Ҳой жумҳурият йуқсиллари, эшитмадим деманглар, Фарғона вилоятинииг Ўзбекистон райони осмонига ўтган йил ноябрининг охирларию декабрининг бошларида қуёш чиқмади! Шу пайтгача инқилоб бешиги Ленинградда ҳар йили бирор ой Ёруғ тунлар бўлишини, яъни кечалари ҳам худди кундуздагидай ёруғ бўлишини эшитиб келардиг-у, аммо қуёш чиқмай қолишини етти ухлаб туш кўрмаган эканмиз. Соқоли киндигига тушадиган чоллар ҳам, яқин минг йилларнинг бу ёғида бунақа ҳодиса бўлмаган, дейишяпти. Бир ҳисобга, шу ҳам яхши экан. Ёруғда қилиб бўлмайдиган ишларни қоронғиликда бемалол бажаравериш мумкин; ёруғда ҳамма бир-бирини кўради – кўз иссиқ, юз иссиқ, истиҳола кучли, қоронғиликда эса…
Анваржон Эркабоев райкомга биринчи котиб қилиб сайланганига тўрт-беш йил бўлиб қолди-ю, район марказидан беш чақиримгина берида, яшаш жойидан эса ундан ҳам яқин ерда жойлашган Ойимча қақир қишлоғига ҳеч келмаган эди.
Бўлмаса, катта қишлоқ, аҳолиси кўп, шунга яраша муаммолари ҳам ғиж-ғиж… Шунинг учун, қуёш чиқмаган кунларнинг бирида, яъни 1 декабрь жума куни дабдурустдан Ойимча қақирга ташриф буюришлари шу заҳоти эларо овоза бўлди. Нима мақсадда келганларини ҳам халқ билди.
Шўрсув корхоналаридан бирининг ишчиси коммунист Сайдали Маматов сменадан қайтиб, деразага қараб ёнбошла-аб, ҳордиқ чиқариб ётган эди, шу воқеани эшитдию дўпписини кўрпачага урди:
– Ўртоқ Горбачёв Бош котиб бўлганидан бери мамлакатни бир-икки айланиб чиқди, дунёдаям бормаган ери қолмади, харитада булбулнинг тумшуғича келадиган бизнинг район раҳбари эса беш йилдан бери шундай биқинидаги қишлоққа қадам босмай, энди шу майда гапни катта қилиб келибдилар-да! Бирон ўлигимизни кўмишга қатнашмаган одам энди Фалончини сайлайлик деб қабристонга келиб ўтирсалар! Нима бўлсам бўлдим, мен бу гапни ҳамма жойда айтаман! – дедию чойни ҳам ичмай ўрнидан туриб кетди.
Хўш, Сайдали акани жиғибийрон қилган «майда гап» нима ўзи?
Ҳаммаси «Ўзбекистон ССР халқ депутатлари сайлови ҳақида»ги қонундан бошланди. Бу қонун ҳар галгидан пича демократик эди. Масалан, 31-моддада: истиқомат жойларидан номзод кўрсатиш тартиби тушунтириб берилган. Бир гуруҳ ташаббусчилар бирикса, уларнинг ниятини камида 100 сайловчи қўлласа, кифоя: ариза ёзилади, ижроқўм билан округ сайлов комиссияси ўзаро маслаҳатлашади, ҳаммаси қонунан бўлса, йиғилиш ўтказиш таъминланади…
Ойимча қақир, Даҳана қақир ва Қайқуобод қишлоқларида шундай ташаббусчилар пайдо бўлди – Собиржон Назиржонов, Абдураҳмон Расулов, Турсунали Тошпўлатов, Мардонқул Мамадалиев, Ғайратжон Тўхташев, Саминжон Жўраев ва бошқалар ўзлари яшаётган қишлоқлар аҳли билан маслаҳатлашиб, округ сайлов комиссиясига ва ижроқўмга ариза ёзишди, унга қишлоқ оқсоқоллари – партия, уруш ва меҳнат ветеранлари, намозхонлар, мактаб ўқитувчилари, ишчилар, хотин-қизлар имзо чекишди. Ҳамма шод, ҳамма бахтиёр: эрта-индин мажлис бўлса, ўзимиздан ҳам ниҳоят номзод кўрсатарканмиз-да, деб умидвор эди. Бироқ…
Эртасигаёқ, яъни жума куни райкомнинг биринчи котиби А. Эркабоев ёнларига район молия бўлимининг мудири А. Мамажоновни олиб, зудлик билан қишлоқ масжидига етиб келдилар. Масжидга қирққа яқин одам тўпланган экан. Намоз тугагач, ҳамма масжид саҳнига чиқди. Котиб сўзни узр-маъзурдан бошладилар:
– Шу пайтгача ҳеч бу ёққа йўлим тушмагани, сизлар билан кўришолмаганим учун узр. Иш кўпайиб кетдими ё бошқа ишлар чиқиб қолдими, қўл тегмади-да. Район катта, ташвиш кўп…
Котиб қишлоқ оқсоқоллари билан яқин икки соат суҳбатлашдилар. Ҳаммасини айтишга ҳожат йўқ. Келишдан мақсадлари, яъни асосий масалага муносабатларинигина айтамиз, холос.
У кишининг айтишларича, қишлоқдан беш-олтита ўзбошимча ёш чиқиб, ҳамманинг, шу жумладан, масжидга қатнайдиган ҳурматли оқсоқолларнинг ҳам бошини айлантириб, йўлдан оздириб, «қандайдир аризага» қўл қўйдириб, кўпчиликни нотинч қилишаётган эмиш. (Маърузаларида «Биз билан маслаҳатлашмай», «Биздан берухсат» деган жумлалар кўп бор такрорланди.) Яна айтдиларки, оғзидан она сути кетмаган болалар кимларнидир депутат қип сайлашмоқчиймиш: улар кўрсатган одамнинг қўлидан нима иш келарди, мана, биз – раҳбарлар ўзаро келишиб, катта ишда ишлайдиган шундай одамнинг номзодини кўрсатмоқчимизки, у депутат ўтирган жойида бир сим қоқиб ҳамма ишимизни битириб бера олади. Анов болаларнинг номзоди эса, нари борса бизнинг номзодимизнинг эшигини тақиллатиб кўради, рухсат бўлсагина киради, бўлмаса шимилдириғини торти-иб келаверади. Хўш, сизлар қай бирини танлайсизлар? Ҳа, балли! Аммо ёшлар сизларни қаёққа бошлаётганини биласизларми?
Чоллар бир сесканиб тушишди.
Шунинг учун… биз кўрсатаётган номзод ёнига бошқа номзод қўймаймиз, деганлар қўл кўтарсин! Яшанглар. Бўлмаса, шу йиғинни (жума намозини – Н. О.) сайловолди йиғилиши деб протоколлаштирсак, қаршилар йўқми? Яшанглар. Биз сизларга суянмасак, кимларга суянар эдик! Хў-ўш, манави оқ қоғозларга имзо қўйиб юборинглар бўлмаса. Сизлар бемалол қўл қўяверинглар, тепасини у ёқда ўзимиз ёзиб қўямиз.
Имзолар тўпланди. Кимнингдир далдаси билан бир-икки оқсоқол ўрнидан туриб негадир кечирим ҳам сўради:.
– Биз омиларни кечиринг, райком буво, билмай қопмиз, тушунмабмиз, биз ҳам номзод кўрсатайлик, дейишса, ҳа, майли-да, дебмиз, сизлар рухсат бергансизлар, деб ўйлабмиз, энди билсак, қипқўйган ишимизни юқори билмасакан, иккинчи бундай иш қилмаймиз…
Ва ҳоказо. Саркотибнинг карами кенг эди, у киши чолларни кечирдилар-да, қоғозларни йиғиштириб, ҳайё-ҳув деб жўнаб қолдилар.
Шу куни эрта билан, яъни қоп-қоронғида район халқ таълими бўлими мудири А. Маҳмудов ҳам Қайқуобод, Ойимча қақир қишлоқларининг мактабларига шошилинч ташриф буюрди. Юқоридан «муҳим топшириқ» олингани сезилиб турарди, мактабларнинг маъмуриятлари билан «яқиндан суҳбат қуриб» (биз ўртадаги гап-сўзларни ёзиб ўтирмаймиз, чунки, айрим истисноларни ва хос муносабатни ҳисобга олмаганда, асосан, масжид саҳнида «райком буво» ирод қилган маърузаларидан фарқ қилмайди), қишлоқнинг энг онгли, зиёли, тушунган қисми бўлмиш ўқитувчилар «беихтиёр нотўғри йўлга» кириб қолишганига, «юқори тавсия этаётган ўртоқ Фалончининг ёнига бошқа номзод кўрсатиш яхши эмас»лигига уларни ишонтира олди. Шундан сўнг тантанали маросим бошланди: маъмурият билан мудир А. Маҳмудов ўтирган хонага галма-гал ўқитувчилар кириб-чиқа бошлашди – киради, жичча «тушунтиришдан» сўнг миз устидаги оқ қоғозга имзо чекади, чиқади; бошқа ўқитувчи киради, «тушунтириш» олади, имзо қўяди, чиқади. Қоронғиликда нималар бўляпти ўзи, деб ҳайрон бўлманглар. Бу ерда «Дунёга тинчлик беринг!» деган ёки «Ер юзидан атом бомбалари таг-томири билан тугатилсин!» деган чақириқлар остига эмас, балки «Аризадаги имзоимдан воз кечаман, номзод кўрсатиш йиғилиши ўтказилса, қатнашмайман» деган тавба-тазарру остига имзо тўпланмоқда эди. Инсоф билан айтганда, шундай қоронғилик қаъридан: «Демократия йўриқлари бузиляпти, мен билиб туриб қўл қўйганман, аризадаги «имзоимдан кечмайман!» деган ёруғ сўзлар ҳам янгради ва шу гапни айтганлар округ сайлов комиссиясига иккинчи бор ариза ёзилганда ҳам биринчилардан бўлиб имзо чекишди. Яшасин ёруғлик!
Эртасига, яъни 2 декабр шанба куни район прокурори ўртоқ Жуманазар Исоқов икки ёнига икки милиционерни олиб, 8-ўрта мактаб биносига кириб келди. Милиционерларни пастда қолдириб (ўқувчилардан ҳимоя учундир-да? Ҳарҳолда, мактабда мингга яқин бола ўқийди, билиб бўладими!), прокурорнинг ўзи юқорига кўтарилди ва номзод кўрсатиш ташаббуси билан чиққанлардан бири математика ўқитувчиси Назиржонов Собиржонни ҳузурига чорлаб, «дилдан гаплашиб» олди. Сўнг мактабга қандай кириб келган бўлса, яна шундай шувв этиб у ерни тарк этишди. Ўқувчиларнинг – мурғак ёшларимизнинг хотирасида алланималар муҳрланиб қолган бўлса, ажаб эмас.
С. Назиржонов қолган дарсларни қандай ўтганини билмайди. Сўнгги қўнғироқдан кейин тўппа-тўғри бошқа ташаббускорларнинг олдига йўл олди.
– Тамом! Ҳаммаси барбод бўлди! Мажлисимизга барибир рухсат беришмайди. Ҳозиргина прокурор мени тергаб кетди. Ариза ёзиш учун қаерда йиғилдиларинг, кимларникида тўпланяпсизлар, ташаббус кимдан чиқди, аризага қаерда қўл қўйдингиз, деб суриштирди. «Имзоимдан воз кечаман, йиғилишда қатнашмайман, деб тилхат ёзиб, душанба куни обориб беринг», деб кетди. Тамом, чарчадим, мен ўйиндан чиқдим! – деди остонадан ўтибоқ. – Мана, ёзган тилхатим…
Камина шу тилхатни ўз кўзим билан кўрдим, бироқ прокурор Ж. Исоқов биз билан суҳбатда «тазйиқ» сўзини буткул инкор қилди. «Мен қонунни тушунтиргани борган эдим! Ариза ёзиш учун ташаббусчилар бирор ерда тўпланган, ана шунақа тўпланиш мумкин эмас. Тўпланиш учун ариза ёзиб райижроқўмдан рухсат сўраш керак, рухсат берилганидан кейингина, белгиланган жойда тўпланиб, сайловга ариза ёзиш лозим», деб тушунтирди. «Райижроқўмга ариза ёзиш учун ҳам кимлардир қаердадир тўпланиши, маслаҳатлашиши керак-ку, унгаям ариза ёзиб рухсат олиш керакми? – деган саволимиз очиқ қолди. – Унақада ҳеч ким ҳеч қаерда тўпланолмай қолади-ку», деб ҳайратландик биз. «Йўқ, – деди қонун посбони, – сайлов – сиёсий масала, бу масалада бир киши тўпланадими, беш киши тўпланадими, сиёсат ҳақида гап бўлади, рухсатсиз сиёсий тўпланиш мумкин эмас!»
Журналхонлар, Ўзбекистон районининг прокурори 37-йилларда ҳам яшаган экан-да, деб ўйласалар, хато қиладилар. Жуманазар ТошДУнинг ҳуқуқшунослик бўлимини куни-кеча – 1981 йилигина битирган, холос. Прокуратура ишида ҳали ҳам ўша замонлар услуби сақланиб қолибди-да, десаларингиз, бу – бошқа гап.
Даҳана қақир қишлоғининг чиқаверишида, Фарғона-Тошкент йўлининг нақ тиззасида бир йўлтўсар (шлагбаум) бор. Ёнига битта уйча ҳам қурилган. Шу уйчада, мана, неча йиллардан бери бир милиционер билан бир молдўхтири кун-тун навбатчилик қилишади. Ўзбекистон районига қуёш чиқмаган кунларнинг бирида участка милиционери Акрам Акбаров (кимдан топшириқ олганини билмаймиз-у…) ариза ёзган қишлоқ меҳнаткашларини шу уйчада (постда) «қабул қила» бошлади. Аслида, кундузи ҳам қоронғи, лекин Акрам мелиса негадир «қабул соати»ни кечасига тайин этган эди. Масалан, жисмоний тарбия ўқитувчиси Шарифжон Отажонов телевизордан «Время»ни кўриб, энди ётган эди, «қабул»га чорлаб қолишди. Жакбарали Маллабоев ҳам кечқурун тўққиз ярим билан ўннинг орасида чақирилди. Савол-жавоб бир хил: Нега ариза ёздиларинг? Қаерда тўпландиларинг? Қаерда, қандай шароитда имзо чекдиларинг? Кимлар ташаббусчи? Тинч юрай десаларинг, имзоимдан воз кечаман, деб тилхат ё тушунтириш хати ёзиб беринглар! Ва ҳоказо гап-сўзлар…
Райкомнинг биринчи котиби Анваржон Эркабоев ҳам масжиддан қайтиб борганларидан кейин қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Учала қишлоқ маҳалла қўмиталари раислари борми, қишлоқ Совети раислари борми ва яна бошқаларни ҳузурларига чақириб, эринмай, яхшилаб «қайта ишлов» бера бошладилар. Орада қандай гап-сўзлар ўтганини маълум сабабларга кўра бизга айтишмади, аммо-лекин Ойимча қақир маҳалла қўмитасининг раиси, партия ва меҳнат ветерани Назиржон ота Қаюмовнинг беихтиёр оғизларидан чиқиб кетган гаплар райкомда (ёки райижроқўмда) қандай «суҳбат» бўлганини яққол ошкор қилиб қўйди. Ташаббусчилар яна ёрдам сўраб масжидга – оқсоқолларнинг қошига келишганида, Назиржон ота бирдан ёрилдилар:
– Мен энди ҳеч қанақа аризага қўл ҳам қўймайман, муҳр ҳам босмайман. Яхшиси, қишлоқ аҳлини йиғиб ё шу ернинг ўзидаёқ мени раисликдан бўшатиб қўяқолинглар. Шунча ишлаганим бир бўлдию шу сайлов масаласида эшитган гапларим бир бўлди. Ёшим саксонга бориб мен сира бунақа қийналмаган эдим. Раисликдан бўшатинглар, муҳрни ҳам сизларга топшираман! – деб юбордилар.
Начора, масжид – Худонинг уйи, улуғ даргоҳ. Бу ерда ҳеч бир намозхон ёлғон сўзламайди, биров бировдан қўрқмайди, биров бировга қул эмас, чунки «Ла илаҳа иллоллоҳ»! Бинобарин, Назиржон отанинг бу сўзлари самимий эди.
Хуллас, ташаббусчилар масжиддан қуруқ қайтишди. Қонунга, демократияга ишониб кетиб ёзган аризалари бутун районни оёққа турғазганига ҳамон ҳайрон бўлаётган аризачилар ўзаро маслаҳатлашиб, зора ёрдам бўлса, деб пойтахт газеталаридан бирортасига мурожаат қилишни лозим кўришди. Муддатнинг оз қолаётгани боисидан дардларини телефонда айта қолишди. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси мухбири Ёқубжон Хўжамбердиев ҳам вазиятни тўғри англади, шекилли, зудлик билан, Яйпан қайдасан, деб йўлга тушди. Аммо катта газетанинг мухбири бўлгани билан Ё. Хўжамбердиев ҳам содда экан. Аниқроғи, Ўзбекистон районида уч-тўрт кундан бери қуёш чиқмаётганидан у бехабар экан. Тўғри келиб райкомга учраган эди… хоҳ ишонинглар-хоҳ ишонманглар, саркотиб А. Эркабоев турли баҳоналар билан мухбиримизни нақ етти соат райкомнинг биносидан ташқари чиқармай олиб ўтирдилар. «Халқ билан учрашиб кўрайлик-чи», деб минг тавалло қилмасин, рухсат бўлмади. «Мана, биз – халқ. Биз нима десак, халқ шуни дейди. Биз Фалончини сайлаймиз, халқ ҳам ўша одамни сайлаб берасизлар, деб қўллаб-қувватлаяпти. Ўзлари имзолар тўплаб келишган, бизга бошқа номзод керак эмас, деяпти халқ!» дейишди у ердагилар. Мухбир ёнидан диктофон чиқарган эди, шу заҳоти: «Бунингизни солиб қўйинг, бўлмаса… олдириб қўйишга қурбимиз етади!» деган таҳдидли овозни эшитди. Сайлов ўз йўлига, ўрта-ичида беш юз сўмлик диктофондан айрилиб қолишдан чўчиб, мухбир уни дарров олиб қўйишга мажбур бўлди.
Мана шунақа гаплар… Ўзбекистон районига қуёш чиқмаган кунлари шунақа машмашалар содир бўлди у ерда. Хўш, биз айтмаган яна нима қолди?
Ҳа, дарвоқе, биринчи аризага рад жавоби берилди. 440-Ғаниобод округ сойлов комиссиясининг раиси Ҳомиджон Мадраҳимовнинг айтишича, «аризага қўл қўйганларнинг кўпи ўз ихтиёри билан имзоларидан воз кечганлари учун сайловчиларнинг талаби инобатга олинмабди. Чунки қонунда камида 100 киши қўллаб-қувватласагина, дейилган. Бу ерда эса, бор-йўғи элликтача имзо қолган эмиш.
Ташаббусчилар: «Бўлмаса, бизга қонун бўйича ёзма жавоб беринглар», дейишган эди, комиссия раиси котиби, «Ҳеч қанақа ёзма жавоб берилмасин!» деганлар. Мана шу жавобимиз – жавоб!» деб туриб олди.
Қонунга кичик чекиниш: 31-моддада бундай дейилган: «Истиқомат жойида сайловчиларнинг йиғилишини ўтказиш ҳақидаги таклиф… уч кун муддат ичида кўриб чиқилади… Таклиф рад этилган тақдирда аҳоли ташаббускор жамоат органига далил-исботли қарорнинг бир нусхаси берилади».
Биз сайлов комиссияси раисига: «Ёзма жавоб бермаслик ё, умуман райкомнинг сайлов ишларига аралашиши қонунда кўрсатилмаган-ку», деганимизда, у киши гапнинг пўст-калласини айтиб қўяқолдилар:
– Қизиқмисиз, қонунга ҳамма нарса сиғармиди…
Ҳа-я, қонунга жуда кўп нарсалар сиғмаслигига, сиғмай қолган жойдан эса ҳар ким ўз билганича фойдаланаверишига биз шу масала билан шуғулланганимиздан кейин тўла иқрор бўлдик. Фақат, ўзлари яратган ва тасдиқлаган қонуннинг балиқдай тутиб бўлмас моддаларига, очиқ-ёпиқ туйнукларига, ва ниҳоят, бу қонунга кўп нарсаларни сиғдира олишмаганига Олий Советимизнинг собиқ депутатлари қандай қарашаркин? Айтгандай, уларнинг аксариси бу гал ҳам номзодларини қўйишган, чоғи.
Айтилмаган яна нима гап қолди? Ҳа, дарвоқе, ташаббусчилар тушкунликка тушмай қайтадан ариза ёзишди, қайтадан имзо йиғишди, энди бу гал имзосидан воз кечмайдиган, қайта қуришга чин дилдан ишонган одамларнинг қўлловига таянишди. Кетма-кет қатнаб, ниҳоят аризани Ҳ. Мадраҳимовга топширишди ва яна… оғзаки рад жавоби олишди. «Далил-исботли қарор» тўғрисидаги гаплар осмонда қолаверди.
Хўш, яна қандай гап қолдийкин? Э, дарвоқе, шу ўринда қонундан бир-икки жойини эслаб қўйсак ёмон бўлмасди. 2-моддада бундай жумлалар бор: «Ўзбекистон ССР гражданларининг сайлов ҳуқуқларини… бирон-бир даражада бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади». 14-моддада эса яна ҳам очиқроқ қилиб бундай дейилган: «Зўрлик ишлатиш, алдаш, дўқ қилиш ёки бошқача йўл билан Ўзбекистон ССР гражданининг Ўзбекистон ССР халқ депутатини сайлаш ва халқ депутати бўлиб сайланиш, сайловолди агитациясини эркин амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар… сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари Қонунда белгилаб қўйган тарзда жавобгар бўладилар».
Ниҳоят, энг сўнгги гап. Тўғрироғи, буниси энди каминанинг узри. Ташаббусчилар барибир ниятларига етишмади. 440-Ғаниобод сайлов округи бўйича сайловчилар энди фақат бир кишини сайлашади (сайлашадими, танлашадими?) Бизнинг мақоламиз ҳам уларга ёрдам беролмайди, чунки мақола ёруғ дунёни кўрганида, аллақачон жумҳуриятимизда сайловлар бўлиб ўтган бўлади. Ёзишдан мақсадимиз эса – зора, бурунги… ие, узр… бугунги сайловлар келгусида ҳаммамизга сабоқ бўлса, дедик.
Шунинг учун ҳам энди бир сирни очақоламиз: мақола бошида Ўзбекистон районига қуёш чиқмади, деб андак ҳазиллашган эдик. Шундай қилмасак ҳам бўлмасди-да. Ахир, қандай қилиб, булар бари куппа-кундузи, бутун район аҳлининг кўз ўнгида содир бўлди, деб айта оламиз?! Айтганимиз билан, ишонмасдиларингиз-да!
Нурулло ОТАХОНОВ
Leave a Reply