Муҳаммад Юсупов “Арабшуносликдаги бир муаммо” сарлавҳали мўъжазгина мақоласида (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1992. 17.01) катта масалани кўтарган. Дарҳақиқат, кейинги пайтлар Қуръони карим, ҳадиси шарифларнинг ва диний дарслик ва адабиётларнинг ҳозирги ўзбек тилига таржима қилиниб, кирилл ёзувида чоп этилиши араб ва қадимги туркий товушларни ҳозирги урфдаги имлода қандай ифодалаш муаммосини келтириб чиқарди. Бу масала шунинг учун ҳам долзарб ва аҳамиятлики, келгусида ҳали исломий манбалар кўплаб таржима қилиниши, халқимизга етказилиши кутилмоқда. Бордию ҳархиликлар ҳозиргидай давом этаверса, кейин мазкур хатони ўнглаш баттар оҳирлашади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг “Моварауннаҳр” нашриёти шу борада бирон тадбир ўтказишни кўпдан бери мўлжаллаб келаётган эди.
Бундан бирмунча аввал арабшунос олим Исматулла Абдуллаев арабча товушларни кирилл имлосига кўчиришдаги чалкашликлар ҳақидаги анча асосли фикр-мулоҳазаларини ҳузуримизга ёзиб келдилар. Мана энди “Адабиёт…” газети ҳам шу масалани кўтариб чиққани айни муддао бўлди. Демак, мазкур муаммони ҳал қилишни кечиктириб бўлмайди.
Шуларни инобатга олиб “Моварауннаҳр” нашриёти Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасидаги йирик диндор олимлар, Олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот институтларидаги шарқшунослар, тилшунослар ва бошқа мутаҳассислар иштирокида бир илмий-амалий анжуман ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Анжуманни тахминан “Ҳозирги кун нашрчилигида имло масалалари” деб номлаш мумкин. Кўзлашимизча, баҳс ва мунозаралар оқибати хайрли бўлиб, бир қанча амалий таклифлар ишлаб чиқилади ва нашриёту редакцияларга тавсия этилади. Шояд шунда ёзувдаги ҳозиргидай ҳархилликлар барҳам топса.
Анжуманни ўтказишнинг ташкилий хизматларини Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ўз зиммасига олади. Яқин орада махсус таклифномалар ёзиб, тегишли жойларга йўллаймиз, куни аниқ бўлганда, эҳтимол, газет орқали эълон ҳам қилармиз. Анжуманни тайёрлаш бўйича амалий таклиф ва мулоҳазаларини билдирмоқчи бўлган биродарлар ушбу рақамга сим қоқсалар, миннатдор бўлар эдик.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
“Мовароуннаҳр” нашриёти бош муҳаррири.
4-5. II. 1992
Leave a Reply