Доно БЕКЧАНОВА
1985 йилда туғилган. 2002-2006 йилларда Урганч Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. 2011 йилда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултетининг магистратура босқичига қабул қилинган. Ҳозирда “Замонавий саёҳатномаларнинг жанр хусусияти ” мавзусида илмий иш олиб бормоқда.
Ҳозирги ўзбек ҳикоячилигида бадиий тафаккурнинг кўрки ва безаги сифатида қадрланадиган рамз, тимсол, мажоз каби бадиий унсурлар асосида яратилган ҳикояларнинг турли шаклларини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда рамз асосига қурилган шундай ҳикоялар борки, улар баъзи бир ҳажман катта асарлар кўламидан-да кенгроқ бўлиб, бутун бошли инсон руҳиятидаги нозик товланишу чигал жараёнларни ўз ичига қамраб олади.
Шу жиҳатдан қараганда, кейинги йилларда Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ёзган ҳикоялар эътиборга лойиқ.
“Тафаккур” журналининг 2009 йил 3-сонида адибнинг “Чилла” номли ҳикояси эълон қилинди. Ҳикоя қаҳрамони қирқдан ошар-ошмас, гуноҳ, разолат ва нодонларга тўла дунёдан чарчаб, ўз-ўзини таҳлил қилиш, ўзлигини англаш, қалби ва руҳини тозалаш, руҳий эркинликка эришиш, ҳеч кимга айта олмайдиган дардларидан фориғ бўлиш, ҳаловатини йўқотган кўнглига таскин бериш мақсадида ер тагини ўзига ошён қилди. Томирларида Аҳмад Яссавий қони гупираётган қаҳрамон: “Бу дунёга нега келди-ю, қандай савоб ва гуноҳ ишлар қилди?”. Ушбу саволларга жавоб излади. Кўп китоблар ўқиди, таот-ибодатлар қилди. Ҳамма буюклар каби ҳаёт маъносини, яшашдан мақсад нелигини англашга интилди: “…Босиб ўтган ҳаёт йўлидан мазмун, қилган ишларидан мантиқ ахтаради, тақдирига битилгандан ташқари ҳеч бир иш бўлмаслигини билади, бунга ишонади, лекин сочилиб кетган ўйларини бир жойга тўплай олмагани учунми, ойдин хулосалар чиқара олмайди”.
Қаҳрамон ўзига макон қилган ўрасини “Чиллахона” деб номлайди. Чиппа рамзий поэтик образ бўлиб, маънан поклик тимсолилир. Шарқ мумтоз адабиётида унга кўп мурожаат қилинади.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон қаҳрамони: “Ҳақ йўлига кириб бўлмас, пок бўлмасанг” сўзларини ўзига шиор қилиб, чилла сақлади. Юмронқозиқдай ер юзидаги хавф-хатарни сезди, “ҳалокатдан'’ қочиб, ер тагини ўзига макон қилди.
Ҳикояда қаҳрамоннинг онги, юраги ва бутун борлиғини эгаллаб олган бўғма илон нафснинг оғир юкидир. Тасаввуфий адабиётда илон тимсоли нафсни англатади. Аллома Нажмиддин Кубронинг қайд этишича: “Нафс ҳеч ўлмайдиган илондир. Афъо аталмиш заҳарли илон бунга яхши мисол бўла олади. Бу илон чопиб ташланса ҳам, боши кесилса ҳам, тўқмоқланса ҳам ёки териси бутунлай шилиниб олинса, гўшти пиширилса ва ейилса-да, бир неча йил ўтгач, унинг терисига қуёш нури тегиши ҳамон ҳаракатлана бошлайди. Нафс ҳам худди шундай. Ўлган нафсга ҳаво, шаҳват ва шайтонлик оташи хуруж этса, дарров жонланиб, ҳаракат эта бошлайди”.
Қаҳрамон тавба қилиб, ризога юз тутди. Нафс розилигидан чиқиб, Ҳақ розилигига кирди. Тоат-ибодат ва тавба-тазарруси ила ҳам қалбан, ҳам руҳан покланди. Аммо, шундай бўлса-да, узоқ вақт чилла сақлаб аёли ва болаларини ёлғиз қолдиргани учун ўзини кечира олмади. Аёлининг машаққатларга тўла бўлган ҳаёти ва чеккан дардларида ўзини айблади: “…Шўрлик аёл бу йиллар ичида қишнинг оппоқ совуқларига ҳам, ёзнинг сап-сариқ иссиқларига ҳам дош берди, эзиб ёққан қор-ёмғирларни, дархтларни қўпоргудай қаттиқ келган довулларни, тандир каби қиздирган саратонларни бошидан ўтказди…”
Фарзандларидан узр сўради, аёлига таскин берди: “Яна озгина сабр қил, Ҳурматли киши айтганидай, бир куни ўзим ер бетига ҳузурингга чиқиб бораман, кутилганидай бўлмаса ҳам, сал янгиланиб-тозаланиб чиқаман, иккаламизнинг орзуларимиз яна бир-бири билан қовушади, ҳаётимиз яна изига тушиб кетади… ҳар кечанинг наҳори бўлганидай, ҳар қишнинг ҳам баҳори бор… биз ҳали бахтли бўламиз…”
Ҳикоя жумбоқли якунланади. Қаҳрамон ер устига чиқишга аҳд қилганида чиллахонасига тепадан шувиллаб майин тупроқ тўкила бошлайди… Жумбоқли якун ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайди. Шунга кўра, фикр ва хулосалар ҳам турлича бўлади.
Муаллифнинг фикрича, инсон қалби ва руҳининг поклиги учун курашиши лозим, нафсни енгиш ва инсоний хислатлар ила иймонга содиқ қолиб яшаш энг олий инсоний бурчдир. Эътиборга лойиқ жиҳати, ҳикоя Шарқ фалсафасига хос комилликни тарғиб этади. “Чилла” қаҳрамони моддий идеалга эмас, руҳоний идеалга интилади.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Шарқ юлдузи” журналининг 2010 йил 1-сонида эълон қилинган “Этакдаги кулба” ҳикояси эса “Чилла” дан анча фарқ қилади. Ҳикояда бевосита муаллиф тилидан баёнлар, тавсифлар, изоҳлар берилади, тасвирлар теранлиги билан ажралиб туради.
Бадиий асарда қўлланилишига кўра рамзларнинг рамз-образ, рамз-детал, рамз-сюжет каби турлари фарқланади. “Этакдаги кулба” ҳикоясининг сюжети рамзлар асосига қурилгани билан эътиборли. Бир ўқишда яширин сирларини илғаш мушкул кечадиган бу ҳикоя китобхонни чуқур мушоҳадага чорлайди.
Ҳикоя “жимжит” сўзи билан бошланади. Ва айнан ўша “жимжитлик”ка Девона ўзининг “ғалати”, “шубҳали” ва “қўрқинчли” хитоби билан рахна солди: “Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..”
“Қишлоқ сергак тортди, шубҳаланди. Зерикарли ва туссиз ҳаётига сал бўлса-да, бўлакча бир ҳаво киритиши мумкин бўлган бу сўздан қувонмади, аксинча, бироз қўрқинч босди, момақалдироқдек туйқус янграган бу товуш, албатта, уларга қўрқинчли ва шубҳали туюлди. “Ўлик”, “гунг” ва “диққинафас” Қишлоқда Девонанинг товуши кезар, жимжитлик шовқинидан том битган қулоқларга унинг товуши аллақандай ёқимли бир эпкин бўлиб кирар, ҳатто ширали эшитилар эди”.
Ҳикоянинг ана шу жойида муаллиф фикрини уққандай бўласиз. Биринчи муҳаббатдаги ҳайрат, ундан қолиши муқаррар бўлган қалб оғриғи, ўзликни англаш, ижод қилиш иштиёқи… Қуйилиб келаётган фикрлар ичидан энг тўғрисини айнан муаллиф назарда тутаётган жумбоқни топмоқ мақсадида уларни саралай бошлайсиз.
Қишлоқ қиш бўлса қора совуқдан дийдираб, ёз бўлса саратондан жизғанаги чиқиб, баҳор келса бир нафас олиб, кузда эса бир нафас чиқариб, келгиндиларни кўриб кўникиб кетган, бепарволик билан зерикарли ҳаёт кечираётган рамзий макон.
Девона ғалати, далли бир образ. Ҳикояда бу образга қуйидагича таъриф берилади: “Ким бўлди бу одам? Уста бўлиб устага ўхшамайди, куйган уйларни бутлаб берай деса? Бой бўлиб бойга ўхшамайди, моли куйганларга суянчиқ бўлса? Табиб бўлиб табибга ўхшамайди, куйган бағирларга дори қўйса? Ким ахир?.. Ғирт девона! Сўзи туришига, туриши сўзига уйғун келмайдиган дали!”
Адиб асарларида девона образига кўп мурожаат қилди. “Чилла” ҳикоясида ўзини девона деб атайди. Дунё адабиётидаги каби Шарқ мумтоз ва тасавввуф адабиётида ҳам қадимдан "телба”, “девона”, “дарвеш” сингари адабий образлар мавжуд бўлиб, бу образлар бошқаларга маънавий-маърифий илм улашувчи, ўзини Ҳақ йўлига бағишлаб, дунёдан юз ўгирган; бойликка беписанд қараб, инсоний шону шараф, ҳикмат ва маънавий тўкисликни ҳар қандай бойликдан афзал деб биладиган қаноатли, диёнатли шахслардир.
Ғалати товуш ва ундан ҳам ғалати сўзларга, эски замонлардан бери шу Қишлоқда яшайдиган, нотаниш бегонанинг кутилмаган жавоби одамларни сергак торттирди.
Бегонанинг асарга кириб келиши ва жимжитлик пардасини чок-чокидан сўкиб юборган кутилмаган “ғийқиллаш” фикрларингизни тумандай тарқатиб, боши берк кўчага олиб киради, кутилмаганда худди чорасизлик домига тушгандай ҳис қиласиз ўзингизни. Гўё жавобсиз саволлар ичида йўлини йўқотган ва бу йўлни қайта топмоқ энди душвордай. Нега бу “ғийқиллаш” Қишлоқ бошига қўрқинч солди, хавотирга қўйди? Бепарволикни ўзига сифат қилиб олган Қишлоқни нега бу “ғийқиллаш” сергак торттирди? Ҳикояни ўқиш давомида руҳингиз ва онгингизни курашга чорлаб қўйганингизни сезмай қоласиз.
Ғийқиллаган эшикдан кўринган Бегонанинг жуссаси сизни янада ҳайратга солади, Бегонанинг қуюқ тўр ичра йилтираб турган кўзларидан нималардир дегиси келаётганини англаб, ҳикоя ичига яширинган маънони илғагандай бўласиз, “ўлиш осон ва текин бўлиб қолганидай”, аввалги фикрлардан осонгина воз кечасиз, ундан худди аввал сизга тегишли бўлмаган ғалати туйғу ва ғайришуурий фикрларни туясиз:
“Бегона худди гўрдан чиқиб келаётганга ўхшарди: тириш босган юзида қон асари йўқ, ўсиқ қошларидан қулоқларигача, қулоқларидан елкаларигача, елкаларидан бурнию патила соқол-мўйловигача ўргимчак ин тўқиб ташлаган, кийимлари ҳам илвироқ. Юрганида ўргимчак тўрларини авайлагандай, оёғидан бошқа жойини қимирлатмасликка тиришиб юрарди”.
Бегона. Ким бўлди бу? Нега ҳовлисидан ўзига гўр қазиб, уйини мозор қилиб олган? Қандай куч уни тилсиз-забонсиз қилиб, ювинмаёқ, кафанга ўранмаёқ, гўрга киришга мажбур қилди? Бегона. Асли шу қишлоқликми? Бегона шу ерлик киши, шу қишлоқнинг одамидир, балки? Эски замонлардан буён шу Қишлоқда яшаса-ю, ҳеч ким танимаса?! Бегона кимлиги ҳатто ўзининг ҳам эсидан чиққан, бир тирик мурда.
Ҳикоядаги образлар, деталлар, ҳатто девонанинг: “Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..” деган хитоби ҳам рамзий бўлиб, асар кўп маъноли бўлиши учун хизмат қилади.
Бегонанинг танаси ўргимчак томонидан “асир” қилинган, рамзларни талқин қилган мутахассисларнинг фикрига кўра, тана руҳ маркази, ҳаёт кучлари маскани ҳисобланса, бош ақл-идрок, ҳокимият рамзидир. Қўл ҳукмронлик, куч, садоқат рамзи. Бурун – номус, қулоқ – сергаклик, соч ва соқол – ҳаётий куч-қудрат, бойлик рамзлари ҳисобланади. Бутун бошли танани ўргимчак ўз уясига айлантириб, бировнинг уйига, мулкига, ҳокимиятига, эркию озодлигига рахна солмоқда, маънавий юксалишдан соқит қилиш – бош мақсади. Бегонанинг “оғзини хиёл очиши” унинг яшашга бўлган истагидан далолат беради, ўз эрк-ихтиёри билан яшаш…
Девона Бегонанинг гапиришини узоқ кутди, сас чиқавермагач, ўзи бир нималар дегандай бўлди. Қишлоқ унинг гапини эшитмади, яқинроқ келишга ва бу Девона билан бу Бегонанинг гапларига қулоқ солишга юраги бетламади. Хўш, Девона нима деди? Нега муаплиф Девона ва Бегона ўртасидаги суҳбат сир бўлиб қолишини хоҳлади? Бу қандай гап эди? У гапдаги дард Девонаникими ёки Бегонаники? Балки, Қишлоқ дарди, инсоният дардидир?! Ҳикоя мазмунини очадиган калитни шу жойда йўқотиб қўясиз Турли хил саволлар гирдобига ташлайдиган бу воқеа жумбоқ. Сир фақат Девона ва Бегонага маълум. Ўқувчи эса фикрлашдан, мушоҳада юритишдан, турли хил ўй-хаёлларга берилиб, ҳикоянинг асл моҳиятини англашга бўлган ҳаракатдан чарчамайди.
Девонанинг Бегонани ис босган қулоғига ўкириши ва ихтиёрсиз қимирлашидан чирт узилган ўргимчак тўрлари ечимсиз саволлар ва қарорсиз фикрларга калит вазифасини ўтайди. Аммо тағин, Бегонанинг ўз гўрига кириб кетиши, Қишлоқнинг яна жимжитлик чуқурига чўкиши ўқувчини тубсиз ўйлар қаърига ташлайлайди: “Девона кетди. Жар ҳам солмай қўйди, орқасига ҳам қарамади, Қишлоқда қандай тўсатдан ва билдирмай пайдо бўлган бўлса, шундай тўсатдан ва билинтирмай йўқолди. Бегона яна эшигини ғийқиллатиб… гўрига кириб кетди. Қишлоқ тағин жимжитлик чуқурига чўкди. Бу сирли-жумбоқли манзара кўзлардан тез ўчгани сингари эслардан ҳам тез ўчди. Худди аслида бўлмагандай…”
Рамз асосига қурилган ҳикояларнинг афзаллиги, ундан ҳар бир ўқувчи ўзича, ўзининг ҳаётидан, дунёқарашидан келиб чиқиб, хулосалар қилишидадир. Ўқувчи муаллиф назарда тутган фикрларни англай олиши ёки англамаслиги ҳам мумкин.
Рамзий ҳикоялардаги хулосалар бир эмас, бир нечта бўлиши табиий. Девонанинг бу келиш ва кетишида инсоннинг туғилиш ва ўлиш орасидаги машаққатларга тўла ҳаёт йўли, кураши, фикр ва ғоялари акс этгандир, балки?! Балки ҳикояда ўтмишда зулмдан озор чеккан халқларнинг аччиқ қисмати тасвирлангандир?!.
Бадиий адабиётнинг зиммасига юклатилган улкан вазифалардан бири инсонлар кўнглини поклаш, руҳини ғуборлардан тозалашдир. Чунки покиза кўнгил ва тоза руҳ бўлган кишидагина эзгуликка, яхшиликка, олижанобликка майл юзага келади. Тоза руҳ ва покиза кўнгилни қарор топтириш, шакллантириш учун ҳар бир одам покланиш йўлини ўташи лозим. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон асарларининг бош ғояси инсон кўнглини поклаш, маънавиятини юксалтириш, гўзал хислат ва фазилатлар эгаси бўлиб, яхшилик йўлидан юришдир. Адибнинг “Чилла", “Этакдаги кулба” каби ҳикоялари бугунги адабий жараёнда ўзига хос, ноанъанавий, бир-бирига ўхшамаган ва бир-бирини такрорламаган гўзал асарларнинг майдонга келаётганини кўрсатади.
“Шарқ юлдузи”, 2013 йил 2-сон
Leave a Reply