Тошкент вақти билан соат 17:50 да учган учоқ Истанбулга маҳаллий вақт билан 21:15 да қўнган. Орадаги 2 соатлик фарқни қўшсак осмонда ҳаммаси бўлиб беш соату йигирма беш дақиқа бўлдик. Йўлнинг табиий қийинчилиги, бунинг устига қўналғада бир оз ушланиб қолганимиз, кутиб олувчилар ила яна икки соатча шаҳар ичида такси йўлчилиги, ўзимизга ажратилган уйга жойлашиш, озгина тамадди… хуллас, ҳам чарчоқ, ҳам кеч бўлиб кетгани ётар олдидан менда, бомдодга тура олмай қолсам-а, деган хавотирни уйғотди.
Тилпоннинг уйғотувчи хизматини уладим. Ҳар икки дақиқада қайталайдиган дастурига қўйдим. Онасига ҳам вақтли туришни тайинладим. Кўрпага кирарканман, Оллоҳга илтижо қилиб, ғафлатдан асрашини ўтиниб сўрадим. Ва…
Қачон уйқуга кетганимни билмайман…
Бир пайт шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Уйқум ўчиб, шуурим тиниқлашган сари билдимки, тош қотиб ухлаб ётган мени илкис уйғотиб юборган "шовқин" аслида шовқин эмас, азон саси экан.
Азон!
У мени намозга чақираётган эди. Гўё тепамгача келиб кимдир мени намозга чорлаётгандай бўлди!
Илк "Оллоҳу акбар!" садосиёқ мени қаттиқ уйқудан уйғотиб юборди. Қизиғи, тунги чарчоғимдан аср ҳам қолмаган эди.
Азоннинг гулдурос овози мени маҳлиё этди. Эгнимга спорт нимчани ташлаб, уй айвончаси (балкони)га чиқдим.
Жойлашган уйимиз (ўтган гал келганларимда билганман: бу ерда бунақа уйларни "Апартман" дейишади) ўзи тепаликка қурилган, бунинг устига тўққиз қаватли, яна бунинг устига энг тепа қавати бўлганидан тонгги Истанбул катта-кичик чироқлар шуъласидан живир-живирлаб худди оёғим остида ястаниб ётгандек турарди. Ҳар маҳаллада осмонга нур таратиб турган миноралар, ҳаммасида орқама-кетин янграётган азон!..
Муаззинлар Истанбулни уйқудан уйғотиб, "Намозга шошилинглар! Намоз уйқудан афзалдир!" деб жар солишда давом этарди. Тўғриси, анчадан бери бунақа маза қилмаган эдим!
Азонни томоша қилдим! Ўзиям нари-бериси билан ўн дақиқача Истанбул осмони азон сасига тўлиб-тошиб турди!
Бирдан тунги хавотиримни эслаб, хижолат бўлдим. Бу ерда тилпоннинг уйғотувчи жингиллоғидан қудратли, жонли азон борлиги нимага бирдан эсимга келмади! Бўлмаса, олдинги гал келганларимда ҳам бундай азонлар чорлови билан намозлар ўқиган эдим-ку…
1992 йили Наманганга борганимда ҳам худди шунақа ҳолатга тушган эдим.
Ўшанда "Моваруннаҳр" нашриётида ишлар эдим. Диний идора ходимлари билан бирга кўпчилик бўлиб Наманганга – зарур бир йиғилишга борган эдик. Довон ошиб, ўшанда ҳам толиққанмиз, кечгача тадбирлар бўлиб яна чарчадик ва ётар пайти худди шунақа хавотир туғилган: "Ишқилиб, бомдодга ухлаб қолмайин-да…"
Қўшни хонага жойлашган Салоҳиддин қори акага (Оллоҳ раҳматига олсин): "Билиб бўлмайди, уйғотиб қўярсиз", деб илтимос қилиб ётганман…
Ўшанда ҳам худди бугунгидай гулдурос азон товушлари уйғотиб юборган, сўнгра… келган еримиз Наманган эканини эслаб, кечасидаги хавотиримдан хижолат бўлган, ҳам кулган эдим.
У пайтлари Наманганда азон айтилганидан уч-беш дақиқа ўтказиб ўзбекча қўшимча ҳам қилинарди: "Ҳов, биродарлар! Ухлаб қолманглар! Намоз уйқудан афзал! Намозга келинглар-ов!.." Ва ҳоказо.
Мана шунақа тассуротлар, мана шунақа хотиралар билан Истанбулда илк тонгни қаршиладик.
Leave a Reply