Беҳуда чақнагандан кўра…

Шарқда шундай одат бор: Кимдир вафот этса, тобутни кўтаришдан олдин одамлардан «Марҳум қандай одам эди?» деб сўрашади. Ҳамма бир овоздан «Яхши эди!» деб жавоб беради. Бу билан марҳумнинг барча гуноҳларини халқ кечирган бўлади ва энди унинг қандайлигини худои таоло томонидан ҳисоб-китоб қилинаверади, деган маънони англатади.

Кейинги пайтларда комфирқа ва ҳукумат халқлар ўз ҳуқуқларини таниб олсинлар, адолатсизлик бўлмасин, одамлар орасидаги текинхўрлик, кўзбўямачилик ва порахўрлик йўқолсин деган мақсадда «Ошкоралик, демократия» каби шиорларни ўртага ташлади ва уни амалга ошириш учун кенг шароит яратиб берди. Бу яхши! Лекин…

Ёв қочса мард кўпайганидек, ошкоралик шиорини қалқон қилиб олиб, ишдан кетган раҳбарлар ва ҳатто қачонлардир ўлиб, тупроққа қўшилиб кетган кишиларнинг тирноғи остидан кир қидириб, унинг ютуғини эмас, фақат камчиликларини байроқ қилиб олиб, ўз мақсадини амалга оширувчи «халқпарвар, ватанпарвар, адолатпарвар»лар чиқиб қолдики, бундайларга беихтиёр «ўша пайтда қайси деворнинг кавагида жон сақлаб ётган эдинг, номард!?» дегинг келади. Яқингинада ўтмишни ёмонлаб, ҳозирги тузумнинг афзалликларини кўкларга кўтараётган кишилар ҳам бугун ўша ўзи ёмонлаган ўтмишни яхшилаб, ўзи кўкларга кўтарган тузумга тош отиб, собиқлар юзига қора суртмоқчи бўляпти. Тўғри, ўтмишдаги кўплаб раҳбарларнинг хатолари, жиноятлари бор. Лекин ўзимиз-чи? Бу ҳақда нега лом-мим демаймиз. Лоақал ўша жиноятлару хатоларга лоқайд қараганимизни тан олишимиз керак-да!

Кейинги пайтларда ҳар ким нимани ёзса шу нарса босилиб чиқяпти. Бу ҳам ошкораликнинг хусусиятларидан бири деб баҳоланмоқда. Лекин ўша ёзилаётган нарса халққа нима беради, унинг маънавий ташналигини қондириш учун қандай нафи тегади — бу ҳақда ҳамма ҳам ўйламаётганга ўхшайди. Юқоридан нима ҳақда гапирилса, аввалгидек ўшанга бало-қазодек ёпирилиб оламиз-да, айниқса, биз, жўрнолист ва ёзувчилар ўша соҳани титкилай бошлаймиз. Олдингидек ҳайбаракаллачилик ва «урра-урра!»чилик баъзи жойларда ҳамон давом этаётир. Бошқа томонда порахўр порасини олиб, ўғри, кўзбўямачи халқни, давлатни талаб, алдаб бойлик орттириб ётибди. Аммо биз баъзи жўрнолистлар ўзимизни кўрсатиш, кимларгадир ёқиш ёки ўлган, ҳеч бўлмаганда лавозимидан бўшаган йирик шахсларни ёмонлаб, қаламимизнинг «ўткирлиги»ни намойиш қилмоқчи, шу билан одамларни ўзимизга қаратиб, обрў олмоқчи бўламиз.

«Муштум» жўрнолида босилиб чиққан Нуруллоҳ Отахон, Набижон Боқий, Сирожиддин Саййидларнинг «Ҳақ олинур, берилмайдур!» сарлавҳали мақолалари ҳам, менинг назаримда, худди шу мақсадда ёзилганга ўшайди. Унда муаллифлар фирқа ва унинг ташкилотчилари — В. И. Лениндан бошлаб, бир қатор кейинги раҳбарларини номма-ном тилга оладилар-да тузумнинг барча иллатларини уларга ағдарадилар. Эҳтимол улар «халқни ўйладик», дейишлари мумкин. Хўш, фйқат ўлганларни тафтиш қилишдан кимга қандай манфаат келади?

Афсуски бу «ботир»лар халқни тўғри йўлга бошлаш учун тирикларнинг камчиликларини айтиб, улар билан юзма-юз бўлишдан чўчишибди. Афтидан, деворнинг орқасидан тахминий «душман»га кесак отмоқчи бўлишганга ўхшайдилар. Бу назариячилар тириклар билан мулоқотда бўлишдан чўчиганликларини жўрнол орқали ҳам баён этишибди. Қўрқоқ майдонда нима қилади? «…ҳақ СЎЗни айтишга тилимиз айланмаяпти. Бошдан жудо бўлишдан чўчияпмиз». Хўш, бу билан улар нима демоқчи? Яхшини яхши, ёмонни ёмон дейишдан қўрқмайдиган одам бачкана гапларни айтмайди, очиқ майдонга чиқади. Хўш, Рашидов, Усмонхўжаев, Нишоновларни ёмон ишлади дейишган «мардлар» нега бугунги раҳбарларнинг фаолиятига баҳо бермади? Ё улар ҳам бошқа ишга ўтганидан кейин кесак отамиз, деб пойлаб ўтиришибдими? Жўрнол орқали бундай иш тутиш сиздек қаламкашларга, айниқса «Муштум» ходимларига ярашмайди!

Барча матбуотчиларни ҳамон эскича фикр юритиб, янгича ишламаётганликларини айтибсизлар. Хўш, эскичаси қанақа-ю, янгичаси қанақа бўлади, айтиб бериш керак-да!

1. Жўрнолнинг номи «Муштум» бўлмаса қандай номда бўлиши керак?

2. «Муштум» ишидан кўнгил тўлмаётган бўлса, жумҳуриятда бошқа матбуотлар кўп-ку, нега бу ерда ишлаяпсизлар? Ахир «Муштум» ўзининг ўткир фелйетонлари, забардаст, ичакузди ҳажвия ва масаллари билан эл оғзига тушган эди-ку?

3. Муҳаррирнинг «юқорига қарамлиги»га келсак, бундан бошқача бўлса, сизлар нима қилардиларинг? Бўлар-бўлмас нарсаларингни халққа эълон қилаверармидиларинг?

Ёки, бошқа жиддийроқ ниятларинг бормиди, буни айтмабсизлар. Армия қўмондонсиз, оила бошлиқсиз, пода қўйчивонсиз, мол эгасиз, ҳовли деворсиз бўлмайди. Бас, «Муштум» ҳам қўммунистик фирқанинг жўрноли бўлгач, унга партия раҳнамолик қилади-да!

4. Матбуот меҳнаткашнинг дардига малҳам қўядиган, арзи-додини тинглаб, унга ҳамдард бўлувчи, орзу ва истакларини амалга ошишида кўмаклашувчи, ҳақиқат ва адолат манбаидир. Сизларча, матбуот кимга хизмат қилиши керак эди? Бу ҳақда ҳам аниқ фикр билдирилмабди. Бир хонадонга газ туширтиришда кўмаклашиш, бу майда-чуйда иш эмас, ўртоқ ҳамкасблар. «Осмонда беҳуда чақмоқ бўлгандан бир бечоранинг қумғонини қайнатган афзал», — деган эди устозлардан бири.

5. Партия матбуоти халқни яхшиликка ундовчи, ёмонларни қоралаб, илғорларни рағбатлантирувчи, партия ва ҳукуматнинг қарорларини оғишмай оммага етказувчи алоқа воситасидир. Ҳақиқатнинг кўзгуси дебсизларми, шундай бўлиши керак. Мен ўйлайманки, ҳозир кўпгина матбуот нашрлари ўз вазифасини сидқидилдан бажаряпти.

Эҳтимол, мен нотўғри айтаётгандирман. Ҳақ, ноҳақлигимиз муштарийларга ҳавола.

Маҳмуд ИБРОҲИМОВ,

ССЖИ Жўрнолистлар уюшмаси аъзоси

 


“Муштум” журнали, 1990 йил, 24-сон


Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*