
«Ҳў, бола боқмай балога йўлиққур! Ўзинг тарбия кўрмагансан-да, боланг ҳам бола эмас, бало! Шилпиқлигинг етмаганидай, энди болангга гап ўргатадиган бўлдингми?.. Одамларда инсоф деган савил қолмади, онасидан тортиб боласигача Худо урган-а… Ҳў, “эзма” деган тилингга тирсаккина чиқсин! Шошмай тур ҳали, шундай адабингни бериб қўяйки, эна сутинг оғзингга келсин!..»
Айвонда сузма ялаб ўтирган Мастон кампир хаёлида беихтиёр тунов кунги можаро жонландию бирдан ўрнидан туриб кетди: «Кошки бу биринчи марта бўлса, Худонинг берган куни шундай-я!»
Жини қўзиганиданми ёки ўзига ўзи гапирганданми, бужмайган лаблари тинмай қалтирар эди. У елкасига тушиб қолган чит дуррасини шаҳд билан силкитиб, қайта ўради ва кўчага чиқди. Оёғи Сорабонуларникига тортди: «Шилпиқнинг кирдикорларини қўшниларим ҳам билиб қўйсин!»
Сорабону оёқмошинда қийқим-сийқимлардан неварасига иштонча тикиб ўтирар эди, қўшнисининг бемалол ҳовлига кириб келаётганини кўриб, олдинига энсаси қотди, сўнг бориб хушламайгина кўришди. Сорабонунинг бундайин муомаласида андак кибру ҳаво яширин эканини Мастон хотинларга хос зийраклик билан сезган бўлса-да, бу галча ўзини билмаганга олиб қўяқолди.
– Вой, манави иштончани қаранглар, му-унча чиройли бўлмаса бу! Самаджонга тикяпсизми, Сора ўртоқ? – деди у кўзлари жавдираб. – Жуда-а болажон хотинсиз-да, ўртоқ.
– Ҳа-я. Бир Самаджонгамас, невараларимнинг ҳаммасига ҳам кўйлак-иштонни нуқул ўзим тикиб бераман, – деди Сорабону оғзини тўлдириб. – Энди, булар ҳозирги болаларга бир марта кийишга ярайди, холос. Тез-тез тикиб турмасам…
– Ёш боланинг иши шу – биз тикаверамиз, улар йиртаверади, – дея Мастон қўшнисининг фикрини маъқуллаб қўйди, кейин темирни иссиғида босақолди: – Ҳар нима бўлгандаям, невараларингиз ўзингизга ўхшаб одобли, эсли-ҳушли. Анави Соттихоннинг ғиртмакчаси бирам шумшук бўпти, асти қўйинг. Ўтган-кетганга тинчлик бермайди-я!
Сорабонунинг юзи ёришди: унинг ҳам кўнглига тугиб қўйганлари бор, ахир! Шу мавзуда гап очилди, яхши бўлди.
– Шуни айтинг, қўшнижон, – деди у Мастоннинг оғзидагини дарҳол илиб олиб. – Қўли қичимай ўлгур, неварагинамни уриб, ҳаммаёғини мўматалоқ қилиб юборибди, қоши-кўзини билиб бўлмайди бечоранинг. Соттихон индамабди, томоша қилиб тураверган-да. Мундоқ ажратиб қўйса, туғи пасайиб қолмасиди.
– Кўмирдан оқлик, темирдан юмшоқлик тилама, дердилар отам раҳматли. Соттихон ким бўпти, ранжийсиз. Тавба, кап-катта хотин-у, қиладиган иши… Сиз билан биз холос: паст-баландини ўйлаб иш қиламиз.
Фикрларининг бир ердан чиқаётгани иккала кампирга ҳам мойдек ёқиб тушди. Сорабону, муҳим сирни ошкор қилмоқчидек, атрофга ўғринча аланглаб, шивирлади:
– У ёғини суриштирсангиз, Соттихон қариб қуюлмаганлардан, бўлмаса, элликдан ўтиб ҳам туғаверадими?
Кампирлар томоқларини килкиллатиб қиқирлашди, кўнгиллари яйради.
Уларнинг кўнглини яйратган гап чин эди: Соттихон янги келинчаклигида орқама-кетин кўрган уч қиздан сўнг, узоқ йиллар туғмай қўйган эди, ёши элликка бориб тўсатдан яна ҳомиладор бўлиб қолди. Юриб-юриб ўғил туғди! Соттихоннинг-ку неча йиллик армони ушалди, қишлоқ хотинларига эса, янги эрмак топилди. Ўшандан бери, мана, ўн икки йилдир, бу ғаройиб ҳодиса тафсилоти эл оғзидан тушмайди…
– Ҳазилингиз бор бўлсин-да, Сорахон, – деди Мастон қувлик билан илжайиб. Кўнглидаги ғубор хийла тарқалган, қўшнисини ҳам ўзига оғдириб олганидан бениҳоя мамнун эди у. Қўлини фотиҳага очиб, узундан-узоқ минғирлади, сўнгра ўрнидан турди. – Майли, ўртоқ, мен чиқай энди, сизниям роса ишдан қўйдим.
– Гаплашиб ўтирибмиз-да, қўшнижон. Иш деган зорманда ўлганда ҳам тугамайди, – деди Сорабону. – Хўп, хайр бўлмаса.
Мастонни кузатиб қўйгач, чала қолган ишини давом эттиришга ўтирган Сорабону мийиғида жилмайди: «Ҳмм, айёрликни қаранг, илоннинг ёғини ялаган-а…»
Орадан бир чой дамлаш фурсати ўтар-ўтмас, иккинчи иштонча тайёр бўлай деганда кўча эшик тағин ғийқиллаб очилди. Кўйлагининг ҳалпиллаган этаги билан ерни супуриб Соттихон кириб қолди. Иштончаларни яна бир чеккага йиғиштириб қўйишга тўғри келди. Кўнглида ҳар қанча ранжиётган бўлмасин, Сорабону меҳмонга пешвоз чиқди.
– Хизр бўп кетинг-э! Ҳозиргина хаёлимдан ўтиб турувдингиз-а, – дея мулозимат қилди.
Соттихоннинг бир кўзи қуёшдан ёшланавериб, аллақандай дардга чалинган эди, шу шилпиқ кўзини енгининг учи билан тўсиб кулди.
– Хизрдан қаеримиз кам, Бону! Қарилик – авлиёлик, дердилар онам раҳматли.
Икки қўшни шу тариқа одоб билан бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб, тўшакка чўкишди. Суҳбат куни кеча армиядан бўшаб қайтган толкўчадаги Мамарайимдан бошланди.
«Мамарайим аскарликка кетмасидан олдин ҳивичдеккина бола эди. Энди-чи! Юзлари тўлишиб, гупчакдек семирганини қаранг», дея кампирлар ҳайратга тушдилар. «У ёқда ошпазлик қилган эмиш, ошпаз бўлмаганида бунақа семирармиди», деб ўзларини овутдилар. Уларнинг айтишича, энди қишлоқнинг манаман деган қизлари ҳам Мамарайимнинг қўнғир тусли мўйловига, кўкрагидан чиқиб турган ажриқ мисол ёлларига кишибилмас назар ташлаб юрганмиш, тинчини йўқотганмиш. Яна ким билади, дейсиз, гапираман деса гап кўп, эҳ-ҳе…
Ниҳоят, Соттихон ўғлининг тезроқ бориб, Мамарайимга ўхшаб қайтишини орзу қилди.
– Яхши ният – ярим мол, айтганингиз келсин, – деди Сорабону унинг кўнглини кўтарган бўлиб.
Гапни ўз-ўзидан болага келтириб тақагани Соттихонга қулай келди, муддаога кўчди – кўрпачадан чиқиб турган қавима ипнинг учини бармоқлари орасига олиб юмалоқларкан, аста деди:
– Кеча қоқвош ўғилчам неварангиз билан салгина айтишиб қопди, Бону, эшитиб бирам хафа бўлдим… Иштонини ечиб, бир-икки саваладим ҳам. Ишқилиб, сиз мендан…
Соттихоннинг гапи оғзида қолди – Сорабону кўнгилсиз ҳолатнинг олдини олишга шошилди:
– Қаёқдаги гапларни кўтариб юрасиз-да, қўшни. Келиб-келиб сиздан хафа бўламанми? Ёш боланинг феълини биласиз-ку: бугун уришади, эртага яна апоқ-чапоқ. Эсли-ҳушли одам сира боланинг ўртасига тушмайди. Ўлибманми…
Соттихон дадилланди:
– Ўзимсиз, Бону, ўзимсиз, – деди суюниб. – Лекин… тилига куч бериб, пашшадан фил ясаб юрганлар ҳам бор-да.
Сорабону суҳбатдошининг оғзидан кўз узмай ўтираркан, беихтиёр: «Ҳозир Мастонни айтади, қараб туринг-а, Мастонни ёмонлашга тушиб кетади ҳозир», дея хаёлидан ўтказди. Ўйлагани чин чиқди.
– Ўғилчам нимагадир Мастонни хушламайди. Ёшлигидан шунақа – иқи суймайди, – деб сўзида давом этди Соттихон. – Олдинлари уни кўрасолиб пинжимга тиқиларди, энди бўлак қилиқ чиқарибди – жиғига теккани-теккан. Неча марта айтдим, ўзингдан каттани мазах қилма, ёмон бўлади, дедим, қани қулоқ солса. «Шу кампир ялмоғизга ўхшайди», дейди. Ҳи-ҳи-ҳи… Биласизми, Бону, ёш бола яхши-ёмонни дарров ажратиб оларкан. Бир балоси бордирки… Ҳи-ҳи-ҳи…
Сорабону бундан атиги ярим соат олдинги, Мастон билан қурган суҳбатини эслади, «Ҳамманг ҳам бир гўрсан!» деб қўйди ичида. Лекин сир бой бермасдан, унинг гапини маъқуллади:
– Бўлса бордир. Ахир, ёшлигидан шаллақи эди, биласиз-ку буни. Одамлар ҳозир фақат ўзини ўйлайди. Отасини танимайдиган замонлар келди, қўшни. Сиз билан биз, холос… орқа-олдимизга қараб юрамиз.
Сотти шилпиқ жон-дилидан суюнди.
– Гўдаклигидан ақл кирмаганидан кейин, қариганида гўр бўлармиди! Ҳа, майли, ҳар бошга не келса – феълидан.
Сорабону билан Соттихоннинг гангир-гунгур суҳбатлари шу ерга етганида узилди: ҳовлиқиб Мастон кириб қолди.
Аслида, унинг бу туйқус ташрифи тасодиф эмасди. Боя Сорабону билан хайрлашиб чиққанидан сўнг кўчанинг ҳув бошидаги кичкинагина дўконча қаршисида бошқа бир қўшниси – Қумринисога дуч келиб, иккаласи хийлагача валақлаб туришди. Бир пайт узоқдан Сотти шилпиққа кўзи тушдию гап орасида уни зимдан кузата бошлади. Сотти шилпиқ Сорабонунинг уйига қараб бурилганидан сўнг эса, тинчини йўқотди. Қулоғи ҳамон Қумринисонинг оғзида, фикри-зикри Сорабонуларникига кўчди. Чидаёлмади, Қумринисо билан гапни қисқа қилди-да, бу ёққа жўнади…
Мастон Сорабонунинг Сотти шилпиқ билан бемалол ёйилиб, чақчақлашиб ўтирганини кўриб, бир фурсат эси оғиб турди. Бисотимни роса титкилашгандир, деб ўйлаб хуноб бўлди, юзи буришиб, кўзлари муғамбирона қисилди.
Қизиқ ҳолат юз берди: ким кимнинг олдида айбдорлиги қоронғи, лекин учала кампир ҳам бир-биридан хижолатда, гўё ўртада бир нима йўқолган-у, ким олганини биров билмайди.
Ниҳоят, Мастон ҳушини йиғди; Соттихон билан қуюқ кўришди-да, Сорабонуга қараб, кулиб, деди:
– Қариган сайин эсимизни еб қўйяпмизми дейман. Боя хамиртурушга чиққан эдим, паришонлик қурсин, индамай кетаверибман. Шунга…
– Вой ўлмасам, айтмабсиз-да менга. Ҳозир опчиқиб бераман, – деб Сорабону шоша-пиша ошхона томон юрди. Зум ўтмай ярим зувала хамиртурушни йўл-йўлакай қоғозга ўраб, кўтариб чиқди. – Гапга овора бўлиб…
Мастон хамиртурушни олди-да, Сорабонунинг ҳайҳайлашига қарамай, изига қайтди.
Соттихон ҳам типирчилаб қолди: бу ерда ўтираверса, Мастоннинг хаёлига ҳар балолар келиши мумкин. Ўрнидан турақолди. Хайрлашди.
– Киринг, Бону, дардлашиб ўтирамиз. Энди бундан бу ёғи одам одамга ғанимат. Хўпми?
– Қани, вақтга қараб… – деганича Сорабону иккала кампирни остонагача кузатиб қўйди.
Соттихон билан Мастон эшик олдида бир-бирларига йўл бериб, мулозимат қилиб пича туриб қолдилар.
«Қани, марҳамат…»
«Йўғ-э, ўзларидан бўлсин…»
Сўнгра, худди келишиб олгандек, бараварига остона ҳатладилар. Эшикнинг иккинчи табақаси тарақлаб очилиб кетди. Мастон ўзича, Соттихон ўзича мулзам бўлди, кўз кўзга тушгач эса, хижолатли ҳолни кулгига айлантириб юбордилар. Эсон-омон кўчага чиқиб олиб, эшикдан сал узоқлашгач, Мастон ортига бир ўгирилиб қарадию қиқирлаб, деди:
– Худо олсин, эшиги мунча тор бўлмаса, нақ қўймичимдан айрилиб қолай дедим-а.
– Одамнинг эшиги ҳам, туйнуги ҳам феълига қараб бўларкан-да, опа, – деди Соттихон ҳам қиқирлаб.
То муюлишга етгунча Сорабонунинг «молхона туйнугидай» тор эшигини муҳокама қилиб бордилар, кейин Мастон сўзни бошқа ёққа бурди:
– Уйга кирамиз, Соттихон, аччиқ чой дамлаб бераман.
– Ўзингиз юрақолинг, опа, менинг чойим тайёр, дастурхоним ёзиғлиқ, – дея илтифот қилди Соттихон. – Шу Сора қурумсоқникига кириб томоқларим қақраб кетди,
– Э-э, нимасини айтасиз. Меҳмон келди-ю, ўрнидан турай демайди-я!
– Қўйинг шуни! Асли, таги паст, одамгарчилиги йўқ… Меҳмон кутишда сизга етадигани йўқ-да, опа.
– Жа-а, мақтаб юбордингиз-ку, Соттихон. Лекин, доим сизга ҳавасим келади – одамжонли, удли-шудли хотинсиз.
– Ҳа, ишқилиб, Худо жонимизни саломат қилсин! – Соттихон уйи томон бурилди. – Кирмайсизми?
– Раҳмат! Ўзингиз кирганингизда бўларди…
***
Дунё кенг экан, одамлари турфа, умр эса – оқар дарё. Мен билганим шу бўлди, азизлар. Энди ер юзидан у кампирларнинг изи ўчган, ер тагида жисми ҳам чириб битган. Бор-йўғи ўн йил ичида, демак, ҳаш-паш дегунча…
Олдин Сотти шилпиқ оламдан ўтди. Бу жудолик Сорабону билан Мастон кампирни етим қилиб қўйди. Лекин, илож қанча, айюҳаннос солиб қолаверишди. Молнинг ўлимига мол чидайди, одамники бўлакча-да, азизлар.
Кейин… Кейин Мастон кампир ўлди. Дунёни ҳувиллатиб кетди боёқиш.
Охири Сорабону… Айтишларича, жон таслим қилгунча Сорабону тоза қийналган эмиш. Ўлимидан олдин фақат бир-икки лаҳзагина ҳушига келибди, тилга кирибди, ўшанда ҳам зўрға: «Юрагим сиқилиб кетяпти», дея олибди, холос.
Начора, дунё кенг, одамлар турфа… ишонинг, азизлар.
1983
Leave a Reply