
Муқаддима ўрнида
"Мўминлар бир тананинг аъзолари кабидир. Унинг бир аъзоси оғриса, унга қўишлиб қолган аъзо-лари ҳам бедорлик ва ҳарорат билан алам чекади" (ҳадис).
Бугун менинг вужудим сирқираб оғрир. Таним баланд ҳароратдан лохас…
Ҳиндистонда қарама-қаршиликнинг поёни кўринмайди. Жазоирда миллат икки ўзаро душман гуруҳга бўлиниб олиб, бир-бирини қийратиб ётибди. Мана, неча йилларки, фиғонлар юрти Афғонда тинчлик йўқ. Шундоққина ён қўшнимиз ва жондошимиз тожик уйида кўп йиллик урушнинг жароҳатлари ҳали-ҳануз битиб кетмаган. Қофқоз… Қофқоз эса, бугун бутун вужуди қонга беланиб, кимларнингдир ёвуз ва манфур сиёсий найранглари йўлида қанчадан қанча бегуноҳ фарзандларини қурбон бераётир. Яна қайсидир бир юртда мен танимаган бир мўмин биродарим ноҳақдан ноҳақ ҳибсга олиниб, зулм исканжасига ташланган. Бошқа бир маконда бошқа бир мусулмон дўстим қуруқ туҳматга учраб изтироб чекаётир…
Мен эсам… мен, бошим пачоқланган, белим букчайган, тирноқларим суғуриб олинган ва бир оёғим эзилган ҳолда… ялонғоч вужудим дир-дир титраб, атрофга ожизона олазарак нигоҳ ташлаганча… турибман. Иситмадан ёняпман. Лекин, шунисига ҳам шукрки, ҳозирча йиқилганим, ётиб қолганим йўқ, бир оёқда бўлса-да, ҳар ҳолда турибман. Ҳали безгак бошланмаган. Фикрим ҳам тиниқдай. Эслаш қобилиятимни ҳозирча йўқотмадим, фикрлаш, мулоҳаза юритиш имконияти бор ҳали менда…
Хотиримга ўтган йилги бир воқеа келди.
Тирикчилик сабабидан даламда оз-моз деҳқончилик қилиб тураман. Гоҳ кетмонда, гоҳ белкуракда ер чопаман, экинга жой ҳозирлайман. Белкурак ҳар гал ерни гирч-гирч ёриб, тупроқни ағдарарканман, бир ҳол такрор-такрор эътиборимни тортди: тупроқ тагида қон томирлари каби говак йўллар ҳосил этиб, ернинг маҳсулдор бўлишида Яратган Холиқнинг амри ила буюк вазифалар қилаётган латиф чувалчангларни белкурагимнинг ўткир тиги кўпинча чўрт-чўрт иккига, учга бўлиб ташлар эди. Шўрлик бу махлуқчаларга бениҳоя раҳмим келди. Улар инсонларнинг ризқи учун ёр остида мислсиз ва ҳеч бир тамасиз хизматлар қилишса-ю, биз уларга раҳмсизларча талофатлар етказсак…
Кўнгил ёшларим ичимга оқди. Қоқ ўртасидан иккига бўлиниб, тинимсиз типирчилаётган чувалчангга термулганча, хиёл муддат ўй суриб қолдим. Кесилган жойи лаҳм гўштдай қизариб бўртиб чиқди, лекин қон келмади. Иккала яримтаки қисми ҳам озгина вақт типирчилаб-типирчилаб турди-да, сўнг юмшоқ тупроқ остига кирди-кетди.
Ҳозиргина юрагимда пайдо бўлган у йиғлоқи ачиниш ҳисси бирдан ғайратли ҳайратга дўнди. Холиқи Ҳакимнинг буюк ҳикмати ва қудрати қаршисида сўзсиз қотдим.
Дарвоқе, Раззоқи Жавводимиз шу махлуқчасини биз инсонларга беминнат хизматкор этиб, тупроқнинг ҳолатини яхшилашга вазифадор қилиб яратган экан, унинг ҳаёти ҳимоясини ҳам зиммасига олган эди.
Субҳоналлоҳки, танаси бўлинса, ўлиб қолмас, яраси тез битадиган ва иккала бўлаги ҳам мустақил яшаб кетадиган этиб яратди. Алҳамдулиллаҳки, зоҳиран унга нисбатан зулм бўлиб туюлувчи зарарни ҳам янада каттароқ фойдага чевириб қўйди. Яъни, битта чувалчангдан иккита чувалчанг чиқарди. Ер илмидан озгина хабари бор одам биладики, чувалчанг қанча кўп бўлса, ернинг ҳолати шунча яхшиланади, ҳосилдорлик кўпаяди. Аллоҳу акбар!
Иброҳим Ҳаққий демоқчи:
"Мавло, кўрайлик, найлар,
Найларса, гўзал айлар".
Бугун мен шу чувалчангдан сабоқ олгим келди. Вужудимга етган жароҳатларни улкан сабр ва тушкунликсиз ҳаракат ила даволаб, зиммамга юкланган буюк вазифамни адо этишим, атрофимнинг ва одамларнинг ҳолатларини яхшилаш ишимни бир зум ҳам тўхтатмай давом эттиришим лозим эмасми?! Бошимга етаётган бу мусибатларни, танамни қоплаб олган бу иситмани хайрли самаралар ила аритиб, ўша муштипар ва меҳнаткаш чувалчанг янглиғ икки ҳисса куч-ғайрат кўрсатишим талаб этилаётгандир балки?! Ахир, меҳрибон Аллоҳимиз бениҳоя ҳикматли Зот, нимаики қилса, гўзал ҳикматлар ила қилади, яъни, бўлаётган бу ишлар бежиз бўлмаётгандир?! Бугун шу ҳолатни менга раво кўрибдими, аминманки, кўзлаган буюк ҳикматлари бор, чунки Холиқи Эгам бандасига асло ёмонликни истамайди. Унинг бугун менга ҳозирлаган дастурул амали будир: Аср (вақти)га қасамки,(барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат, имон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ҳамда бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўли)да сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар) " (Вал-аср сураси).
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
“Мусулмонлар тақвим китоби”, биринчи чорак, 50-сон
Leave a Reply