Имом Бухорий «Саҳиҳ» ларида келган бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (саллоллоху алайҳи васаллам) бундай деганлар:
«Ла йумину аҳадукум ҳатта йуҳибба ли ахийҳи мо йуҳиббу ли нафсиҳи»
«Ўзингиз яхши кўрган нарсани биродарингизга (ҳам) раво кўрмагунингизча ҳеч бирингиз чинакам мўмин бўла олмайсиз».
Бу ҳадиси шариф мўмин кишининг ахлоқи қандай бўлиши лозимлигини кўрсатади. Исломда сахийлик сифатининг нақадар баланд ўрин тутганига далолат қилади. Аммо «яхши кўрган нарса» деганда фақат моддий неъматнинг ўзини тушунмаслик керак. Бошқача айтганда, бу ҳадиси шарифда моддий неъматлар билан сахийлик қилиш ҳам кўзда тутилган, бироқ шунинг ўзигина эмас. Ҳадиси шариф маъносини янада тўла билиш учун, аввало, мўмин нима нарсани яхши кўради, деган саволга жавоб топиш керак.
Албатта, мўминнинг энг «яхши кўрган нарса»си унинг кўксидаги имонидир. Чинакам мўмин бошқа ҳеч бир нарсани Аллоҳ таолони ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафони (саллоллоҳу алайҳи васаллам) севганчалик севмайди! Чинакам мўмин ёлғиз Аллоҳнинг розилигани истаб яшайди, бу дунёнинг лаззатидан у дунёнинг лаззатини афзал билади. Имонини ҳамма нарсадан ортиқ кўрганидан имон учун яшайди, имон учун ўлишга тайёр туради. Имонини ҳамма нарсадан ортиқ кўрганидан бу дунёда ҳам у ҳузур-ҳаловатда, роҳатда умр кечиради.
Булардан келиб чиқадики, комил мўмин бўлишдан умидвор ҳар бир киши ўзининг мана шу ҳолатини яқин биродарларига ҳам, хотин ва бола-чақаларига ҳам раво кўриши лозим бўлади. Дарҳақиқат, ўзи имон нуридан, имон лаззатидан баҳраманд бўлиб юраверса-ю, бошқаларга ҳам шундай нурни раво кўрмаса, у кандай мўмин бўлади?!
Демак, мазкур ҳадиси шариф ботинида, Исломга даъват қилиш ҳар бир киши имонининг комиллиги белгиларидандир деган маъно ҳам бордир.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу муборак васиятларига амал қилган ҳолда, комил мўминлик сари интилиб, ён-атрофимиздагиларга ҳам имон улашайлик, ўзимиз яхши кўрадиган Исломни бошқаларга ҳам раво кўрайлик, даъватни бир дақиқага ҳам тўхтатмайлик.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
“Ислом нури” газетаси, 1993 йил, 8-сон
Leave a Reply