаммаси юзига жиддий тус бериб, кириб-чиқиб турибди. Ҳайдар отанинг оғзи очилди: «Бари ҳукуматнинг одамлари-да!..»

Шу дамгача ҳийла дадил эди, бинонинг салобати босдими, юрагига ғулғула тушиб, эсанкирай бошлади. Зинадан чиқиб бориб, ичкари кираркан, оёғи қалтираётганини сезди. Ақли-ҳушини йиғиб улгурмасидан, остонада кимдир уни тўхтатди:

– Йўл бўлсин, ота?

– Ижроқўмга, болам.

Ўша киши унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди ва:

– Оёқ-поёғингизни артиб кирсангиз бўлмайдими, ота? – деди. – Уни қаранг.

Ҳайдар ота оёғига қаради, қизарди. Полга узун зангори гилам тўшалган, ҳаммаёқ тоза, ялагудек. У бўлса… Ичида койинди: «Калишим калиш эмас, бир ҳовуч чанг!»

Ҳайдар ота у ер-бу ерини қоқиб, қайта кирганида унга ҳеч ким эътибор бермади, бироқ ўзи ҳамон довдирар эди. Дам калишига, дам бояги кишига қарай-қарай, гиламни босмасликка ҳаракат қилиб, ўтиб кетди.

«Учинчи қаватга чиқасиз!» деган овоз эшитилди ортидан.

Сўраб-суриштириб, керакли хонани топди.

– Мумкинми, қизим?

Котиба қиз пешонаси тагидан бир мўралаб қўйиб, ишини қилаверди.

– Ижроқўм билан гаплашмоқчийдим, қизим.

– Киринг. Нега остонада турибсиз, кираверинг, қандай масала билан келдингиз?

– А?

– Нима ишингиз бор эди, деяпман.

– Икки оғиз, ўзларига…

– Унда пича кутиб турасиз. Ҳозир бандлар.

Жигарранг, баҳайбат эшикни оҳиста ёпиб, Ҳайдар ота узун йўлак деворларига осилган суратларни томоша қилишга тушди. Айни чоқда, ўзининг бу ерга келиш сабабларини хаёлан мулоҳаза қила бошлади.

Кеча совхоз ҳисобчиси йўл бўйидан саккиз сотих ер ўлчаб бериб, қирқ сўмини олиб кетди. Бир меъёр шарт-шароитини ҳам тушунтирди: қурадиган уйингизнинг эни шунча бўлиши керак, бўйи шунча, деразалари кўчага қарасин, пойдеворини баланд қилган маъқул, уй ёруғ бўлади ва ҳоказо… Бўлмаса, посилкага ўхшамай қолармиш. Чолнинг ичи оғриди, лекин аламини юзига чиқармади. Қарнайчининг иши пуфлашки, пуфлайди-да, деди-қўйди. Ҳозир нима кўп, уй қураётган кўп. Бозорда ёғоч-тахтанинг нархи осмон бўйи сапчиган, эшик-деразанинг яқинига йўлаб бўлмайди: тўртта дераза, иккита эшик олиш учун ярим йил почтачининг қўлига қараш керак. Булар-ку, майли, уддасини қилиб битта уйни тиклаб олса бўлади, ахир, бошқаларнинг ҳам сандиқда босиб қўйгани йўқдир. Аммо…

«Аммо-лекин, ёрдам сўраб келганим чакки бўлди, – дея у ўй ўйлашда давом этди. – Эсипастлик қилдим. Арзимаган нарсани деб… Мендақа арзчи сонминг, ижроқўм эса – битта! Бутун бошли районни сўрасинми, бориб менга кесак юмалатиб берсинми?!»

Ярим соатлар ўтказиб, Ҳайдар ота яна иккиланибгина эшикни очди. Бу сафар қиз бошини кескинроқ кўтарди.

– Ишингиз шунақа зарилми? Жудаям шошиб турган бўлсангиз… майли, эртага келақолинг. Аслида, меҳнаткашларни қабул қиладиган кунлари – эртага.

– Шошилаётганим йўқ, қизим. Шошилиб қаёқаям борардим. Шундай… Бўпти, пойлаб тураман.

Йўлакда томоша қиладиган жой қолмади. Чол кўнгли хира тортди. Катта гуноҳ қилиб қўйгандек, ўзидан-ўзи хижолат бўла бошлади. Нима қилсин? Пастга тушиб чиқсинми? Яхшиси, эс борида этакни йиғиштириш керак!

Мана шундай каловланиб турганида, қаршисида лапанглаб, ўрта яшар бир киши пайдо бўлди. Чолга яқинлашган сари секинлаб, сўнг ажабтовур қизиқиш билан боқиб ўтди. Ихтиёрсиз кўз кўзга тушиб, Ҳайдар ота негадир ғашланди ва дарҳол юзини ўгирди. Ўтиб кетгач, ортидан кузатиб қолди. У одам тўғри бориб қабулхона эшигини очди ва хушчақчақ товуш билан:

– Салом, Ҳалимахон! Қалай, зерикмасдан ўтирибсизми? Карим Узоқович шу ердамилар? – дея ичкари кириб, кўздан ғойиб бўлди. Зум ўтмай, худди хотини эгиз туққандек, оғзининг таноби қочиб чиқиб келди.

Ҳайдар отанинг тишлари ғичирлади. Негадир шу одамни ёқтирмади, негадир ундан бегонасиради ва… туйқусдан қишлоғига кетгиси келди. Бу орада ҳатто нима учун келганини ҳам унутди.

Беш чақирим ерга атай борди, кунини кеч қилди, бу ҳам етмаганидек, икки қўлини бурнига тиқиб келаверди. Шундай ҳолда энди кампирининг кўзига кўриниши керак. Чол хуноб бўлди: «Бориб турган ўжар-а! Ўжарки, сурдан баттар!»

Йўлни кесиб, чойхона тарафга ўтди. Ўтдию чойхона ҳам, у ерда одатдагидек ғийбатни чойга қўшиб эрмак қилиб ўтирган бекорхўжа улфатлари ҳам ҳозир юрагига сиғмаслигини англади. Ортига қайтди.

Қўрғончани аста-секин қоронғилик қоплай бошлаган, ҳаво кундузгидан сал юмшаган эди.

У то уйига етгунича нималарни ўйлади, қандай қарорга келди – ёлғиз ўзига аён. Бизга кўрингани эса, бошини қуйи солинтириб, нигоҳи билан ер чизиб боргани бўлди, холос.

Зулфинисо кампир тоқатсизланиб ўтирган экан, айвон супасидан тушиб, ҳалпиллаб келди.

– Йўлиқдингизми?

 – Ҳа-а… – деди чол чўзиб. Ортиқ даражада толиққан ёки бениҳоя қувонган одамнинг товуши шунақа чиқади. – Овқат-повқат қилдингми?

Кампир ҳайрон боқди.

– Э яшанг-э! Бирор марта овқат қилмай юрувдимми? Кетганингиздан бери орқангиздан жоним ҳалак, сиз бўлсангиз, овқат, дейсиз.

– Ҳовлиқмасанг ҳам айтаман ўшани. Олдин овқатингни опке, ейлик, гап бўлса – қочмас.

Кампири тўзимсизланиб жикиллагани сари Ҳайдар ота ичдан яйрар эди.

– Бир оғиз гап билан одамнинг кўнглини тинчлантириб қўйиш шунча қийинми?

– Мунча содда бўлмасанг, ахир! Ҳукумат идорасини кўрмабманми, ҳукумат одамлари билан гаплашмабманми ҳеч! Ай, сен-а… – Сўнгра кулимсираб ҳикоя қилишга тушди: – Бордим. Эҳ-ҳа, сен у бинонинг ичларини кўрмагансан. Кўрмайсан ҳам! Мен бўлсам, шартта кирдим, тўғри ижроқўмнинг олдига чиқдим. Ҳаммадан тепада ўтираркан. Ўзи кутиб олди. Ёшгина йигит экан. Бирам хушмуомала, бирам ширинсўз, гап билан жонни олади, дегин. Одам деган мана шунақа бўлсайкан! Қўшқўллаб, хўш хизмат, деб турибди. Мен ҳаммасини айтдим… – Ҳайдар ота, гўё аслида ҳам шундай бўлгандек, завқ-шавқ билан сўзлар, ихтиёрсиз ўзи ҳам бунга ишониб борар эди. Гапнинг муҳими ҳали айтилмаганига қарамай, кампир чеҳраси хийла очила бораётган эди. Ниҳоят, чол гапига якун ясади: – Бор энди, овқатни опке!

– Ишқилиб, ёрдамга кўндирдингизми?

– Уф-ф, бўлди-да, энди! Мунча эзмаланасан? Ёрдам қилмай кўрсин-чи… Ёрдам қилади! Йўқ деса, мен ҳам қўярмидим!

Шуни айтгач, Ҳайдар ота кампиридан кўз узди. Оёқларини сўридан пастга осилтириб, ёстиққа ёнбошлади. Ток барглари орасидан, кўкда бирин-кетин пайдо бўлаётган милт-милт юлдузларга термилганича, сукутга чўмди.

«Ке, қўй, кампир. Ишимизга бошқаларни аралаштириб нима қиламиз? Сен кўп ҳам қайғураверма! Мана кўрасан, ҳали ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади! Шунча йил бирга яшаганимиз билан сен мени билмайсан, Зулфи, мен… Мен сен ўйлагандақа эмасман! Фақат… Ижроқўмни қўй, совхоз ҳам ўз йўлига, билсанг, отамиз Одам замонидан бери уй қуриб келаман, лекин биронтаси битмай қолган эмас, битган! Уйни ўзим қураман, Зулфи, ўзим!»

Шу куни чол-кампир иштаҳа билан овқатланишди. Қайнатма шўрва бирам мазали бўлибди…

 

1982

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*