Мақолалар

Ватан ничча монат?

Фотофельетон

 

Илгари сайёҳ қайси мамлакатга борса, аввало, бозор айланган. Юрт аҳволининг кўзгуси бозор бўлган-да. Ҳозир ҳам шундай. Бозор қанча обод бўлса, эл ҳаёти фаровонлигидан далолат.

Ким Хивага борган? Бир собиқ мамлакатнинг собиқ пойтахти. Ичон қалъа, Дешон қалъалари билан оламга машҳур. Қаёққа қараманг, кўкракка фото, киноаппаратларини осиб олган эр-аёл, ёш-қари сайёҳларни кўрасиз. Бутун дунёдан бу ерга Запорожие Сечини эмас, Хивани, унинг ўзлигини кўргани келишади. Катта-катта пул тўлаб. 

Биз сайёҳ эмасмиз. Хивага меҳмон бўлиб борганмиз. Мезбон – Рўзимбой Ҳасан. Бозор айланмоқчи бўлдик. Қишнинг куни эди. Пештахталар обод тугул, ярим яланғоч. Унинг устига, қимматчилик. Бир кило картошка бир ярим сўм. Шунинг ҳам чораги чирик. Супурги уч сўм. Ажаб, хон замонида супурги неча пул турган экан?

Воажабо, бир бурчакда эллик-олтмиштача одам уймалашиб, талашиб-тортишиб, ниманидир савдо қилар эди. Қизиқиб, ўша томонга йўл сурдик.

 

–  Э-ҳа, бу одам машҳур Жумабой Қозоқ, – деб таништирди Рўзимбой. – Ҳаваскор суратгир. Яна антиқа суратлар олган шекилли, бозори чаққон.

Дарҳақиқат, Жумабой Қозоқнинг лаби лабига, қўли қўлига тегмайди. Харидорлар ранг-баранг: чўгирмали-шляпали, иштонли-иштонсиз. Айниқса, шу иштонсиз ажнабийлар пештахтага зўр бериб интилади.

–  Ҳў, бо-она галинг! Бунақасини фақат Хивадан топасиз! Олганлар дармонда, олмаганлар армонда! Мана буни қаранг: бу Ичон қалъанинг Карл Маркс кўчаси! Ўзига тузукооқ араваям сиғмайди, аммо номи улуғ! Бў кўчани Калта Минор десак ҳам бўлаверади, лекин унда маҳаллийчилик бўп қолади-да! Бу Ичон Қалъанинг бош кўчаси, шунинг учун – К. Маркс!

Савдо қизиди:

–  Бизга бешта!.. Бизга еттита!..

–  Яна зўрлари бўлса, кўрсатинг-чи!

–  Эҳ-ҳе, бо-она галинг! Буниси Исломхўжа минори. Ёнида катта мадрасаси ҳам бор. Кўчанинг номини Исломхўжа минори деб қўйсак, ўтмишни қўмсаган бўламиз. Ҳам синфийликкаям путур етади. Шунинг учун «улица Гоголя» деб атаганмиз. Гоголь Запорожие Сечида юравериб зерикканида, Хивага келган, кейин шу кўчадан хаёл суриб кетаётиб, иттифоқо, Карл Маркс билан учрашиб қолган, деган ривоятлар бор. Ана шунақа! Қадамжо бу ерлар! Одамлар бўлса, Ичон қалъанинг ичидаги икки одам ўтса, ёнлаб ўтадиган тор кўчаларининг Гоголга ё Марксга нима алоқаси бор, деб гаранг. Сиёсат бехабар бу монглойи қаролар тарихни билмайди-да!

Савдо тағин қизиди:

–  Менга битта!.. Менга саккизта!..

Жумабой оға бошқа тўп суратларни таърифлай бошлади:

–  Бо-она галинг! Мана бу обидани томоша қилинг! Шарқ услубида қурилган бу эскилик сарқитини мана бу ёзувлар билан замонавийлаштирдик. «Газвода» хато ёзилган бўлса нима қипти? Унинг бу бинога ярашиб турганини қаранглар! Бо-она галинг, ягона нусхада!

–  Менга иккита!.. Менга бешта!..

Жумабой оға енг шимарди:

–  «Чайхана Турист»га хўш галибсиз! Нима? «Сайёҳ» чойхонаси» дейсизми? Йўқ, ундай десак, тилимиз узилиб тушади. Сиз, жўра, қилдан қийиқ ахтарманг, миллатчилик қилманг. Унинг ўрнига, сиз бу ёзувларнинг бу дарвозага узукка қош қўйғондай ярашуб турганига қаранг! Бона галинг!..

– Менга олтита!.. Бизга тўртта!..

Жумабой Қозоқ терлаб кетди чоғи, бошидан чўгирмасини олиб, бўйниларини артди.

– Ҳозир энг зўрини чиқораман! Тайёрланиб туринглар. Мана, кўринг! Анушахон ҳаммоми! Э, узр, «Баня Ануша Хон»! Бу баняда нақ хоннинг ўзи чўмилган! Аммо… хи-хи-хи… хон тирилиб кепқолса, ўзи қурдирган ҳаммомни танимайди, хи-хи-хи.. Ёзувига тиши ўтмай, бирорта видеохона бўлса керак, деб ўйлайди, хи-хи-хи… Боплабмизми? Ана шунақа, хонларни шунақа қип таъзирини бериб ётибмиз!

«Баня Ануша Хон» тала-тала бўпкетди. Суратгир Жумабой Қозоқ фурсатни ғанимат билиб, пештахтага яна бир тўп сурат ташлади:

– Ана энди кулминацион нуқтага келдик, ёшуллилар. Бунисини тушунтириб ўтирмайман. Ҳаммасини ўзларингиз тушуниб тургандирсизлар. Аммо опқолинглар! Охиргиси! Бундан кейин тополмайсизлар, ҳа!

Бозорнинг бир хусусияти бор: пештахтага қўйилса бўлди, нималиги суриштириб ўтирилмайди – сотиб олинади. Хаш-паш дегунча етмиш йиллик инқилобни ҳам сотиб опқўйишди, азаматлар. Айниқса, ажнабийлар… Шундаям кўпларга сурат етмай қолди.

– Яна борми?.. Чиқариб қўймайсизми пештахтага?.. – деб шовқин кўтара бошлашди.

Битта закунчиси бор экан, пўписа қилди:

– Эҳтимол гизлаб сотмоқчидирлар, а? Қани, бона чиқариб қўйинг-чи!

Жумабой Қозоқ қўлининг чангини қоқди.

– Ўлайин агар, тугади! Мана, ишонмасаларинг, – деб хуржунининг иккала кўзини ҳам ағдариб кўрсат-ди.

– «Улица Бухарская» қани? – деб дўқ урди бошқаси. – Паҳлавон Маҳмуд ётган «Бухарская» улицасидан битта топиб берасан, ҳа!

Бурнидан бир бўғин туки чиқиб турган ажнабий киши тилини хоразмчага зўрға айлантириб:

– Бир кўчадан сотиб ўтирасанми, кўтарасига Ичон қалъани сотиб қўяқол-да! – деди.

Жумабой Қозоқ кутилмаган таклифга не деярини билмай турган эди, устунга суянган бир ёшулли гапга аралашди.

– Бизда меймон – отадан улуғ. Ичон қалъа у ёнда дурсин, Дешон қалъани ҳам қўшиб сотаверамиз. Фақат… ничча монат берасиз?..

 

Можарога Салимжон НИМЖОН гувоҳ бўлди.

 


“Муштум” журналида босилган

nurullohuz.com