
Арабча “дуо” сўзи луғатда “чақириқ” бўлиб, ўзбекчада “сўраш” маъносида қўлланади, атама ўлароқ эса, киши барча ҳожатларини Яратган Зотдан ёлвориб сўрашидир.
“Ёлвориб” дегани, сўраётган нарсамизга ҳақиқатда муҳтожлигимизни сўзлар ва ҳолатларимиз билан билдириб, деганидир. “Барча ҳожатларини” жумласига эса озгина изоҳ керак.
Нималар сўралади?
Албатта, сўраш энига ҳам, бўйига ҳам чекланмайди, ҳар ким хоҳлаган нарсасини, хоҳлаган замонида, хоҳлаган миқдорда сўрашга ҳақли. Ҳақлигина эмас, балки сўрашга буюрилгандир. Бир илоҳий ҳадисда Оллоҳ таоло: “Эй Одам болалари, Мен Берувчиман, нима бўлса ҳам Мендан сўранглар”, деб Ўзи биз қулларига йўл-йўриқ кўрсатяпти, биз қулларига туну кун ёрдамини ваъда қиляпти. Саҳобалардан бирлари (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин): “Уйимда туз қолмаса, шуни ҳам Оллоҳдан сўрайман”, деган маънода сўзлаганлари ҳақида хабарлар бор.
“Барча ҳожатлар”га нималар киришини синчи олимларимиз тушунтириб беришган. Киши ўзи ҳосил қилишга кучи етадиган нарсаларни, ўзи бажара оладиган ишларни сўрамагани яхши, ўзи ҳосил қилишга кучи етмайдиган нарсаларни, бажариш қўлидан келмайдиган ишларни сўрасин, дейишган улар.
Дейлик, уйимизга меҳмон келиб қолди. “Эй Оллоҳ, битта чой қайнатиб бергин” ё “Овқат қилиб бер”, деб сўрамаймиз, чунки бу ишни ўзимиз ҳеч бир қийинчиликсиз бажара оламиз – иссиққина ўрнимиздан турамизу чойнакка сув қуйиб газга қўямиз ёки сабзи-пиёзни арчиб овқатни бошлаб юборамиз. Бу ўринда Оллоҳдан бизнинг сўрайдиганимиз Унинг иноятидир. Бизни ўрнимиздан туришга, чойнакни ушлашга, сабзи-пиёзни арчишга лаёқатли қилишини сўраймиз. Ахир, ўрнимиздан тура олмасак, қўл-оёқларимиз ишламаса, нима қила олардик?! Яъни, озгина ҳаракатимиз билан осонгина ҳосил бўладиган натижани эмас, балки ўша натижага эришишга етарли куч-ғайрат ва биз иш-ҳаракат билан ҳам ҳосил қила олмайдиган натижани – насибани сўраймиз. Масалан, ризққа муҳтож бир инсон: “Парвардигорим, кўринмас хазинангдан менга ҳалол, мўл ва баракали ризқ бер ва бу ризқни бизларга насиб эт!” деб сўраши ва туриб бу йўлдаги ҳаракатни бошлаши айни ҳикмат тақозосидир.
Иккинчи бир мисол: толнинг қуюқ соясида ёнбошлаб олиб, “Қанийди, анави сув бўйида бир кўшким бўлса!” деб орзу қилсак унча зарари йўқ, аммо “Сенинг қудратинг чексиз, Сен қила олмайдиган иш йўқ, шу ерга битта уй қуриб бер!” деб сўрашимиз ақлдан эмас, чунки буниси моддий ҳолатимизга ва ҳаракатимизга боғлиқ – қўлга битта болға билан тўртта қозиқни оламиз-да, режа тортиб ишни бошлаймиз. Лекин у моддий ҳолатга етиштириш ва битта болға билан тўртта қозиқни кўтара оладиган қилиш Оллоҳнинг измидадир.
Чиндан ҳам Унинг қудрати чексиз, чиндан ҳам У қила олмайдиган ҳеч бир иш йўқ, ахир бу муҳташам оламни бутун ашқол-дашқоллари билан қўшиб йўқдан бор қилди-ку, Одамни бир ҳовуч тупроқдан яратди-ку! Хоҳласа, суюкли қули учун битта арзимас уйни ҳам қуриб бера олади! Лекин бундай талаб инсоннинг яратилиш ҳикматига, ҳаётидан кўзланган мақсадга тескари келади. Бу ерда гап дуонинг ижобати сўровчининг ҳаракатига, яъни, сабабга боғлангани устида кетяпти.
Бу олам сабаблар оламидир. Натижалар сабабларга боғланган. Қуёш чиқса, кун исийди. Ер ўз ўқи атрофида айланса, кун алмашади, қуёш атрофида айланса, фасллар алмашади. Ой чиқса, тун ёришади. Шамол келса, дарахтларнинг учи қимирлайди. Ерга уруғ қадасак, ўсимлик униб чиқади. Ўғит солсак, ер унумли бўлади… ва ҳоказо. Юзаки қаралса, бу ишлар гўё ўзидан ўзи содир бўлаётгандек. Аслида, сайёраларни ўз ўқлари атрофида ҳам, бир-бирлари атрофида ҳам айланадиган қилиб қўйган, шамолларнинг елкасига булутларни ортиб керакли жойларга ёғинларни етказиб турган, ерга қадаладиган уруққа бўлғуси дарахтнинг барча хусусиятларини жойлаб қўйган бир Зот бор, ҳаммасини У бошқариб-юргизиб турибди, биз сабабларни кўрсаг-у, сабабларнинг Сабабчисини кўрмасак инсофдан бўлмайди. Шунинг учун “Ёмғир бер!” деб Ундан сўраймиз, ерга уруғни экиб, ризқни Ундан умид қиламиз.
Худди шунингдек, дуоларимизнинг натижалари ҳам сабабларга боғланган. Табибга ўзимиз борамиз, дори-дармонни ўзимиз оламиз ва муолажани табиб ёрдамида ўзимиз қиламиз, аммо соғлиқни Оллоҳдан сўраймиз, чунки шифони У беради! Яратган Эгамизнинг инояти билан чойни ўзимиз қайнатамиз, қозон тагига ўтни ўзимиз ёқамиз, капгир бизнинг қўлимизда бўлади, бор нарсаларни қозонга солиб овқат пишириш бизнинг вазифамиз, лекин насибани Оллоҳдан кутамиз, чунки пишираётган шу овқатимиз ўзимизга насиб этмаслиги ҳам мумкин…
Машҳур бир латифа бор. Қозондаги овқатнинг тотли ҳиди Хўжа Насриддиннинг (Оллоҳ раҳмат қилсин) димоғини қитиқлаб, иштаҳасини очиб: “Бугун бир маза қиларканмиз-да!” деб юборибди. Хотини: “Оллоҳ хоҳласа, денг”, деса, “Хоҳласаям, хоҳламасаям ейман!” деб катта кетибди. Иттифоқо, овқат сузилар паллада эшик тақиллабди. Подшоҳ навкарлари бир жиноий ишда гумон билан Насриддин афандини маҳкамага сургалаб кетишибди. То масала ойдинлашиб, айбсизлиги исботлангунича орадан бир-икки кун ўтибди. Ниҳоят қўйиб юборишганида кечки пайт келиб эшигини тақиллатибди. Ичкаридан чиққан “Ким?” деган товушга афандимиз: “Оллоҳ хоҳласа, эрингман…” деб жавоб қилган экан.
Бу бир латифа. Лекин мўминнинг ақидасини тўғрилашга хизмат қиладиган, шундоққина қўлидаги ризқ ҳам Оллоҳ хоҳласагина насиб этишини англатадиган латифадир.
Худди шунингдек, касал бўлсак, минг даволатмайлик, энг ноёб ва кучли дори-дармонларни қўлламайлик, шифони агар Оллоҳ бермаса, фойда бўлмаслигига ҳаётда мисоллар қалашиб ётибди. Ёки, аксинча, умридан бор бўлса, одам дорисиз ҳам яшайди — йигирма йил тўшакка михланиб ётган киши соғайиб кетганини матбуот ёзди, телевизордан кўрдик.
Бу айтилганлар сабабларни ўринлатишнинг ўзигина натижага эриштиравермаслигига мисоллардир. Ҳар ишни ҳикмат билан қилувчи Зотнинг хоҳиш-иродаси ва ҳикматига уйғун бўлса, биз истаган ва кутган натижа берилади, хоҳламаса ё ҳикматига уйғун бўлмаса, минг ҳаракат қилмайлик, натижа биз истаган ва кутгандек бўлмайди. Масалан, икки киши бир хил ҳаракат қилади, балки иккинчиси биринчисига қараганда кўпроқ тиришаётгандир, лекин биринчисига ризқ оқиб келяпти, иккинчиси зўрға учини кетига улаб яшаяпти – бунақа мисолларни ҳар ким ҳар қадамда кўради.
Сўраш муҳтожликни билдиради
Сўраш, исташ туйғуси Одам яратилишида фитратига жойланган, бу ҳолат унинг муҳтожлигига далолат. Агар Одам боласи ана ўша фитратига уйғун тарзда Яратганини тан олиб, Пайғамбарига эргашиб яшаса, ундаги сўраш туйғуси онгли бир ўзанга тушиб олади ва дуо унинг кундалик амалиётига айланади. Бордию тан олмаган тақдирида ҳам барибир У Зотнинг бошқарув доирасидан чиқиб кета олмайди, буни у ниҳоятда оғир аҳволга тушган кезлари ичдан сезади. Ичдан сездирган шу нарса унинг фитратидир. Ҳатто осий киши ҳам қўлидан ҳеч бир иш келмай қолган дамларда ўзига “ишончи” синиб, бир Кучли, Билимли, Меҳрибон Зот борлигини фитрий ҳис эта бошлайди, айрим ҳолларда ўша ўзи тан олмаган Зотга суянгиси келиб қолади.
Дўппи тор келганида қўллаб юборадиган, йўлсизликда чиқар бир сўқмоқни кўрсатиб қўядиган, буткул чорасизликда кутилмаган ёқдан қутулиш йўллайдиган Зот борлигини фитрий ҳис этгани учун ҳам Одам боласи хотиржамдир ва ҳаёти бир маромда давом этаётир.
Диққат қилайлик: сўраш туйғусининг борлиги берадиган бир Зот бор бўлишини тақозо этади ва сўралаётан нарсани у Зот беришига далолат қилади! Форсларда мақол бўлиб кетган бир гап бор, унинг ўзбекча маъноси бундай: “Бермакни истамаса эди, истамакни бермас эди”. Нақадар қисқа, лўнда ва гўзал ифода! Демак, Одам боласига сўраш-исташ туйғусини берибдими, бу иши Унинг беришни истаганидандир. У зотнинг чексиз меҳрибонлигидандир. Қулларини суйишидандир. Ва исташ туйғуси одамни Яратганига боғлайди.
Сўрашнинг турлари
Ўтган улуғларимиз сўраш (дуо)ни уч турга ажратишган экан:
1. Сўз билан сўраш (қавлий дуо).
2. Иш-ҳаракат билан сўраш (феълий дуо).
3. Ҳол билан сўраш (ҳолий дуо).
Сўз билан сўраш (қавлий дуо) турини ҳамма билади, ҳатто кўплар дуо-сўраш деганда, кўпроқ мана шу дуо турини тушунади. Киши намоз ўқиганидан кейин ё бирор яхшилик қилгач ёхуд ёрдамга қаттиқ муҳтож бўлиб қолган ҳар қандай ҳолатида қўлини очиб, эҳтиёжини илтижо оҳангидаги сўзлар билан ифодалаб, Яратганга “…бер!”; “…ҳал қил!”; “…насиб эт!”; “…кўрсат!”; “…осон қил!” ва ҳоказо тарзда ёлвориши сўз билан сўрашдир.
Сўрашнинг кейинги икки тури, бир қараганда, дуога ўхшамайди, аммо аслида дуонинг энг кўп тарқалган, бутун инсоният доим фитрий тарзда қиладиган тури шулардир. Масалан, бир киши даласида эртадан-кечгача терлаб-пишиб кетмон чопди, уруғ экди; эккани тўкис униб чиқса, мўл-кўл ҳосил берса, шу билан оиласининг тирикчилигини ўтказмоқчи. Бу ишларни қиларкан, Берувчи Зотни бирор марта эсламаган, тили билан бирор нарса сўрамаган бўлса ҳам, унинг ризқ учун тиришиб қилган ўша меҳнати барча қулларига бирдек меҳрибон Зот ҳузурига дуо ўлароқ боради ва У Зот у меҳнатлар ва тиришишларни зое этмайди – бола-чақасининг ризқини беради…
Бир талаба илм йўлида тиним билмай китоб ўқийди, устозларидан дарс олади, интернетдан ўзини қизиқтирган соҳа бўйича энг янги маълумотларни қидиради, ёзади, умумлаштиради, хулосалар чиқаради, балки бу ҳаракатлари орасида у ниятини сўз билан ифодалаб: “Илм бер!” деб бир марта ҳам сўрамагандир, лекин барча қулларига бирдек меҳрибон Зот унинг шу тиришқоқлигига яраша истаганини беради. Мана шу хил сўрашлар иш-ҳаракат билан сўраш (феълий дуо)га киради.
Энди, бир киши оғир касалликка чалинган, ҳеч қайси дори фойда бермаяпти, қаттиқ изтиробга тушган – чора излаяпти… бошқа бири бозори синиб катта қарзга ботган, бу кетишда қарзидан қутулишга кўзи ҳам, умри ҳам етмайди, боши қотган – чора излаяпти… яна бир киши ҳаётнинг турли-туман синовларига дош беролмай жонига қасд қилиш даражасига етган, назарида бошқача қутулар йўл йўқдек – чора излаяпти… ва ҳоказо. Уларнинг бу тушкун ҳолатлари ва хаёлан қаттиқ берилиб чора истаб қолишлари, гарчи ўзлари эсларига келиб тил билан сўрамаётган бўлсалар-да, ҳол билан сўраш (ҳолий дуо)га киради ва барча қулларига бирдек меҳрибон Зот уларнинг бу хил сўровларини ҳам умидсиз қолдирмайди, қабул этади ва ҳикматига уйғунини албатта беради.
Ҳол билан сўрашга ҳаётий бир мисол. Саккиз йил (ми, ўн бир йилми) турмуш қилиб фарзанд кўрмаган аёлга янги туғилган бир чақалоқни боқиб олишни маслаҳат беришади. Шарти – бола очқаб йиғласа, туғмас хотин кўкрагини тутавериши, бошқа нарса бермаслиги керак. Эр-хотин умид билан яқин қариндошларидан бирининг чақалоғини олишади. Бувак йиғлайверади, хотин сутсиз кўкрагини тутаверади… Гўдакнинг овқат сўраб қилган бу ҳолий дуолари билан туғмас хотиннинг кўкрагига сут сўраб қилган бу ҳолий дуолари сабабли, чақалоқ буткул ҳолдан тойган бир паллада, аёлнинг кўкрагига тирқираб сут келади. Бувак ҳалокатдан қутулиб қолади, аёл шу кундан бошлаб асранди чақалоғини ўз боласидай эмизиб катта қилади, бир йилдан кейин ўзи ҳам юкли бўлади…
Бу айтилганлардан бир хулоса чиқади: гарчи одам боласи ўзи учун, ўзининг тўкин-сочин яшаши учун, бировларга билдирмай тиришаётган бўлса-да, ҳамма нарсани Кўрувчи Зот унинг бу йўлдаги интилишларини доимо кўриб туради; ҳаракатлари ва ҳолатлари дуо эканини ўзи билмаса-да, заррача хатти-ҳаракатни ҳам эътиборда тутувчи Зот ҳузурига улар айни дуо ўлароқ етиб боради; тил билан сўрамаса ҳам, ҳамма ҳолларни Билувчи Зот уларни диққат билан кузатиб туради; бу хил дуо билан сўраётиб, ҳатто Берувчи Зотнинг ўзини эсидан чиқариб қўйса ҳам, қулларини ҳеч қачон Унутмайдиган Зот уларнинг эҳтиёжларини таъминлаб туради. Яъни, У муҳтожлик даражамизда, лойиқ кўрган миқдорида, сўраганимизни ёки сўраганимиздан яхшисини беради.
Иш-ҳаракат билан сўраш ичида ҳол билан сўраш ҳам бор, бу иккиси кўпинча қоришиқ келади. Талабанинг китоб ўқиши ҳаракатга кирса, китоб ўқиётганидаги тиришиши унинг ҳолатидир ва бу ўринда икки хил дуо бир жойда тўпланган бўлади, бунда сўраш истаги янада кучаяди, ижобат эҳтимоли ҳам ортади.
Шу маънода, бир пайтнинг ўзида бу уч хил дуо билан сўралса, нур устига нур бўлар эди. Меҳнат қилиб сабабларни ўринлатсак, меҳнатни чин юракдан қилсак ва буларнинг устига эҳтиёжларимизни сўз билан ифодалаб ихлос-ла сўрасак, Берувчи Зотни бир он ҳам унутмаганимиз эвазига У сўраганларимизнинг устига яна савоблар ҳам қўшиб беради ва бу дунёда берганларига қиёслаб бўлмас даражадаги олий неъматларини охиратимизга ҳам асраб қўяди! Бунақаси энди мўминларнинг дуосидир. Чунки чинакам мўмин тирикчилик йўлида меҳнат қилаётганида ҳам, оғир ҳолатларга тушиб қолганида ҳам, хурсандчилик дамларида ҳам Яратган Эгасини зинҳор унутмайди, шукрини, дуосини тилидан қўймайди.
Қабул ва ижобат
Энди, менимча, асосий масалага келдик. Одам боласимиз-да, дуоларимизнинг натижаси – унинг қабули ва ижобати кўпроқ қизиқтиради бизни. Тинчлик-омонлик бер, деб тинимсиз сўраяпмиз, тинч-омон яшаяпмизми? Бизларни бой қил, деяпмиз, бой бўлдикми? Илм бергин, деб ялиняпмиз, илмга эришдикми? Касалимни арит, деб илтижо қиляпмиз, соғайиб кетдикми? Гуноҳларимизни кеч, деб ёлборяпмиз, тозаланяпмизми? Қарзларимиздан қутултир, ишларимизни юриштир, деб тавалло қиляпмиз, қарзлардан қутулиб, ишларимиз юришиб кетдими?
Хуллас, сўраётган-истаётган нарсаларимиз кўп, ҳаммасига эришяпмизми?
Буларни билиш, ҳис қилиш учун бир-иккита мисол келтирамиз.
Бир бошлиқ ҳузурига арз билан бордик, дейлик. Хафсала қилса ё вақти бўлса, қабул қилади, бўлмаса қабулхонаданоқ қайтиб кетиш эҳтимолимиз бор. Қабул қилганида ҳам, хафсала қилса дардимизни эшитади ва аризамизни қўлимиздан олиб қолади, бўлмаса бошқа бошлиққа йўллаб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Албатта, ўртада туришга яроқли бирорта танишимиз бўлса, ишимизнинг ҳал бўлиш эҳтимоли ошади.
Аммо дуо ўзгача. Бу ерда ўртада котиба ё таниш-билиш йўқ, ҳатто алоҳида – хос қабулхона ҳам йўқ, ким қаерда, қандай ҳолатда бўлсак, ўша ердан, ўша ҳолатда, тўғридан-тўғри Берувчи Зотга мурожаат қила оламиз ва У дуоларимизни ҳар он, ҳар дамда, ҳеч бир воситачисиз албатта қабул қилади, бошқага йўлламайди, арзларимизни ўша заҳоти эшитади ва ижобат қилади – бунга шубҳамиз йўқ! Лекин бу ўринда бир нарсани ойдинлаштириб олишимиз керак.
Дуонинг ижобати, яъни, сўраган нарсамизнинг берилиш-берилмаслиги хусусида кўп улуғ олимларимиз бир ўхшатишни такрорлашади. Қорнида оғриқ турган бир касал шифо истаб табибнинг олдига борди, дейлик. “Ҳурматли дўхтир жаноблари, қорним қаттиқ бураб оғрияпти, менга “Линекс” ёзиб беринг!” деса, табиб нима қилади? Агар у табиб ҳақиқий табиб бўлса, касал кишининг гапларини диққат билан эшитади, аммо унинг гаплари билангина ташхис қўймайди. Хастани ниҳоятда аниқ ишлайдиган аппаратига солиб ё ўзининг бошқа усуллари билан, олдин ҳақиқий касалини аниқлайди. Агар чиндан ҳам қорни оғриётган бўлса, ўшанда ҳам дарров “Линекс” ёзиб бермайди, у оғриқнинг иллатини аниқлайди. Қорни оғриётгани билан сабаби бошқа жойда бўлиши мумкин-да. Шундан кейингина даволашни бошлайди. Зарур топса, “Линекс” беради ёки ундан яхшисини тавсия этади, иллати бошқа ёқда бўлса, ўша ёққа фойда берадиганини буюради ёки умуман, ҳеч қанақа дори бермайди: “Кетаверинг, сиз касал эмассиз, бу оғриқ алдамчи оғриқ, сал нарсага дори ичаверсангиз, ичингизни ишдан чиқарасиз, бораверинг, ўтиб кетади”, дейди. Шунда ҳалиги “касал” киши: “Табиб сўраганимни бермади, яхши табиб эмас экан”, деб ундан ўпкаланиши инсофдан бўладими?!
Ўзимиз билсак-билмасак, биз қулларини доим кузатиб, парваришлаб-тарбиялаб борадиган Оллоҳ таоло асл ҳолларимизни, яъни, биз аслида нимага ва қачон муҳтож бўлишимизни ҳам яхши билади. Сўраган нарсаларимизни қачон бериш жиҳатидан: ё ўша заҳоти беради, ё кечиктириб беради, ё охиратга қолдиради; нимани бериш жиҳатидан: ё сўраганимизни беради, ё ўрнига ундан яхшироғи ва фойдалироғини беради, ё умуман бермайди – мана шу айни адолатдир ва ҳикмати ҳам шуни тақозо этади.
Демак, дуолар қиляпмиз-у, натижа кўринмаяпти, деб тушкунликка тушаётган айримларга мужда: агар чин юракдан, ихлос билан сўралса, дуолар ҳеч бир шубҳасиз, албатта қабул бўлади, ижобати ҳам албатта бўлади! Ўзимизга ё теварагимизга синчиклаб, инсоф билан қарайлик, кўрамиз: ё шу заҳоти бериляпти, ё сал кейинроқ бериляпти, ё бу дунёда берилмаётган бўлса ҳам ўпкаланишга ҳаққимиз йўқ, чунки бериш,сўраган нарсамизга энг муҳтож бўлинадиган дамга – охиратга қолдириляпти! Ўзимизга ё теварагимизга синчиклаб, очиқ кўз билан қарайлик, кўрамиз: ё сўраган нарсамизнинг ўзи бериляпти, ё ўрнига ундан яхшиси ва бизга кераклиси бериляпти, ёки умуман берилмаётган бўлса, шуниси бизга фойдали бўлиб чиқяпти!
Нега бизга эмас, бошқаларга?..
Қабул ва ижобат масаласида кўпларимиз чалғийдиган яна бир ҳолат бор: онгимизда “Биз мўминмиз-ку, нимага бизга кам, бошқаларга мўл-кўл бериляпти, нимага улар илғор, биз орқадамиз”, деган ҳайронлик, юракларимизда аллақандай шубҳалар ғимирлайди. Аслида бу ерда ажабланадиган, шубҳага туширадиган ҳеч нарса йўқ. Биринчидан, Оллоҳ таоло бу дунёда одам айирмайди, У Меҳрибон (Раҳмон)лик сифати билан ҳамма қулларига бирдек – айрим хос ҳолатлар истисно қилинганида, умумий қоида шу. Иккинчидан, демак, улар феълий ва ҳолий дуода биздан кўра ихлосли ва ғайратлидирлар! Биз бўлсак, балки тил учида сўраяпмиз, дуоларимизни ғайрат билан, ихлос билан кучлантирмаяпмиз, янада ўтимли қилмаяпмиз. Яъни, илм бер, деб ёлворяпмиз-у, илм йўлидаги ғайратимиз, жаҳдимиз, ихлосимиз етарли бўлмаяпти. Қолаверса, бизга эмас, бошқаларга кўпроқ берилаётгани балки таълим учундир, бу билан бизга дарс берилаётгандир, нималар қилишимиз лозимлиги кўрга ҳассадек қилиб бизларга кўрсатилаётгандир. Яъни, бу борада илғорлардан ўрнак олишимиз кераклиги аниқ.
Қачон, қаерда ва қай ҳолатда сўраган яхши?
Ҳар қачон, ҳар қадамда, эртаю кеч сўрайверамиз. Чунки биз бир ожиз қул ўлароқ ҳар қачон, ҳар қадамда, эртаю кеч Парвардигоримизнинг парваришига муҳтожмиз. Қолаверса, қачон сўрамайлик, қабул ва ижобат бўлишига шубҳамиз йўқ – буни юқорида кечган мисоллар ила кўрсатишга ҳаракат қилдик. Шундай бўлса-да, баъзи вақтлар, жойлар ва ҳолатларда сўрашнинг фазилатлари ҳақида ривоятлар, хабарлар келган.
Масалан, вақт маъносида: намоздан кейин қилинган дуо қабул, дейилади. Бу дегани намоздан бошқа пайтдагиси қабул бўлмайди, дегани эмас, балки намоз ўқиб қилингани фазилатли деганидир. Ҳам намоз ўқишга шавқлантириляпти бу ерда. Шунингдек, рамазон ойида оғизни ёпиш ва очиш олдидан, Қадр кечаси, жума кунлари жума намози чоғи икки хутба орасида, Қуръон ўқилганидан кейин, кечалари таҳажжуд намозидан сўнг… сўралса, Яратганга хуш келиши алоҳида таъкидланган.
Жой маъносида: ҳаж ё умрага борилганида Ҳарамга биринчи киришда Салом дарвозасидан кириш тавсия этилади. Дарвозадан ўтиб ичкари юриларкан, Каъбага илк кўз тушган жойда тўхтаб қилинган дуо, Каъбани айланаётиб ҳар гал Яман чизиғига (Каъбанинг Яман томонга қараган бурчагига Қора тош ўрнатилган ва Ҳарам саҳнида шу бурчакдан Яман томонга яшил чизиқ тортилган) келганда, Иброҳим (алайҳиссалом) қадам излари ёнида, замзам сувидан ичаётганда, Сафо билан Марва тепаликларида, ҳаж пайти Арафот чегарасида, Мадинада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мачитларидаги “Равза” деб кўрсатилган жойда… қилинган самимий ва ихлосли дуолар ўша заҳоти қабул бўлади, дейилган.
Ҳолат маъносида: ихлос, самимий йиғи, сўрашдан олдин ҳам, кейин ҳам Оллоҳ таолога ҳамду сано, Расулуллоҳга (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) саловотлар айтиш, қатъий ва қабул бўлишига аниқ ишониб сўраш, дуодан олдин гуноҳларни тан олиб истиғфор айтиш ва ўзига берилаётган неъматларни эътироф этиб Оллоҳ таолога шукр қилиш, ҳеч қачон сўрашдан тўхтамаслик, болалар ота-она ҳақига, ота-она болалари ҳақига, ўртоқ-дугоналар бир-бирлари ҳақларига ғойибона яхшилик сўрашлари, қиблага юзланиш, ҳалол еб-ичиш, ҳаромдан қочиш, иложи борича таҳоратли бўлиш… ва ҳоказо.
Дуо шубҳа билан қилинмайди, эр-хотин бир-бири ҳаққига, ота-она болалари ҳаққига ёмон дуо қилмасликлари керак. Шунингдек, қофияли сўзлар билан баланд овозда болохонадор дуолар қилишда ҳам яхшилик йўқ, аксинча, риё эҳтимоли борлигидан бундай сўрашдан қайтарилганмиз. Паст товушда, камтарлик билан, ожизлигимизни ва гуноҳларимизни ҳис ва эътироф этган ҳолда сўрасак, Парвардигоримизга хуш келади.
Сўраш ҳақида оят ва ҳадислар
Ояти карималарда: “(Эй Муҳаммад,) Бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида, дуо қилувчиларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга имон келтирсинлар…” (Бақара сураси 186-оят); “Албатта, Парвардигорим барча дуоларни эшитгувчидир…” (Иброҳим сураси 39-оят); “(Эй мўминлар,) сизлар Парвардигорингизга тазарру билан ичларингда дуо қилинглар! Зотан, У ҳаддан ошувчи кимсаларни (яъни, эл кўрсинга риёкорлик билан дуо қилувчиларни) севмас” (Аъроф сураси 55-оят)… деб Буюк Тангримиз ўзининг чексиз марҳаматини изҳор этяпти.
Қудсий ҳадисларда бундай келади: “Эй Одам боласи, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражаларга кўтараман. Кечирим тила, кечирай. Ҳар не сўра, Мен уни берай. Менга тавба эт, қабул қилай…”; “Эй Одам боласи, албатта, сен дуо қилиб умид этиб турсанг, қанча гуноҳинг бўлса ҳам кечираман, оз-кўпига парво қилмайман”; “Эй Одам боласи, Мен учун холис амал қил ва сўра. Мен сўровчилар истаган нарсаларининг афзалини бераман”; “Эй қулларим, агар бир қулим Мендан сўраса, бераман, сўрамаса, унга ғазабим келади”; “Эй Одам болалари, Мен қиёмат куни фаришталаримга: “Қулимнинг амал дафтарига қаранглар, Мендан жаннатни сўраганини кўрсаларинг, унга сўраганини бераман, ким Менинг номим билан дўзахдан қутулишни истаган бўлса, Мен у қулимни паноҳимга оламан”, дейман”; “Эй Одам боласи, сукут сақлаш билан Мендан тансиҳатлик ва хотиржамликни сўра”; “Эй Одам боласи, дунёдаги ҳамма нарса уч тоифага бўлинади: бири Менга хос; иккинчиси сен билан Менинг ўртамизда; учинчиси сендадир. Сендан бўладигани сўрашдир, Мендан бўладигани ижобат қилишдир. Бас, ҳаром емасанг, дуойинг тўсилиб қолмайди…”
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Дуо ибодатнинг мағзи (илиги)дир”, деганлар. Илик кишига ҳам қувват, ҳам мазали, демак, дуо ибодатларимизнинг энг кучли ва энг ширин бўлагидир.
Дуо ва тақдир
Қачонлардир Мирзо Абдулқодир Бедилнинг бир рубоийини ўқиганман, матни ҳозир эсимда йўқ, лекин маъноси тахминан бундай эди: худди муҳрдаги тескари ҳарфлар муҳр босилганида қоғозга ўнг тушганидек, пешонадаги битиклар ҳам сажда билан ўнгланади…
Албатта, ҳар қандай ўхшатишда камчилик бўлади, лекин ибодатлар ва дуолар тақдирда баъзи ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлиги рубоийда жуда чиройли ифодаланган.
Одамнинг бутун ҳаёти тақдирида белгиланган, шу билан бир қаторда, унга жузъий ихтиёр ҳам берилган. Ана шу жузъий ихтиёр қисмида биз ўзимизга яхшиликлар ҳам ишлаб қоламиз, ёмонликлар ҳам ишлаймиз. Бир яхшилигимиз ёки бир ёмонлигимиз, Оллоҳнинг иродаси билан, тақдирда айрим ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида ривоят ва хабарларда мисоллар кўп. “Сўра, бераман!” деб қатъий айтилишининг ўзи дуолар тақдирларимизга ижобий таъсир этишига очиқ нақлий бир далилдир. Яна бир мисол: садақа балоларни қайтаради, дейилади. Биз бир муҳтожнинг кўнглини оламиз ва эвазига Оллоҳдан тақдиримизга яхшиликлар умид қиламиз.
Тақдир масаласини кемтик тушунувчилар: ҳамма нарса олдиндан белгилаб қўйилган бўлса, яхшилик қилдим нимаю қилмадим нима, сўрадим нимаю сўрамадим нима, деб тушкунликка тушишади. Аслида, тушкунликка тушишга асос йўқ. Тақдирларимиз ўзимиздан яширилган. Тақдирларимизнинг яширилгани биз қулларига берилган улуғ неъматдир, чунки тақдирини билмаган кишида ҳамиша яхшиликка умид бўлади, яхшиликка интилади, ибодатларини тўкис адо этишга ҳаракат қилади ва Яратгандан ўзи, яқинлари, жамияти, ватани учун тинимсиз яхшиликларни сўрайди.
Оллоҳ таоло ҳаммаларимизга яхшиликлар ато этсин, икки дунё бахтини берсин.
“Жаннатмакон” журнали, 2009 йил август сони
Leave a Reply