Ихлос

Аллоҳ таоло бани башарга берган неъматларнинг энг буюги ва аҳамиятлиси Имон неъматидир. Имоннинг энг буюк ойинаси Амалдир, Ибодатдир. Зотан, Ибодатяратилишдан, ҳаётдан кўзланган асосий мақсаддир. "Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимгагина ибодат қилишлари учун яратдим", дейди Холиқимиз Қуръони каримда. Ибодат ҳаётимизга мазмун киритади, биз бандаларни ҳар дақиқа, ҳар сония Буюк Раббимиз ҳузурига йўллаб туради. Имоннинг руҳи ва энг муҳим безаги, жаноби Ҳаққа яқинлаштирадиган амал ва ибодатларнинг жони ва энг гўзал жилоси Ихлосдир, холис Аллоҳ учун бўлишидир. Ихлос ибодатларимиз ва дуоларимиз қабул бўлишининг асосий шартидир. Ўтиб бораётган асримизнинг энг мудҳиш касаллиги имонсизлик, сўнгра ихлоссизлик бўлди. Бу ҳолат дунё мусулмонларининг кечаги ва бугунги тушкун ҳаётларига сабаб бўлди.

 

Не ажабки, мўмин-мусулмонлар қўлларида Аллоҳнинг энг буюк ва аҳамиятли неъмати турса-да, ихлоссизлик туфайли унинг қадрини ўрнига қўймасалар, ҳаққини тўла адо этмасалар, тараққиётдан бутунлай орқада қолиб кетсалар! Биз шунга лойиқми эдик?! Асло! Мусулмонлар бу дунёда ҳам юксак мақомларга, охиратда ҳам олий маъволарга муносиб эдилар. Аммо, афсуски, илмдан амал кетиши, амалдан ихлос кетиши, ўртадан ухувват йўқолиши бугунги кўргуликларни келтирди. Бинобарин, бу мудҳиш касалликнинг энг муҳим чораси ва давоси ихлосдадир, ухувватдадир. Амалларимизнинг холис Аллоҳ учун бўлишига эришмоғимиз, Аллоҳ розилигидан бошқа ғаразлардан, риёдан, тарафкашликдан қутулмоғимиз лозим. Жаноби Ҳақ барчаларимизни ихлосли бандалардан қилсин. Омийн.

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

 


“Сараланган саҳифалар” (1997-1998 йилги мусулмонлар тақвим китобидан сараланган мақолалар) китоби, Тошкент, “Моварауннаҳр, 2003 йил.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*