Мақолалар

Ватанга хиёнат эмасми… – Йўқ, аксинча – садоқат ва муҳаббат бу!!!

“Дунё ўзбеклари”дан:
Таниқли ўзбек ёзувчиси Нурулло Отахонов ва унинг “Бу кунлар” асарини назарда тутган муаллиф.
Бундай оқни қора деб атовчи мақолалар Каримов замонида жуда кўп ёзилиб, олти ойдан бўён улар бир қадар тўхтаган эди.
Лекин минг афсуски, яқиндан бошлаб бундай буюртма матн ва номалар таҳририятимизга  яна олдинги ғайрат ва шижоат билан кела бошлади…

 

ВАТАНГА ХИЁНАТ ЭМАСМИ…
Дунё инсониятга омонат қилиб берилганлигини сир эмас. Аммо у қандай, қай гўшада, кимга қай тарзда берилгани билан мавхумдир. Ҳар бир банда туғилиб ўсган, киндик қони тукилган маконни, нон ва туз еган хонадонни эсдан чиқармайди. Донишманд халқимиз “Бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер” дея бежиз айтмаган.
Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидеқ бугун айрим кимсалар, шу маконда туғилиб, вояга етиб, фарзандли, набирали бўлиб, нафака ёшига етганида ёшларга насихатгўй, пири бадавлат бўлиб юриш ўрнига кўч-кўронини кўтариб, хорижий мамлакатларда яшашни афзал билмоқда. Нега у диний эркинликлар бўғилган, худосизлик жамиятининг ўрнатилиш даври -Собиқ иттифоқ тузумида кетмади. Камбағалликдан азият чеккан одамнинг данғиллама ховлиси, дала ховли, дачалари ё оила аъзоларининг хар бирининг тагида машиналари бўлармиди?


– Йўқ. Биз айтмоқчи бўлган инсонда эса мазкур нарсаларнинг барчаси бор эди. Майли инсон қаерда истиқоматда бўлишини ўзи белгилайди. У хорижда истиқомат қилишни ихтиёр этибдими, унга тўсқинлик қилиш инсофдан эмас. Аммо хорижга бориб, уни одам қилган халқ рахнамоларининг юзига оёқ қўйиш, соддароқ айтганда, ўзини оппоқ кўрсатиш учун она Ватанининг тарновидан мағзава ағдаришни, менимча энг пасткаш инсон хам ўзига эп кўрмаган бўларди. Бироқ “Бу кунлар”ни ёзган Нурулло Отохон эса шундай қабихликка борди. Ҳазрат Навоий бундан беш аср олдин бундай ёзган эди.

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш

“Навоий асарлари луғати”да “ғариб” сўзи икки маъноли бўлиб, бири – мусофир, бошқа жойдан келган, кимсасиз, иккинчиси – ажойиб, қизиқ камёб маъноларини билдиради. Ғурбат сузининг ғариблиқ кимсасизлиқ мусофирлик истилохида бир юртдан бошқа юртга бориб, яшаётган мусофир ва бегона киши маъноси тушунилади.
Оддий қилиб айтадиган булсак, нотинч ва уруш-жанжал кўпайган жойни халқимиз ғурбатхона, дейди. Бир уйда хар куни нотинчлик бўлиб, уруш-жанжал, тўс-туполон булаверса, ота-боболаримиз у уй “ғурбатхона” экан, унга борма, дейишади. Навоий бу дунёни ғурбат деб атаганида оддий халқ тилидаги шу маъно хам бор.

Айтишларича, булбул кундузи гулзорда очилган гулга парвона бўлиб, унинг ишқида куйиб-ёниб, хониш этади. Кеч кирганида эса ўз тиканзоридаги бир чакалак устида тонг оттиради. Чунки у жой унинг уясидир.

Нурулло Отохонни хам энди-энди ич-ичидан Ватан туйғуси безовта қилаётганини англаш қийин эмас. Сўнги пушаймон ўзингга душман деганларидеқ халқимиз яширин овоз бериш йўли билан ўз Юртбошисини сайлаган бир пайтда гуё ёш бола каби хеч нима бўлмагандек, сайловда иштирок этишга уринишини қандай тушуниш мумкин. Унинг бу қилмишидан ён-атрофидаги гумашталари дам хайрон. Ўтган куни нон, туз берган халқини ёмонотлиқ қилиб турган эди. Бугун ўша халқнинг рахнамолари учун бўлаётган сайловда иштирок этганлигидан таажжубда қолишди.

Бундайлар Ислом динида мунофиққа менгзалган. Яъни, хадиси шарифда баён қилинганидек: “Мунофикнинг мисоли қўчқорга борган куйга ўхшайди. У гоҳ бу сурувдаги, год у сурувдаги қўчқорга боради” (Аллоҳ паноҳ берсин).
Биз бу хадисни келтириш билан мазкур шахсни мунофиқ дейишимиз хато бўлар балки, аммо тарихдан маълум ўз юртига хиёнат қилган кимса вакти келса бошқага хам содиқ хизмат қилиши кийин масаладир…

Абдулло ЭРКАЕВ,
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан,
Тошкент шаҳри
(Мақола таҳрирсиз эълон қилинди)


“БУ КУНЛАР” ВАТАНГА САДОҚАТ ВА МУҲАББАТДАН ТУҒИЛГАН!


Тўғриси, шахсим ва “Бу кунлар” китобим шаънига бунақа мағзава муносабатни эски президент Ислом Каримов тириклигида кутган эдим. Ҳар ҳолда асарда танқид қилинган асосий шахс у эди, у ўрнатган авторитар тузум гуриллаб жавлон ураётган эди, бундай пайтда уни ҳимоя қилишга отилиб чиқиш ёки шундай бир муносабатни уюштириш мантиқан ўзини оқларди. Аммо ўшанда ҳам бу даражада паст савияда ёзилади деб кутмаганман.
“Бу кунлар” шахсий веб-сайтимда эълон этилганидан роппа-роса бир йил ўтиб, Каримов ўлиб, ўрнига янги президент сайланиб ва бу президент мамлакатни Ислом Каримовнинг шилталаридан тозалашга қатъий бел боғлаб ишга киришган бир пайтда “ёзилиши” тушунарсиз. Ҳеч бир мантиққа сиғмайди.

Бир мантиққа сиғиши мумкин, у ҳам бўлса, мамлакатда қандайдир яширин кучлар президентга қарши жабҳа очгану йўқ ердан муаммолар яратиб президент бошлаган ишларга халақит қилишга ва унинг обрўйини тўкишга уринаётганга ўхшайди.
Воқеалар ривожини кузатамиз, тез орада ойдинлашиб қолса керак.
Сарлавҳага кўзим тушиб, “Оббо, бошланди!..” деб ичимга қандайдир бир хавотир оралади. Уни ўқигач эса, бирдан хавотирим ариди. Саводсизларча ёзилган бу мағзава “мақола” ғирт ёлғон ва қуруқ туҳматлардан иборат бўлгани учун ҳам қиймати бир тийин, эътиборга арзимас эди. Ўқиб чиққач ҳатто анча хотиржам бўлиб қолдим. Сал-пал ростга ўхшатиб ёза олганида ҳам ичим ғаш бўлиши мумкин эди.

Иккинчи томондан, озгина алам ҳам қилди. Шунча йиллик меҳнатим, салкам олти юз бетга тўкиб солинган дард ва ғамларим, сочимни оқартирган Ватан қайғуси наҳот шунақа енгил-елпи муносабатга лойиқ кўрилган бўлса, дедим. Куйган бўлсам, қадримга куйдим.
Булар даромади гаплар, албатта.
Энди гапнинг буромадига ўтадиган бўлсак, “Абдулла Эркаев”нинг юмалоқ хатини ўқиб, бошда унга жавоб бергим келмади. Ёлғон ва туҳматга изоҳ беришдан оғир иш йўқ. Воқеанинг ҳақиқатини айтганингиз билан барибир: “Ие, шунақами? Узр, билмасдан янглиш хаёлларга борибмиз?” дермиди ёзган “одам”?! Ҳақиқатни ойдинлатиш мақсадида битилмагани кўриниб турибди-ку! Сўнгра бир оз ўйлаб кўрдим-да, айбловлари куракда турмаса ҳам, икки-уч нуқтасига муносабат билдиришни лозим кўрдим.

Илк хулосам, мағзава “муаллифи” “Бу кунлар”ни ўқимаган! Ўқиганида ва озгина калласи ишлайдиган одам бўлганида эди, шахсим ва китобим ҳақида бу каби жирканч бўҳтон тўқимас эди. Қўлидан келса, асарни таҳлил қиларди, янаям қўлидан келса, “Бу кунлар”да битилган фактларга ва ғояларга қарши факт ва ғоя билан жавоб қилган бўларди. Виждони ва орияти бўлса-ку, ёлғон-яшиқ гаплар билан одамларни чалғитишдек тубанликка бормаган бўларди.

“Бу кунлар”нинг ёзилишини ва эълон қилинишини “Ватанга хиёнат эмасми…” дебди. Ватан учун қайғуриш, ҳақни гапириш, халққа, мамлакатга ва давлатга яхшилик соғиниш қачондан бери Ватанга хиёнат бўлиб қолди?! Китобда қинғирни қинғир, золимни золим, ёлғончини ёлғончи дейилган, холос. Ҳаводан олиб ёзилмаган, аниқ мисол, далил ва ҳужжатлар билан исбот қилинган. Давлатда қинғирлик, зулм, ёлғончилик бўлмасин, тўғрилик, адолат, ростлик қарор топсин дейиш ватанга хиёнат бўлса, унда бу “ёзғувчи” учун қинғир, золим ва ёлғончилар ватан экан-да!

Бош ҳарф билан ёзиладиган Ватан нималигини, уни севиш қандайу унга хиёнат қандай бўлишини бу зот биладими ўзи?!
Наҳот азиз Ватаним ҳимояси мана шунақа саводсиз, пасткаш, олчоқ кимсаларга қолган?! Эсиз…
Китобим веб-сайтимга юртдан ташқарида эканимда қўйилганини менга оламшумул айбдай тақабди.
Биринчидан, унинг қаерда эълон қилингани эмас, ичида нима ёзилгани муҳим эмасми? Китобда кўтарилган муаммолар ҳақида бир оғиз гап йўқ, ҳаммаси Хўжа Насриддиннинг гап тополмай қолган пайтда “Нимага бўлмаса хотинингга кавуш олиб бермадинг?” деганига ўхшаш гап чалғитадиган олди-қочди висир-висирлар.

Иккинчидан, “Бу кунлар” чекка-пеккаларда эмас, 2011-2012 йиллари Тошкентда эканимда ‒ Дўрмондаги Ёзувчилар дала-боғида ёзилган! Ва муаллиф у пайтда мен катта бир нашриётнинг Бош директори, бир журналнинг Бош муҳаррири эди!
Учинчидан, ғаламис одам барибир ишонмайди, лекин ҳақиқат будир: 2013, 2014, 2015 йиллари китобим мен юртда эканимда эълон бўлиши керак эди, ўзимга боғлиқ бўлмаган айрим сабабларга кўра бир оз орқага сурилди. Аммо ўша пайтлариёқ  электрон нусхасини кўп ватандошларимизга ўқита бошлаганман, фикр-мулоҳазаларини олганман (бу ҳақда китоб охирида алоҳида айтилган). Ҳатто қоғозга чиқариб тарқатганман. Совет даврида бунақа усулни “самиздать” дейиларди. Ҳозирги замонда қоғозли самиздат ўрнига электрон китоблар келди. Яъни, “Бу кунлар”нинг ҳам қоғозли, ҳам электрон нусхалари тепада санаганим уч йил давомида Ўзбекистонда яшаб турганимда тарқалиб бўлган. Бу боқимдан қаралса, алҳамдулиллоҳ, юзим ёруғ.

Яна: “Нега у диний эркинликлар бўғилган, худосизлик жамиятининг ўрнатилиш даври -Собиқ иттифоқ тузумида кетмади” (“Четга” демоқчи. Хатолари сақланди. ‒ НМР.), деб савол қўйибди.
Биринчидан, совет давлати динга қарши очиқ курашган, Худони йўқ деб эълон қилган! Буни “диний эркинликлар бўғилган” дейилмайди, балки худосизлик ё даҳрийлик дейилади. Советнинг охирги паллаларида ‒ “Қайта қуриш ва ошкоралик” деб номланган даврида шу худосиз совет ҳам динлар йўлини очишга мажбур бўлди ва жумладан Ислом динимиз ҳам зудлик билан жамият ҳаётининг деярли барча қатламларига кириб борди. Халқ қайта қуриш сиёсати берган диний эркинликдан баҳраманд бўла бошлади. Лекин мустақилликка эришилганидан кейин, сен бугун тарафини олаётганинг (Узр, юмалоқхатчи тайинсиз бўлгани учун уни сизлай олмадим. ‒ НМР.) Каримов даврининг иккинчи босқичларига келиб диний эркинликлар бўғила бошлади! Бу ҳақиқат китобда аниқ далил ва ҳужжатлар билан исботлаб қўйилган, сен шундан гапир!

Иккинчидан, жумлаларинг шунақа алмойи-жилмойики, ҳаммасини таҳлил қиламан деса, гап чўзилиб кетади. “Нега… худосизлик жамиятининг ўрнатилиш даври… да кетмади”, дебсан. Тарихдан ҳам саводсиз эканинг очилиб қолди! “Худосизлик жамиятининг ўрнатилиш даври” деб ўтган асрнинг 20-30-йиллари айтилади. Маълумотинг учун, у замонда мен ҳали туғилмаган эдим. Мен худосизлик жамияти ўрнатиб бўлинганидан кейин туғилганман. Туғилмай туриб қандай четга чиқиб кетаман?! Аммо ўша замонда бўлганимда мен ҳам юзминглаб ҳамиятли ота-бобом сингари советнинг тажовузидан динимни, Ватанга бўлган чексиз муҳаббатимни, ҳурлигимни асраб азиз юртим Туркистонни тарк этишга мажбур бўлардим.

Учинчидан, мени давлат қувибдими ё ўзим давлатдан қочибманмики, мени юртдан чиқиб кетган ҳисоблаяпсан. Ҳуқуқий томондан ҳам, инсоний томондан ҳам мен ҳозирда Ватанимда ҳисобланаман. Фақат, вақтинча талаба болаларим ёнида яшаб турибман, холос. Бунинг устига, нафақада бўлсам. Ким ёки нима менга бирон ерга боришимга тўсқинлик қила олади? Бунинг фарқига ақлинг етадими?

Қолаверса, совет даврининг табиатини ҳам билмас экансан. Совет даврида ташқарига чиқиш амри маҳол эди ва биз ташқарига чиқиб кетмаган бўлсак-да, кўп зиёли-адиблар қатори ичкарида турган ҳолда, эсимизни танибмизки, қўлимиздан келганича советга қарши мафкуравий кураш олиб борганмиз, мустақиллик истаб майдонларга чиққанмиз.
Дарвоқе, биз мустақиллик учун бошимизни кундага қўйган даврларда сен қаерда эдинг, эй “Абдулла Эркаев”?!
Албатта, сени жуда яхши танийман ва биламан қаерда бўлганингни!

Сен ўшанда ҳам худди ҳозиргидай аллақайси ташкилотнинг биронта бункерига биқиниб олиб: “Шундай озод ва обод совет давлатини кўра олмайдиган ватан хоинлари…” деб мустақилликчиларга лой чаплаб бирнималар ёзиб ўтиргансан албатта!
Бир жойида: “Камбағалликдан азият чеккан одамнинг данғиллама ховлиси, дала ховли, дачалари ё оила аъзоларининг хар бирининг тагида машиналари бўлармиди?” (хатолари сақланди. ‒ НМР.), дебсан.
Биринчидан, ким сенга мени камбағалликдан азият чеккан деб айтди? Ё бирон ерда ўзим ёзибманми? Бу усулинг “асл ҳолдан хабарсиз одамларнинг тасаввурини тескари ёққа буриш санъати” дейилади. Қойил лекин, уста экансан бунақа “санъат”га!

Иккинчидан, оила аъзоларимнинг ҳар бири тагида мошина борлиги тўғрисидаги “хабар”инг ҳам ғирт ёлғон!  Аммо уйим-жойим, далаҳовлим ва катта оиламиз учун битта мошина борлиги тўғри. Бу томондан ўзимга тўқман, алҳамдулиллоҳ! Эсли-ҳушли, инсофли ва соғлом дунёқарашли бўлганингда эди, бу ҳолатдан қинғир эмас, тўғри хулоса чиқарар эдинг. Яъни, агар мен Ватаним ва давлатим тақдирини эмас, ўзимнинг тинчимни ва ҳузур-ҳаловатимни ўйлаган бўлганимда, “Бу кунлар”ни ёзмай, кўплар қатори кўзимни юмиб, қулоғимни бекитиб, умримнинг қолган қисмини “Ҳожи ака” ё “Ҳожи ота” бўлиб давралар тўрида ўтказиб юрмасмидим?! Ҳар ким ҳам бундай гаштдан воз кеча олмайди Ватан учун. Шу ҳолнинг ўзи сенга бирнималарни билдирмаяптими?!

Президент сайловига борганимдан ҳам ғаламисларча кир топмоқчи бўлибсан. Тўғри, мен сайловни деб Ўзбекистон Республикасининг Истанбул консуллигига бордим. Консул ва бошқа ходимлар бутун оиламизни жуда чиройли кутиб олишди. Ватандошлик бурчимни ўтадим. Президентимни сайладим. Хўш, бунинг нимаси ажабланарли?! Сайлов баҳона бемалол давлатим эшигини қоқиб борганимнинг ўзи менинг:
1) Ватандан узилмаганимни;
2) ўзимни айбдор ҳис этмаслигимни;
3) давлатимдан қўрқиб қочиб юрмаганимни… билдирмайдими?!.

Мен Ўзбекистондалигимда ҳам биронта сайловни қолдирмаганман. Уйимга сайлов қоғози беришни “унутиб қўйишгани”да ҳам ўз ихтиёрим билан борганман. Аммо-лекин ҳамиша Ислом Каримовга қарши овоз берганман (бунинг сабабини китобимда таъкидлаганман). Кечаги сайловда эса, ёруғ юз билан ҳамда янги сайланаётган шахс мамлакатни Ислом Каримов ботириб кетган ботқоқдан чиқаришига жуда катта умид билан қатнашдим. Оила аъзоларим ҳам бу борада мустақил ўз қарорларини беришган бўлса керак.
Бунинг нимаси ёмон? Шундан ҳам кир ахтарган одам ҳар нарса бўлгани яхши!

Сайловга боришимни менинг пушаймонлигимдан деб талқин қилмоқчи бўлибсан.
Эй “Абдулла Эркаев”! Шуни билиб қўй: мен қилган ишимдан асло пушаймон эмасман. Қайтага “Бу кунлар”ни аждаҳонинг оғзида туриб ёзганимдан ва ҳали Ислом Каримов тириклигида эълон қилганимдан ҳатто ғурур туяман! Яқин келажакда бу китоб тўғри тушунилишига, халқимга, Ватанимга ва давлатимга узоқ йиллар хизмат қилишига ишонаман!
Айтганча, сен Тошкентда туриб қаердан билақолдинг менинг Истанбулда сайловга қатнашганимни? Консулликдаги тўрт-беш одам ва ташқарида турганлардан айримларигина кўрган эди бизни. Сен бу маълумотни қаердан олақолдинг? Ўзи сен кимсан бункерларда ўтириб олисларни ҳам “кўра оладиган”?

Ҳа, майли, сўзни шу ерда тўхтата қолайлик. Барибир “юмалоқхатчи” одамга олий туйғулар бегона, тушунмайди. Бошқаларни ҳам ўз қаричи билан ўлчайди. Ўзининг қаричи эса ақли каби жуда калта экан. Буни шу ёзган шилтаси исботлаб турибди. Шу даражада калтаки, калталигини ўзи билмайди!

Албатта, тахминимча, бу кимса ўз отини яширган. Бир айбсиз инсон устига очиқдан-очиқ мағзава тўкаётганини ҳам, бу ишда ўзи ҳақсиз эканини ҳам, агар ўз отини ёзса келгуси авлод ҳузурида ёмонотлиқ бўлишинию фарзандлари унинг касрига жамиятда бош кўтара олмай қолишларини ҳам жуда яхши билади. Шунинг учун ўзига кимса танимайдиган қаёқдаги қалбаки отни қўйиб олган. Қалбаки от орқасига яшириндими, энди унинг жинсига ҳам шубҳа туғилади ‒ эркакми у, аёлми?
Одатда, шахсининг тайини йўқ туҳматчилар “юмалоқхатчи”, жинсининг тайини йўқлар “хунаса” дейилади.
“Ошинг ҳалол бўлса, кўчада е!” дейди доно халқимиз. Ёзганларингга ўзинг ишонсанг ва эркак бўлсанг, ўз отингни қўй! Таниб олайлик. Зотинг-насабинг тайинли, эътирозларинг ҳам ўринли бўлса, сен билан мунозара қилса бўлади. Акс ҳолда, сендақа хунаса-юмалоқхатчига гап ҳам хайф аслида!

Зарур бир эслатма. Ким бўлишингдан қатъи назар, сенга яхшилик тилаш маъносида бир нарсадан огоҳлантираман: бунақа ёлғон, туҳмат нарсаларга оят ё ҳадисни аралаштирма! Оят ё ҳадис тиқиштирганинг билан ёзувингнинг обрўйи ошиб қолмайди, аммо оят билан ҳадиснинг обрўйини тўкишинг аниқ. Яхшиликка олиб бормайди бу ишинг.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон,
ёзувчи

 

“Дунё ўзбеклари”дан:

БЎҲТОННОМА

Бу мақолани эълон қилишдан мақсад, Президент атрофидаги баъзи қора кучлар уюштираётган лўттибозликка қарши муросасиз курашиш, улар олиб бораётган “информацион уруш”га қарши Канададан туриб уруш очишдир.
Ёзувчи Нурулло Отахонов ному насафининг тайини йўқ муаллифга яхши жавоб берган, унинг иғво-бўҳтонини ер билан яксон қилган. Лекин бизни бошқа нарса ўйлантириб қўйди. Ўзбекистоннинг янги Президенти жамиятни таназзулдан чиқариш учун кечаю кундуз тинмай кураш олиб бориш илинжида ер юзига тариқдек сочилиб кетган ўзбек муҳожирларини Ватанга чорлайман деб турган бир пайтда бу “шантаж” мақоланинг ёзилиши бежиз эмасга ўхшайди.
Президент атрофидаги қора кучлар энг сўнгги дамларигача ўзлари бошлаган қора ишларни хаспўшлашга, тарих ғилдирагини яна ортга қайтаришга уринмоқдалар. Энг ажабланарли томони шуки, бу қора кучлар давлат раҳбарининг ёнида – мамлакат олий раҳбариятининг энг баланд ва қўл етмас курсида ўтиришибди. Президент учун бу жуда катта хавфдир.
Лекин эрта бир кун уларга ҳам қўл етишига бизда шак шубҳа йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз ушбу мақола ва унинг жавобини эълон қилиш баробарида мамлакат Президентини мана шу хавфдан яна бир марта огоҳлантиришни лозим топдик.
Чунки, истеъдодли ёзувчи Нурулло Отахоновнинг “Бу кунлар” китоби ўзбек халқига хиёнат эмас, аксинча, элу юртга бўлган садоқат ва муҳаббат рамзи сифатида дунёга келди.
Буни билмаслик ва тан олмаслик – мунофиқликдир. Ўзбекистонга, унинг жафокаш халқига бўлган хоинликдир!!!

Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
5 май, 2017 йил, Торонто шаҳри, Канада

Манба: http://www.dunyouzbeklari.com/?p=169867

nurullohuz.com