Ютуқ

Ер юзида Шўрариқ деган қишлоқ бино бўлганидан бери бу ерлик биронта одам Жўравойчалик севинмаган бўлса эҳтимол…

Қишлоқ Қатронтоғ этагига ёйилган, ёнидан буралиб-буралиб катта сой – Шўрариқ ўтади. Сойнинг бошланишида, ҳув тоғларнинг ичкарисида, анча бўлди, улкан сув омбори қуриляпти. Жўравой ўзининг ўн йиллик қадрдони – ағдарма мошинаси билан конда ишлаб юрарди, тўғон қурилиши бошланганида бу ёққа юборишди. Кўринишидан элликлардан ўтган, аслида эса эндигина қирқни қоралаётган шу одам беш қишлоққа белгили!

Гузарга кам чиқади, лекин ҳар чиққанида тенгқурларининг кулгисига қолиб, бошқа қадам изи қилмасликка аҳд қилиб қўяди.

 

 – Жўра, дўппининг жа-а антиқасини топгансан-да, гулсиз-у, ялтиллайди занғар, – деб кулишади улар.

Жўравой пинак бузмайди, қорайиб кетган дўпписини бошидан олиб, кафтига бир уради-да, қайта кияди. Одамлар бекор айтибди, дўппининг гули бор, мой босиб унча кўринмай қолган, холос. Бозордан сотиб олган йили туғилган қизчаси биринчи синфга қатнаяпти-ю, гули қоладими? Титилиб кетмаганига шукур қилишса-чи. Йўқ, уларга текин кулги бўлса, сақич қилиб чайнаверишса…

– Ҳукумат ҳам зап матолар чиқаради-да! Ўзинг айт, Жўра, мана шу кителни шопирликка ўқиб юрганингда беришган, тўғрими? Хўб чидамли экан-да…

Даврада кимдир «билимдон»лик қила бошлайди:

– Гап матода эмас, – дейди у. – Нега сенинг кўйлагинг икки кунда пайтавага ҳам ярамай қолади? Чунки сен уни Жўравойга ўхшаб яхшилаб мойга шимдирмагансан. Бир синаб кўргин-а, йигирма йил киймасанг – мен кафил!

– Катта кетвординг, ошнам. Уйимни тикаман, ўша сен айтган мойга шимдирилган кўйлак ҳам Жўравойдан бошқасига дош бериб бўпти!

Гузарда бир зум қийқириқ ҳукмрон бўлади.

Жўравой кителини мойга ботирмаган, мойга ботирса пишиқ бўлишини ҳам билмайди. Буни анавилар ўйлаб чиқарган. Қўйиб берсанг, нималар дейишмайди? Бунақа учирма гапларни эшитганида илгарилари жиззакилик қиларди, бора-бора қулоғи қимирламайдиган бўлиб кетди. Булари-ку, майли, чидаса бўлади, қишлоқда кимдир бир латифа тўқиб чиқарибди, ҳеч демайдиган. Ҳамманинг оғзида дув-дув гап: «Жўравой ҳаммомга тушса, албатта газетга ёзиш керак, бунақа янгилик ҳар куни ҳам бўлавермайди, – эмиш. – Бурноғи йил ҳайит эмас, майрам эмас, оддий кунларнинг бирида акамиз адашиб ҳаммомга кириб қоптилар. Катта ўғли икки соат тинмай отасининг баданини ишқалаб, энди бўлгандир, деб турса, бирдан… эски майканинг парча-пурчалари кўриниб қолади-я! Бунақа майкалардан унинг баданида яна қанча бўлса…»

Бу гаплар орқаворатдан Жўравойнинг қулоғига ҳам чалиниб туради, лекин унинг энсаси қотади, холос. Лоф ҳам эви билан-да, ҳеч жаҳонда майканинг баданга сингиб кетганини одамзод эшитганми?!

Ўнинчи синфда ўқийдиган ўша ўғли қайсидир кун мактабдан кўзи қизариб келдию бир ҳафтагача қовоғидан қор ёғиб, соқов бўлиб юрди. Жўравой сабабини секин хотинидан сўраб билмоқчи эди, Сабоҳат ҳам зўрға турган экан, дарров боши эгилиб, лаби қимтиниб қолди. «Касрингизга болагинам ўртоқлари ичида ер билан битта бўлиб юрибди», демоқчи эди, айтмади. Айтолмади. «Садқаи гап кетсин!»

Унинг ўрнига:

– Одамлар сиз тўғрингизда ёлғон-яшиқ гап қилишаётганида Қосимжоним эшитиб қопти, – деди-қўйди.

Жўравойнинг жаҳли чиқди: яна эски ғалва! Шунгаям мотамми? Ишдан кейин ўғлини ёнига ўтирғизиб, ўшқира кетди:

– Итниям, битниям гапига қулоқ осаверма, бола! Оғзига кучи етмаганлар тилига келганини қайтармайди, тушундингми? Шунгаям бурнингни осилтириб юрибсанми? Мен шопир одамман, бўлаверади. Олифтагарчиликни шаҳарликка чиқарган, деб оғизларига урмайсанми? Майли, ҳали шошмай туришсин…

«Ҳали шошмай туришсин, уйга битта мошинани қантариб қўйиб, ўша гапдонларнинг кўзини бир куйдирай, то ҳасаддан ёқа йиртишсин!» демоқчи эди, нималарнидир ўйлаб, тилини тийди.

Ҳа, Жўравой неча йиллардан бу ёғи емайди-киймайди, машинага пул йиғади. Тагимда бир улов турса, қишлоқдаги гап-сўзлардан қутуламан, деб ўйлайди. Кўряпти тўртғилдираги борларга қандай муомала қилишаётганини! Ҳатто шу ёзда ҳайё-ҳув деб Масков тарафга жўнавормоқчи ҳам бўлди. Лекин… Бозорларда машина нархи кўтарилиб кетганини эшитиб, ҳушёр тортди: белидагини чамалаб кўрса, бир-икки минг сўм камроқ. «Майли, яна икки йил ишлаб кемтигини тўлдирай, кейин борарман», деган ўйда шаштидан қайтди.

Мана шунақа гаплар…

Ким нима деса десин, Жўравой бари бир бошқача одам! Шўрариқ бино бўлганидан бери ҳеч ким унингчалик қувонмагани ҳам рост!

…Кун ярмида Жўравой ишдан қайтдию тандир теварагида куймаланиб юрган хотинига қичқирди:

– Сабоҳ, кечаги газит қани?

Умрида газет ўқимаган эрининг бунча ҳовлиқиши Сабоҳатни ажаблантирди.

– Ҳа, дадаси, газит ўқиб мулла бўлмоқчимисиз энди? – дея ҳазиллашди у.

– Кўп жаврамай, опчиқ, сенга айтяпман!

– Вой-бў! Битта қоғозга ота гўри – қозихонами? Ҳеч ўқимасдингиз-ку, билмай тандирга қалаб юборибман.

– Ҳе, падарлаънат… – Жўравой атрофга аланглаб ўғлини чақирди: – Қосим! Ҳўв Қосим!

Қосим чорбоғда экан, ўша ёқдан овоз берди.

– Бери кел! Югур!.. Бор, қўшниникидан кечаги «…Ўзбекистон»ни опчиқ! Дадам сўраяптилар де. Чоп, деяпман сенга! – У қоп-қора бўйнидаги томирларини бўрттириб ўшқирдию ўзи тўғридаги уйга кирди. Токчада чанг босиб ётган чойнак ичидан тўрт буклоғлик бир қоғоз олиб, яна ҳовлига чиқди.

Ҳовлиққанича бор эди. Икки ой бурун ишхонасида маошга қўшиб ўнтадан лотерея тарқатишди. Жўравой зинҳор олмайман деса-да, ҳол-жонига қўймай тутқазишди. У билетларни қўлига олгач, мажбурлаб берилган лотереяларга кўпинча ютуқ чиқиб қолади, деган миш-мишларни эслаб, кўнглида қандайдир умид учқуни йилт этди. Ютуқ ўйналадиган кун яқинлашган сари шу учқун йилтиллай-йилтиллай, охири алангаланиб кетдию Жўравой ҳаловатини йўқотди-қўйди. Назарида, шу билетларнинг биттасига албатта ютуқ чиқиб қоладигандай…

Ўлибдими, чиқмай! Эҳ, қанийди мошина ютиб олса! Ёмонми, йиғиб юргани чўнтакда қолади!

Умид қатъий ишончга айланди ва яқиндан бери у худди мошина уйида тургандай ўзини алланечук бахтиёр сезиб, тўлқинланиб юрди. Рақамларини бир варақ қоғозга кўчириб ёзди-да, лотереяларнинг ўзини темир сандиқчасига солиб, қулфлаб қўйди. Боя тушлик пайти ҳамкасблари столга газет ёйиб олиб, нималарнидир қизғин муҳокама қила бошлашганида Жўравой аниқ сезди: ютуқлар тиражи чиқибди! Аммо уларга яқинлашмади. Тўсатдан юраги гупириб, ўртана бошлади. Бу аҳволда кечгача ишлаб бўлармиди? Диспетчерга боши оғриётганини баҳона қилиб, уйига чопди. Ўпкасини қўлтиқлаб келса, ҳалиги гап…

«Тутатқига бошқа қоғоз қуриб кетганмикан? Ҳе, фаросатсиз!»

У сўрининг четига тоқатсизланиб ўтирди. Кўзлари ёниб, қўллари қалтираб ҳалиги қоғозни очаётганида Қосим газет олиб келди. Уни дадасининг қўлига тутқизиб, сўри оёғига суянди.

– Ҳа, нега туриб қолдинг серрайиб?

– Шундай, ўзим… Бошқа ишингиз йўқми?

– Кетавер! Ҳа, айтгандай, шошма… Майли, боравер!

Қосим сўридан узоқлашди. Жўравой бўғзига тиқилган ҳаяжондан титраб, жадвал устига мук тушди. «Ё Худо! Ишқилиб, омадимни бер! Ўттиз тийинга қулинг ўргилсин битта мошина! Ажаб иш бўларди-да! Ана ундан кейин гаплашардик сенлар билан! Гап уст-бошдами? Ана, Шокир почтачи, қачон қарасанг ялтиллаб юради – нима фойда? Чўнтагида ҳемири йўқ. Ўқитувчиларга ўхшаб маданиятдан лоф уради-ю, аслини суриштирсанг, маошини у ойдан бу ойга учма-уч улайди. Сенлардан кам жойим борми, тагимда мошин, қўлимда яна олти-етти минг пулим бўлса! – Беихтиёр газетга чанг солди: – Ҳар куни чойхона олдига бир миниб чиқмасам!..»

Зумда қутурган Жўравой зумда ўзига келди. Боядан бери хаёл кетидан қувиб, жадвалдаги биронта рақамни тузукроқ кўрмаган эди, газетни кафти билан силлиқлаб, қайта термилди. Бироқ бари бир сур хаёллари унга тинчлик бермасди: «Пақ этиб ютиб олсаму юрагим ёрилиб кетса-я!»

Рақамлар уяси оғзида гужғон ўйнаган ҳисобсиз чумолиларга ўхшаб тўзғиб кетар, у эса ўзига кераклиларини ушлаб олишга зўр бериб уринар эди. Эҳ, рақамлар… ёзувлар… рақамлар…

Жўравой бирдан юрак уришини эшитмай қолди. Бир қўлида қоғоз, бир қўлида газетни чангаллаганича… ҳайқириб юборди. Лекин на хотини, на ўғлидан бир садо чиқди – ҳовли жимжит эди. Демак, бақирмабди, ўзига шундай туюлибди. Ё тавба! Кўнгли сезган эди-я! Ҳатто тушларига кириб чиққан. Олдиндан аён бўларкан-да ўзи. «Жигули! Жигули-я! Ўзингни бос, Жўра, ўзингни бос! Пулинг ёнга қолди, бари бир ўзингни бос!»

У хотинини чақирмоқчи бўлган эди, ичига тўлиб қолган нафаси ғувиллаб отилиб чиқди. Товуши ўзига мутлақо бегона эшитилди. Сабоҳат тандирдан янги узган нонларни саватга жойлаб уйга олиб кириб кетган эди, эрининг нима қилаётганидан хабарсиз, ичкаридан овоз берди:

– Ҳа, дадаси?

– Бақа чиқ!

– Ҳозир, нонларни ёйиб қўяй.

– Чиқ, деяпман, дарров!.. Тўхта, ўзим боряпман.

Жўравой остонага туртиниб, шалақ сўкинди, сўнг пишиллаб:

– Тозароқ кўйлак-пўйлагинг борми? – деди. – Олиб бер!

Сабоҳат энди чидамади, эрининг юзига тик боқди:

– Мунча ўшқирасиз, қўлим тўртта эмас-ку! Ҳовлиққанингизни-ей! – Кейин сал юмшади. – Олдин чой-пой қилиб берай, иссиқ нон билан ичиб олинг.

– Кўп эзмаланмай сандиқни оч! Ё кўйлак уруғи қуриб кетганми?

– Бор. Ҳайитда кийган кўйлагингиз шундайича турибди.

Сабоҳат минғирлаб сандиқ устидаги кўрпаларни шолчага ташлай бошлади. Жўравой эса, ўзининг кичик сандиқчасидан оқ матога, унинг устидан сувқоғозга ўралган лотереяларни олиб, шими чўнтагига солди. Тушиб қолмасин тағин, деб тўғноғич билан қадаб қўяётган эди, бармоғига санчиб олиб, яна оғзини булғади…

Жўравой йўловчи улов кабинасида район марказигача қай ҳолатда кетди – буни фақат ўзию лотереясига мошина ютганлар билади. Устига-устак, улов бирам секин юрди, бирам секин юрди…

У омонат касса олдига ҳарсиллаб етиб келди, аммо бирданига ичкари киргани юраги бетламади. Крандан сув ичмоқчи эди, томоғидан ўтмади. Сал нафасини ростлаб, одамлар сийраклашгач, кассага журъатсиз қадам қўйди. Ҳар бирига биттадан калла сиғадиган қатор дарчаларга кўзи тушиб, яна довдиради. Сўнг дуч келганига бошини суқди.

– Синглим, лотарни ким текшириб беради?

– Ўзингиз! – деб жавоб қилди қиз. – Ана, деворга газитларни илиб қўйибмиз, ўзингиз қарайверинг.

– Мен қараб чиққан эдим, – деди Жўравой овози қалтираб.

Қиз бошини кўтарди.

 – Нима, ютуқ чиққанми? Э, олдинроқ айтмайсизми. Суюнчисини оларканмиз-да! Анави туйнукка ўтинг, кўриб беришади….. Айтгандай, нима ютдингиз?

Жўравой тилини тийишга ҳарчанд уринмасин, бўлмади: «Мошин!» деди ҳаяжонланиб. Шундай дедию кўзларидан ёш тирқиради. Шоша-пиша енги билан ёшини артиб, ёнидаги туйнукдан ичкарига мўлтиради:

– Қизим…

Жўравой гапини тугатмасиданоқ у ерда ўтирган ёш қизчанинг ўзи бидирлай кетди:

– Табриклаймиз, амаки! Қизларга битта зиёфат қилиб берасиз энди. Менга бундан ташқари… билиб қўйинг! Қани лотереяларни узатинг-чи. Ўҳ-ҳў, жуда пишиқ ўраб қўйибсиз-ку.

– Ҳа, энди…

Бу пайтда бошқа қизлар ҳам ишларини тўхтатиб, сувқоғозни очаётган қизнинг теварагига тўпланишди. Туйнук ортидан сап-сариқ тишларини кўрсатиб, ўхшовсиз иршаяётган башарани кўриб, ҳасаддан кўзлари чақнади ва бир-бирларига маъноли им қоқишди: «Тавба, мошина деган зорманда мана шунақа ипирисқиларга чиққанига ўлайми?» демоқчи бўлишди гўё. Шундай бўлса ҳам, ҳалиги қиз лотереяларни очиб улгурмасидан, Жўравойни қутлай кетишди:

– Бахтли экансиз, амаки!

– Келинг, қўлимни теккизиб олай, менга ҳам юқсин.

– Қуллуқ бўлсин! Буюрсин!

Жўравой товуш чиқарса яна йиғлаб юборишдан чўчиб, лабларини “қулуқ”қа пичирлатиб тураверди.

Қиз тортмадан китобча олди, хонада шивир-шивир тинди. Жўравой у ёққа қарамасликка тиришиб, ойнакдаги ёзувни ўқишга тутинди. Нима деб ёзилганига тушунмай, тўсиқни чертишга тушди. Тиқилинчда бурни қичиб қолса бўладими? Касофати! Бешала бармоғи билан бараварига бурнини қашлаб, хумордан чиқди. Вақт бўлса, ўтмайди. Мунча имиллайди бу қиз, кампир эмас-ку!

– Топдингизми, синглим?

Қиз лотереяларни пулга ўхшатиб тахлаб, китобни аста ёпди:

– Катта рақами сал тўғри келмайроқ турибди, – деди ачингансимон қиёфада.

Жўравой кар эмас, лекин ҳозир ё эшитмади, ё тушунмади.

– А?! Нима дедингиз?!

– Рақами тўғри келмаяпти, дедим…

Бундан уч йил бурун отаси ўлиб қолгани тўғрисида конга хабар борганида ҳам бунчалик даҳшатга тушмаган эди. Кейинчалик эслаб, эзилиб юрди, аммо… Қиз ақлдан озганми ўзи?! Жўравой бир қалқиди, тўсиққа зўрғалатдан ёпишиб, тикланиб олди. Бор кучини йиғиб:

– Яхшилаб қара, сингил! Ҳазиллашма! – дея ўшқирди. Ғажиб ташлагиси келди қизни шу пайтда. «Тилгинанг узилиб тушса бўлмайдими, алвасти!» дегиси келди.

Қизлар унинг бўздай оқарган юзи ва чақчайган кўзларини кўриб, секин-секин тарқалишди.

– Ҳазиллашаётганим йўқ, амаки. Ишонмасангиз, ўзингиз кўринг… Мана, кўрдингизми, буниси олтита номерга ортиб кетяпти.

Жўравой бари бир ҳеч нимани кўрмади, қалтироқ қўллари билан чўнтак кавлаб, бояги қоғозни қизга узатди:

– Нега бўлмаса… Ахир, ўз кўзим билан… Манавини ҳам қараб кўр-чи!

Қиз ғижимланган қоғозни қўлига олиб синчиклаб текширди ва бирдан ҳовлиқиб кетди:

 – Айтмадимми, ўзингиз адашяпсиз, деб? Мана бу ерда охирги «7» ни сиз «1»га ўхшатиб ёзиб қўйибсиз-ку! Уни қаранг-а, ҳақиқатан «1» бўлганида «Жигули» сизники эди-я… Яна мендан хафа бўляпсиз.

Ҳақиқатга ишонмаслик – ғирт аҳмоқлик, ишониш – яна даҳшат! Жўравой йиқилиб тушмади, тирик мурдага айланди-қолди. Шундай ҳолда элас-элас чийиллаган овозни эшитди:

 – Лотереяларни қаердан олганидингиз, амаки?

Қизнинг бу гапи Жўравойга: «Тўхтаб туринг, битта мошина тўғрилаб бераман», дегандай бўлиб эшитилди, сергакланиб шивирлади:

 – Ишхонада… мажбурлаб беришган эди…

 – Э, ундай бўлса, суюнаверинг, ошналарингиздан биттасига насиб этибди! Одамлар қандай бахтли!

Жўравой кассадан елкасида тоғдек юк билан судралиб чиқиб кетаркан, қиз ҳамон жаврарди:

 – Бўлар иш бўлди, амаки. Келаси сафар сизга ҳам албатта чиқади. Бунақа англашилмовчиликлар бизда тез-тез бўлиб туради. Биласизми, бир куни…

Жўравой ташқарига чиққанида орқасидан қизларнинг шўх қаҳқаҳаси янгради…

 

***

 

– Вой шўрим! Сизга нима бўлди! Тинчликми?! Тобингиз қочдими?

Жўравой минг ўлиб, минг тирилиб, уйга кириб келганида хотини уни шу сўзлар билан кутиб олди. Лом-мим дейишга мажол қайда, тўғри бориб ўзини сўрига ташлади. Унинг бутун вужуди қақшаб оғрир, пешонасидан муздек тер қуйилар эди. Лаблари эса тинмай пичирларди:

«Тинчлик… тинчлик».

Қоронғи тушганида ўғли «Тез ёрдам» чақириб келди. Эри аҳволидан қаттиқ хавотирга тушган Сабоҳат ҳам касалхонага жўнади. Ҳувиллаган уйда ёлғиз Қосим билан иккита синглиси қолди…

Тонготар пайти кўча эшик олдига енгил машина келиб тўхтади. Ундан шалвираб тушган аёлнинг ўткир чинқириғи осуда қишлоқни тутиб кетди. Дод-фарёдни эшитган болалар чўчиб уйғонишди. Бирпасда ҳовли тўс-тўполон бўлди-қўйди.

 – Шўрим қуриди, одамлар!.. Дадаларингдан ажраб қолдик-ку, болажонларим!!! Энди нима қиламан, Художон!

Ҳовли ўртасида Сабоҳат талвасаланиб ётар, бемаҳал йиғидан уйғонган қишлоқ аста-секин уларнинг уйига оқиб келар эди…

Пешиндан кейин шўрариқликлар Жўравойни қабристонга қўйиб қайтишди. Кутилмаган ўлим ҳар сафаргидек одамларнинг ақлини шошириб қўйган эди. Бирга ишлайдиган дўстлари афсусланиб:

 – Раҳматли кеча, бошим оғрияпти, деб турувди. Бунақа бўлиши кимнинг хаёлига кепти, – дейишса, бошқалар буни тақдири азалга йўйишди:

 – Бу бир баҳонаи сабаб, кунимиз битганидан кейин биз ҳам Жўравой борган жойга борамиз. Нима, дунёга устун бўлармидик?..

– Одам бирданига ўлиб қолса, қўрқинчли бўларкан. Ҳеч бўлмаса, бир-икки ҳафта касал ётсаям кошкийди.

– Эскилар бекорга айтмаган: қуруқ туҳматдан, бемаҳал ўлимдан асрасин деб. Дунё қизиқ экан: кеча бор эди, бугун йўқ.

 

***

 

Шўрариқда кўп вақтгача Жўравойнинг ўлими тилдан тушмади. Сабоҳат ҳам бу жудоликка аста-секин кўникиб борар, маъракада кўнгил сўраганларга, гўё шу билан бутун сир ойдинлашадигандай, тинмай бир гапни такрорлар эди:

 – Тавба, одам ўлишидан олдин авлиё бўлиб қоларкан. Раҳматли дадаси ҳам ўша куни ишдан эрта қайтдилар, денг. Ҳайитда кийган кўйлакларини сўраб олдилару бир айланиб келаман, деб кўчага чиқиб кетдилар. Ёруғ дунё билан хайр-хўшлашиб келган бўлсалар керак-да.

 – Уни қаранг-а!.. Ё тавба-ей… – дея ҳайратланишарди эшитганлар.

Хуллас, сир сирлигича қолди. Фақат касалхона дўхтиригина жон чиқар маҳали Жўравойнинг алаҳсирашидан нималарнидир англагандай бўлган эди. Лекин у шўрариқлик эмас-да…

1981

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*