Ҳуррият – катта давлат

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ИККИ ЙИЛЛИГИГА КАТТА ТАДОРИК КЎРИЛМОҚДА. ШУ МУНОСАБАТ БИЛАН «ВАТАН» ГАЗИТАСИ ТАҲРИРИЯТИ «МУСТАҚИЛЛИК ВАРАҚАСИ»НИ ТУЗДИ.

ҲУРМАТЛИ МУШТАРИЙЛАР!

ВАРАҚА САВОЛЛАРИ СИЗНИ ҲАМ ҚИЗИҚТИРИШИГА ИШОНЧИМИЗ КОМИЛ. ЖАВОБЛАРИНГИЗНИ КУТАМИЗ.

БУГУН «МУСТАҚИЛЛИК ВАРАҚАСИ» САВОЛЛАРИГА ТАНИҚЛИ ЁЗУВЧИ, ПУБЛИЦИСТ НУРУЛЛОҲ МУҲАММАД РАУФХОН ЖАВОБ БЕРАДИ.

 

1. Республика мустақиллигига икки йил тўлди. Айтинг-чи, нималар қилинди ва нималар қилинмоғи керак?

2. Сизнингча, миллий мафкура нима? Эътиқод ёхуд турли маслак ва ғоялар миллий мафкура бўла оладими?

3. Мана, мустақилликка эришдик. Бугун миллат мустақиллигини байрам қиляпмиз. Байрам тилакларингиз.

1.   – Бундан тўққиз-ўн йил илгари – мустамлака шароитида, мустақиллик ҳақида ҳали пинҳоний ўйлар суриб юрган дамларимизда, бизлар ҳам ўз давлатимизда озод яшармиканмиз деган армонларимиз бўларди. Тарихдан хулоса чиқариб, биз бўлмасак ҳам авлодларимиз барибир озодликка чиқади-ку, деган ишонч билан ўзларимизни овутардик. Қодири Ҳакимга осон экан: бунчалар тез рўй бериши ҳеч бир ақлга сиғмаган шундай воқеалар узоғи билан бирор ҳафтанинг ичида содир бўлиб кетди! Бўлмаса, ҳазилакам гапми, дунёни титратиб келган шундай қудратли, бир империя – СССР қуласа!

Мана, энди ўша ўзгаришларга ҳам икки йил тўлибди. Шу давр ичида нималар қилинди? Мустамлакаликдан нишона бўлмиш ҳайкаллар қулатиляпти, ўрнига янгилари – миллий ҳайкаллар ўрнатиляпти. Жой номлари ўзбекчалаштириляпти. Метро бекатларида эълонлар фақат ўзбекча янграяпти. Телевизор ва радиоларда мустақиллигимиз баралла куйланяпти. Одамлар «Турон», «Туркистон» лафзларини бемалол ишлатишяпти. Ва ҳоказо…

Қилинадиган ишлар эса ниҳоятда кўп. Мустақиллик ҳақида камроқ гапириб, тезроқ унинг қонуний асосларини яратиш зарур. Халқнинг онгидан тобелик кайфиятини батамом сиқиб чиқариш учун ҳайкалларни алмаштиришнинг ёки Амир Темур бобомизни мадҳ қилишларнинг ўзигина кифоя эмас, балки биринчи галда мустамлака шароитида ўтган юз ўттиз йиллик тарихимиз саҳифама-саҳифа қайтадан идрок этиб чиқилиши, халққа холис тушунтирилиши керак. Маориф тубдан ўзгартирилиши, имон-эътиқод тўлиқ қайтиши ва ҳоказо ишлар амалга оширилмоғи лозим. Ҳеч бир халқ озодликка осонликча эришмаган…

2.   – Саволнинг иккинчи қисмидан жавоб беришни бошласам. Ҳаётий тажрибадан келиб чиқсак, албатта, турли маслак ва ғоялар ҳам миллий мафкура бўла олади. Масалан, фашизм ғоясини немислар асрнинг 30-йилларида ўзларига миллий мафкура қилиб олган эдилар. Аммо бу ғоя ғайриинсоний бўлгани учун давлат мафкураси сифатида узоқ яшамади ва унинг эгаларини дунё кўзида шармандаи шармисор этди. Коммунистлар эса, Чарлз Дарвин таълимоти билан материалистларнинг ғояларини ўз ғалвирларидан ўтказиб, коммунизм мафкурасини яратдилар ва Русия империяси ҳудудида буни давлат мафкураси сифатида синаб кўрдилар. Бу миллий мафкура эмас, аммо бир гуруҳнинг мафкураси эди. Инсон фитратига зид мафкура бўлгани учун бу ҳам тарих синовидан ўта олмади ва рад этилди, алҳамдулиллоҳ.

Хулоса қилиб айтганда, мафкура танлаш ғоят нозик масала бўлиб, тарихга назар солиш, ўтган ҳаётий тажрибалардан сабок чиқариш, хатога йўл қўймаслик керак. Чунки мафкура юрак демакдир. Давлат вужудидаги етмиш икки минг томирга қон юбориб турадиган омил мана шу мафкурадир. Барча қонун ва фармонлар битта мустаҳкам мафкурага суянмаса, ўша мафкура негизида шаклланмаса, мамлакатда бошбошдоқлик (хаос) рўй беради, миллат пароканда бўлади, давлат заифлашади. Мафкура бош низомдир, бутун ҳаётимизни – шахсий турмушимиздан тортиб давлат миқёсидаги ишларимизгача барчасини интизомга солиб турувчи қонундир. Бундан келиб чиқадики, мафкурасизлик хавфли ҳолдир. Тезроқ ундан қутулишимиз, тарих синовларидан ўтган, ўзгармас, қудратли мафкурани ўзимизга Миллий мафкура сифатида қабул қилишимиз зарур…

3.   – Шуни ишонч билан айта оламанки, мен мустақил инсонман. Яратган Эгам менга хос қилиб берган бу ҳуқуқимни Яратган Эгамнинг ўзигина чегаралаши ва тартибга солиб туриши мумкин. Лекин шахс – ижтимоий тушунча. Шахснинг мустақиллиги анча нисбий масаладир…

Биз эришган мустақилликни кўпроқ «Ўзбекистон мустақиллиги» ёки «давлат мустақиллиги» деб атаган маъқул. Далиллар ҳам шуни тасдиқлайди. Умуман, мен кейинги пайтлар миллатга, миллийликка ҳадеб урғу беравериш шартмикан, деб ўйлаб қоламан. Бу инсоннинг дунёқарашини торайтириб қўяди.

 


“Ватан” газетаси, 1993 йил 21-28 июл (29-сон)

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*