“Ҳозир болалик палласида яшаяпман…”

Бу ёзувчининг номи адабиёт мухлисларига жуда яхши таниш. Унинг қаламига мансуб ҳикоялар боис 80-йилларнинг ўрталарида республика матбуотида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган, адабиётчилар ҳам, китобхонлар ҳам ана шу ҳикоялар ҳақида ўта қарама-қарши фикрлар билдиришган эди. Яъни бир ёқда ғоят мақтов, бир ёқда қаттиқ танқид. Гап “Бу йўллар…”, “Оқ бино оқшомлари” ҳикоялари ва уларнинг муаллифи Нурулло Отахонов ҳақида бораётибди.

“Оқ бино оқшомлари” йилнинг энг яхши ҳикояси сифатида тақдирланди. Таниқли санъаткор Ҳотам Файзиев шу асар асосида бадиий филм ишлади. Сенарийни ёзувчининг ўзи ёзиб берди. “Бу йўллар…” эса унга кўпроқ тескари шуҳрат келтирди: матбуотда танқидга учради, мухлисларини ҳам хийла довдиратиб қўйди.

Орадан бир неча йил ўтди. “Дунё кенг” ва “Шу ерлик киши” китобларининг муаллифи, “Торозий тошбақаси” (Темур Пўлатов) асарининг таржимони Нурулло Отахонов негадир ўшандан бери жим. “Сўнгги пайтларда Нурулло Отахоновнинг кўринмай қолгани” мухлислар даврасида тез-тез гапириладиган бўлиб қолди. Яхшиси, ёзувчининг ўзига қулоқ тутайлик-чи  деган мақсадда яқинда унинг хонадонида бўлдим…

 

***

 

– Нурулло ака, нега бунча камнамосиз? Ишқилиб, адабиётдан кўнглингиз совиб кетмадими?

– Ўқишдан, ёзишдан, кўп китоблардан кўнгил совиши мумкин, лекин адабиётдан

нега кўнгил совисин? Гап, фақат, бу адабиётнинг қандай адабиёт эканлигида! Рост, “образ”, “шакл ва мазмун”, “характер”, “тўқнашувлар”, “зиддиятлар”, “ҳаётнинг бадиий инъикоси”, “реализм”, “экзистенсиализм”, “модернизм”… сингари атама ва тушунчалар мен учун жиддийлигини йўқотди, улар гўё найрангга, ўйинга ўхшаб қолди. Адабиётни мана шунақа ўйин майдонга солиб ва уни жиддий иш деб шуғулланиб юришлар менга моҳиятдан чалғиган инсоннинг беҳуда юмушига ўхшайди. Яъни, модомики адабиёт инсон учун экан, демак, энг аввало, инсоннинг нима эканини, қандай яралганини, яралишидан кўзланган мақсадни ва оқибат натижани аниқлаб-билиб олишимиз лозим. Шунда бу инсонга аслида нима кераклиги ойдинлашади ва мазкур эҳтиёжни қондирувчилардан бири бўлиб адабиёт майдонга чиқади. Мен ҳозир шунақа адабиётни соғиниб яшаяпман.

– Ижодий жараён гоҳ фаол, гоҳ сокин кечишини назарда тутиб, чеккадан сизни, ҳозир ижодининг шу сокин даврини бошдан кечираётган бўлса керак, деб ўйлаб юрардим. Ҳолбуки, сўзларингиздан адабиётга қарашларингиз кескин ўзгарганга ўхшайди. Сир бўлмаса, сабабини билсак бўладими?

– Сир эмас, лекин уни тушунтиришнинг ҳозир мавриди ҳам эмас. Қолаверса қисқагина суҳбат асносида бунинг сабабини батафсил тушунтиришнинг иложи ҳам йўқ. Бир сўз билан: “Имон туфайли шундай бўлди”, деб қўяқолсам бўларди, лекин бу баҳона ўқувчига ҳам, ҳозирда ёзиб юрган биродарларимизга ҳам тушунарсиз бўлар. Ахир, мен бошдан кечирган ўзгариш ҳамманинг ҳам бошидан кечмаган-ку. Бошқача айтганда, онадан ҳеч ким ёзувчи бўлиб туғилмайди, тўғрими? Оиладан ва жамиятдан олган тарбияси, мактабдан ва ўқув юртларидан олган таълими ундаги истеъдодни ҳаракатга келтиради. Бунинг учун неча йиллар керак. Мен ҳам имон туфайли онадан қайта туғилгандекман. Айтиш мумкинки, ҳозир болалик палласида яшаяпман.  Ёзишни ўргангунимча, ҳаётни қайтадан идрок этиб, ундан бадиий хулосалар чиқара олгунимча, эҳ-ҳэ, неча йил керак! Лекин ҳозир ҳам ҳар куни бўлмаса-да, онда-сонда калламга ҳикоябоп, қиссабоп, баъзан ҳатто рўмонбоп фикр ва воқеалар ҳам келиб туради, мен эса қайсарлик билан уларни рад этиб, ёзмай келяпман. Ҳатто баъзан ярқ этиб келган фавқулодда фикрларни ҳам қоғознинг бир чеккасига ёзиб қўйишдан чўчийманки, уланиб кетади, деб. Ҳуллас, ёзишга тайёр бўлганимни ҳис қилмагунимча ижод столига яқин бормай турсам керак.

– Бирон-бир сабаб билан ёки ҳеч қандай сабабсиз ёзмай қолишни ижодий инқироз деб атагувчи эдик, атайлаб ёзмасликни нима десак экан? Бу туришда қўлингиз ёзишдан чиқиб кетиб қолиши мумкинлигидан қўрқмайсизми?

– Ҳар нарса бўлиши мумкин. Келажакни Худо билади. Лекин бир-икки ўзимни синаб кўрдим. Ёзсам, ҳарҳолда аввалгидай ё ундан сал бошқачароқ ҳам ёза оладигандекман. Лекин менда бир кун келиб ҳеч нарса ёза олмай қоламан деган хавф йўқ. Аксинча, қўлим аввалги услубимдан чиқиб кетса, хурсанд бўлсам керак. Ўзим шуни пойлаб юрибман-ку.

– Аввал ёзган асарларингизга муносабатингиз энди қандай бўлади? Ҳарҳолда, уларнинг айримлари кўпчиликка маъқул бўлган, халқимизнинг маънавий мулкига айланган эди…

– Гоҳо, жуда кам ҳолларда, қандайдир кайфият билан китобларимни қўлга олиб қоламан. Ҳар-ҳар еридан бир-иккита жумлаларимни ўқиб кўраман. Шунда кўнглим суст кетган ҳоллар ҳам бўлади. Ҳарҳолда, бир вақтлар шуларни ўзим ёзганман, ёзиб, завқ олганман-да. Аммо ҳозирча у асарларимга муносабатимни қатъий белгилаб ололганимча йўқ. Маънавий мулк масаласига келсак, бу нисбий тушунчадир. Адашиб улоқиб юрган одамга адашиб-улоқиб юрган иккинчи бир одамнинг асари агар маънавий мулк бўлиб қолган бўлса, бу ҳол то у одам ўз йўлини топиб олгунича давом этади. Айланиб-ўргилиб ўз қозиғини топгандан кейин, шу дамгача йиққан маънавий бойлигини ҳам бир сарҳисоб қилади ва фойдасини олиб қолади, чиқитини чиқариб ташлайди. Агар халқимиз бир кун келиб етилиб, ҳақиқатни англаб етиб, ҳақ йўлига тушиб, менинг ёзганларимга ўхшаш асарларни маънавий мулк ҳисобламай қўйса, бундан мен афсусланмайман. Аксинча, руҳан енгил тортаман ва маънавий қониқиш сезаман. Тушунаётган бўлсангиз керак: гап бугун эмас, келажак ҳақида кетяпти. Бугун менинг бу мулоҳазаларимни тескари тушуниб ёки тескари талқин этиб, таъна қилишлари ҳам мумкин, лекин начора, менинг фикрим шундай.

– Майли, бу мунозарани ҳозирча шу ерда тўхтатамиз-да, мавзуни бироз ўзгартирамиз. Акс ҳолда, газетхон зерикиб қолиши ҳам мумкин.  Нурулло ака, ҳозирги иқтисодий, ижтимоий, сиёсий аҳвол адабиёт учун муаййан муаммоларни юзага келтирмоқда.

– Бу жараённи вақтинча ўз ҳолига ташлаб қўйиш керак. Қайғуриш аслида яхши хислат, аммо ҳозир қайғурсак, бу қайғуришимизда албатта тама, ғараз бўлади. Масалан, “адабиётга шароит яратиш” деган гапни ҳеч ҳазм қилолмайман. Агар адабиётчини чанқаган одамга сув тутувчига қиёслайдиган бўлсак, қандай қилиб “Сув тутувчига шароит яратиш”ни талаб қиламиз? Одамнинг чанқаб турганини кўрса, ҳис қилса, сув олиш керак ва тутиш керак, вассалом. Яна қанақа шароит керак?! Сув ичкиси келиб турган одамга шўрбалиқ тутиб, олмаса, уни кўрнамакликда айблайдиганлар учун балки, “шароит яратиш керак”дир. Чунки улар шароит яратишни сўраганда, чанқаган киши шўрбалиқни есин ва мени хурмат қилсин, деб талаб этаётган бўлади. Озгина қийинчиликдан нега довдираб қолдик? Эсингиздами, коммунизм мафкураси адабиётни ўзининг қудратли қуроли бўлишини истагани учун ҳам унинг “гуллаб-яшнаши”га хилма-хил шароитлар яратиб берган эди. Уларни санаб ўтирмайман, шундоқ ҳам ҳамманинг эсида турибди. Бугун энди адабиёт ўзининг асл фитратига қайтишига имкон яралиб турганда яна қандайдир ғамхўрликлар, шароитлар сўрашимиз арзон обрўни қўмсашга ўхшаб кетмайдими? Адабиётни чидаганлар яратадиган замонлар келяпти, буни фақат қутлаш керак.

– Ёзмай қўйганингиз сабабини унча-мунча тушундик, ҳеч бўлмаганда ўқиётгандирсиз? Ҳозир нималар ўқияпсиз.?

– Ростини айтсам, қадрият деб ҳисоблаб келганларимнинг аксариси мен учун қимматини йўқотганидан кейин китоб ўқишим ниҳоятда қийинлашиб кетди. Айтишим мумкинки, уч-тўрт йил фақат хабарлар ва мақолалар ўқидим. Алҳамдулиллоҳ, аста-секин бу ҳолатдан қутулиб боряпман. Ҳозир тарихни ўқишнинг айни палласи. Лекин совет олимлари яратган тарихни эмас, балки асл тарихий манбалардаги тарихни ўқиш керак. Тарихда гап кўп…

– Шунча гапдан кейин ижодий режаларингиз ҳақида сўраш ўнғайсиз бўлиб қолди. Лекин, айтинг-чи, шу кунларда ўзингиз ўзингиздан нима ҳақида сўраган бўлар эдингиз-у, ўзингиз нима деб жавоб берган бўлардингиз?

– Қийин савол бердингиз. Қийинлиги шундаки, қайси бирини ажратиб айтишни билмай қолдим. Агар мақтанчоқликка йўймасангиз, бу саволингизга шундай жавоб берсам:

Мен кимман? – Мен Аллоҳ азза ва жалла яратган бандаман.

Нима учун дунёга келдим? – Яратган эгамни танишим ва ёлғиз ўзигагина ибодат қилишим учун.

Ҳаётимнинг мазмуни нима? – Ҳаётим синовдир, охиратга тайёргарликдир. Имондир, ибодатдир, яхшиликдир ва фақат яхшилик қилишдир.

Келажакни қандай тасаввур қиламан? – Келажак Қодири Зулжалолнинг мулкидир ва биз ҳам Унинг ҳузурига қайтамиз.

Хўш, унда адабиёт нимадир? – Адабиёт мана шу айтилган ҳақиқатларнинг фикр ташувчиларидан биридир. Бундан бошқа нарса эмас! Ёки бундан бошқачаси адабиёт эмасдир!

 


1993. 19. 07

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*