Комфирқа томонидан “Бутун дунё йўқсулларининг доҳийси” деб эълон қилинган В. И. Ленин ўзининг “Фирқа ташкилоти ва фирқа адабиёти” мақоласида: “Бу адабиёт эркин адабиёт бўлади, чунки бу адабиёт айш-ишрат кўнглига урган хонимларга, тўқликка шўхлик қилиб, семизликни кўтаролмай қолган ўн мингтача зодагонларга хизмат қилмайди, балки мамлакатнинг гули бўлган, мамлакат куч-қудрати ва истиқболининг эгаси бўлган милёнлаб ва ўн милёнлаб меҳнаткашларга хизмат қилади” деб катта ваъдалар берган эди. Шунга ҳам, мана роса 85 йил тўлди. Ленин назарда тутган “адабиёт” (яъни матбуот), маълумки оқподшо даврида ҳам, у қонхўр тахтдан ағдарилганидан кейин ҳам эркин бўлолмади. Илгари айрим гуруҳларга қандай хизмат қилгани бизга қоронғи, аммо ҳозиргача якка мафкурага ва айрим гуруҳлар манфаатига “содиқлик билан” хизмат қилиб келмоқда. Матбуотнинг эркинлик даражасини ҲАҚИҚАТ эмас, сталину ждановлар, хрушчёву сусловлар, брежневу черненколар, ўзимизда эса рашидову нишоновлар, усмонхўжаеву абдуллаевалар белгилаб турди.
Натижада матбуот ор-номус, шарм-ҳаёни бир четга йиғиштириб қўйиб, ҳоким мафкуранинг чирмандасига ўйнади; ўрта ва юқори бўғинда фирқа лавозимларини эгаллаган “ўн мингтача” порахўр, замонавий “зодагонларга” ялтоқилик билан хизмат қилди; “мамлакат куч-қуввати ва истиқболининг эгаси бўлган милёнлаб” халқпарвар, инсонпарвар кишиларнинг ёстиғини қуритишда (яъни қатли ом қилишда) фаол иштирок этди; “мамлакатнинг гул”ларини қора тупроққа пийпалади!
Албатта, ушбу мулоҳазаларимизни муҳокама қилар эканмиз, биз бадбахт Сталин талимоти қон-қонига сингиб кетган “доҳийча”лар оғзимизга уриш учун енг шимариб турганини яхши биламиз. Аммо ҳақиқат ҳар нарсадан улуғ, ҳар нарсадан қудратлидир.
Ҳозир таажубланарли ҳол рўй бермоқда: барпо бўлмай қолган коммунизм учун ҳам, милёнлаб одамларнинг очлик-яланғочликдан, ўн милёнлаб одамнинг ялпи қирғиндан ҳалок бўлиб кетгани учун ҳам барча айб ёлғиз “халқлар отаси”га ағдариляпти. Бир одамга шунча гуноҳ оғирлик қилмасмикан? Ахир Ленинни ҳам, унинг ёнгинасида Сталиндай, Жданову Вишинскийдай, Ежеву Бериядай, ундан кейинроқ Брежневу Чурбановдай олчоқларни ҳам битта Ташкилот “тарбиялаган, фаолиятларини руҳлантириб турган” эди-ку! Энди ҳисоб бериш пайти келганда ўзни панага олмоқ нечун? Бир ёлғондан ундан ҳам каттароқ ёлғон эвазига қутулиб қолиш пайида бўлинмаяптими?.. Биз айрим гуруҳлардан бегуноҳ тўкилган қонларнинг хунини талаб қилаётганимиз йўқ. Биз, фақат келажак авлод олдида мустабид мафкуранинг итоатгўй малайлари – “шаклан миллий, мазмунан маҳкум” қулваччалари бўлиб қолишни ўзимизга ор деб биламиз, холос.
Бу кун жамият гунг эмас – шахидларнинг арвоҳи чирқираб ётганини эшитиб турибди; кўр ҳам эмас – жабрдийда халқимиз ҳақ СЎЗга нақадар ташна бўлиб матбуот оғзига ташна бўлиб турганини кўряпти. Аммо ўша ҳақ СЎЗни айтишга тилимиз айланмаяпти. Бошдан жудо бўлишдан чўчияпмиз. Шу қадар майдалашиб кетганмизки, ҳатто орқамизга тепки ейишдан, юмшоқ курсилардан айрилиб қолишдан қўрқамиз.
Бироқ энди бундай яшаб бўлмайди. Қайта қуриш бошланганига беш йилдан ошди. Маълумки у ўзининг бош шиорлари этиб Ошкоралик ва Демократияни (Халқ бошқарувини) танлади. Иқрормиз, бўҳронга учраган жамият айни шу масалаларда оз-оздан илгарилаб бормоқда. Аммо Туркистон жумҳуриятларида, хусусан Ўзбекистонда, ошкоралик ҳам, демократия ҳам кўнгилдагидек томир отиб кетмаётир. Тахминимизча бунга икки ҳол сабаб бўлиши мумкин:
– ё жумҳуриятимизда ошкоралик билан демократияни кенг кўламда ёймаслик тўғрисида ЮҚОРИдан маҳсус кўрсатма берилган;
– ёки ўзимиз ҳаддан зиёд карахтмиз (уйқусираб ётибмиз)…
“Бола йиғламаса она кўкрагини тутмайди”, дейди доно халқимиз. Биз ошкораликка, ҳурликка ҳаммадан кўра қаттиқроқ ташнамиз, очмиз, лекин негадир миқ этиб товуш чиқармаймиз. Буюк салафларимиздан Маҳмудхўжа беҳбудий: “Билмоқ керакки, ҳақ олинур, берилмайдур”, деган эди. Ҳозирги мураккаб вазият Беҳбудий ҳазратларининг асримиз бошида айтган сўзлари нақадар рост еканини тасдиқлаб турибди. Аммо биз эркин СЎЗга бўлган ҳақимизни олиш учун-да етарли ҳаракат қилмаётганимиз кечиримлими?!
Биз Ўзбекистонда ошкоралик эмас, чала ошкоралик, ҳатто кўпинча ёлғондакам ошкоралик ҳукм суряпти деб ҳисоблаймиз. Кўзимизни аллалайдиган айрим майда-чуйдаларни айтмаганда, жумҳуриятимиз матбуотида ҳамон яккафикр ҳокимлиги ҳукм суряпти. Рост, эндиликда Комфирқа бошқаруви бекор қилинди, ўрнига Президент бошқаруви жорий қилинди, аммо Сўз эркинлиги борасида ўзгариш сезилмаяпти. Холбуки, Президент энди фақат коммунистик ғоялар манфаатини кўзлаб эмас, балки жумҳуриятимизда истиқомат қилаётган жамики кишилар манфаати ва барча расмий-норасмий қатламларнинг орзу-ниятлари нуқтаи назаридан туриб юртни бошқармоғи лозим.
Бундан ташқари, бизда фикр назорати (цензура) батамом барҳам топган эмас, ошкораликка ҳали ҳам жиддий тўғон бўлиб турибди. Тўғри, у аввалгидай ашаддий эмас, бироқ шаклини ўзгартирган ҳолда иш юритмоқда.
Айни чоқда биз матбуотчилар ўзимиз ҳам ҳалигача эскича йўсинда ишлаётганимизни, кўпларимиз янгиланишга ҳатто интилмаётганимизни, фикрларимиз қўрғошиндек қотиб қолганини, чекланган майдонга рози бўлиб “жавлон” ураётганимизни, “давай-давай”чилик ва “ура-ура”чилик кайфиятидан қутулиб кета олмаётганимизни афсус билан таъкидлаймиз.
Мазкур мулоҳазалар бизни матбуот орқали мурожаат этишга қарздор қилди.
ХЎШ, БИЗ НИМАНИ ИСТАЁТИРМИЗ?
– Бутун дунёда, мамлакатда, жумҳуриятимизда янгича шароит вужудга келганини ва энди сира ҳам эскича яшаб-ишлаб бўлмаслигини эътиборга олиб етмиш йилдан бери ота-боболаримиз ва акаларимиз сиғиниб келган ғоялар пуч ва сохталиги аён бўлгач ҳам ўша ғояларга хизмат қилавериш ғирт бемаънилик эканини ҳис этиб;
– халқимизни маънавий қашшоқликдан, ижтимоий фаолиятсизликдан қутқаза оладиган кучли воситалардан бири Матбуот эркинлиги эканини назарда тутиб;
– халқимиз юрагида узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган дард-аламлар СЎЗ шаклида отилиб чиқишга йўл тополмасдан ибтидоий кўринишдаги норозиликка ва кутилмаган фожиаларга олиб келаётганини кўриб туриб, биз қуйидагиларни билдириб қўйишни лозим топдик:
1. Жумҳуриятимиз матбуоти ишидан (жумладан, ўзимиз ишлайдиган “Муштум” мажалласи ишидан ҳам) кўнгил тўлмаётир. Муқаддам зикр этилган сабаблар, айниқса, оммавий ахборот воситаларимизнинг замондан орқада қолаётгани бизда норозилик уйғотадир. Келгусида “Ўшанда сизлар қаерда эдиларинг?” деган маломатни эшитмаслик учун бугунги гапни бугун айтмоғимиз лозим деб биламиз.
2. Муҳаррирнинг юқорига қарамлиги, бошқача айтганда, юқорининг муҳаррирга ҚЎМОНДОНлиги тартиби бартараф этилиши шарт. Фуқаролар жамиятида, адолатли давлат тартиботлари ўрнатилаётган мамлакатда кишилар ҳарбийча, ярим ҳарбийча аснода ҳаёт кечиришлари инсофдан бўлмайди.
3. Матбуот кўчаларга асфалт ётқиздириб, уйларга газ, чироқ ўтказдириб берадиган, аразчи эр-хотиннинг ўртасига тушадиган ва бошқа шунга ўхшаш майда-чуйда юмушларни бажариб юрадиган ёлланма маҳкама эмас. Матбуотнинг кучини «ўтин ёришга сарфлаш» келажак олдидаги катта жиноятларнинг каттасидир.
4. Ҳозиргача бирон-бир сиёсий тадбир муносабати билан (ёки ундай муносабатсиз ҳам) делегатлар, депутатлар, илғор ишчи, калхўзчи ё чўпонлар номидан суҳбат, мақола уюштирилади, очиғини айтганда, ёзиб берилади. Шу кўзбўямачиликдан батамом ва қатъий воз кечиш фурсати етди. «Илғор»ларнинг қулоғидан қанча тортилмасин, улар сиёсий нуктадон ё ижтимоий фаол бўлиб қолмайдилар, аксинча, ижтимоий фикрни сохталаштирган нашрларнинг обрўйи тушиб бораверади. Матбуот сиёсатнинг малайи эмас, ҲАҚИҚАТнинг кўзгуси бўлиши керак.
5. Хусусан, «Муштум» масаласига келсак, аввало, биз унинг номи ўзгартирилиши лозим, деган қатъий фикрдамиз. Маълумки, Ўктабир тўнтариши бир синфга бошқа синфлар устидан ҳукмронлик қилиш, эзиш, лозим топса, ҳатто қатли ом қилишгача чексиз ҳуқуқ бериб қўйган эди. Ҳукмрон синфга жанговар МУШТ ва бир ПАНШАҲА керак бўлган. Синфий кураш даврининг маҳсули сифатида, зўрлик-зўравонлик тимсоли бўлиб юзага келган «Муштум» номи энди буткул эскирди. Ҳозир ҳар қандай мураккаб, зиддиятли масалалар ҳам очиқ баҳслар, музокаралар йўли билан ҳал этиладиган шароитда яшамоқдамиз. Қолаверса, мушт билан жамиятни ўнглаб бўлмаслигини етмиш уч йиллик тарих исботлаб турибди. Чунки мушт иллатнинг кўриниб турган ерига тушади, аммо ҳеч қачон унинг илдизини кўрмайди. Зеро муштнинг кўзи ҳам, ақли ҳам йўқ, у – МУШТ, холос.
Албатта, «МУШТУМ» номига кўникиб қолганларга бу таклифимиз шаккоклик бўлиб туюлиши мумкин. Айримлар бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам кўрмасдан эскига тиш-тирноқлари билан ёпишиб оларлар. Устоз Абдулла Қодирий ё Ғози Юнус сингари улуғларни «қуроллантириб» таклифимизга қарши ташласалар ҳам ажаб эмас. Аммо Қодирийнинг ҳам, Ғози Юнуснинг ҳам фожиали тақдири ўша «синфий кураш» таълимотининг аччиқ оқибати эканини-да ёдимиздан чиқармайлик. Хуллас, бу мажалла олабўжилик, айғоқчилик, чақимчилик ва муштумзўрлик юмушларидан чарчади, том маънодаги сиёсий кулки (ҳажв) мажалласига айланишга эҳтиёж сезмоқда. Камшик жағларини янги тишлар ёриб чиқиш арафасида турибди, биратўла номини ҳам янгилаб қўлларини ечиб юборсак, ҳали бу бобой кўп йиллар яшайди, иншоолло!
7. Биз ҳар қандай соғлом, илғор кучларнинг эркин мулоқот асосида бирлашиб, баҳамжиҳат ишлашларини ва жафокаш диёримизда фақат тинчлик бўлишини истаймиз. Келгуси авлод олдидаги инсоний ва матбуотчилик бурчимизни – виждоний амрни адо этишимизда ҳаммамизга зафарлар ёр бўлсин!
Нуруллоҳ ОТАХОН, Набижон БОҚИЙ, Сирожиддин САЙЙИД
ТАҲРИРИЯТДАН:
Мана, ҳурматли муштумхон, «Ошкораликми, ошкоралик» рубрикаси остида берилган баҳсга чорловчи мақола билан танишиб чиқдингиз. Яширишга не ҳожат, уч ижодкорни ўйлантириб келаётган бу фикрлар осонликча ёруғлик юзини кўрган эмас. Йўқ, юқоридан тазйиқ бўлгандир, деб ўйламанг. Ҳар бир чиқишни катта идоралар назаридан ўтказиш удумдан қолиб кетган. Гап шундаки, таҳрир ҳайъати аъзоларининг бир фикрга келишлари қийин кечди, умуман ягона хулосага келинган ҳам эмас.
Мақола қайта-қайта ўқилиш жараёнида баъзилар ундаги айрим мулоҳазаларга унча қўшилмадилар, яна бировлар мутлақо ўзгача фикрда эканликларини билдирдилар. Шундай бўлса-да, уни босишга қарор қилдик. Ошкораликнинг кўлами тобора кенгроқ қамровни забт этаётган, фикрлар хилма-хиллиги (ҳатто ниҳоятда тескарилиги) оддий воқеага айланаётган ҳозирги замонда унда илгари сурилган ғояларга холисона баҳо беришни зукко муштумхон ихтиёрига қолдиришни лозим топдик. Лекин “Муштум”нинг номини ўзгартириш ҳақидаги таклифга таҳрир ҳайъати аъзоларининг аксарият қисми асло қўшилмаганини айтмай туролмаймиз. Йиллар мобайнида бой анъана тўплаган «Муштум» эндиликда қайта қуриш ғанимларига қарата паншахасини ишга солиши, жипслашув йўлида мушт бўлиб тугилиши керак. Бу мушт ҳимоя қуроли ҳамдир. Қолаверса, Абдулла Қодирийнинг «Муштум» ҳақидаги тарихий мақоласини яна бир карра, шундайлигича (хат муаллифлари айтишганидек, «қуроллантириб» эмас) келтиришни эп кўрдик:
«МУШТУМ» ТАЪРИФИДА
«Тарихга бир айланиб қаралса, муштнинг аҳамияти зоғора нондек бўлиб, кўз ўнгида гавдаланур. Аммо ҳол ҳозирамизга ҳам кўз қирини ташланса, мушт деган ҳайвон ғайри нотиқнинг сиёсатида подшоҳ, иқтисодда авлиё, фанда кимё илғол этганини кўрилур. Буларни ҳам бир ёққа қўя туриб, муштнинг аҳамият муҳуммасини ўзимизнинг манави маҳалла-кўйдан қидирилса, тафтишотга тағин ҳам яқинроқ турилған бўлинур:
Маҳалла-куйларимизда битта-битта буйни йўғон – ғавслар борлигини ҳар бир кимса билур ва уларнинг маҳалла ижтимоиётида ўйнайдиган роллари ҳам катта-кичикка белгилидир. Бизнинг текшириш ва кашфиётимизга асл хусусият, бўйни йўғонликда бўлмай, унинг замиридаги муштдадир ва муштумзўрликдадир.
Лекин бу таъриф жаҳонгир ва буржуазия файласуфлари нуқтаи назаридан бўлиб, аммо пролетариатнинг муштга бўлган назарияси бунинг аксидир. Журналимиз шу кейинги қўли қадоклар синфининг «Муштум»и бўлганликдан унинг маъноси ҳам ҳалиги таърифнинг тамоман тескарисидир.
Бу «Муштум» зўрлик муштуми эмас, ҳақлик муштумидир; бу «Муштум» золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир. Шунинг учун бунинг маъноси ҳам бошқачадир.
– «Ҳамманикига дўлона ёққанда, бизникига девона ёғди!»
– Конун деб экканимиз шумғия бўлиб чикди!
– Олтин қўнғиз деб мақтаганлари қора қўнғиз эканки, рўмолча билан бурунни ўрашга мажбур бўлдик…
– Боғдан гапирсанг, тоғдан келадурлар!
– Али, десанг, бали, дейдилар…
– Шу йўсун: Гулшан разолатда, гулзор сафолатда, бозор сиёсатда, майдон ҳамоқатда, бойимиз, мулламиз, эшонимиз, ёшимиз ва моховимиз-песимиз сайри гулистон этмоқда ва жунуни маърифат, фунуни шайтонат водийларида мустояқил (мастларча) кезмоқдалар…
Мана, шундай «Овон саодат»ларда тўрт томондан мўралаб, эл ичига оралаб, ҳақиқатни қоралаб, яхшидан ёмонни саралаб; шахси ғараздан соф, тўғри юрмаганга боп бир «Мушти пурзўр»га эҳтиёж сезилди ва узоқ туролмай узоқ-яқин, дўст-душманларимиз кўмаклари умидида ушбу «Муштум» журналининг нашрига ҳам қарор берилди.
Тумшуғингиз устига янги меҳмон муборак бўлсин, афандилар.
ЖУЛҚУНБОЙ.
«Муштум», 1-сон, 1-бет, 1923 йил
Таҳрир ҳайъати (асосий қисми) уч муаллифнинг бошқа мулоҳазаларига узил-кесил муносабат билдиришдан сақланади. Баҳо бериш «Муштум» муштарийларига ҳавола. Зотан, шу ҳолнинг ўзиёқ таҳририятда эркин фикр ўзига қай даражада йўл оча билиши мумкинлигини кўрсатиб турибди деб ўйлаймиз.
“Муштум” журнали, 1990 йил 15-сон
Leave a Reply