
“Ёшлик” саволларига жавоблар
1. Ўзликни англаш нима дегани?
Бу нарсани ҳар ким ҳар хил тушунади, натижада ҳар хил тушунтиради. Ҳар бир нарса, ҳодиса, тушунча ва ҳоказонинг сирти бор, ичи бор. Ичига етиш қийин, сиртининг ўзи эса, ҳамиша ҳам “ўз”и (асли) бўла олмайди. Яъни, сиртигагинабоқсангиз, у нарса ва ҳодиса ҳақидаги тушунча шунга яраша юзаки бўлади, ичига ҳам боқа (кўра) олсангиз, у нарса ва ҳодисанинг ҳақиқатига етишингиз осонлашади.
Менимча, “ўзликни англаш” нималигини билиш учун олдин “ўзлик”нинг ўзи нима эканини билиб олиш керак. Сўзнинг сиртидан ҳам кўриниб турганидек, “ўзлик”нинг ўзаги “ўз”дир. Яъни, “ўзлик” “ўз”га тегишлидир. “Ўз” эса, “асл” демакдир. Жайдарича айтганда, киши бир куни ўзига “Мен кимман?” деган саволни берган заҳоти у ўзини англаш йўлига чиққан, биринчи қадамини қўйган бўлади.
“Мен кимман?”нинг жавоби эса, икки хилдир:
1)мен бошқа барча нарса қатори, шубҳасиз, яратилган бир борлиқман, шубҳасиз, менинг бир Яратувчим бор; 2) мен бошқа барча нарса қатори ўзимдан-ўзим пайдо бўлган бир борлиқман, ҳеч қанақа яратувчи йўқ.
Бундан ўзликни англаш ҳеч қандай воситасиз ишончга боғлиқ экани кўринади. Яъни, ишончига қараб кишилар ўзликларини англашда энг катта икки гуруҳга ажралишади.
Қай бири ҳақ? Ҳар иккиси ҳам ўзини ҳақ деб билади, бошқасини адашаётганликда айблайди. Бу дунёда, инсоннинг ўлчовига кўра, бу тортишувнинг таги кўринмайди. Инсоният ер юзида бор қилинганидан бери бу масалада тортишиб келади, бир-бирига фикрини ўтказишга уринади. Биз ҳозир бу баҳснинг ичига кирмаймиз-да, саволнинг ўзига кечақоламиз.
Савол мендан сўралаётгани учун бу борада мен ўзимнинг жавобимни айтаман. Жавобим эса қатъий: шубҳасиз, мен яратилган бир борлиқман –ўзимни шундай танийман, шундай англайман! Бошқача бўлиши мумкин эмас!
Ўзликни бу каби англашда, Яратувчини бор деб билиш билан, дунё ҳам теран англанади. Жимитдеккина бир шахс билан улкандан-улкан дунё орасида буюк бир уйғунлик, боғлиқлик ҳосил бўлади. Ҳамма нарса ўз шакли, ўз ҳаёт тарзи, фақат ўзига хос бир вазифа билан яратилгани ҳамда бу вазифасини мукаммал адо этаётгани маълум бўлади.
Яъни, мен бу дунёга тасодифан ёки бўш келмадим, айни ўз вақтимда ваўзимга яраша бир вазифа билан келдим. Инсонлик бурчимни ўтаб бўлгач, бу дунёдан озод этиламан…
Демак, Яратган Зотни танилса, тан олинса, “ўзлик” ҳам бор ҳақиқати билан англанади. “Ўзини таниган Яратганини танийди”, деб бежиз айтилмаган. Бу дегани Яратганини танимаган ўзини танимайди (англамайди), деганидир. Киши ўзининг йўқдан бор қилинганини, ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмаганини, бир Буюк Яратувчиси борлигини, у шу Яратувчига қуллик қилиш учун яратилганини билса, тўғри манзилга етибди –ўзини англабди. Акс ҳолда ўзини ҳам, бутун бу борлиқни ҳам ҳақиқати билан англамабди.Англаганга ўхшаб туюлса-да, хато англабди.
Бу гаплар бутун инсон зотига тегишлидир. Айни чоқда, одамлар дунёда турли миллат, турли дин, демак, турли маданият ичида яшайди. Демак, инсонлик нуқтаи назардаги ўзликдан ташқари энди ундан майдароқ – миллий, диний ўзликлар ҳам юзага келади. Буниси қандай англанади? Албатта, асли тўғри англаб олинганидан кейин ўзликнинг булар каби майда кўринишлари ҳамўз-ўзидан тўғри англанаверади.
Юз ўттиз йиллик мустамлака остидан чиққан бир миллат ўлароқ бугун биз қайтадан ўзликни англашга киришяпмиз, бу шарафли юксалишнинг илк босқичида турибмиз, илк қадамларимизни қўймоқдамиз. Яқин кунларгача устимизда ҳукмини юритганлар бизга, динимизга, маданиятимизга, ўзлигимизга бегоналар эди, улар бизга ҳам ўзларининг “ўзлик”лариниюқтиришга уринишди. Натижада ўзлигимиздан ажралишимизга оз қолди. Аммо биз бугун янги ўзлик қидириб ўтирмаймиз. Йўқотганимизни, йўқотаёзганимизни қайтадан топсак бўлди. Адашишлар, улоқишлар етар, ўзликни англашда, ҳис қилишда бошидан тўғри йўлга тушиб олишимиз керак.
Энди, мумтоз адабиётимизда “ўзлик”нинг бошқача бир англами ҳам бор. Битта шахсга тегишли, асосан дунёга боғланган қисмимиз назарда тутилади. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ўзлукдин ўзунгни айла озод, То дашти фаноға киргасен шод” (“Лайли ва Мажнун”дан)деган байтларидаги “ўзлук” Яратган билан боғланиб кетишга тўсқинлик қиладиган шахсий хусусият (дунёвий барча орзу-истак)ларни билдиради. Ўзингни бу каби хусусиятлардан мутлақ озод қилсанг, Яратганингга тўсиқсиз қовушиб кетасан, дейилмоқчи (бу байтни яна бошқача ва узоқ шарҳлаш ҳам мумкин).
2. Бахт деганда нимани тушунасиз?
Бу саволга бир жумла билан жавоб бериб қўяқолсам ҳам бўлар эди. Чунки аслида бу савол биринчиси билан узвий боғлиқдир.
Яратувчини бор деб билиш, ҳаётини шу ишонч асосига қуриш, демак, ўзини тўғри англаб етиш ҳар бир киши учун энг олий бахтдир. Ўзни тўғри англаб етмаслик бахтсизликдир. Тамом.
Лекин ўқувчи бу гапнинг ўзига қонмайди. Шу боис бир оз ёйиб тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Ўзликни англашнинг икки мақоми бўлганидек, бахтнинг ҳам олий ва майда мақомлари бор.
Бизларни ҳайвон эмас, инсон қилиб яратди, инсонлар ичида Ўзига ишонадиганлардан қилди, ўзимизни танидик, Яратганимизни танидик – булар ҳар бир киши эришишни орзу қиладиган энг олий бахтлардир.
Бундан ташқари турмушга боғлиқ, дунёвий ўлчовдаги бахт тушунчалари ҳам бор. Улар ҳар кимнинг ўз қаричи билан ўлчанади. Кимдир озгина бойликка эришишнинг ўзини, кимдир ўша озгина бойлигини яхши бир ишга сарфлашнибахт деб билади. Ҳатто ўзи камбағал бўлса-да, қаноатини бахт ҳисоблайдиганлар бор!
Кимгадир чиройли хотин, кимгадир одобли хотин бахт. Яхши ота-она бир бахт бўлганидек, яхши фарзандлар ҳам катта бир бахтдир! Киши жамиятда ўзини озод ва эркин ҳис этиши бахт бўлганидек, қонун доирасида нафсини чеклай олиши ҳам бахтдир!
Бир ҳисобга, ҳатто ўғри кечаси жонини таҳликага солиб ўғриликка тушса ва омади чопса,у ҳам ўзини бахтли ҳисоблайди, гўё ундан бахтли кимса йўқ!(Албатта, охиратда аламли азобларга йўлиқтирадиган бунақа “бахт”лардан Оллоҳ қўрисин!)
Амаллар ҳалол ва ҳаромга ажралганидек, бахт ҳам ҳалол ва ҳаромга ажралади. Киши эзгу бир орзуларга улашди дейлик –кўнглидаги бир қизга (йигитга) уйланди, чиройли оила қурди, ўғил-қизлар кўрди, уларнихуш одобли қилиб тарбиялади, илм олди, уй солди, мошинали бўлди, жамиятда обрў-эътибор қозонди (в.ҳ.) –булар ҳалол бахтларга мисол бўла олади. Ҳаромининг биттасини тепада айтдик. Ва яна шу кабилар. Аслида, Оллоҳ ҳам, қонун ҳам қайтарган ишларда бахт бўлмайди. Гарчи эгалари ўзларини бахтли санашса ҳам.
Баъзан бахтда бахтсизлик, бахтсизликда бахт бўлади. Буни қандай тушунилади? Масалан, киши ўзини бахтсиз санайди, аммо ёнида турган бахтни кўрмаётган ёки қадрига етмаётган бўлади. Аксинча, айримлар ўзини жуда бахтли ҳисоблайди, аслини суриштирсангиз, унинг бахт ўлчови бузуқ чиқади. Ҳикматларда, киши ютуқда ўзидан тепага (илғорларга) қарасин, етишмовчиликда ўзидан пастга (орқада қолганларга) қарасин, дейилган. Шунда ҳаммаси изга тушади. Ҳозиргина ўзини бахтсиз санаб турган киши аслида нақадар бахтли эканини тушуниб қолади.
Оллоҳ ҳаммаларимизни чинакам бахтларга эриштирсин.
3. Истеъдод ва имконият: қай бири муҳим?
Менимча, иккаласи бир-бирини тўлдиради. Имкониятни истеъдодни юзага чиқариш қобилияти ўлароқ танисак, демак, иккаласи ҳам муҳим. Қай бири бирламчи, деса бўлар балки. Мен истеъдодни биринчига қўйган бўлардим. Имкониятни тажриба билан ҳосил қилса бўлади, аммо истеъдод ҳосил қилса бўладиган нарса эмас. У берилади.
Демак, ижодий маънода имконият истеъдод билан бирдай аҳамиятли бўлса ҳам, мақом жиҳатидан истеъдоддан кейин туради. Моддий маънода тушунилса эса, бундай имконият ижод учун умуман муҳим эмас деб ўйлайман.
4. Сизнингча, ижодкорнинг жамиятдаги ўрни қандай бўлиши керак?
Сал олдинроқ айтдик: бу дунёга ҳамма ўз вазифаси билан юборилгандир. Демак, ҳамманинг жамиятда ўз ўрни бор. Жумладан, илмий, ижодий истеъдод берилганларнинг ҳам. Фақат, савияси ва қобилиятига қараб бу вазифа оддийликдан то буюкликка қадар ўзгариб туради. Билим, билимга қўшиб фаросат, фаросатга қўшиб уни қўллаш истеъдоди ҳам берилган ижодкорнинг жамиятдаги масъулияти бошқаларникидан катта ва оғирдир. Ижодкор шунчаки яшамайди, ўзинигина ўйламайди, энг олдин ва кўпроқ ўз қобилиятига яраша Ватани, миллати, дини, давлатини ўйлайди.Қолаверса, бутун инсониятни, бутун оламни ўйлашга,ташвишини чекишга, унга қайғуришга, кишилик жамиятининг оғирини енгил, ҳаётини чиройли ва осон қилиш йўлида тер тўкиб ишлашга мажбур.
Ижодкор ҳеч иккиланмай ва малолланмай шунақа катта вазифаларни елкасига олишга ҳақлидир. Бунда одамлар унинг меҳнати қадрини билаётгани ё билмаётганига қарамайди. Чунки унга шу вазифа юкланган, асосий мукофотини ҳам уни ер юзига шу вазифа билан юборган Зотнинг ўзи беради.
Ижодкор ўзига берилган қобилиятни бу дунёда ўзи фаровон яшаши, осон умр кечириши учунгина сарфласа, омонатга хиёнат қилган бўлади. Бутун истеъдодини шахсий ҳаловати йўлида ишлатса, шундай қимматли фаҳми-фаросатини, унга қўшиб инсонлик шарафини ҳам арзон баҳога сотган, сотилган бўлади. Оллоҳ таолонинг “Мен сизларнинг бойликларингизга қарамайман, уни қаерга ва қандай ишлатганларингизга қарайман”, деган маънодаги Сўзи моддий бойликкагина тегишли эмас, истеъдод берилганларга ҳам бирдай тегишлидир. Охиратда Яратганимиз “Мен сенга қанақа истеъдодлар берган эдим-у, сен уни нималарга сарфлаб юрибсан”, деб ҳиқилдоғимиздан олмайдими?!
Ижодкорнинг бошини силаш шарт эмас, унга ўз вазифасини ҳалол, чин юракдан бажаришига тўсқинлик қилинмаса бўлди. Зотан, бошини силатишни хоҳлаган ижодкор чинакам ижодкор ҳам эмас. Унақа “ижодкор” бутун фикри-зикрини бир сўм пулини икки сўм қилишга сарфлайдиган оддий уддабуроннинг ўзгинаси бўлиб қолади. Бошқача айтганда, жамият касал бўлса, иллати ойдинларида, ижодкорларидадир. Ёки, аксинча,жамият чиройли бўлса, шарафнинг кўпроғи ойдинлари, ижодкорлари бошига ёғилади.
5. Ёзганларингиз ҳаммаси ростми?
Бирнима дейишга одам ийманади…
“Самимийми?” деган маънода сўралаётган бўлса, қўлимни кўксимга қўйиб айтаман: ҳикояларим ҳаммаси самимий – уларни юрагимдан чиқазиб ёзганман. “Шу ерлик киши” қиссамга келсак, ғояси ўзимники бўлса ҳам, баёни тўласича ўзимники, дейишга бир оз иккиланаман. Ёш эдим. Катта ишга қўл ураётганимда балки тўла ижодий мустақил бўла олмагандирман. Кимларгадир ўхшашга ҳаракат қилиб тўқиган жойларим ҳам бор, ўзимнинг юрагимдан чиққан жойлари ҳам бор. Тақлид қилган ўринларимни ўқисам, ҳалигача ичимдан хижолат тортаман, ўзим топган, ўзим тўқиган воқеалар эса (бундай жойлари кўп, албатта), ҳалигача ўзимга ёқади.
Ҳар қандай бошловчида ўтган ё замондош машҳурларга эргашиш бўлиши бир томондан табиий, албатта. Муҳими, тақлиддан тез қутулиб, ўзининг мустақил йўлини топиб олиш.
Тақлиддан ўз йўлига ўтиш жараёни ҳар кимда ҳар хил кечади. Мен узоқ йиллар ёзмай қўя қолдим. Албатта, ёзмай қўйганимнинг бошқа асосий сабаблари бор – мен уларни “Ёшлик”да чиққан бир мақоламда уч йилча бурун қисман айтганман. Лекин бу сабаблар қаторида ўз йўлимни топишга интилиш ҳам бўлганини таъкидламоқчиман. Назаримда, энди нима ёзсам, у мутлақ меники бўладигандек. Кимнингдир қаеригадир ўхшаб кетиб қолса ҳам, у тақлид натижаси эмас, балки ижодий тажрибада кўп кузатилганидек, ихтиёрсиз равишда, хабарсиз ҳолатда бўлиши мумкин…
Шу савол баҳона адабиётда ростлик нечоғли бўлиши ҳақида анчадан бери кўнглимда кечиб юрган айрим мулоҳазаларимни айтиб олсам.
Ичувчилар орасида “Мастлик – ростлик” деган гап юради. Мастликда оғзининг боғи бўшаб кетиб, ичидагини ташига чиқариб юборишни ростлик дейишади. Аслида, буни ростлик деб бўлмайди. Ёки “ифлос ростлик” деса бўлади.
Ростликнинг ифлоси ҳам бўладими, деб ҳайрон бўладиганлар бордир. Алишер Навоий ҳазратлари “Маҳбубул қулуб”да Жаноби Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бир ҳадисларига суянган ҳолда: “Хирадманд улдурким, ёлғон демас, Аммо барча чин дегулик ҳам эмас”(68-танбеҳ, ТАТ 9-жилд 524-бет. Ғафур Ғулом НМИУ 2011й.)(Ақлли, доно киши ёлғон сўзламайди, лекин ҳамма ростни ҳам айтиб бўлмайди), деб ёзганлар. Демак, ҳаётда айтишдан қайтарилган, дейилиши истанилмаган чинлар ҳам бор. Бундай “чин”лар тилга кўчса, оилаларда, одамлар орасида, юртда фитналар чиқиб кетиши мумкин. Бунақа ёмон ишларга олиб келадиган ростлик албатта ифлос бўлади-да!
Мен бугун адабиёт даъвосида ўртага чиқаётган мана шунақа “ифлос ростлар”дан хавотирдаман. Масалан, тўшак ишлари очиқликка чиқиб кетди! Ҳалоли ҳам, ҳароми ҳам! Аммо адабиётда кўпроқ ҳаром тўшаклар кўпроқ тасвирланяпти.(Афсус билан тан олишим керак, бир замонлар ўзимнинг ижодимда ҳам бугун одамни хижолатга қўяётган бир-икки саҳна ёзилган.) Тўғри, ҳаётда бузуқ ишлар кўпайди. Ахлоқ ўлчовлари ўзгариб, ақл олмас ишлар ҳам содир бўляпти.Бундай пайтда адабиёт нима қилиши керак? Орқа-олдига қарамай бир бошдан тасвирлайвериши керакми? Йўқ! Кўпйиллик ҳаётий ва адабий тажрибамдан, олган сабоқларимдан бугун мен бошқа бир тўхтамга келдим: адабиёт омма орқасига тушиб олиб, ундан чиқаётган ахлатларни титиб кун кўрадиган қузғун эмас! Балки омманинг олдига ўтиб, жамиятни эзгулик сари илҳомлантирувчи тоза бир ҳунардир. Адабиёт ҳар хил йўлларга улоқиб кетган одамларга эргашувчи бўлиб тугул, уларни Тўғри Йўлга эргаштирувчи бўлиб майдонга чиққан.Адабиёт ҳаётнинг шунчаки инъикоси ҳам эмас! Адабиёт ҳаётга тўғри боқиб, тўғри хулосалар чиқариб, жамият йўлини тўғрилик-лаёритиб борувчи бир нурдир.
Бегона маданият эгалари узоқ йиллар “Адабиёт ҳаётни у қандай бўлса шундай ёритиши керак”, деб мияларимизгақуйишди. “Илмий” тилларида янаям баландпарвоз қилиб: “Адабиёт ҳаётни объектив тасвирлаши керак”, деб ўргатишди. Адабиётнинг асл вазифасини нурликдан шунчаки ойнакликка тушириб тушунтиришди. Адабиёт шунақа экан-да, деб биз ёзувчилар охир-оқибатда майдалашиб кетдик ва… бировнинг маҳрам хоналаригача бостириб кириб бориш даражасида тубанлашдик: кўзларимизни лўқ қилиб, тўшаклари тагигача ютоқиб“кузата” бошладик.
Тўшак ишлари қадимда бўлмаганми? Балки ҳозиргидан бешбаттар кўринишларда бўлгандир. Лекин бизнинг мусулмон Шарқи ёзма адабиётида (Ғарбнинг шилта литературасидан фарқли ўлароқ)унинг яланғоч тасвирлариҳеч учрамайди! Ўзимизда Алишер Навоийдан тортиб Ҳазиний ё Ҳувайдогача ўртада кечган бутун ижод аҳли нимага “ифлос ростлик”ни қаламга олишмади? Адабиётнинг вазифаси “бунақа ростлик” эмаслигини улар жуда яхши ҳис этишар эди!
Ўрни келиб қолди, бир газетда чиққан мақоламнинг мавзуга тегишли бўлдагини биргаликда бир эсласак:
“Бошда Алишер Навоий ўлароқ, бутун мумтоз адибларимиз…ўқувчининг паст туйғуларини қитиқловчи ифлос манзараларни тасвирлашни адабиётнинг вазифаси санашмаган. Шеър ёзиладими ё қисқа-лўнда ҳикоятлар, ривоятлар битиладими, ниятлар ва ғоялар олий бўлган. Масалан, Алишер Навоий ишқни учга бўлиб, биринчиси ўлароқ авом ишқи ҳақида сўйларкан, уни ҳам иккига ажратадилар. Буюги деб шаръий никоҳни, пасти деб никоҳдан ташқаридаги “ишқ”ни айтадилар ва, қулоқ солинг, шу ўринда ҳазрат нима дейдилар: “Ва пастроқ мартабасида паришонлиқ ва мушаввашлиқлар ва бесомонлиқ ва нохушлиқлареки, зикри тарки адабдир ва баёни беҳижоблиққа сабаб”(“Маҳбубул қулуб”дан). Яъни, никоҳдан ташқаридаги ишқ тубан иш бўлиб, турган-битгани паришонлик, ташвиш, саросима ва нохушликлар келтиради, уларни эслаш (тилга олиш) одобдан эмас, энди уни баён қилиш (бировларга гапириб бериш ёки ёзиш) уятсизликдир! Яна ҳам яъни: тўғри, бу каби паст ишлар ҳаётда учрайди, аммо уларни ёзиш ўзи каби паст ишдир, адабиёт бундай ишлардан баланд туриши лозим”.
Бугун ҳатто: “Адабиёт одобиётдир” десангиз, ғаши келадиган “ижодкор”лар тоифаси пайдо бўлди. Унақада Алишер Навоий бошлиқ бутун мумтоз адибларимизнинг ижод ҳақидаги, адабиётнинг жамиятда тутган ўрни ва вазифаси тўғрисидаги фикрларини қаёққа ташлаймиз?! Унақада иккиюзламачилик қилмайлик-да, ичимиздагини ташимизга чиқариб: “Улар эскирди, бугунга тўғри келмайди, бу масалада бугун биз фақат Ғарбга қараймиз, улардан ўрнак оламиз”, деб қарашларимизни очиқ баён қилиб қўяқолайлик. Бир ёқда Алишер Навоийни ва Абдулла Қодирийни улуғларимиз деймиз, иккинчи ёқда уларнинг йўриқларини инкор этамиз. Самимиятимиз қоладими бунда!
Демоқчи бўлганим, айрим асарлардаги бу каби мастона ростликлар ҳеч қачон асл ростлик бўла олмайди. Бўлса, ифлос ростлик бўлади.
Аслида, адабиёт ростликдир,одобли бир хилқатдир. Бошқача айтганда, одоб доирасидаги адабиётгина чинакам адабиётдир.
2014 йил июнининг 12–19-кунлари.
(“Ёшлик” журнали 2014 йил 6-сонида чоп этилган.)
Leave a Reply