Эҳ, “Болалар”-а, болаларим-а!

Тарихда битилишича, буюк саркарда ва соҳибқирон бобомиз Амир Темур Кўрагон Масковни эгаллагач, шаҳарнинг ҳувиллаган совуқ кўчаларини уч кунча кезиб кўрибдилар-да, “Бу ер эгаллашга ҳам арзимас экан”, дея Самарқандга қайтаверибдилар. Биз тасаввур қилдикки, йўлакай Тошкентга бирров кириб ўтсалар. “Менсиз мамлакатим қандай яшаяпти экан”, деб дўкондан “Тошкент оқшоми” газитини олсалар. Ҳозир ёзувларимиз ўрисча ёзувга йўрғалаб кетганидан бехабар, ўзлари арабча мақомга кўникканлари учун, ўқишни тўртинчи саҳифадан бошласалар ва манави эълонни кўриб қолсалар…

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

“ЎЗБЕКИСТОН ЮЛДУЗЛАРИ” маркази “ЮБИЛЕЙ” спорт саройида

23, 24 ноябр соат 15.00 ва 18.00 да

“ТЕМУРЛАНГ” РЕП – РЕГИ БЛЮЗ” Янги 4 – альбоми қуйидаги таркибдаги

“БОЛАЛАР” ДИСКО ШОУ ПОП-ГУРУҲИНИ

ЭЪТИБОРИНГИЗГА ҲАВОЛА ҚИЛАДИ.

Тоҳир Содиқов – соло вокал,

Баҳодир Пўлатов – соло гитара,

Тоир Одилов – бас гитара,

Рустам Зоҳидов – зарбали асбоблар,

Ҳусан Содиқов – клавишлар.

Гуруҳ режиссёри – Шараф Даминов

Бадиий раҳбар – Ҳусан Содиқов

 

(…бошларидан дубулғалари учмайдими? “Темурланг” реп-реги блюз…)

“Ё, алҳазар! Булар қанақа “Болалар” экан, наҳот менинг болаларим бўлса?!” демайдиларми.

Масковда чўчқанинг ёғини “сала” деганларини соҳибқирон эшитган эдилар, аммо “соло вокал”, “соло гитара” қандай қилиб менинг болаларимнинг қўлига тушиб қолдийкин, деб бошлари қотади. “ТЕМУРЛАНГ” РЕП-РЕГИ БЛЮЗ”… ДИСКО ШОУ ПОП ГУРУҲИ”ни талаффуз этмоқчи бўлиб роса уринадилар, тиллари қабариб кетади. Охири, бор-е, деб шаҳардан бош олиб кетиб юборадилар…

Эҳ, бобогинам-а! Билмайсизки, ҳозир бизда демократия, тарихимизга ҳурмат кўрсатяпмиз. “Болалар” ҳам азбаройи сизга хурматларидан ўзларининг реп-реги блюз шоу поп-гуруҳлари 4-альбомларига сизнинг номинингизни қўйишган-да. “Карл Маркс реп-реги блюз” деб қўйганларида нима қилардик? Юраверардик-да, зарбали асбобларнинг шовқинидан гаранг бўлиб…

 

Ш. Е. КИШИ

 


“Муштум” журнали, 1992 йил феврал, 3-сон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*