Илҳомжон ҳақида сўз

Ilhomjon HasanovИлҳом Ҳасанов… Миллий маданиятимизнинг кўрки бўлиб келаётган бу ажойиб инсон, афсуски энди орамизда йўқ. «Ёш куч» ўқувчилари унинг «Ширинсан, оғриқсан, Самарқанд» ва бошқа қатор пурмаъно мақолаларини саҳифаларимизда кўп ўқиган.

Самарқанд дорилфунунининг доценти — истеъдодли олим, ёзувчи, бир покиза инсон сифатида у дўстлари қалбида бир умр яшаб қолади.

«Ёш куч» таҳририяти.

 

 

 

Икки дунё ичра, Илҳом, бирдайин талош бўлиб кетдинг,    

Сенки инсон эрдинг, шундин чароғон қуёш бўлиб кетдинг.

 

Келдинг, илм деб ўтдинг, кетурсан фароғат кўрмай,

Яхшисан шул боисдин ғамларга сирдош бўлиб кетдинг.

 

Бировлардан эшитганман таърифинг тенгдош дўстим,

Ҳатто кетар чоғингда нотанишга қардош бўлиб кетдинг.

 

Бу хабардин ғам чекди билганлар, элингнинг

Дилидан ситилган қатра ёш бўлиб кетдинг.

 

 

Абдураҳмон ЖЎРА


 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Камина Илҳомжон билан яхши инсонлар орқали танишганман. Кейинроқ дўстлашиб кетдик. Шунда билдимки, Илҳомжоннинг ўзи-да яхши инсон экан. Меҳргиёси бор эди унинг. Дўстларининг доим ҳавасини келтирарди, бегоналарнинг бир нафасда меҳрини қозонарди. Муомалада ниҳоятда тарбияли йигит эди.

Умри қисқа экан, қаторимиздан эрта кетди. Тангри таоло унга раҳматлар ато этган бўлсин.

Илҳомжон тиниқ адабиётчи эди. Мақолалари, ҳикоялари самимийлиги билан ажралиб турарди.

У ҳалокатга учраганида камина катта ҳаётдан озгина узилиб яшаётган эдим, шунинг учун унинг ўлимидан хийла хабарсиз қолдим. Таъзиясига бора олмадим, ота-онасидан кўнгил сўрай олмадим, аммо рўзномалардан бу машъум хабарни ўқиганимда, анчагача ўзимга келолмай юрдим. Ўзимча мотам тутдим. Эсласам, ҳар гал кўз ўнгимга икки норасида ўғилчаси келаверади. Бунинг ҳам сабаби бор.

Бундан беш йиллар муқаддам катта поччамиз Муҳаммаджон акам билан бирга Самарқандга йўлимиз тушди. Бир кеча Илҳомжоннинг меҳмони бўлдик. Тунузоқ суҳбатлашиб чиқдик. Ётаётганимизда Муҳаммаджон акам қулоғимга: «Бамаъни йигит экан!» деб қўйдилар. Эрта билан нонуштадан аввал меҳмонхона эшиги секин очилиб, Илҳомжоннинг уч-тўрт ёшли икки ўғилчаси одоб билан кириб келишди. Ювинтирилган, тоза кийимлари кийдирилган, эгниларида жажжи-жажжи беқасам тўн, бошларида дўппи. Навбатма-навбат «Ассалому алайкум!» деб сўрашиб, яна одоб билан чиқиб кетишди.

Эрта тонгда меҳмонлар ҳузурига саломга киритилган эди улар! Халқимизнинг энг бебаҳо удумларидан бири эди бу!

Муҳаммаджон акам шу ҳодисани оилада, ишхоналарида узоқ гапириб юрдилар. Илҳомжонга, унинг оиласига меҳрлари тушди. «Шу оғайнингизни албатта Қўқонга олиб келинг, бир меҳмон қилайлик!» деб қайта-қайта менга тайинлардилар. Афсус…

Бир гал Қўқонга борганимда Муҳаммаджон акамга Илҳомжоннинг ҳалок бўлганини айтдим.

Кўзларидан ёш чиқиб кетди. «Бу ёқларга бир олиб келмадингиз-а…» дедилар. Юракларимиз ўртанди.

Шунақа. Илҳомжон яқин биродарларининг ҳам, бир кўрган танишларининг ҳам қалбида армон бўлиб қолди. Илоҳи, оиласининг ва фарзандларининг умри узоқ бўлсин. Тангри уларни иймонли, инсофли, тавфиқли бандалардан бўлишларини насиб этсин. Омин.

 

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН

 


“Ёш куч” журнали, 1992 йил, 9-сон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*