Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони асосида киноқисса
Ўзлукдин ўзунгни айла озод,
То дашти фаноға киргасен шод.
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим.
Зулмат. Ҳозиргина дунёга келган чақалоқнинг ўткир қичқириғи янграйдир. Олам сокин эрди, бирдан бошланган йиғи бу сокинликни чок-чокидан сўкуб юборди.
Чақалоқ юзига самодан толим нур ёғила бошлади. Кўрса бўлардики, у бир меҳрибон ҳовучда ётибдир. Қип яланғоч бадан ва уни тутиб турган ҳовуч нурдан ажиб бижир-бижирга йўғрилган. Аёлнинг нозик билаклари чақалоқни кимгадир тутаётгандай эрди. Ёнга буриладир, бурилган сари ҳаволаб борадир. Чақалоқ қай томонга тутилса, бир толим нур-да у билан бирга силжийдир.
Ниҳоят, янги меҳмон аёл ҳовучидан катта бошқа бир ҳовучга оҳиста ўтказиладир. У қўл-оёқларини питирлатиб биғиллаб йиғлар, йиғиси сеҳрли ҳам юракларни титратгучи эрди.
Самовий нур отанинг шод-хуррам чеҳрасини-да қисман ёритадир. У чақалоқни юқорига тутганча, аста-секин пиллапоядан кўтарила бошлайдир. Лаблари қимирлайдир, менга шундай бир улуғ неъмат ҳадя этдинг, энди тақдирини-да бергин, Тангрим, дея Ҳақ таолога илтижо этаётгандай бўладир.
Теваракда ҳеч нимарса кўринмас, кўзга ғира-шира чалиниб турган зина поялари ер билан осмон ўртасида муаллақдай эрди. Қадам товушлари ва чақалоқнинг сеҳрли йиғиси ўзаро уйғунлашиб, кўнгилларни илоҳий ҳисга, илоҳий қудратга мойиллантирадир.
Бир пайт чақмоқданми ё самовий бирор тошнинг ёниб тушишиданми – дунё бир лаҳза кўзларни қамаштирадирган, қамаштириб кўр қиладирган ёруғлик ичида қоладир. Чақалоқ ҳам, ота ҳам, тубию тепаси кўринмас пиллапоя ҳам ёруғлик қўйнида эриб йитадир гўё. Аммо ёруғлик чатнаб бўлгач, шу сониянинг ўзидаёқ оламни яна қоронғилик қоплайдир ва борлиқ ҳар нимарса кўринмас бўладир.
Йиғи-да тинган. Тағин зулмат.
***
«Кеча кўзни юмиб ёруғлик истагандай қоронғи».
Бошсиз-адоқсиз саҳро бу сим-сиёҳ тун қўйнида ваҳимали кўринадир. Шамол зўрайгандан-зўрайиб борар, қоп-қора булутларнинг ларзон-ларзон кўрпаси тилка-пора бўлиб, саҳро узра шаррос ёмғирини қуяр эрди. Гоҳ Тур тоғи тепасида, гоҳ Нажд тоғи тепасида, гоҳ Мадина, гоҳ Қуддус томонларда чақмоқ чақиб, ўтлук сиртмоғини саҳро бўйнига ташлайдир, зулматдаги бу дунёни гўё бир лаҳзада бўғиб ёндириб юбормоқчи бўладир. Момақалдироқ еру кўкни зириллатар.
Хуллас, тун ғоят ваҳимали, шу ваҳимасию шу дағдағаси ила андак сирли эрди. Дунё бамисоли тўлғоқда, бунақа безовталикдан сўнг гўё нимадир ўзгариш рўй берадигандай.
Аммо саҳро кимсасиз эмас. Бир шарпа зулматга парвосиз, довулга қасдма-қасд кетиб борадир. Ярқираб чақнаган яшин ёруғида унинг дарвеш қиёфали киши экани билинадир. Узун, патила-патила сочлари ёмғирдан шалаббо бўлган, шамолдан елкаларига шап-шап урадир. Киши бир қўли ила салласини бостириб ушлаган, иккинчи қўли ила эса юз-кўзларини пана қилиб олган. Қаёққа кетаётгани билгили эмас, зулматда томонлар маънисини йўқотган – тўрт томони ҳам бир эрди. У онда-сонда тўхтаб, бирор нимарса кўриш илинжида атрофга аланглайдир, яна олға интиладир. Жандасининг барлари ҳўлдан кўпчиб, оёқларига ҳар урилганда билч-билч этадир. Ёмғир зарбига чидаб бўлмай қолдими, дарвеш шоша-пиша панажой қидиришга тушди.
«Кеча кўзни юмиб ёруғлик истагандай қоронғи».
Дарвеш эгнидан жандасини ечиб, саксовул шохларига ёйиб ташлади. Панасига энди кираётган эрди… шамол жандани шиддат ила юлиб олиб, тун қўйнига учирди. Дарвеш жон ҳалпида уни ушлаб қолмоқчи бўлди. Улгурмади. Бошидаги салласи ёйилиб тушди. Дарвеш саллани чангаллаганча, аламу изтироб ила қичқириб юборди:
– Бу тунми ё бало даштининг қора куними? Қаерга қадам қўймайин, офат! Бу зулмат водий қандай водийки, дағдағаси нафас йўлимни бўғадир?!
Дарвеш нидосини тўхтатиб улгурмасидан қоронғи осмон бағрига қилич сермагандай, ярқ этиб чақмоқ чақнади, кетидан гўё осмоннинг ўша тилинган жойидан чиқаётган каби, гулдурос бир инсоний товуш кела бошлади:
– Бу ер ишқ даштидир. Сен кўраётган бу яшинлар ишқ ўти, бу момақалдироқлар ишқ ҳайқириғи, бу ёмғирлар ишқ кўзёшларидир. Дунё яралганидан бери бу водийда бир кишигина яшади. Унинг вужуди ғам тупроғию ғам селидан ясалган, манглайига ишқ ўтию ишқ ели битилган эрди. «Эл ичра Мажнун эди сифоти, Лайли эди анинг ишқи балоси…» Нечун ҳайрон бўласан, одам?! Тангрига ишқи тушганларнинг ҳоли ҳам ўзгача бўлади.
Дарвеш борлиқни унутиб, ғойибдан келаётган бу товушдан ҳайратда ҳам даҳшатда, анграйиб осмонга қараб қолган эрди.
***
Аср билан шом ўртаси. Ҳаво очиқ. Кун дами хийла кесилганига қарамай, барибир иссиқ.
Қайс югурмоқдан бери бўлиб, юзлари кўпчиб, адир ёқалаб тушиб келаётир. Атроф сокин, манзаралар бениҳоя гўзал, аммо Қайс буларга парво қилмайдир, унинг фикру ўйида бошқа нарса, шу бошқа нарсадан ҳаяжонлари туғёнда – у севиклиси Лайлини кўриш, бир оғиз ёқимли сўзини эшитиш илинжида олдга ташланар эрди. Бир овоз келарди, унинг юрагидан чиқяптими ё ғойибдан келяптими – билиб бўлмасди:
– Эй ишқ…
Ким қилди сенга назарни равшан,
Кўрди еру кўкдагин муайян.
Чун боққали ихтиёр топти,
Ҳар сорики боқти, ёр топти…
Қарши ёқдаги адир ортидан Лайли чиқиб келар эрди. Унинг-да юзлари ҳаяжондан лов-лов ёнар, унинг-да кўзларида қувонч, соғинч ва интиқлик. Қайсга кўзи тушиб, бир сония одими секинлашди. Сўнг…
…Лайли у томондан, Қайс бу томондан бир-бирларига талпиндилар. Ғойибдан келаётган товуш энди иккаласининг юрагини шарҳлай бошлади:
Ё раб, мени дардманди маҳжур
Ким ишқ ўти жомим этти маҳрур.
Бу ўтдин кўнглим этма маҳзун,
Бал шавқини қил дамодам афзун.
Ошиқ-маъшуқ сойлиққа тушиб келишди. Бу ердан бир тиниқ сувли ариқча оқиб ўтган эрди. Сувнинг жилдирашига икки севишганнинг ҳансирашлари, шип-шип қадам товушлари ғоят монанд келиб, майса тиллари Лайли ила Қайс оёқларини майин қитиқлаётгандай, бу монандлик бизларнинг-да хаста юракларимизни қўшиб қитиқлар эрди.
Ораларида масофа жуда яқин қолганида Қайс:
– Лайли! – деб икки қўлини олдга чўзди.
Лайли ҳам ихтиёрсиз икки қўлини олдга чўзиб:
– Қайс! – деди.
Қўллар чирмашди. Таналарда ҳарорат кўтарилгани боис нафаслар оловга айланди.
– Лайли!..
– Қайс!..
Қайс тўлиб, нидо қилиб юборди:
– «Ул ой бу телба била ёрму экин оё? Замири ичра ғамим борму экин оё?»
Лайли-да тўлиб жавоб айлади:
– «Мен ул тараф боролмон, кўнгил кела олмас, Менингдек ул дағи беморму экин оё?»
Қайс дилдорининг кўзларига тикилди. Айтилганларнинг тасдиғини топмоқчи бўлди гўё.
– Сўзларингни ҳар гал эшитганимда кўнглим умидларга тўладир, – деди. – Аммо… тобора сабрим чидамас: бу азоблар қачонгача?
Лайли кўзларини олиб қочди. Балки бу ҳаёси ила ошиғининг юрагини баттар ўртамоқчи бўлди.
– Ҳали эрта эмасми? Ҳам… Тангрининг марҳамати ила… ихтиёрим ота-онамдадир.
Лайлининг бу озгина эркалик, озгина хавотирлик ила айтган сўзлари Қайснинг туйғуларини жунбушга келтирди:
– Тангрим шунча вақтдан бери иккимизнинг сабримизни синади. Энди ота-оналаримизга билдириб қўйишимиз жоиз. Иншаоллоҳ, эртагаёқ совчи юбортираман!
Лайли не деярини билмай, билса-да, бир нима дея олмай, каловланиб қолди…
***
Энди Лайли ила Қайсни сал муддатга шу ерда қолдирайлик-да, ўзимиз Лайли қабиласига кўчайлик. У ёқда бу ердагидан ўзгача ҳол юз бермоқда эрди.
…Ҳай хонадонида зиёфат. Қабиланинг эътиборли кишилари даврада қўр тўкиб ўтиришибди. Мезбонни санамаганда, бари бўлиб етти киши. Бири саллали, бири матони бошга ташлаб олган, лекин ҳаммаси соқол-мўйловли. Энг ёши – элликлар атрофида, энг кексаси саксондан ҳам ошган.
Дастурхон тўкин: қайнатилган гўштлар, нон, хурмо ва ҳоказо ноз-неъмат меҳмонларга мунтазир. Ҳай оёқ томонда ўтирибдир.
Меҳмонлардан энг кексаси суҳбат мавзуини ўзгартириб, Қайс тўғрисида сўз очди:
– Қўшни қабила бошлиғи Омирнинг Қайс исмли ўғли борлигини биласизлар. Илму ҳунарни бизнинг қабилада олган. Ҳам олим, ҳам шоир бўлиб етишувди. Шу шўрлик ақлдан озиб, кўпдан бери дашту саҳроларда фиғон тортиб юришни одат қилибди.
Меҳмонлардан яна бири ўтирганларга бир-бир қараб олиб, деди:
– Ҳа… эшитишимизча, паришонлиғи чексиз, девоналиғи беҳад зўрайганмиш.
Ҳай юзида ачиниш аломатлари кўринди.
– Ҳей, бечора! Уни кўп мақташар эрди, кўз тегдимикан? Эсимда, назокатли йигит эрди. Келиб, Лайлининг устозидан таълим олган. Ақли расолиги ҳаммани ҳайратга соларди-ку. Омирнинг Тангридан тилаб олган ёлғизгина ўғли-я… Шўрпешона ота-онанинг ҳоли не кечаётган экан энди?
Меҳмонлар зимдан бир-бирларига қараб олишди. Бири томоқ қириб, деди:
– Аммо… эл орасида тарқалган овозага қараганда, унинг ақлу ҳушини бир ишқ ғаму балоси, яъни, бир гўзалнинг ҳавоси ўғирлаган эмиш…
Ҳай ҳамон ҳеч нарсадан хабарсиз, Қайснинг тақдиридан юраги ачиётган эрди.
– Қайси гул иштиёқи уни бу ҳолга солибдир? Сиғинадигани қайси қабила экан? – деди ташвиш чекиб.
Яна кекса меҳмон сўз олди:
– Эй муҳтарам зот! Модам сен сўрадинг, айтмасак бўлмас. Қайснинг ишқи яхшими-ёмонми, билмаймиз. Бу даштда қабила кўп, аммо халқ бизнинг қабилага нисбат бермоқда. Табъининг нозиклиги, назмининг гўзаллиги сенга ҳам маълум. Унинг шеърларида бир исм кўп такрорланади, уни айтишга журъатимиз етмай турибдир.
Кекса меҳмон Ҳайнинг юзларига синчковлик ила тикилди. Ҳай тушунди. Ўйланиб қолди. Меҳмон сўзида давом этди:
– Қайснинг очиқдан-очиқ бундай қилиб юриши шу чоққача иффат ҳарами бўлиб келган қабиламиз шаънига дуруст эмасга ўхшайдир. Биз билганларимизни айтдик, бу ёғи сенинг ихтиёрингда…
Орага оғир жимлик чўкди. Ҳай ичдан зил кетиб ўтирибдир. Юзига тер чиқди. Кўзи қисилиб, бояги ачиниш ҳиссининг ўрнини аста-секин ғазаб эгаллайверди. Ўрнидан турди. Тасбеҳини ўгириб, эшикка яқин борди. Машварат аҳлига ёнлама турганча, нигоҳларини тирқишдан тушаётган бир тасма нурга қадаб, гулдурос товуш ила сўзлай бошлади:
– Омирга бориб айтинглар…
***
Лайли ила Қайс бу гаплардан мутлақо хабарсиз, висол дамларидан маст, ҳамон ариқча бўйида бир-бирларига тўймай туришар эрди. Қайс нимадир деган шекилли, жавобига Лайли назокат ила оғиз жуфтлади, аммо сўзлашга улгурмади. Қабила томондан ҳаллаклаб бир ит келиб қолди. Лайли қараб, итини таниди. Ҳайрон бўлиб яна Қайсга ўгирилди. Шунинг баробаринда орқадан аёл кишининг ишора йўтали эшитилди. Лайли тағин ортига қарашга мажбур бўлди ва бута панасида турган доясини кўрди.
Ит Лайлининг оёқларини бир-икки искалади-да, шу атрофда тимирскилана бошлади.
Лайли хавотирланди.
– Уйда бирор гап бўлган кўринадир… мен борай, – деди ва секин тисарилди.
Қайс айрилиқ онларининг яқин қолганини ҳис қилиб, оҳ тортди:
– «Дилрабо, сендин бу ғамким менда бордур, кимда бор? Фурқатингдан бу аламким менда бордур, кимда бор?»
Лайли индамай кета олмади. Бир лаҳзага тўхтаб, булбулининг бу нидосига-да, муносиб жавоб айлади:
– «Қўйма миннатким, юзумдек пок юз ҳеч кимда йўк, Бўйла ишқи пок ҳамким менда бордур, кимда бор?»
Ит товуш чиқарди. Лайли тобора тисарилаверди. Висол қисқа бўлди, ҳар икки кўнгил ҳам тўймади. Соғинчлар аримади. Қайс телбаланди:
– Лайли!.. – деди.
Лайли-да ўртанди:
– Қайс… – деди.
Қайс бунда зор қолди, Лайли қабила сари лол қайтди. Начора.
***
Омир қабиласидан тўрт от ва бир туя сафарга шай. Туя ўркачида гилам хуржун, иккала кўзи совға-саломдан қаппайиб турибдир. Хизматчилар от айилларини тортиб-тортиб, ҳуржунни-да тўғрилаб қўйишди.
Бу тараддуддан мурод – Қайснинг тоғаю амакилари совчиликка отланишган эрди. Бировининг қўлида кичик сандиқча. Теваракларида ўн-ўн беш эр-аёл куймаланиб юришибдир. Омир дуога қўл очди:
– Тангрим, шу яккаю ёлғиз ўғлимнинг бахтига совчиларимни қуруқ қайтарма! Омин!
Отларга минилди. Секин йўлга тушилди. Омир, она ва бошқа қавму қариндош совчиларни то қароргоҳдан ташқари чиққунча кузатиб боришди. Энг орқада соч-соқоли баттар ўсиб кетган Қайс келар эрди.
Қарши томонда отини учириб келаётган бир чавандоз кўринди. Совчилар Омирга, Омир хотинига, у эса негадир ўғли Қайсга қараб қўйди.
Қайс ўзи билан ўзи бўлиб келар эрди, шу боис чавандозни пайқамади.
Бу палла отлиқ етиб келиб, тизгинни тортди. От пишқириб, тўхтади. Чавандоз бир зум нафас ростлаб турди-да:
– Омир қабиласидан эмасмисизлар? – деб сўради отдан тушмаёқ.
– Омир қабиласиданмиз, – деди совчилардан бири.
– Омирнинг ўзи қани?
Ҳамма Қайснинг отасига қаради. Омир шўрлик кўнгли бир шумликни сезиб, аммо ўзини вазмин тутиб, аста отлиққа пешвоз чиқди.
– Хуш кўрдик, меҳмон, – деди тавозеъ ила.
Чавандоз қаршисидаги одам Омир эканини билиб, аммо унинг такаллуфига парво қилмай, деди:
– Сизга мактуб келтирдим. Камина Ҳай қабиласиданман.
От гижинглаб, турган ерида ҳар томонга юлқинар, сапчиб, учаман дер эрди. Бунга сари совчиларнинг отлари ҳам безовталана бошлади. Элчи тизгинни торта-торта, озгина салобат ва озгина кибр ила қўйнидан ўрама мактуб чиқарди ва негадир уни Омирга бермай, ўзи ўқишга тутинди:
«Эй муҳтарам Омир, эл оғзида тарқалган афсонага сен сабаб бўлишинг қизиқ туюлди. Бундай ҳоллар сенга ҳам, менга ҳам муносиб эрмас. Шаън-шавкатимни ва элдаги обрўйимни биласан! Эл ўғлингни мажнун дейди, наҳот менинг қизим шундай жиннига лойиқ бўлса?!»
Мактуб таъсирини билмоқ қасдидами, элчи атрофдагиларга бир-бир қараб чиқди.
Омир кутилмаганда бошига гурзи егандай карахт. Она кўзларида ёш ғилтиллаб, мана-мана фарёд чекишга тайёр. Совчилар отлари бошини орқага буриб, эшитганларига ишонмай туришибдир. Қайс-да ташидан парвосиз, аммо кўнгли ғашланган, нигоҳи ер чизар.
Элчи мактубнинг давомини ўқиди:
«Бу сўзларим етгач, ўғлингни тизгинлаб ол. Ахир Лайлим у девонага хайф. Девонага бойлик эмас, вайрона керак! Шундай номуносиб ишнинг ошкора ҳолда эканини билсанг ҳам, шу чоққача бирор чорасини қилмай келаётганинг менга ғалати туюладир…»
Элчи мактубни яна ўради-да, Омирга узатди. Омир довдираб қолган эрди. Қошлари пирпираб учадир, лаблари тинмай дириллайдир. Юзи бўзариб кетган. Мактубни олди-ю, нима қиларини билмай тураверди. Совчиларнинг ҳам бошлари эгилди.
Қайс ерга ўтириб қолган, ўзини босолмас, юзини чангаллаб, ғижимлаб борадир.
Элчи хайр-маъзурни насия этиб, аллақачон отини чоптириб кетган, булардан тобора узоқлашар эрди.
Тирноқларини қаттиқ ботириб юборган чоғи, Қайс юзларидан қон чиқиб, панжалари орасидан сизиб оқадир.
***
Кучсизгина иссиқ шамол саҳро қумларини теваракка учириб ўйнайдир. Бош кўтарибоқ қуриб қолган майсаларнинг қовжироқ баргларини, чакалакларнинг шохларини дириллатиб, ғувиллайдир. Кун ғоят иссиқ. Ҳавода сароб живирлайдир.
Олисдан келаётган: «Қа-а-йс! Қайдасан, Қа-а-йс-с!» деган чақириқлар тобора баландлаб, тобора яқинлаб эшитиладир.
Бир эчкиэмар олд оёқларига таяниб, бўйнини чўзиб, овоз келаётган томонга хавотир ила қараб турар.
Қум узра бир дайди қамғоқ думалаб-думалаб юрадир.
Осмонда калхат қанотларини кенг ёйганча, бир жойда айланадир.
Қумтепа ортидан изловчиларнинг олдинига бошлари кўринди, сўнг отлиқлар бор бўй-бастлари билан чиқиб келдилар. Саробнинг бижир-бижирида улар ҳам худди саробдай бижирлаб, кўзга ғалати кўринадир.
Тўрт отлиқдан бири узангига тик туриб, яна чақирди:
– Қа-а-йс-с!
Саксовулнинг ола соясида Қайс ётибдир. Ҳушсизми, ухлаб қолганми – билиб бўлмайди. Кўйлаги этакларини, оёқларини кўчманчи қум кўма бошлаган. Ўсиқ сочлари шамолда хиёл юлқинадир. Ўнг қўли қорни устида, чап қўли ёнга ташланган. Танасининг ярми қум ичида.
Бирови шу томонга кўзи тушган заҳоти:
– Ана Қайс! – деб қичқириб юборди.
Шериклари ҳам саксовул тагида ётган кимсани кўриб, йўлни бурдилар ва Қайс сари от қўйдилар.
Қайс чўчиб уйғонди. Тапир-тупур от қўйиб келаётганларни кўриб, бир муддат анграйиб ўтирди, кейин дик этиб ўрнидан турди-да, орқасига қарай-қарай, қоча бошлади.
Отлиқлар ҳайрон. Орқасидан қувишдан бошқа чоралари қолмади. Икки ёндан сиқиб келишди. Етиб, отларидан тушгунларича бўлмай, Қайс яна нари кетиб қолди.
– Ё Раббим! У чиндан ҳам мажнун бўлиб қолибди, – деди изловчилардан бири. – Тутинглар!
Йигитлар Қайсни тутишди. Аммо у ҳамон қаршилик қилар, юлқиниб, қўлдан чиқиб кетмоқчи бўлар эрди. Ҳаракатлари, кўз қарашлари телбавор. Ниҳоят, унинг қаршилигини енгиб, маҳкам ушлашди. «Тутинглар!» деб амр қилган йигит унга яқин келиб, юзига тикилди.
– Нимага биздан қочдинг, Қайс? Неча кундан буён сени излаймиз. Отангни, онангни ўйламадингми?..
Қайс жавоб беришни истамагандай юзини кескин бурди…
***
…сал ўтмай отлиқлар келган йўлларига қайтар эрдилар. Қайсни бир йигитнинг орқасига мингаштириб, арқон ила чирмаб боғлаб ташлашган, гавдаси тик бўлгани билан боши гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга чайқалиб, ликиллаб борадир.
Қумтепа ортига ўтиб, отлиқлар кўздан ўчдилар.
***
Катта чодир ичи. Ўртада оёқларини кериб, Мажнун ўтирибдир. Озиб-тўзиб кетган. Онаси нам латта ила унинг юзидаги терларни артар. Мажнун қилт этмас. У сезмас гўё. Ўн чоғли эр-аёл уни қуршаб олишган. Улар совчи бўлиб йўлга чиққан амаки-тоғалару амма-холалар. Ота бир чеккада. Соқолини тутамлаган. Урай деса, ёлғиз фарзанди.
Қариндошлар аямай тергашар:
– Бундай аҳвол сенга нима ҳавас?! – дер хола.
– Ҳавас бўлса, шунчалик ҳам бўладими? – дер амма.
– Дастингдан хонадонимиз маломатларга қолди! – дер амаки.
– Эркалатиб юборилган ўзи бу! – дер тоға.
Бу дағдағалар Мажнунга сира таъсир қилмас. У хотиржам.
– «Эл қони аёғларинг хиноси, Ким жоним аёғларинг фидоси», – деб юборар у ихтиёрсиз ҳолда.
Қариндошлар баттар тутаб кетишар.
– Кўрмадингми, ўша «аёғига бош қўядиганинг»нинг отаси номусимизни ер бирла битта қилди-ку! – дер амма.
– Суйкалмачоқ! Сендан бошқалар ишқ дардига чалинмабди-да! – дер хола.
– Қулоғига яхшилаб панд-насиҳат қилиш керак! – дер тоға.
– Э-э, шу жинни насиҳатга юрадими? Бунинг оёғига кишан солиш керак, кишан! – дер амаки…
Мажнун жаҳд ила ўрнидан турди. Ҳозиргина уни тергаб-пўписалаб турганлар, ажабки, беихтиёр бир қадамдан ортга тисланишди. Ўртада йўлак очилди. Мажнун шу «йўлак»дан ўтиб, остонага қараб юрди.
– Агар қоним тўкулса, жоним қабиласиға садқа! – дея шивирлаб, ташқарига чиқди.
Қариндошлар қаҳр-ғазабларидан айрилиб, биров уларни жодулаб қўйгандай оғизлари ланг очилиб, Мажнуннинг орқасидан лол қараб қолаверишди.
Ота ҳушига келиб, бирдан дарғазаб қичқирди:
– Ушланглар уни!
Амаки бирла тоға ҳовлиқиб ташқари отилишди. Ота уларнинг кетидан вазмин оҳангда буюрди:
– Занжирлаб ташланглар!
***
Мажнун отхона ўртасидаги йўғон устунга занжирбанд этилган эрди. Нарироқдаги устунларга отлар боғланган. Отлардан бирови Мажнунга ҳайрон қараб турибдир. Мажнун ёноқлари нам. Ичига уриб кетган кўзлари маъносиз боқар.
Табиб кирди. Ҳовлиқма киши эркан, келасолиб, Мажнуннинг нақ тумшуғига тумшуғини тираб, юзига, кўзларига тикилди. Орқага тортиб чандилган қўлидан ушлаб, томирини пайпаслади. Кўкрагига қулоқ солди. Мажнун ғижиниб, бошини бурди.
Табиб унинг иягидан ушлаб ўзига тўғрилади-да, қабоқларини кериб кўрди, нимагадир лабларини йириб, тилини ҳам текширган бўлди.
Мажнун уҳ тортди, Табиб унинг кўкрагига шапатиларкан:
– Ҳадеб фиғон чекаверма! – деди ҳиринглаб.
Сўнг латтага ўроғлиқ аллақандай чўпларни очиб, ўзича минғирлайверди:
– Ҳозир инсу жинларингни қувиб юборамиз… Мана, мана…
Мажнун ҳазин жилмайди. Табиб эса:
– Мана… Мана… ҳозир ҳайдаймиз, – дея олдинига аста-аста, кейин қаттиқроқ қилиб, Мажнуннинг қорнига, елкаларига дастачўп ура кетди. Юмуши беҳуда эканидан хабарсиз табиб берилиб ишлар эрди. Мажнун тек туриб берди.
– Қоч, бадбахт! Қоч, ярамас! – дерди табиб.
Кейин уришдан тўхтади. Чўпларини тағин латтага ўради. Мажнунга:
– Ҳадеб дод-вой қилаверма энди!– деди-да, ивирсиб, ташқари чиқди.
Отхона эшиги ғичирлаб очилиб, ёпилди. Ташқарида Мажнуннинг отаси пойлаб турган чоғи, табибнинг чиқасолиб унга айтган сўзлари эшитилди:
– Иншаоллоҳ, отдек бўлиб кетади!
Шундан кейин қадам товушлари отхонадан узоқлашди. Мажнун ёлғиз қолди. Бу дардсиз табибни у шу заҳоти унутган, ўй-хаёли аллақачон Лайли томон учган эди. Шунданми, севиклисининг бир пайтлар боғда айтган сўзлари қулоқлари остида жаранглагандай бўлди:
«У қандай гул эканки, шундай йигитнинг шодлигини тортиб олиб азобга солса-ю, ўзи бунга парво қилмаса?!»
Мажнун аланглаб, ғира-шира отхона ичидан Лайлисини излади. Овоз хаёлида жаранглаганини англаб, хомуш тортди. Тура-тура, тақдирнинг антиқа ўйинларидан, телба дунёнинг телба-тескари ишларидан кулгиси қистади. Бошлабига секин-секин, кейин хохолаб кула бошлади. Ўзи куладир, кўзларидан ёш оқадир. Жисми куладир, юраги нола қиладир. Жунун қўзғаган бу антиқа қаҳқаҳа ахийри тор отхонага сиғмай қолди: эшикни ғичирлатиб очиб, ташқарига-да сочилди. Эшик тағин ғичирлаб ёпилди.
Дунё айланар, Мажнун шу дунёни зириллатиб кулар. Ичкаридаги отлардан бирови кишнар. Сал дамдан кейин Мажнуннинг кулгиси пасайди, охири тинди. Қаҳқаҳа ва от кишнашларидан сўнг оламга бирдан чўккан жимлик-да мажнунона эрди гўё.
Мажнун дона-дона қилиб, ўзига ўзи сўзлай бошлади:
– Мен хастани яратиб, балоларга дучор этишдан қисматнинг мақсади не эркан? Жисмимга руҳ бермаса не эрди? Воҳ! Ишқ балоси етмагандай кишини занжирбанд қиладилар, яна бошига табиб келтирадилар.
Мажнун танасида бор мадорини йиғиб, бир-икки юлқинди. Занжир шарақлади.
– Эҳ, «Мен даҳрда бир заиф хасмен, Ким жисмда хасча ҳам эмасмен», – деди хўрсиниб.
Бунга жавобан ғойибдан гулдурос бир товуш келди:
– «Ўзлукдин ўзунгни айла озод, То дашти фаноға киргасен шод».
Мажнун занжирни шарақлатиб, тағин юлқинди. Ичкарида қуш ин қўйган экан, бу шарақ-шуруқлардан чўчиб, пар-р этиб учиб кетди.
***
Ҳай қабиласида меҳмондорчилик. Вазиятдан Ҳай меҳмонларни муносиб кутиб олгани сезиладир. Ул-бул егулик ҳануз кириб турибди.
Меҳмонлардан улуғи муддаога кўчди:
– Келишимиздан мақсадимизни сезгандирсиз, эй муҳтарам Ҳай? Ҳожамиз Ибн Саломнинг ишқи қизингизга тушибди, қариндош бўлайлик деб келдик.
Ҳай такаллуф қилди:
– Хуш кўрдик… хуш келибсизлар.
– Ибн Саломни таърифламаймиз, оқилликда, ўктамликда, бойликда араб қабилалари орасида унга тараф йўқлигини ўзингиз ҳам биласиз. Эшитишимизча… – деб гапирувчи зимдан Ҳайга синовчан назар ташлади. – Эшитишимизча, Қайс исмли бир жинни Лайлига кўнгил боғлаганмиш, аммо… Ибн Салом қаёқдаю Қайс қаёқда!
Ҳай Қайс номини эшитиши билан гапирувчига қаради. Бир оз ўйга толиб, чамаси иккала харидорни тарози паллаларига солиб турди-да, чиройи очилди ва:
– Тангри мадад берсин. Агар Ибн Салом менга ўғил бўлиш тилагида эркан, мен ҳам унга ота бўлайин. Бебаҳо дурим унинг бошидаги тожга зийнат бўлсин, иншаоллоҳ, мартабаси ҳам баланд бўлғусидир, – деди тавозеъ бирла. – Лекин… Ибн Салом андак сабр қилиши лозим, ҳали бу умид ниҳолим ёш… ҳам озгина тоби йўқроқ. Юрагидан дардлари кетиб, соғайсин, сал бўйга етсин, ана ундан кейин у азиз фарзанд қандай орзу-ҳавасда бўлса, келсин-да, орзуига етсин. Бизнинг жавобимиз шу, азиз меҳмонлар.
Жавоб мужмал бўлса-да, совчиларни ҳарқалай қувонтиргулик эрди. Совчилардан кексаси дуога қўл очди:
– Илоҳи, бахтлари очилгани чин бўлсин!
Ҳамма юзига қўл тортди.
***
Орқасига катта ёстиқ қўйилиб, қадди ярим кўтарилган ҳолда Лайли ётибдир. Рангининг сўлғинлиги – тоби йўқлигидан. Уни йўқлаб тўрт-беш дугонаси келган, ҳаммалари Лайли теварагида гиргиттон.
Бирови Лайли қулоғига нимадир деб шивирлайдир, ўзи шарақлаб куладир. Лайли синиқ жилмаядир.
Шу палла чодирга бир букри кампир кирди. Юзидан бошқа жойлари рўмол ила танғилган, аммо чеккасидаги оппоқ сочлари хиёл чиқиб турибдир. Юзи серажин. Тепа лабида яккам-дуккам тук кўринадир. Лунжи қапишганидан оғзида битта ҳам тиши қолмаганини билса бўларди. Кўйлаги қопдай.
Қизлар ажабсиниб уни томоша қилишди. Лайли бошини хиёл кўтариб, меҳмон ҳурмати, илтифот кўргазди. Ўзини тутишидан, кампир бу хонадонга яқин эрди. Лайли бошига келаркан, йўлакай илжайиб қизларга фитнакорона кўз қисди, фитнаси ҳам ўзи каби ўхшовсиз чиқди.
– Эй суманбар қизгинам, ғам емагин, мана, анча соғайиб қолибсан. Бу ёқда… бахтинг ҳам очиладиган бўлиб турибди.
Лайли ҳайрон, бир дугоналарига, бир кампирга қарайдир. Кампир суюнчилайдир:
– Ўзинг ҳуснда тенгсиз бўлганингдек, ёрликка ҳам кўнгилга ёқадигани битди, қизим. Ибн Салом бойликда ҳам, хайру саховатда ҳам етти иқлимга машҳур йигит!
Ўртада ўнғайсизлик юзага келди. Лайли тундлашди. Дугоналар бу хабардан севинишларини-да, севинмасликларини-да билмай сарсон. Кампир астойдил ажабланди:
– Ий-й, нега шодланмайсан, қизим? – деди.
Лайли ўтли сўзлар айтиб, ғўдранди:
– Хабарингиз ичимни ёндирди, касалимни орттирди, бошимни тошга уриш ўрнига қувонайми?! – деди-да… шартта ўрнидан туриб, бетоблигини ҳам унутиб, ташқари отилди.
Чодирдан чиқиб, дашт томонга чопа кетди. Қаёқдандир пайдо бўлиб қолган доя таҳликада уни қайтармоқчи бўлди.
– Ҳай… ҳой, она қизим, тўхта! Хаста ҳолингда чопяпсан! – дерди у тинмай.
Лайли тўхтамади, ортига-да қарамади, ҳаллослаб бораверди. Иситмаданми ё югурганиданми, пешонасига тер тепчиган, кўзёшлари сурмасини юзига ёйган эрди.
Доя унинг кетидан югургилади.
Қабила қароргоҳидан унча олис бўлмаган жойда бир туп хурмо дарахти бор эрди. Илонизи бўлиб кетган ёлғизоёқ йўл қочаётгану қуваётганни шу дарахт остига элтди. Доя Лайлига етиб, уни тўхтатди-да, маҳкам бағрига босди. Лайли йиғлар, ўзини боса олмас, доя унинг бошини, елкаларини силар эрди.
– Эй аҳволим чорагари, менинг бор сирим сизга маълумдир, – дерди Лайли юраги тўлиб, – аммо… менинг умрим хазондек соврулибди-ю, сиз буни мендан сир сақлабсиз?! Нега айтмадингиз, доя эна? Ҳолбуки мен… мен…
Юз-кўзларидан меҳр-мурувват ёғилиб турган олтмиш ёшлардаги бу ҳабаш аёл ҳозир Лайли изтиробига ўзини бирдек шерик ҳис қилар эрди. Хўрсиниб, деди:
– Дардингга дард қўшмайин дедим, ойбекам. Айтганим билан қўлимиздан бир иш келмаса.
Лайли бирдан бошини доянинг кўксига ташлади ва ҳўнграб юборди:
– Эй фалак! Ҳолимга шикаст етказишдан муродинг нима? Мендай ёш новдага жафо тешасини тортиб юз бўлак қилдинг, яна уни бало ўтхонасига ташлаганинг нимаси?!
Доя зўр бериб Лайлини юпатмоқчи бўлар, елкаларини силар, «ўзингни қийнама, қизим», дер, аммо Лайли тинмас. У бошини доя кўксига босиб сўзлаётгани туфайли овози бўғиқ эшитилар, лекин шунда ҳам унинг нақадар дард ила фиғон тортаётгани яққол сезилар. Ниҳоят, бошини кўтарди. Терс ўгирилди. Ва, ажаб, ҳозиргина ўтли фарёд чеккан қиз энди мутлақо бўлак товушда, анча хотиржам, андак титроқ ила ғўлдирай бошлади:
– Бу хабарни Қайс эшитса, ҳоли не кечади? Ғамимда шунча жафо тортди, устига бу хабарни эшитса, бу ишга мени рози бўлган деб ўйласа… Юз минг ғамга чидасам ҳам, шунисига тоқатим етмас, доя эна! «Фарёдки, ўлгудек ғамим бор, Тонг йўқ, гар ўзимга мотамим бор».
Лайли сўнгги сўзларини осмонга қараб айтди.
Осмон чексиз, ҳали қорайиб улгурмаган, ҳозирча бирорта юлдуз-да кўринмас, бўм-бўш эрди.
***
Отхона айланар. Йўқ-йўқ, отхона гирдида дунё айланар. Ичкаридан занжирнинг шириқ-шириқ товуши чиқадир. Шунинг орасида Мажнун отасининг ҳам овози эшитиладир:
– Кўзим нури, ёлғизим! Сенинг бошингга тушган кулфатлар менинг юрагимни ўртамайди дейсанми? Жонингга шунча озор бердим, Тангри таоло мени жазосиз қўярмиди? Ахир, ҳеч жаҳонда гуноҳсиз ўғлини занжирбанд этган ота жазосиз қоларми?
Отхона эшиги ўз-ўзидан ғичирлаб очилди. Отхона, йўқ-йўқ, дунё айланишдан тўхтади.
Омир отхонага бош суқди. Ичкари ярим қоронғи. Ота келиб, авайлаб занжирни бўшата бошлади, ўғлининг кўзига қарамайдир. Мажнун-да уятда. Миқ этмайдир.
Занжир ечилиб бўлди. Аммо Мажнун худди устунга пайванд бўлиб қолгандай қимир этмас. Ота уни устундан аста узиб, бағрига босди. Мажнун ҳам отасини қучоқлади.
Ота-бола шу ҳолда айланадилар. Йўқ-йўқ, улар теварагида отхона айланадир. Отларнинг кўзи иккаласида. Жим.
Ота сўзлайверар:
– Ўғлим… тақдир чизиғидан қочиб қутулиб бўлмас. Тақдир Лайлининг бошига сени эмас, Ибн Саломни сайлаган эркан, биз не қила олар эрдик.
Отхона айланишдан тўхтади. Мажнун илкис отасига қаради. Ота ўғлининг кўзларида савол ва ғазаб аломатини сезиб, ўша маромда сўзида давом этди:
– Ҳа, Ибн Саломдан келган совчиларга Ҳай нон ушатгани чин…
Мажнун жим. Бир сўз демас. Отасига-да қарамас. Омир унга бир-икки зимдан назар ташлаб олди-да, муддаога кўчди:
– Ўғлим, ҳаж мавсуми келди. Онанг иккимиз кенгашдик: муқаддас Каъба зиёратига борайлик, Тангри таоло йўлига қурбонлик қилайлик, сенинг саломатлигингни сўрайлик. Шояд мушкулларимиз осон бўлиб, хонадонимизга яна осойишталик қайтса.
Мажнун юраги йиғлар эрди.
***
Ойдин. Адирлар пўмпайиб, қорайиб кўринадир. Бирининг ёнбағридан Мажнун чопқиллаб тушиб келар эрди, текисликка етиб секинлади. Саксовулларни оралаб, шохларидан юз-кўзини пана қилиб, олдга интилаверди. Осмонга қарайдир, йўлга қарайдир. Яна осмонга қарайдир. Осмон кенг, ой ёруғи боис юлдузлар заиф милтиллаб турадир.
Бир шох Мажнуннинг чап қўлига илашиб, кўйлак енгидан шапалоқдек қисмини йиртиб юборди. Мажнун ўнг қўли ила йиртилган жойни пайпаслаб қўйди-да, йўлида давом этди. Булоқ бошига етиб тўхтади. Тоқатсизланаверди. Кўзлари олазарак.
Ит ҳурди. Мажнун сергак тортди. Лайли келаётган бўлса шояд, деган илинжда қабила томонга баттар интиқлик ила тикилди. Ҳадеганда шарпа кўринавермади. Сал ўтмай таниш ит унинг ёнига чопқиллаб келиб қолди. Ит оёқларига суйкаладир, Қайс хавотирда, Лайлидан дарак йўқ. Чорасиз, ит қаршисига тиз чўкди. Тўлқинланиб, бўйнидан қучди.
– Мунгли ноланг жонимга тиғ урди, ғамгин овозинг руҳимни музлатди, эй ёримнинг вафодори! – деб итнинг юнгларини силай бошлади. – Беканг нега келмади? Энди сира келмайдими? Нимага бекангни мендан ўзгага бериб қўйдинг, дўстим?
Ит гапга тушунаётгандей ғингшиди. Думини ликиллатди. Тумшуғини осмонга чўзиб, бир нола чекиб қўйди. Мажнун тақдирга тан бергандай эрди.
– Сен у манзилни макон тутиб, Лайли остонасига бошингни қўйгансан, кошки мен сенинг бошингдан ўргулсам, – дея итнинг пешонасини ўпди. – Сен азизсан, мен хорман. Чунки сен ёр эшигида шодсан, мен айрилиқда ғарибман.
Итни қучоғидан чиқариб, сағринини силади. Ит қандайдир бир товуш чиқарди-да, қабила сари чопқиллаб кетди. Мажнун унинг ортидан илтижо қилиб қолди:
– Эй ғамгусорим, менингдек бир бенаво учун ҳам ёр даргоҳини кўзингга суртиб юр!
***
Боши-кети йўқ ўнқир-чўнқирли саҳро кун ботиш арафасида кишини ўзига ром қиладирган даражада бўлакча кўринадир. Ўн икки туя, етти от ва йигирма чоғли одамдан иборат кичиккина карвон бу манзарани жонлантириб, яна-да жозиба бахш этган.
Карвон бошида уч-тўрт эран пиёда бормоқда. Ҳамма иҳромда. Олддаги отда Омир узоқ-узоқларга қараб келадир. Учинчи туядаги кажавада Мажнун чайқалиб ўтирибдир. Ёндан эсаётган иссиқ шамол кажаванинг ҳарир пардаларини ҳилпиратадир. Мажнуннинг сочларини ҳар тарафга тортқилайдир. Бу ишқ девонаси парвосиз, ўтиришидан кажавага чирмаб қўйилгандай кўринадир.
Бундан ташқари яна уч туяга кажава ўрнатилган бўлиб, улардан ҳар бирида икки нафардан аёл ўтирар. Туя юришига мос маромда кажава чайқаладир, ўтирганларни аллалайдир. Шамол уларнинг ёпинчиқларини-да юлқиб-юлқиб қўядир.
Қолган туяларда юк, кўч-кўрон. Ортда келаётган отларда яна эранлар. Карвон кўзга ажойиб кўринадир. Чеки-чегараси кўринмас қумда тартибли из қоладир, карвон ўтиши бирлан эса, из атрофидаги бўшаб қолган қумлар шамолда учиб-ўйноқлаб, саҳрони тағин текислаш ила овора бўладир.
***
Кеча ойдин бўлганидан, осмондаги юлдузлар хира. Сарбон уларга зингил солиб қарай-қарай, йўл бошлаб кетаётир. Карвон улкан тоғ ёнбағридан бораётир. Атроф оту туяларнинг туёқ товушлари, ўрнидан қўзғатилган қайроқ тошчаларнинг бир-бирига урилиб чиқарган чағир-чуғури тиниқ эшитиладиган даражада сокин. Энди ҳамма уловда, лекин кундузги тартиб ўзгармаган.
Тоғ ўз тинчини бузган бу тунги карвонни озгина ҳайроналик, озгина армон ила жим кузатиб қоладир.
***
Тонг. Карвон бир тепаликдан ошиб ўтаётган палла ўнг томондан қуёш юз кўрсатди. Олдинда эса, Маккаи мукаррама худди кафтда тургандай намоён бўлди.
Туяларни чўктирдилар. Ҳамма пиёда тушди. Иҳромларини тузатиб олди. Эранлар Тангри таолога талбия айтиб, ниҳоясиз соғинч туйғулари ила барча олдга талпинди:
Лаббайка, Аллоҳумма, лаббайк,
Лаббайка ла шарика лака лаббайк,
Иннал ҳамда ван-неъмата, лака вал мулк.
Ла шарика лак!
Бошқа адир орқасидан тағин бир карвон чиқиб келди. Нарироқда яна битта тўда шаҳарга кириб бормоқда эрди. Ҳамма талбия айтадир. Овозлар бир-бирига қўшилиб, кўнгилларни эритиб юборадирган муҳташам бир оҳангни ҳосил қилган. Талбия устига талбия уланиб, такрорланаверадир. Ирмоқлар қўшилиб дарё ҳосил бўлгани каби, ҳар томондан ҳожилар ирмоғи катта оқимга қўшилиб бораверадир.
Жўровоз талбия бунга сари қудратли илтижо тусини оладир:
Лаббайка, Аллоҳумма, лаббайк,
Лаббайка ла шарика лака лаббайк,
Иннал ҳамда ван-неъмата, лака вал мулк,
Ла шарика лак!
Сон-саноқсиз чодиру уйлардан иборат шаҳар кўчаларига одам демагани сиғмай кетган. Қимирлаган жон бор, у ёққа-бу ёққа юрадир. Ғала-ғовур. Кимлардир от ё туя етаклаб ўтадир.
Бир одам тирсагига қорамтир матони ёйиб, бир учини харидор қўлига тутқазиб, савдо қиладир. Ёш бола кўзачада савоб тилагида ҳожиларга сув тутиб юрар. Бу ерда араблардан ташқари румликни ҳам, эрону туронликни ҳам, ҳабашу занжини ҳам учратиш мумкин эрди.
Омир қабиласи карвони оломонни ёриб ўта бошлар. Аёллар кажаваларга чиқиб олишган. Мажнуннинг онаси тинмай тасбеҳ ўгирадир. Рўмолининг бир четини икки қулоғидан тортиб, юзини тўсиб олган, тасбеҳ айтаётганида нафас эпкинидан рўмолининг ўша жойи пирпирагандай бўладир.
Омир таниса-танимаса ўтган-кетганга салом бериб борадир. У ғоят ҳаяжонда, ҳам севинчда. Шу дамгача тортган уқубатларию йўл чарчоқлари унут бўлган гўё. Юзидан нур ёғиладир. Ора-сира орқасига қараб қўядир.
Мажнун-да ўзини онадан қайта туғилгандай ҳис қиладир. Зеро, Мажнуннинг мажнунлиги асли Тангри таолонинг ишқи билан эмасми!
***
Тун қўйнида чодирлар шаҳарчаси чиройли кўринадир. Машъалалар ёқиғлиқ. Ичкарилардаги шам ёхуд жинчироқ ёруғлари чодир деворларини кечадан ажратиб, хиёл нурлантириб турадир. Деярли барча чодирда такбир айтилаётир ва бу такбир садолари шаҳарчанинг қоронғи осмонида тўлқин-тўлқин бўлиб сузиб юрадир:
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар,
Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар.
Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд…
***
Каъба ниҳоятда улуғвор эрди. Баландлиги, чақиб силлиқланган тошларининг катталигидан ташқари, ер юзидаги биринчи уй сифатида отамиз Одамдан (алайҳиссалом), ҳозирги кўринишида эса, ҳазрат Иброҳимдан (алайҳиссалом) қолгани ҳис қилинса, унинг улуғворлиги, юракларга таъсири янада ортадир.
Одам кўп. Ҳар ким ўзи бирлан ўзи: тартиб ила айланар. Каъба бурчагидаги Қора тошни галма-гал тавоф қилар.
Навбат Омирга келди. Ота сидқидилдан тошга пешонасини суйкаб, уч бор ўпди. Лаблари пичирлар, мижжалари нам эрди. Кетидан Она сиғинди. Тошни ушлаган қўлларини юзига суртиб, у ҳам ўпди. Ниҳоят…
Мажнун аъзойи бадани титрайдир. Юзи қип-қизил. Тошга қаршима-қарши келганида, ютоқиб бир қараб чиқди-да, сўнг кўзларини юмиб, тошга лабларини босди. Нафасини ичига ютиб, шу ҳолда туриб қолди, кейин бирдан оёқларидан мажол қочиб, ёнбошига шалпайиб туша бошлади. Ортида қабиладошлари бўлмаганида, ерга қулаши аниқ эрди. Улар Мажнунни қўлтиғидан олиб, беш-олти қадам суяб бордилар.
Мажнун ҳуши ўзида эрди. Шундай бўлса-да, унинг ҳолсизланишини ҳушдан кетиш деб гумон қилган қабиладошлар дарҳол унинг теварагига тўпланишди.
Мажнун эса, аста-секин тетиклашиб, қабиладошларининг муҳофазасидан чиқди ва шу ергаёқ тиз чўкди. Лаблари хиёл очиқ ҳолда титроқ қўллари дуога кўтарила бошлади. У ўзини ёлғиз Тангри қаршисида тургандай ҳис этиб, муножот қилаверди.
Зиёратчилар ҳам беихтиёр унинг кетидан тиз чўкишди ва дуога қўл очишди.
– …аё ҳакими доно,
Ҳар ҳукмда ҳокиму тавоно!
Эй ишқ ўтин айлаган жаҳонсўз,
Андин мени нотовонни жонсўз, –
деб фиғон тортадир Мажнун. Ҳар бир сўзи юрагидан чиқаётгани боис, овози ғоят жозибали эшитиладир.
– Эй урғон ул ўтни ҳирманимға,
Ҳирман неки, жон ила танимға!
Тангри ишқи унинг дардманд юрагини сел қилиб юборган, кўзидан ёши тинмас эрди.
– Эй ишқ ангаким мулозим этган,
Ҳижрон ўтин анга лозим этган,
Ишқ ичра букун мани шикаста,
Келмиш мен асиру пойбаста…
Шуларни айтаётганида Мажнун кўзини очди. Дуога ёйилмиш қўллари ортида бор бўй-басти ила намоён бўлиб турган Байтуллоҳга соғинч ҳисси жўш урди. Айни чоқда, Каъба салобати унинг кўнглига ваҳима ҳам солар эрди. Бир лаҳза тин олиб, сўнгра тағин давом этди:
– Эл менга юз мунча азоб берса ҳам, мени бу йўлдан қайтарма, минг мунча азобларга мени қолдирма!
Омир ҳам дуога қўл очган, аммо нигоҳи Каъбада эмас, ўғли Мажнунда. Кўзларида хавотирлик.
Мажнун овози эса тобора теваракни тўлдириб борар, орқасида ўтирган юзга яқин одам бири ҳайроналик ила, бири маҳлиё бўлиб, яна бошқаси қизиқсиниб, воқеанинг давомини кутар эрди.
– Кўнглумни ғам ила тўқ айла, ё Раб!
Ишқ ичра мени йўқ айла, ё Раб!
Онанинг боши эгик, бели деярли букчайган, ўғли илтижоларига очилган мурод қўллари шундоқ тиззаси устида…
– Менга ишқни унутгин, Лайли ғамидан йироқ юр, дейдилар. Ё Тангрим, бундай деювчилар нима қилаётганларини ўзлари билмайдилар, уларни афу эт!
Орқадагилар Мажнуннинг ҳар илтижосига «Омин» деб ўтиришар, унинг дарди ўзларига илоҳий ишқ лаззатини теранроқ англатаётгани боисми, бу дамлар узоқроқ чўзилишини исташар эрди.
– Лайли дардини нажотим эт, илоҳи!
Лайли ёдини ҳаётим эт, илоҳи!
Дардимға хаёлини табиб эт,
Жонимға висолини насиб эт!
Кўзидан оқаётган ёш сели иҳром матосини ҳўл қилиб юборган. Тинмас.
– Тангрим, бошимға меҳрингни абадий қил,
Қалбимга ўзингдан ўзгани раво айлама!
Ишқингсиз мени бир дам этма мавжуд,
Бор бўлсам ишқсиз, айла нобуд!.. Омин.
Бирдан теваракдан «Омин!» деган ёқимли хитоб янгради. Сўнг одамлар қўзғалди. Мажнун орқадагиларга парвосиз, юзига қўл тортаркан, вужудини йўқдай ҳис қилди. Гўё сел бўлиб оқяпти, оқяпти… Ниҳоят, икки қабиладоши келиб қўлтиғидан тутганидагина ўзига келди ва Тангри висолидан айирганлари учун уларга норози қиёфада қараб қўйди. Аммо на илож, Мажнун-да одам эрди, одамлар ичида яшарди, бинобарин, улар етаклаган йўлга… руҳи бўлмаса-да, жасади кетаверди.
***
Улкан қоя пойида уйдай келадирган бир тош бор эрди. Мажнун шу тош соясида ухлаб ётибдир. Соч-соқоли ўсиб кетган, юзи ҳорғин. Кийимлари абгор, кир, йиртиқ. Оёғи яланг. Товонлари ёрилиб, теварагида қон қотиб, кўрганни бу одам шу оёқда қандай юрибди экан, деган хаёлга келтирадир.
У қимирлади. Туш кўрмоқдами, лаблари тамшанди. Бошини бир ёнга буриб, «Лайли» деб юборди ва бирдан силкиниб кўзини очди.
Осмон тиниқ, шундоқ тепада иккита каптар ўйноқлашиб учишарди.
Туриб, бошини чангаллаб, аллапайтгача индамай ўтирди, сўнг бир уҳ тортди-да, елкасига ташланган таёққа бошини суяб, яна киприкларини юмди. Қаёқдандир ўсмир қизларнинг кўнгилни қитиқловчи шўх-шодон қийқириғи, кулгиси янгради.
Мажнун айни дамда Лайли бирла бир пайтлар боғда кечган ажойиб учрашувни эслаб қолган эрди…
…Бу боғ экиб парваришланган боғга ўхшамас, буни Холиқ шундоғича яратгандай эрди. Шу боисми, бу боғда олам абадийдай туюлар, аксинча, инсон ҳаётининг ўткинчилиги бўртиб кўринар эрди. Дарахтларнинг мана шу бужур таналари не-не замонларни, не-не одамларни, не-не ошиқ-маъшуқларни кўрмаган. Эшилиб-буралиб, тарвақайлаб ўсган мана шу шохлари не-не ёмғиру не-не шамолларга дош бермаган. Қуёшнинг заррин нурларини эмиб яшнаб турган мана бу япроқлар, гарчи умри қисқа бўлса-да, шу қисқа умри давомида табиатнинг не-не сеҳрли эртакларини сўйламаган, шивирламаган…
Осмон тиниқ, олам гўзал.
Атрофи қуюқ буталар ила қуршалган айлана гулзор ўртасида Қайс чалқанча ётар, гўё гуллар ила дардлашар эрди. Тангадек нур юзида ўйнайдир.
Шу пайт бута шохлари шитирлайдир. Қайс бошини кўтариб, ўша ёққа қарайдир. Гулзорга хаёлпаришон, бу хилват гўша аллақачон эгалик бўлганидан хабарсиз Лайли кириб келар. Қайс юраги ҳаприқиб, дарҳол туриб ўтириб олди. Лекин иложи борича бўйнини қисди, кўзга ташланмайин деди. Ҳолбуки, гуллар ўсиқлигидан нарёқдан келаётган Лайлига шундоқ ҳам кўринмас эрди.
Лайли йўлакай турфа гуллардан даста қилар, ҳидлар, сайроқи булбулга қулоқ тутиб, нашъу намо сурар эрди. Иттифоқо, Қайснинг тепасидан чиқиб, чўчиб тушди. Бир қадам орқага тисарилди. Кўз кўзга илашиб, юраклар уйғона бошлади. Қайс нима қиларини билмай, юзи лоладай қизариб ўтираверди. Лайли дадиллик ила унинг тепасига келди.
– Эй омирлик йигит, нега кўнглингиз вайрон кўринадир, ўзгалардай шодланмайсиз? Наврўз кунлари, бундай гулзор ичинда ҳар мушкуллардан фориғ бўлиш ўрнига, нега кўзларингиз нам?
Қайс бу эшитганларидан лол ўлиб, ўспиринларга хос ҳам уят, ҳам шижоат ва ҳам озгина мажнунлик ила ўз ҳолини шарҳ қилди:
– Гулзор ичинда бир гул ақлу ҳушимдан аюрди. Бу гул тўғрисида кўп афсона эшитган эрдим, кўргач, азобда қолдим. У гул эса, парвосиз.
Билиб билмаганга олиш ўйини бошланган эрди. Лайли жиндай шўхлик ила сўради:
– У қандай гул эканки, шундай йигитнинг шодлигини тортиб олиб, азобга солибди-ю, ўзи бунга парво қилмабди?!
Қайс руҳида жасорат сезиб, энди Лайлига очиқ мурожаат этди:
– Эй жонима ҳайрат ўтини солган маҳваш! Олдин афсона бошлаб, сўнг кўнглимни вайрона қилишинг нимаси?! Қилғонни ёшурмоғинг не эрди? Мендин яна сўрмоғинг не эрди? Жонимни ўртаганинг кифоя эди-ку, бундан тонмоққа уринишинг нимаси?!
Бу сўзлар Лайлига қанчалик тотли эшитилмасин, туриб-туриб, бирдан орқасига бурилди ва қўлидаги гулдастани-да ташлаб, чопқиллаб кетди.
Гулдаста Қайснинг оёғи тагига тўп этиб тушди. Қайс дарҳол уни ердан олди. Лайли буталарни ёриб гулзордан чиқиб кетгач, аллақандай сурур ила бағрига босди ва ўзини яна гулзорга… чалқанча ташлади.
Гоҳ шивирлаётгандек туюлган барглар энди Қайс кўзига чирпирак бўлиб айланаётгандай кўринди… Осмон тиниқ, олам гўзал…
…саҳрони нохос дупур-дупур туёқ товушлари босиб, Мажнун хотираси шу ўринда синди. Кўзини очиб, ўрнидан турди. Атрофга қаради. Товушлар бор, аммо чопаётганларнинг ўзи кўринмас эрди.
***
Икки кийик овчилардан жон сақлаб қочаётир. Бир-биридан ортда қолмас, бир-биридан ажралмас. Устларидан виз-виз этиб камон ўқлари ўтадир. Тегмайдир.
Орқадан бақир-чақир қилиб, олти отлиғу тўрт овчи ит уларни қувиб келар эрди. Отлар жон-жаҳд ила чопаётганига қарамай, кийикларга етолмайди, овчиларнинг узоқдан отган ўқлари нишонга тегмайди. Итлар етолмаётганидан аламда ғижиниб-ғингшиб чопадир.
Кийиклар сустламай қочар, туёқлари остидан қум сачрар эрди.
***
Мажнун қараса, том қаршисидан унга томон иккита кийик чопиб келаётир. Кўнгли безовталаниб, шаҳд чўкка тушди-да, кийикларга қучоғини очди. Улоқиб кетган болалари худди оналарини топиб олгандай, қочоқлар тўппа-тўғри Мажнуннинг қучоғига етиб тўхтадилар. Искалана бошладилар. Мажнун уларнинг бўйнидан қучоқлаб, юзини юзларига суйкади.
Отлиқлар кўринди. Мажнун бу гўзал жониворларнинг қочиш сабабларини узил-кесил билиб, тикка турди ва бу нару мода кийикларни тош ёнига қўйиб, овчиларга пешвоз чопди. Чопаркан, ирғай таёғини телбаларча силкитар эрди.
У ёқдан отлиқлар келяпти, бу ёқдан Мажнун чопяпти.
Орада эллик одимча масофа қолганида овчилар тизгинни тортишди. Ажабки, итлар ҳам эгаларининг ёнида тўхтади. Отлар қаторига чўнқайиб ўтириб олди. Аммо нигоҳлари тош ёнида қолган кийикларда эрди. Кийикларнинг чўчимай, телбасифат мана бу одам паноҳига ўтиб олгани овчиларга ҳайратланарли туюлди. Улардан бирови кутилмаганда қичқириб юборди:
– Э, Мажнун-ку бу!
Чамаси, Мажнун саргузаштидан ҳаммалари хабардор шекилли, тўдабоши шерикларига қараб:
– Отдан тушиб, яроғларни ташланглар! – деб буюрди ва ўзи сакраб тушди. От жиловини эгар қошига илди-да, қилич бирла ёйини тизза бўйи келадирган бир тошга суяб, Мажнунга қараб юрди. Шериклари унга эргашишди. Икки ўртада беш одимча қолганида тўхташди.
Мажнун ҳамон таёғини маҳкам ушлаганча, худди бирор ҳамлани даф қилишга шай турар эрди. Овчибошига мурожаат қилди:
– Эй муборак сиймо! Чеҳрангда поклик нурини кўряпман, лекин ажабки, ғофил кишилар каби ов гўшти ила қорин тўйғазиш ғамига тушибсан? Ахир бунга эҳтиёжманд эмассан-ку?! – дея овчи кўзларига тикилди, сўзининг таъсирини ахтарди. Кейин орқасида хавотирда турган кийикларга ишора қилиб, давом этди: – Ҳақ таоло буларга-да жон бериб, ҳаётнинг гўзал нишонларини бағишлади. Бу ҳуркак ожизларнинг жонидан кеч, қонини тўкма!
Овчилар бошлиғи олдинига Мажнунни чиндан ҳам жинни бўлиб қолган деб ўйлаган эрдими, бу қадар тиниқ фикрларидан довдиради. Ўзидан-ўзи юзи қизарди. Бир зум индамай турди-да;
– Эй фариштасифат зот! – деди тавозе бирла. – Ҳар нима деган бўлсанг, барини қабул қилдим. Бу ҳуркак кийикларга тўғриланган қилич ва найзаларни ўз жонимга раво кўрайин… Лекин мендан ҳам бир сўз эшит.
Мажнун жон қулоғини тутди.
– Сўзларинг ҳаловатини сездим, уларга энди таҳдид солмайман. Аммо, билишимча, сен элдан қочиб ҳайвонлар ила ошно тутинибсан. Бу, ахир, одатга хилоф иш-ку! Юр мен билан бирга, ҳайвонлардан қутулиб, кунларингни шод кечир!
Мажнун бошини чайқади:
– Менга бундай таклиф қила кўрма! – деди қатъий оҳангда. – Аҳволимга раҳминг келмасин. Аксинча, ҳавас қил: ахир мен одамлар орасидан топмаган ҳаловатимни тоғу тошдан, ҳайвонлар орасидан топдим.
– Барибир бундай юришинг ақл олдида сабабсиз кўринадир. Чорлаганимнинг боиси – бу ерда зору мубтало бўлиб, ғам тузоғига илинган экансан, қўлимдан келганча сенга ёрдам берайин!
Мажнун тағин кўнмади:
– Мурувватинг нақадар олижаноб бўлмасин, менга тўғри келмади.
Тўдабоши-да ниятида қаттиқ туриб олган эрди:
– Одам бирла ҳайвоннинг жинсдошлиги оз, одамга фақат одам ҳамжинсдир. Яна шу гап борки, мақсад ёрга етишмоқ бўлса, ғайрат керак. Камина Навфалман, катта бир қабиланинг бошлиғиман. Юр, сенга ўшал маҳвашингни ёстиқдош қилайин.
Мажнун истеҳзо аралаш кулимсиради:
– Энди бунинг ҳеч иложи йўқ. Ул ёрим ўзга бир кимсага тортиқ қилинган.
– Ҳа, хабарим бор, – деди Навфал. – Яна шундан ҳам хабарим борки, ҳали Ҳай қизини Ибн Саломга узил-кесил бермаган, умидсизланма. Кўрамиз, отаси кўнса, туҳфа-тортиқ бирла, кўнмаса, аскар кучи бирла оламиз! Шунда ҳам муяссар бўлинмаса, унда ўзим сени фарзанд этайин!
Бундай дангал таклиф Мажнун юрагида умид учқунларини шуълалантирди. Бир нафас иккиланиб турди. Кейин индамай бурилди-да, теран ўйга ботганча, кийиклар турган ёққа қараб юра бошлади. Таёғини судраб, нигоҳи ер чизиб борар эрди. Етиб, кийикларнинг сағринига меҳр ила шапатилади.
Кийиклар шу рухсатни кутиб тургандай, жойидан шитоб отилиб, дашт ичкарисига ўйноқлаб кетишди.
***
Лайли бир това чиппанг сутни кўтариб келиб, энди чамбаракка қўймоқчи бўлиб турган эрди, очиқ чодир эшигидан доянинг овозини эшитди:
– Ойбекам! Қизим!..
Лайли ўгирилиб қаради.
– Бу ёққа кир, – дерди доя юзлари севинчдан ёйилиб. Лайли товани чамбаракка қўйиш ҳам эсида йўқ, қизиқсиниб ичкари кирди.
– Суюнчи бер, қизим, Мажнунингдан совчи келди! Ҳозиргина! – деди доя ҳовлиқиб. Унинг қўлида матога ўроғлиқ бир нима бор эди.
Лайли каловланиб, сал бўлмаса товадаги сутни тўкиб юборай деди. Доя қўлидаги матони оча бошлади.
– Биттаси секин қўлимга тутқазди, у ғариби зорингдан сенга совға эмиш!
«Туҳфа» мовий тусли узун, хушбичим тикилган кўйлак экан. Доя ёйган эрди, орасидан кигизга тўп этиб бир шода марварид тушди.
Доя қувона-қувона кўйлакни Лайлига тутқазди. У шўрлик туйқус келган бу хабардан эсанкираб қолган эрди. Титроқ қўллари ила кўйлакнинг икки елкасидан чимдиб, кўкрагига тутди, гўё чамалаб кўрди. Бу пайтда доя эгилиб марварид шодасини олди ва Лайли кўксига, янги кўйлак устидан қўйди. Шода кўйлак тусига мос бўлиб, жуда ярашиб тушди.
– Иншаоллоҳ, тўйингга буюрсин! – деди қутлаб.
***
Навфал қабиласининг қароргоҳи. Кечаси. Ичкарида Навфал, Мажнун ва яна беш-олти киши ўтирар, Навфал ила Мажнун шатранж ўйнар, қолганлар томоша қилар эрди.
Навфал отни юрди. Қойил қилдимми, дегандай Мажнунга қараб:
– Кишт! – деди.
Аммо ҳали отдан қўлини олишга улгурмай, чодирга овда бирга бўлган навкарлардан бири кирди. Навфал унга ер тагидан қараб қўйди:
– Хўш?
– Совчилар қайтишди, – деб хабар берди навкар.
Навфал Мажнунга қовоғини учириб кулимсинди-да:
– Айт, дарҳол киришсин! – деди.
Навкар чиқди. Шатранж ўйини тўхтаган, энди ҳамманинг нигоҳи эшикда эрди. Сал ўтмай, орқама-кетин тўрт-беш киши кирди. Навфал уларни ўрнидан туриб хушнуд кутиб олди. Совчилар ўнғайсизланар эрдилар.
– Кўзларингизда умидсизлик нишоналарини кўряпман… Нима гап?
Кексароғи иккилана-иккилана зўрға оғиз очди:
– Лайлининг отаси туҳфаларимизни қабул қилмади, бизни ҳам қуруқ қайтарди. Қизим ўзга бировга номзод қилинган, деди.
Навфалнинг юзи бўзарди. Лаби учиб, мўйлови титрай бошлади. Орада жимлик. Мажнун ўзини қаерга қўярини билмай, ерга қаради.
– Мактубимни ўқимадими? – деди Навфал сўнгги илинж ила.
– Ўқиди. Ўқиб… «Нега бунча пўписа, нега дағдаға?!» деди. «Тақдирнинг айтгани бўлади», деди.
Навфал юрагида туғён қўпди.
– Шундай дедими?! – Ўнг қўли ўзидан-ўзи ёнидаги қилич дастасига борди. Чап қўли ила қинидан чангаллади-да, шарт суғурди. Мажнун олдида қаттиқ изза бўлганини ҳис этиб, кўзига қон тўлган эрди. Шу ҳолда Мажнунга ялт этиб қаради.
Мажнун миқ этмайдир. Қарамайдир ҳам. Боши эгик.
– Бўлмаса, уруш қилиб оламиз қизини! – деб бақириб юборди. – Мухтор! – деб чақирди қиличини яланғочлаб. Бояги навкар кирди. – Ҳай қабиласига бориб айт: жангга тайёрлансин! Навфалнинг куч-қудратини кўриб қўйсин!
– Бош устига! – деб навкар тез чиқди.
Навфал жаҳл ила ширр этказиб, қиличини қинига солди.
***
Аср намози пайти саҳронинг қоқ ўртасини икки томоннинг от ва туяларга минган аскарлари эгаллади. Ўртада икки юз одимлар масофа қолдирилиб, Навфал бошлиқ беш юз чоғлик аскар, Лайлининг отаси бошлиқ беш юз чоғлик аскар қаршима-қарши саф чекишди. Найзабозлар олдинда. Кетидан қиличбозлар, энг орқада ёйчилар. Иккала томоннинг аскари ҳам шу тартибда жойлашган. Иккитадан-учтадан ўзларига ишонган баҳодирлар саф олдида отларини гижинглатиб юриб туришибдир. Сафдаги отлар пишқирадир, қуроллар шириқ-шириқ қиладир.
Навфал аскарларининг ортида бир отга қийрихон ўтирганча, Мажнун паришон кезинади. Дунёни сув босса – унга бари бир. Гўё мана булар жангга эмас, бирон-бир халқ ўйинига тўпланган-у, қўшилгиси келмаётгандай. Ҳар ҳолда, четдан қараганда, Мажнун ҳолати шундай кўринадир.
Баҳодирлардан бири узангида тик туриб, саф орқасидаги Навфалга қаради. Навфал бошини силкиб, рухсат берди. Баҳодир ўртага чиқа бошлади.
Ҳай қабиласи лашкарларидан ҳам бир отлиқ ажралиб, бу ёққа юрди.
Қиличбозлик бошланди. Иккала баҳодир ҳам моҳир қиличбоз экани кўриниб турар. Қалқонни-да, қилични-да улар чиройли ўйнатишар. Гоҳ унинг, гоҳ бунинг қиличи қалқонга урилганида ўт чақнаб кетар.
Саф гўё нафасини ичига ютган. Ҳамманинг кўзи ўртада.
Навфал баҳодирининг қўли баланд кела бошлади. Рақиб толиқди шекилли, кўпроқ ҳимояга ўтди. Бироқ барибир қилич зарбидан қочиб қутулолмади: елкасига зарб ила тушган қилич уни от бўйнига қулатди.
Эгаси осилиб қолиши билан от жангдан чиқди ва орқасига бурилиб кетди.
Ютган баҳодир олқишлар оғушида ўз сафига қайтди.
Ҳай ишонган баҳодирининг ўлдирилганини кўриб, кўзи қонга тўлди. Ғазаби жўшиб, яланғоч қиличини олдга чўзиб, ишора қилди.
Аскарлар ярадорни отдан олиб орқага ўтқазиб қўйишдию жангга ташланишди.
Оломонжанг бошланди. Тартиб бузилди. Ит эгасини танимайди. Аскарлар жуфт-жуфт бўлиб жанг қилишар эрди. Бақир-чақир, қурол аслаҳаларнинг жангир-жунгури, оту туяларнинг жонҳолатдаги пишқиришлари еру кўкни тутиб кетди.
Иккала томондан ҳам талофот кўрила бошланди. Навфалнинг бир аскари илкис букчайганча, бир ёнга қийшайиб қолди. Ҳай қабиласидан биттаси отдан учиб кетди ва орада қуролсиз зир югураверди. Оти пишқириб, осмонга сапчигудек бўлиб, майдондан чиқа бошлади. Яна қанча аскар оёқ остида думалаб қолган.
Навфал орқадан жангни кузатиб, бошқариб турибдир. Беш-олти отлиқ уни қуршаб олган. Навфал ён томонга имо қилди, қуршовдагилардан биттаси ўша ёққа от суриб кетди.
Ҳар икки томон аскари ҳам Тангридан мадад сўрайдир. Ҳар икки томон ҳам беҳуда қон тўкадир. Ҳар икки томон ҳам жазавада эс-ҳушини йўқотган.
Жангда Ҳай қабиласи лашкари кўпроқ қурбон бераётган эрди. Шунинг учун Лайлининг отаси асабийлашар, олдиндагиларга нималарнидир деб бақирар, йўл-йўриқ кўрсатар эрди.
…Мажнун минган от эгасига ўхшаб савдойироқми, ёнгинасида кечаётган жангга парво қилмас, гоҳ бўйнини чўзиб янтоқ учини чимдир, гоҳ бошини кўтариб пашша қўрир эрди. Сўнг секин ортига бурилиб, кета бошлади. Мажнун ҳам отни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Ортда жанг давом этар. Бақир-чақир, шарақ-шуруқ садолари ҳукмрон.
***
Ҳай қабиласининг саҳро ўртасига тикилган вақтинчалик ҳарбий қароргоҳи. Тун. Айрим чодирларда жинчироқлар ёниқ, баъзи чодирлар олдидаги ўчоқларда олов ёнмоқда.
Кимдир тинмай ингранадир. Қайсидир чодирдан аёл кишининг бўғиқ, аммо юракни ўртайдирган фарёди эшитиладир. Бир эраннинг-да ҳўнг-ҳўнг йиғлаган товуши келадир. Чодир эшиги олдида шуларнинг барини кўриб-эшитиб тураркан, Ҳай тушкун бир кайфиятда ўйга чўмган. Бир кундаёқ юзидаги ажинлари кўпайиб қолгандай, кўзи ичига уриб кетгандай.
Қайтиб шам ёнига борди. Улкан сояси чодирнинг бир томонини энлаб тушди. Хўрсиниб, тўшакка чўкди. Муштини пешонасига тираган кўйи узоқ ўтириб қолди.
Айни шу дамда ташқаридан икки кишининг ғўнғир-ғўнғир товуши келар эрди:
«Бу кетишда бутун қабиламиз қонга беланади-ёв», дерди биттаси.
Иккинчиси ундан ҳам паст товушда дардини тўкарди:
«Ҳе-е… Хожамизнинг битта эрка қизини деб не-не йигитларимиз увол кетди-я».
Ҳай ўзи бўлари бўлиб ўтирган эрди, тасодифан эшитиб қолгани бу гаплар ўлганнинг устига тепган бўлиб, юрагини баттар эзди. Шаҳд ила ўрнидан турди-да, кўзи қонга тўлиб, қўрқинчли важоҳатда ташқарига чиқди. Чодир ёнида турган отга ирғиб минди ва қичаб савалаб, қабила сари чоптирди. От туёғи остидан кўтарилган чанг ойдин кечада тутундай бўлиб кўринди.
***
Поёнсиз тақирлик.
Лайли севикли ёри хуфёна туҳфа қилиб жўнатган мовий тусли узун кўйлакда. Атроф ғира-шира ёруғ бўлганидан ҳарир кийим уни хаёлий парилар сингари кўргазадир. Одимлари ғайритабиий, ҳавода енгил-енгил учаётгандай. Ёноғида бир томчи ёш. Юзида синиқ табассум.
Келиб, алифдек қоматини дол қилиб, дарҳол Мажнун оёқларини ўпадир. Сўнгра қаддини ростлаб, қучоқлашга мойил бўлиб, қўлларини унинг бўйнига соладир. Дерки:
«Эй жондан азизим! Устимизга қўшин тортганингда менинг ҳолим не кечишини ўйламадингми?.. Ишқингда қурбон бўлиш орзуим эрди, шукр, даврон орзуимга етказаётир. Шунчалик ранж ва озорлар ичида бўлсам ҳам, ёрим мақсадига эришсин деб кўнглим хушдир. Гарчи воқеалар ҳалокатлидир, лекин юз мунча бўлганда ҳам ҳеч эмасдир…»
Шуларни айтиб бўлгач, Лайли билакларини Мажнун бўйнидан оладир ва бурилиб кета бошлайдир. Мажнун уни тўхтатмоқчи бўладир, қўлини чўзадир, етмайдир. Лайли қандай енгил одимлар ила келган бўлса, шундай енгил одимлар ташлаб кетаверадир. Мажнун унинг ортидан чопмоқчи бўладир, лекин негадир йўли унмайдир. Қаттиқроқ чопай деса, оёқлари бўйсунмас. Шу тариқа Лайли узоқлаша-узоқлаша, ҳавога сингиб кетадир…
…Мажнун алаҳлаб, терлаб-пишиб уйғонди. Кўрганларининг ҳайратидан ўзига келолмай, аллапайтгача карахт ҳолда ўтираверди. Ўнг қўлини боши, юзи, бўйнию кўкракларидан юргизиб, силаб тушди. Ва аста эмаклаб чодирдан чиқа бошлади.
Ташқарида оёқ учида юриб, ёнидаги чодирга кирди. Соқчи ҳориб ухлаб қолибдими, пайқамади.
Мажнун Навфалнинг тепасига келиб, ёнига чўкди. Аста уйғотди. Навфал чўчиб уйғонди. Боши узра Мажнунни кўриб, ҳайрон бўлди. Мажнун уни оғиз очиргани қўймай, ялина бошлади:
– Тангри таоло ҳаққи, Лайли томонга ортиқ тиғ тортма. Ўч олма, урушни бас қил!
Навфал ўрнидан туриб ўтирди. Кўзларини ишқалади.
– Тиғинг менинг юрагимни тешадир, урушинг менинг жонимга қасд этадир.
– Сабаб?
– Сабаби… руҳимга аён бўлди: эртага яна уруш қилсанг, аламдан Лайлини ўлдирадилар. Сен ғолиб зотсан, ҳаётим пайвандини узма, – деб Мажнун бир нафас тин олди ва яна сўзида давом этди: – Ёрга етишишга ғайрат керакдир балки, аммо амин бўлдим, лашкару хунрезлик бирла эмас… Ишқ ёлғизнинг иши эркан.
Навфал ортиқча ижикилаб ўтирмади. Воқеага тушунди.
– Сенинг айтганинг бўлақолсин, – деди.
Мажнун хотири жам бўлиб секин ўрнидан турди ва ташқарига йўл олди.
***
Ҳай отини тўппа-тўғри Лайли чодири тагигача чоптириб келди ва ёшига уйғун бўлмаган бир чаққонлик ила сапчиб ерга тушди. Худди атай пойлаб тургандай қаёқдандир доя кампир пайдо бўлди. У Ҳайнинг ғайриодатий важоҳатини, айниқса, ўнг қўли қилич дастасини асабий сиқиб турганини кўриб қўрқиб кетди, хаёлига ёмон ўй келди ва қўрқмасдан унинг йўлини тўсди.
– Лайли уйқуда, – деди иложи борича оғир бўлиб.
Ҳай уни йўлидан суриб юборди-да, ўзини ичкари урди.
Дарҳақиқат, Лайли ширин уйқуда, уйқусида ҳам чиройли бўлиб ётар эрди.
Ҳай унинг тепасига келгач, сал ҳовридан тушди. Меҳри ийдими, қизгинасининг чеҳрасига тикилиб қолди. Кўзларига ёш қалқиди. Аста энгашиб, пешонасию бошини силаб қўйди. Қайтиб турди. Лаблари сезилар-сезилмас пирпирай бошлади. Қизидан кўзини олди, кўзидан меҳрини ҳайдади ва… жаҳд ила қиличини қинидан суғурди.
Айни шу палла чодирга ҳаллослаб Лайлининг онаси кирди. У бошяланг, оёқяланг эрди. Ўйлаб ўтирмай, келасолиб ўзини Лайли устига ташлади. Бирнима демай, ҳўнграб йиғлайверди.
Лайли чўчиб кўзини очди. Устида фарёд чекаётган онасини, тепасида қилич яланғочлаган отасини кўриб, ҳушидан кетаёзди.
Отани ҳозир таниб бўлмасди.
– Шуни деб ор-номусим поймол бўлди! Қабилам шаъни булғанди! Йўқол! Бўлмаса сени ҳам қўшиб чопиб ташлайман! – деб дағ-дағ титрарди у.
Лайли онасини оҳиста устидан сурди-да, туриб ўтирди. Ва отаси қўлидаги қиличга қараганча, дона-дона қилиб, деди:
– Ёрим ишқида қурбон бўлиш орзусида эрдим, шукр, даврон шу орзуимга етказаётир. Мана, чопинг, ота! – деб кўксини тутди.
Шу чоқ ташқаридан олдинига от туёқлари товуши, кейин кимнингдир доягами, хизматчиларгами баланд овозда ҳовлиқиб сўзлагани эшитилди:
– Хожамиз қаердалар? Навфал лашкари қайтиб кетяпти…
Хабар Ҳайни гангитиб қўйди. Қиличини бир ёнга ирғитди-да, отилиб ҳовлига чиқди. Хабарчи бу пайтда чодир тагига келиб қолган экан. Ҳайни кўриб, энди оғиз жуфтламоқчи бўлган эрди, гарданига туйқус мушт еб, қулади.
Ҳай отга минаётиб, бутун аламию ғазабини қўшиб: «Номард!!!» деб ҳайқирди. Аммо ўзиними, хабарчиними ё Навфалними айтди – билиб бўлмасди.
***
Мажнун отда қумтепани айланиб ўтаркан, ёнбағирнинг соя томонида қуёшдан жон сақлаб ўтирган бир кимсага кўзи тушди ва оти бошини шу ёққа бурди.
Ул кимса-да Мажнунни кўрди ва негадир турасолиб жўнаб қолди. Кимса оқсоқланар, лекин тезроқ юришга уринар эрди.
Мажнун тизгинни тортди.
– Эй жўмард, кимсан? Қайси Тангридан қўрқмаган сени бу ҳолга солиб, ташлаб кетди?! – деди унга хитобан.
Оқсоқ йигит ҳам тўхтади. Афтидан, йигирма ёшларда. Ҳолидан бир-икки кеча уйқу кўрмагани, бирор егулик емагани кўринадир. Жароҳатли ўнг сони сиқиб боғланган. Латта қонюқи. Кийимлари уринган.
Мажнун саволидаги самимиятни сезиб, йигит унга томон бир-икки одим юрди. Мажнун отдан тушди.
– Мен бир бахти қаро… Ҳай қабиласининг фуқаросиман, – деб сўз бошлади йигит.
Ҳай исмини эшитиб, Мажнун сергакланди.
– Исмим – Зайд. Хожамизнинг қизига Қайс деган бир йигит ошиқ эрди. Ишқида мажнун бўлиб қолган деган афсоналар юради. Ўшал Мажнун ёрига етишолмай, устимизга лашкар тортиб келди. Ёмон уруш бўлди. Лекин ҳийла ишлатдими, кечаси лашкари кетиб қолди. Биз кўп талофот кўрдик. Мен яраланиб, ҳушсиз, жанггоҳда қолиб кетибман. Ҳийладан хавфсирабми, қабиламиз кўчиб кетибди, ҳеч кимни топмадим. Бу оёқ билан… – деб Зайд жароҳатига ишора қилди, – энди уларни қандай ҳам топардим. Мажнуннинг касрига ота-онамдан айро тушдим. Улар мени ўлди деб ўйлашгандир… Ўзинг кимсан, олижаноб йигит?
Зайднинг ҳикояси Мажнун юрагини алғов-далғов қилиб ташлади. Ўзини қаттиқ гуноҳкор сезиб, аста йигитга яқин келди ва икки қўлини кўксига қўйиб:
– Сен айтган ўша Мажнун менман, – деди. – Менинг касримга шу кўйларга тушибсан, мен хижолатдаман. Ҳар не қилсанг… розиман!
Зайд ишонқирамагандай Мажнунга бошдан оёқ қайтадан разм солиб чиқди ва бирдан меҳри товланиб:
– Наҳот ўша Мажнун сенсан? – деб юборди. – Сенинг ишқинг бизга олис ҳавас эрди. Ер юзининг ошиқлари сенинг ғойибона дўстингдир… Ҳеч кўзларимга ишонмаяпман!
Мажнун Зайднинг елкасига қўлини қўйди.
– Ҳаяжонли сўзларингдан сенинг ҳам дардинг борлиги сезиладир?
Зайд хомуш тортди.
– Ҳа… тақдиримиз ўхшаш. Менинг ҳам ул севиклим васлига етишишим даргумон, – деди-да, чуқур хўрсинди. – Мен бир фақир ўғлиман, у эса қабила бошлиғининг қизи…
– Умидингни сўндирма, Тангрига таваккал қил! – деди Мажнун унинг кўнглини кўтариб. Кейин бирдан жонланди: – Зайд, биродарим, мана сенга отим, керак бўлса, уст-бошимни-да ечиб берай, мени кечир!
Зайд Мажнуннинг елкасидан тутди.
– Қайси айбинг эвазига узр сўрайсан? Мени хижолатга қўйма! Отинг ҳам ўзингга насиб этсин.
– Йўқ, отни сенга ҳадя этдим! Бир ўтинчим – қабилангни топсанг, Лайлига мендан хабар етказ, узримни айт!
Зайд ер ўпиб рози бўлди.
– Бош устига! Лайли ғамингда шундай нотавонки, шарҳи элга достондир. Хабарингни етказсам, унга жондан ортиқ бўлажак. Менга отингни бағишладинг, Тангрим сенга ёрингни етказса шояд! – деди-да, от жиловидан тутди. Минишига Мажнун кўмаклашиб юборди.
***
Кунботар палла. Мажнун атрофга олазарак қараб, қумда қолган ҳисобсиз излардан юриб, суюкли ёри ташлаб кетишга мажбур бўлган маконга томон келар эрди.
Ниҳоят, олдидан даман (қабила ташлаб чиқиб кетган жой) чиқди. Тизза бўйи урилган деворлар, чодирларнинг ўрни, сочилиб ётган сомон, ўтин, латта-лутта, ҳар-ҳар ерда ўчоқ, тандирлар ва тепага ўрлаётган заифгина тутун… бу маконда каттагина қабила яшаганидан, яқиндагина кўчганидан дарак берадир.
Мажнун даманни айлана кетди. Ҳар бир тош, ҳар бир қовжироқ майса, ҳар дарахт тепасидан Лайли изини, Лайли нафасини ахтарарди гўё. Нигоҳи ер чизиб, даманнинг «кўча»ларида роса изғиди.
Тахминан ўрталардаги катта бир майдонга етиб, тиз чўкди. Тавоф қилди. Икки қулочча эмаклаб бориб, ерда ётган билакдек ёғочни ўпди.
Аллақандай шарпа уни ўзига келтирди. Бошини кўтариб, қаршисида жуда қариб кетган бир қўтир итни кўрди.
Шўрликнинг жунлари буткул тўкилиб битган, битта-иккита қолган туки ҳам унга юк бўлаётгандек, юришга мажоли йўқ. Териси устихонига ёпишиб, қобирға суякларини санаса бўлгулик ҳолда. Камига, бутун танасига яра тошган. Оғзи-бурнидан сув оқиб турибдир. Тишлари иржайиб, ўз ҳолига ўзи кулаётгандек. Яраларини қурт босган, пашша гала-гала бўлиб талаётир. Қўришга ҳафсаласи йўқ.
Мажнун итни таниди. Кўнгли бузилди. Тиззалаб турди-да, кўйлагини йиртди. Итга яқин сурилиб, яраларини арта бошлади. Итнинг парвойи фалак. Артаркан, Мажнун:
– Э фалак! Агар шу ожиз итда қасдинг бўлса, мана, мен ҳам бир заиф итман! – дея фиғон қилар эрди.
Яраларини боғлашга тушди.
– Эй вафоли жонивор! Бир вақтлар соғлом эрдинг, кунинг шодликка тўлиқ эрди. Нечун бунчалар аянч аҳволга тушибсан?! Майли, эл сени ташлаб кетган бўлса… юр мен билан, суҳбатингдан мен баҳраманд бўлай! Ахир, сен бир вақтлар Лайли эшигида посбон эрдинг!
Мажнун ўрнидан туриб, келган тарафига аста йўл солди.
Ҳолсиз қўтир ит судралиб бир-икки одим эргашди. Бўлмади шекилли ё собиқ қароргоҳини афзал кўрдими, тўхтади ва турган жойига ётиб олди.
***
…қум оқар. Дайди, кучсиз шамол унинг зарраларини теваракка сочар. Қум тугагач, ҳовуч тағин ердан тўла қум олади. Секин кўтарилади. Икки ҳовуч орасидан тағин қум оқа бошлайди.
***
Э воҳ, Мажнун қум ўйнаб ўтирадир. Бу машғулотга у жиддий берилган, қарашида озгина болаларча қувонч ҳам, телбаларча маънисизлик ҳам сезиладир.
Йигирма одимча нарида унга юзма-юз шўрлик Ота турар эрди. Орқасида туяси. У ўғлини излай-излай охири шу ердан топган, аммо мана бундай аҳволда топганидан ҳайратда. Соғинч, оталик меҳри кўнглини қанча ошиқтирмасин, у нима қиларини билмай, ўғлига тикилганча лол.
Бир пайт Мажнун бошини кўтарди ва қаршисида туя етаклаб турган кишини кўрди. Қум оқизаётган қўллари ҳавода осилиб қолди. Бир оздан кейин нимагадир тағин юмушига қайтди – бўшаган ҳовучига қум ола бошлади. У кўрдай эрди.
Ота кўзларидан тирқираб ёш оқди. Чидаб туролмади ва:
– Қайс! – деб қичқириб юборди.
Қачонлардан бери ўз исмини эшитмаган Мажнунга бу овоз одатдан ташқари туюлдими, қўрқиб, сапчиб туриб кетди. Ўзини бирор панага уриш тараддудига тушиб қолди.
Ота ўғлига талпинди.
– Болам, нега мендан қочасан? – деди томоғига йиғи тиқилиб.
Мажнун энди отасини таниди ва бир муддат ўзига келиб олиб, отасига қараб юрди. Келасолиб, оёқларини тавоф қилди. Ота уни елкасидан тутиб кўтарди. Бир-бирларига меҳрлари товланиб, ҳаяжон ичида пича шу ҳолда туриб қолдилар.
***
…Саҳро тугаб, бу ёғи адирликлар бошланадирган жойда, чеккадаги бир саксовул тагида ота-ўғил қаршима-қарши ўтиришар эрди. Ўртада хуржун. Ота хуржундан нон, мис кўзачада ичимлик, яхна гўшт олиб қўйган, Мажнун нонга гўшт қўшиб ер эрди. Мажнун кавшаняпти, ота тағин хуржун титкилаяпти. Орада гапириб турибдир:
– Ҳар қандай ишнинг ҳам этаги, ҳар қандай фалокатнинг ҳам охири бор. Жаҳонда ишқ аҳлини кўрмабмизми? Бу ишда бундай мағлуб бўлиб юриш ақлли кишилар шаънига дуруст эмас. Биз ҳам тезроқ келин кўрсак деймиз. Қолаверса… Навфал ҳам сенга ота бўлиш орзусида… Қизини кўрдик, бизга маъқул… Нима дейсан, болам?
Ота гапираётир, Мажнун аста-секин овқат ейишдан тўхтаб, боши солиниб бораётир. Бирор сўз ё ҳаракат ила рад қилиб қўймасин, деган хавотирда Ота яна гапини улаб юборди:
– Онанг иккимизнинг қулоғимизга ўлим хабари келиб қолган. Биз сенинг ғамингда ўлиб кетаверсак, сен тирик бўлсанг-у, мотамингда ўлсак, Тангри бу ишингни сўраса, нима деб жавоб қиласан, болам?!
Мажнун юзини чангаллади. Ғижимлади. Салдан кейин хириллаб тилга кирди:
– Қиблагоҳим, ҳукмингиз жоним орзусидир. Сизнинг итингиз бўлсам дердим, лекин не қилай, ўзимга итчалик ишончим йўқ. Ит кимсага вафосизлиғ этмас. Бошин олиб ўзга сори кетмас.
Мажнун ўрнидан турди ва туяга қараб юрди. Ота хавотирда унинг кетидан кузатиб ўтирар эрди.
Мажнун борасолиб туя жиловини ҳалқа қилди-да, бўйнига отди.
– Бу мубталога не десангиз розиман, қўлингизда бўйни боғлиқ итман! – деб ўзини тўрт оёқлиқ қилди.
Ота тўлқинланиб келиб, ўғлининг бўйнидан арқонни олди ва турғазиб, маҳкам бағрига босди.
…Ота-бола туяга мингашиб, адирларни таглаб боришар эрди. Туя салобатли одим ташлайдир, ота-бола унинг маромига чайқалишадир.
***
Чодир ўртасида соч-соқоли тартибга келтирилган, ювинган Қайс тик турибдир. Она, доя ва бошқалар қўли-қўлига тегмай, уни ясантириш билан оворалар. Узун оқ кўйлак, устидан нимча, устидан чакмон кийгани сари Мажнуннинг қиёфаси ўзгариб, аста-секин асл ҳолига келар эрди. Бошига салла кийгазганларида, озгина ориқлагани ва озгина улғайганини айтмаса, бурунги Қайсга қайтди-қўйди.
Берироқда уни томоша қилиб турган отанинг, елиб-югуриб хизмат қилаётган муштипар онанинг севинчлари ичларига сиғмас, бу хонадонда кейинги йилларда илк бор шундай шод-хуррамлик ҳукм сурар эрди.
***
Тўй тантанаси ниҳоялаб қолган. Теваракка ўрнатилган мис шамдонларда шамлар ёнадир. Ҳар ер-ҳар ерда машъалалар порлайдир.
Зеб-зийнатлар ила ясантирилган гул юзли келинни уч-тўрт аёл ва тенгқур дугоналари чодир сари олиб кела бошладилар. Икки томонида қатор турган бошқа аёллар шодлик ифодаси ўлароқ панжалари учини оғизларига қопқоқ қилиб, очиб-ёпиб, чуриллаб турибдилар.
Куёвлик кийимидаги йигит Мажнун эрди. Куёвнавкарлар уни ўртага олиб, чодирга киравердилар. Оёқ тагига солинган пойандоз дарров қўлма-қўл бўлиб кетди.
Орқасидан остонага келинни келтирдилар. Кимдир келин бошидан кўп олтин-кумуш тангалар сочди. Ҳамма танга йиғиш билан овора бўлиб турганида… бошдан-оёқ қора матога бурканган бир шарпа лип этиб ўзини ичкари урди, ҳеч ким уни пайқамай қолди.
Аёллар ҳамон танга йиғиштирар эрдилар. Икки хотин фурсатдан фойдаланиб, келинни чодир ичига олиб кириб кетди.
Ичкари қоқ иккига бўлинган. Чимилдиқнинг ўнг томонида тахтиравон ўрнатиғлиқ. Унга бахмал тўшаклар ёйилиб, лўлаболишлар қўйилган. Келин кирган пайтда Мажнун тахтиравонда ўтирар эрди. Келиннинг ҳамроҳлари одоб ила, ноз-неъматларга тўла дастурхонни айланиб ўтиб, келинни Мажнуннинг ёнига ўтирғиздилар. Сўнгра иккаловини ёлғиз қолдириб, орқама-кетин чодирдан чиқдилар.
Ташқарида шовқин-сурон аста-секин тиниб, чодир теварагида ҳам ғимир-ғимир тўхтади.
Тахтиравонда икки маҳкум мотамсаро қиёфада ўтирар эрди. Бошлар хам. Кўзлар бир-биридан қочадир. Ўртада ўнғайсиз ҳолат.
Гўшанганинг нарёғида яширинган ҳалиги шарпа бир чеккадан бу икки мотамсарони кузатар. Қўлида ялтироқ ханжар, гўё фурсат пойлар.
***
Ҳовлида машъалалар ўчирилган. Қоп-қоронғи. Ҳозиргина бу ерда тўй-томоша бўлганидан далолат сифатида қуюқ ўрнатилган чодирлардан бирида ҳали меҳмонлар уйғоқ, гангир-гунгурлашиб ўтирар эрдилар. Шу чодир оғзида елкасига авра чакмон ташлаган Навфал пайдо бўлди. У ёқ-бу ёққа қараб олиб, кўча томонга юрди.
Келин-куёв чодири ёнидан ўтаётганида, иттифоқо, ичкаридан қизининг йиғламсиқ товушини эшитди ва сергак тортиб, жойида тўхтади. Қулоқ тутди:
– Сиз ишқ ўлкасининг шоҳисиз. Лайли бор экан, ўзга ёр тутмаслигингиз эл қатори менга-да маълум эрди… Аммо оталаримизнинг ризоси ила шундай ишларга дучор бўлдингиз…
***
Дарҳақиқат, ичкарида келин Мажнунга мўлтираб, илтижо ила ҳаяжон ичида сўзлар эрди:
– Бир қошиқ қонимдан кечинг, менинг ҳам бир дардмандим бор. У мени деб…
Келин ўрнидан туриб, икки қадам нари кетди ва ўша ёққа қарагандай гапираверди:
– …мен уни деб хароб бўлганмиз, лекин иккимизнинг ўтимиз яширин. Менга тўй бўлганини эшитса, унинг ҳоли не кечади?!
Келин тағин Мажнун томонга ўгирилди. Ҳатто шу томон бир қадам қўйди ва янада ялинчоқ оҳангда давом этди:
– Менинг сиримдан огоҳ бўлдингиз, энди битта ўтинчим бор: мен туфайли маломатга қолсангиз ҳам, шу оғир сўровимга рози бўлсангиз ва бу ердан туриб кетсангиз…
Мажнун гарчи ўзи бундан баттар аҳволда ўтирган бўлса-да, бу ҳол барибир кутилмаган эрди. Бир келинга қарайдир, бир ерга. Нимадир дейишга оғиз жуфтлайдир, лекин яна фикридан қайтиб, индамай қулоқ тутиб ўтираверадир.
– Мендан сизга шундай мурувват бўлди, сиздан менга мардлик бўлса қанийди! – Келин нигоҳини юқорига қаратиб, хиёл қўлини очди ва чин кўнгилдан илтижо қилди: – Тангри таолодан умидим шулки, пок ва нодир Лайлини ўз паноҳингга олиб, ҳар бало-қазодан омонда сақласин, ҳажрида сизни сабр-тоқатли қилиб, васлини ҳам сизга насиб этсин!
Мажнун бениҳоя тўлқинланиб кетган эрди. Иккинчи томондан у ўз муҳаббатида мана шу қиздай собит тура олмаганидан уятда ҳам қолди. Овози ҳам титраб, сўзлай бошлади:
– Сен шундай лутф изҳор этдингки, қандай миннатдорлик билдиришимни билмай қолдим. Менинг ҳам ичимда қайғу… ўзим ҳам кетмоқ хаёлида эрдим, аммо сенинг кўнглингни ўйлаб, иккиланаётган эрдим. Бу сўзларинг сафаримга мадад берди. Миннатни сенга эмас, ўзимга, балки жон била икки кўзимга қўйганман! Хайр, ёрингга шиоринг ўлсун, ким Тенгри ҳамиша ёринг ўлсун!
***
Навфал қизи бирла куёвининг маҳрам суҳбатини эшитганидан хижолат ҳолатда, ҳам айтилганлардан даҳшатда турар эрди. Ичкаридан шарпа эшитиб, Мажнун чиқяпти, деб ўйлаб, шоша-пиша панага ўтди.
***
Ичкарида эса ўзга ҳол эрди. Мажнун қизга гапини гапириб бўлиб, ташқарига чиқишга улгурмай қолди: чимилдиқ ортида бекиниб турган шарпа шартта ўртага келди-да, бошидан қора рўймолини олиб, Мажнуннинг оёғига тиз чўкди. Саждага боргандай букланиб, оёғини ўпди.
Маҳрам хонада бегона эран, боз устига, манави ҳолатда пайдо бўлганидан келин қўрқиб кетди. Бир қадам ортга тисланди. Сўнгра эса, йигитни таниб, юзидаги қўрқув аломати ўрнини қувонч, ғурур асарлари эгаллади.
Мажнун-да бу дардманд йигитнинг кимлигини билди: қаршисида тиз чўкиб турган ошиқ Зайд эрди!
– Зайд?!
– Ҳа, менман, эй ишқ султони! Аммо мен бу ерга иккалангизни ҳам ҳалок этгали келган эрдим. Тангрига шукрки, мен кутган ҳол бўлмади.
Мажнун Зайдни маҳкам қучди.
– Ёринг ўзингга насиб этсин! – деди ҳаяжон ила.
***
Мажнун чиқавермагач, Навфал ташқарида ҳайрон бўлди. Чодирдан яна ўзга бир йигитнинг овози кела бошлаганида эса, тамоман ўзини йўқотди. Истаб-истамай тағин чодир деворига яқин келди. Ичкаридаги ҳалиги бегона йигит сўзларди:
– Менга ишқ маслагидан таълим бердинг, эй Мажнун. Ёримнинг ғойибона вафоси эса, муҳаббатимни юз чандон ошириб юборди, – дерди у. – Беҳуда гумонларим учун юзим шувит… мени кечиринглар.
…Қадам шарпаси эшитилди. Навфал ўзини панага олди.
Мажнун қоронғи ҳовлига чиққач, остона тагида бир зумга тўхтади. Қай томон юришни чамалаётгандай, теваракка назар солди.
Ортидан Зайд ҳам чиқиб келди. У чексиз хурсанд, тақдирнинг марҳаматидан миннатдор эрди.
Мажнун енгил тортиб, саҳро томонга шитоб билан юриб кетди.
Зайд қарама-қарши ёққа йўл олди…
Навфал чодир орқасида, бошларини чангаллаб ўтирар эрди. У доғда қолган, нима қиларини билмас эрди. Боши қотиб, аллапайтгача тек ўтирди. Кейин ҳолсиз судралиб, меҳмонлар ўтирган чодир томонга кетди. Чодир ёнида бир ёғочга қийрихон боғланган машъала қаршисида тўхтади. Машъала ёна-ёна мойи тугаган, чеккаларигина лип-лип этиб турар эрди. Навфалнинг жаҳли чиқди ва кафтининг ёнламаси ила машъалани бир урди. Липиллаб турган ожиз олов ҳам ўчиб, машъала нарига учиб кетди. Навфал меҳмонлар олдига кирмай, бошқа томонга бурилиб кетди.
Ичкарида эса ҳамон гангир-гунгур давом этар эрди. Кимдир куладир.
Навфал нафрат ўтида чодирга қараб қўйди-ю, аммо қайтмади.
***
Ҳай қабиласида ҳам тўй-тантана, Лайлини Ибн Саломга узатаётирлар.
Юзга яқин бир хилда кийинган қиз қўлда шамдонлар тутиб (шамдонлар мисдан гўзал қилиб ясалган, шамларнинг пиликлари текис ёнадир), қатор туриб, кенглиги уч қулочча келадирган жонли йўлак ҳосил қилишган. Бу йўлакнинг икки тарафида меҳмонлар. Издиҳом катта. Ҳар-ҳар жойда беш-олти йигит машъала кўтариб турибдир. Тўйхона айланасига ҳам машъалалар ўрнатилган.
Яна бир гуруҳ қиз баркашларда сочқилар олиб келиб, шам тутган қизларнинг қаторига турди. Бошқалари сопол товаларда гул сувларидан келтириб, куёв келишига мунтазир.
Машшоқлар бир куйни чалишмоқда, тўй руҳига мос.
Жонли йўлак бошида Ибн Салом уч-тўрт навкари ила чимилдиққа чорловни кутиб турар эрди. У шод, атрофга ўғринча қараб-қараб қўядир.
***
Лайлини кийинтиришмоқда. Кўзларидан оқаётган ёш рўмолча тугул, юзидаги ҳарир пардани-да ҳўл этган. Аммо бу ҳолни табиий билиб, теварагида аёллар, дугоналари гидрикапалак. Доя шўрлик унинг елкаларини силайди. У тушунадир, у ҳамдард, у ҳам худди Лайли сингари бу тўйдан рози эмас. Аммо, ҳозир иккаласи-да ўзларини ожиз ҳис қиладир.
Лайлининг бўйнига марварид шодаларини тақишди. Йўқ-йўқ, Мажнун туҳфа этган шода эмас, бўлак, ундан каттароқ шодани… Лекин Лайли бўйнига ҳалқа солингандай бўлди. Бошига тиллақош ўрнатишди. Сўнгра бир-икки аёл суяб ўрнидан турғазишди ва секин юрғизиб, ташқари олиб чиқа бошлашди.
Эшик оғзига борганда, зарур нарса эсига тушиб қолгандай, Лайли тўхтади. Аёллар қуршовидан чиқиб, ортига қайтди. Аёлларнинг кўпи ташқарига чиқиб бўлган, қолганлари остона тагида Лайлини пойлаб қолган.
Лайли кўрпа йиғилган жойга келди-да, аёлларга орқа қилиб, кўрпа қаватидан зебигардонини олди. Зебигардонда турли тақинчоқлардан ташқари чиройли сопли бир ханжар-да бор эрди, Лайли тез уни олиб, енги ичига яширди. Аёлларнинг кўзига гўё мушк-анбар сепган бўлиб, остонага қайтди. Ҳеч ким Лайлининг бу хуфёна ишини пайқамади.
Ташқарида онаси уни бағрига олди. Лайли унинг елкасига бошини қўйиб, йиғлаб юборди. Она Лайлининг орқаларини силаб, пешонасидан ўпди. Унинг ҳам кўзида ёш.
Қабила аёллари ўзларининг ёр-ёрларини айтиб, чилдирмалар чалиб, Лайлини жонли йўлакдан олиб ўта бошладилар. Қизлар сочқилар сочдилар. Йўлига гул сувларидан сепиб турдилар. Шам кўтарганлар бошларини хиёл эгиб, таъзим қилдилар.
Лайли кўнгли ўта ғаш, ичи қоп-қоронғи. Хаёлида нималар кечаётгани бир ўзига аён. Йиғлайдир.
Кейин жонли йўлакдан навкарлар қуршовида куёв ўта бошлади. Куёвлик кийимида Ибн Салом ғоят ўктам кўринар эрди. Яна сочқилар сочилди, яна сувлар сепилди, яна таъзим ила кузатиб қолинди.
Куёв-келинга безатиғлиқ чодир оғзида, ичкарида Лайли ўтирибдир. Ўнг қўлида ханжар…
Оппоқ ҳарир пардани туширдилар.
Рўпарадан Ибн Салом келаётир. Кўзлари мастона боқадир.
Ён томондан Лайлининг отаси имом-хатибни бошлаб чиқди. Хатиб остона тагига чўнқайиб, куёвнинг келишини, ёнига ўтиришини кутди.
Лайли тоқатсизланар, лаблари шивирлар, елкалари билинар-билинмас титрар. У ханжарни кўксига санчишга ўзини руҳан шайлаётган эрди.
Сира кутилмаган ҳол рўй берди: Ибн Салом хатибга яқинлашар-яқинлашмас бирдан ранги ўзгариб, кўзи юмилди ва секин қийшайиб, гупиллаб йиқилди. Бу воқеа шу қадар тез содир бўлдики, ҳеч ким уни ушлаб қололмади.
Бирпасда ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетди. Аёллар чинқириб юборишди. Шу жумладан, ичкарида, Лайли бошида турганлар ҳам уни ўз ҳолига ташлаб, Ибн Салом бошига тўпланишди.
Лайлининг отаси эсини йиғиб: «Сув! Сув келтиринглар!» дегунича хиёл муддат ўтди.
Навкарлардан бири қўйнидан мато чиқариб, елпий бошлади. Бошқа бири қаёққадир чопди. Бир аёл – Ибн Саломнинг опаси – келасолиб ўзини унга ташлади. Бошини тиззасига олиб, кўкрагини ишқалашга тушди.
Хатиб никоҳни ўқиса, ўзини ўлдиришга шай турган Лайли олдинига нима бўлганига ақли етмай гаранг эрди, сўнг тақдир инояти ила жонининг омон ҳам номусининг бутун қолганига инониб, секин ташқари чиқди. Сездирмай Ибн Салом томонга кўз қири ташлади ва қоронғуликка чекинди.
Хатиб Ибн Саломнинг томирини ушлади, кўксига қулоқ солиб кўрди. Сув келтирдилар. Навкарлардан бири Ибн Салом кўкрагини очиб, яланғоч баданига сув сепиб ишқалай кетди.
Хатиб Ибн Саломнинг опасига қаради:
– Хафақон касали борми эрди? – деб сўради. Опа жавоб берадиган ҳолатда эмасди. Хатиб ўзи хулоса ясади: – Кўп май ичилганидан хафақон хуруж қилган кўринадир, – деди атрофдагиларга.
Икки-уч йигит Ибн Саломни кўтариб, даврадан олиб чиқиб кетди.
***
Лайли тобора қабиладан узоқлашиб, саҳро ичкарисига кириб борар эрди. Ихтиёри ўзида эрмас, лекин ҳар нафасда Тангрига шукр қиладир. Қўлида ханжар, маҳкам ғижимлаб олган, балки ҳозир ханжарни буткул унутган. Шовқин-сурон ортда қолиб, Ҳай қабиласи-да кўринмай кетди.
Лайли бирдан тўхтади. Ажабланиб, қўлига қаради: ханжар! Эслади ва… ён томонга ирғитиб юборди-да, йўлида кетаверди.
Саҳродаги тунги сокинликни унинг ғарч-ғурч қадам товуши бузадир.
Узоқ юрди. Чарчаса-да юраверди. Бир жойга етганида, қаршисида кутилмаганда бир шарпа пайдо бўлди. Шарпа бу томонга келаётган эрди. Иккаласи ҳам тақа-тақ тўхтаб қолишди. Бир-бирига тикилиб, у буни, бу уни таниди.
Қаршидан келаётган шарпа – Мажнун эрди.
Бундай висолни ким кўрган экан, ҳайҳот!
Оёқларига жон, тилларига калима келавермас. Кўзларига ишонмайдилар. Бир-бирларини сароб деб ўйлайдилар.
Кеча ғира-шира ойдин эрди. Атрофни туманга ўхшаш бирнима қоплаган. Бундай ғайритабиий манзарада улар ҳам бир-бирининг кўзига хаёлий бўлиб кўринадирлар.
– Лайли! – дейди Қайс.
– Қайс! – дейди Лайли.
Чирилдоқлар чириллашдан тўхтади. Юлдузлар жилва қилиб, майин куй чалиб турди. Қайс оҳиста Лайлига қараб юрди. Гўё ҳавода учиб келаётгандай бўладир. Келиб, Лайлининг кўзларидан нигоҳини узмай, секин тиз чўка бошлади. Оёғидан ўпди.
Лайли-да ўзини йўқотиб, Мажнун қаршисига тиз чўкди. Сочини, юзини силади.
Иккала ошиқ қумга тиззалаб олишган, бир-бирига қўл етгудек масофада.
Мажнун энди Лайлининг тим-қора сочларини олиб, билакларига ўрайдир. Лайли Мажнуннинг сочларини чанглардан тозалайдир.
Мажнун олдинга энкайиб, Лайли тиззасига бош қўядир, Лайли унинг устига бош қўядир.
Атроф тинч.
***
…Ғойибдан ровийнинг овози келадир.
«Бу оқшом Лайли бирлан Мажнун кўп ҳолатни бошдан ўтказдилар, аммо покликдан ажрим бўлмадилар. Ишқ аҳли булардек пок бўларкан, уларга абадий висол муяссар бўлса, не ажаб! Нафс илинжида ошиқ бўлганларга ишқ ҳаромдир».
***
Юз йилларча шундай кечанинг орзу-ҳавасида бўлсалар-да, тонг дам ургач, унинг бир нафас эканлиги билинадир,
Тонг ота бошлади. Осмон аста-секин ёришиб, қумтепа ёнбағрида ҳамон бир-бири устига бош қўйган ҳолда қотган ошиқ-маъшуқни ўзларига келтирди.
Лайли оҳиста қаддини тиклади.
Мажнун ҳам оҳиста бошини кўтарди.
Лайли туриб, қайтиш тараддудига тушди.
Мажнун тиззалаб ўтирган кўйи унга илтижоли боқди.
Лайли бу илтижога жавобан муҳокамага ўрин қолдирмайдирган оҳангда:
– Менинг бу ерда туришим иккимизга қанча яхши бўлса ҳам, уйга қайтишим айни маслаҳатдир, – деди ва…
…кўнглини Мажнунга қолдириб, жасади қабила сари судралди.
Мажнун дилдорининг ортидан узоқ қараб турди, у кўринмай кетгач, қумда қолдирган жажжи изини чангаллаб олди-да, соғинч ила юзига босди.
***
Тонг. Навфал қабиласи. Меҳмонлар кетишга чоғланишган. Умумий руҳ бундай: кеча оқшом бу хонадонда гўё тўй эмас, мотам бўлгандай.
Мажнуннинг отаси ғазабдан ўзини қўярга жой тополмас. Қовоғи солиқ. Юзи қизариб, қаршисидаги туялар сари боряпти. Ярим қадам ортда Навфал уни кузатиб келар. Қандай қилиб кечирим сўраш йўлларини ахтарар худди. Орқароқда – аёллар. Мажнуннинг онаси рўмолчасини кўзларига босган, бошқа аёллар уни елкасидан тутишган.
Тунда юз берган воқеа – Мажнун келинни ташлаб кетиб қолиши ҳаммани гангитиб қўйган эрди.
– Тангрининг тақдири эркан… – деди Навфал овози титраб. – Бу ишларда сизнинг ўғлингиз ҳам, бизнинг қизимиз ҳам айбли эмас. Бу ҳаракатларида бирор қинғирлик бўлганида, ўзим муносиб иш тутардим, аммо…
Мажнун отаси тўхтади. Навфалга қаради. Навфал кўзини бир четга олиброқ, сўзида давом этди:
– Тақдирнинг чораси бўлмайдир…
Ота изтиробли ўйлардан баттар куяр эрди.
– Ҳаҳ, бола-я! – деб нидо қилди юзлари буришиб ва…
Бирдан кўкрагини чангаллаб қолди, мункий бошлади. Навфал дарҳол уни суяди. Бошқалар кўмакка етиб келишди. Туяларга яқин қолишган эрди, шу ерга ётқизишди.
Мажнуннинг онаси фарёд тортиб, тиззаларига шаппалай бошлади.
Сал фурсатдан қейин юрак пича қўйиб юборгач, Мажнуннинг отасини битта кажавага ўтирғиздилар. Туялар қўзғалди.
– Беҳуда ғам тортманглар, азизлар! – деди хайрлашувга Навфал.
Йўлга тушдилар. Қуда даргоҳидан иснодга ботиб чиқиб кетаётганлик ҳисси отанинг ҳам, онанинг ҳам мазасини қочирган эрди. Ота ҳамон кўксини чангаллаб борар, она унсиз фарёд чекар, булар бирла келган меҳмонларнинг-да кайфиятлари сўник эрди.
***
Ибн Салом ҳашамдор бир чодир ичида ҳушсиз ётар эрди. Мойчироқ ёниғлиқ. У ётган тахтасупа хонанинг бошқа қисмидан парда ила тўсилган. Бошида – қиличи, ўқ-ёйи.
Секин қимирлади. Ҳушига келиб, кўзини очди. Озгина тепага қараб ётди-да, бутунлай ўзига келгач, қуруқшаган лаблари шивирлади:
– Лайли қани?
Опаси тез унинг бошига келди.
– Лайли қабиласида. Тузалиб кетган кунингоқ олиб келамиз, инигинам, – деди Ибн Саломнинг кўнглини тинчлантириб.
Ибн Салом кучаниб бошини ўнг ёнга бурди, кейин чап ёнга бурди. Гўё Лайлини излади. Топмади.
– Унга айтинглар, Ибн Салом васлингга етолмади, аммо сенинг ишқингда оламдан ўтди, денглар… – дедию боши шилқ этиб тушди.
Опа чинқириб юборди.
***
Саксовул, юлғун сингари чакалаклар тиғиз ўсган саҳрода тонг отмоқда. Атрофни қўй-қўзининг овози тутган. Икки отлиқ чўпон поданинг икки чеккасидан юриб, «қуру-у-ув, қуру-у-ув» қилиб, қўйларни кунчиқар томонга ҳайдаб боришар эрди.
Бир пайт чўпонлардан бири шу томон шитоб билан келаётган телбасифат кимсани кўрди. Отининг жиловини тортиб, шеригига «ҳайдайвер» дегандай имо қилди. Пода тўхтамади.
Шериги телбасифат кимсага қарай-қарай, сурувни ҳайдаб кетаверди.
Бу орада Мажнун чўпонга яқин келиб қолган эрди. Чўпон отдан тушмай, уни бошдан-оёқ кузатиб чиқди.
Мажнун ҳам чўпоннинг юзига тикилди. Ниҳоят:
– Ёруғ юзинг менга таниш кўринди, сени қайда кўрган эканман? – деди бошини хиёл қийшайтириб.
– Қайда кўрганингни билмадим, аммо мен бу тилсиз галанинг ҳамзабони, Лайли қўйларининг чўпонидирман. Ўзинг кимсан?
Мажнун «Лайли» исмини эшитиши ҳамоно тағин телбалиги тутди ва чўпон отининг олд оёқларига ўзини ташлади.
– Эй муборак юзли! Тангрининг бу қандай марҳаматики, менингдек дардлини сенингдек табибга йўлиқтирди! Мен ўша Лайли ишқида мажнун бўлган кишиман. Тезроқ юр. Мени қўйларингга қўшиб, ёрим ҳузурига ҳайда!
От пишқирди. Чўпон дарҳол отдан тушди. Мажнун қаршисига чўнқайди. Яна қайтадан унга разм солиб чиқди.
– Ўшал Қайс сенмисан?
Мажнун бошини қимирлатди.
– Сени бизнинг қабилада сабоқ ўқиган чоғларингда кўрган эрдим. – Кейин юзига ташвиш нишоналари инди. – Лайли дардингда қаттиқ хасталанган. Бунинг устига, мижози иссиқлигидан гармсел уни ҳолдан тойдирди. Ётибдир.
Мажнун чўккалаб, чўпонга ялина бошлади:
– Э биродар, мени тезроқ Лайлининг маконига бошла!
Чўпон бир нарса ёдига тушиб қолгандай, юзи янада тундлашиб, кўнгил сўради:
– Шу кунларда эшитишимча, ота-онанг оламдан ўтибдирлар… сабрли бўл.
Мажнун ялт этиб чўпоннинг кўзларига боқди. Чўпон довдиради.
– Сен ҳали билмасмидинг? – деб Мажнуннинг елкасига қўлини қўймоқчи бўлди, аммо улгурмай қолди. Мажнун бир силтаниб ўрнидан турди-да, ҳозиргина келган томонига жўнаб юборди.
Бирданига ғирт етим бўлиб қолган Мажнун бу оламга сиғмай борар эрди. Бир чопадир, бир секинлайдир. Орқасига қарамайдир. Бирпасда юлғунзор ичига кириб, кўзга кўринмай кетди. Юлғунларнинг шохларигина унинг кетаётган йўлидан дарак бериб, қимирлар эрди.
***
Мажнун дашт бўйлаб ҳовлиқиб келар эрди.
Қабила қароргоҳига яқинлашганида, уч-тўрт киши унга пешвоз чиқди. Мажнун уларга эътибор қилмай, қабила кўчаларидан саросар югуриб, қабристон сари борарди.
Ҳалиги кишилар-да унга эргашдилар.
Мажнун тепаликка жойлашган қабристонга етди. Теваракка аланглаб, ёнма-ён қўмилган икки қабрга кўзи тушди. Фарёд чекиб, ўша ёққа чопди ва ўзини иккала қабрнинг ўртасига ташлади.
У қабрни қучади, тупроғини кўзига суртади.
Бу қабрни қучади, тупроғини кўзига суртади.
Уни нарёқдан кузатиб турганлар чидаёлмай, кўзларидан ёш оқиздиришадир.
Мажнун қабрлар орасида чўк тушиб, бошини кўксига осилтириб, ўтирди. Кейин отасига муножот қила бошлади:
– Эй қиблагоҳим! Роҳат топаманми деб неча йиллар фарзанд истадингиз, аммо ёруғ чироғингиз мен туфайли ўчди. Яраларингизга малҳам бўлишимни истаган эдингиз… Э воҳ, энди қайси тил билан тавба қилайин! Гуноҳларимни кечиринг, ота, руҳингиз узримни қабул этсин!
Сўнг онасининг қабрини қучоқлаб, фиғон чекди:
– Эй қибламнинг нури! Сочларингиз мен туфайли оқаргани етмасмиди? Туғилган вақтимдаёқ ўлсам, туғилмаганлар билан тенг бўлсам бўлмасми эрдим?! Қўлингиз доим бешигимда бўлди, орзуларингиз алла билан қулоғимга қуйилди, бошингизга суянчиқ керак бўлганида мен қайларда юрдим. Руҳингизнинг жилвагоҳи жаннат боғларидур, ўша боғларда мендан шод эмаслигингизни билсам, шу жазо менга абадул-абад эмасми, онажон!
Қабиладошлари Мажнунни кўтариб олиб кетмоқчи бўлишди. Кўнмади. Силтаниб қўлларидан чиқиб кетаверди.
Қабиладошлар тақдирга тан бериб, ўзлари қайтишди.
Мажнун қулочини керганча, юмшоқ тупроққа панжаларини ботириб, қабрларни қучиб ётган кўйи, ўзи ёлғиз қолди.
***
Лайли бетоб ётган хонага доя кирди. Қўлида ҳўлланган оқ мато. Келиб, тахлаб, Лайлининг пешонасига қўйди. Лайли доянинг билагидан ушлади.
– Бу тескари дунё зулмидан вой, юз минг вой! Қачонгача жонимга ситам, юрагимга алам етказади?! – деди оҳ уриб. Сўнг доя қўлини қўйиб юборди ва кўзларини мавҳум нуқтага қадаб, фиғон тортаверди: – Мажнунимнинг бошига тушган кўргиликлар бари мен туфайли бўлди. Менинг жонимни олақолсанг бўлмайдими, Тангрим!
– Касалга осон таслим бўлма, қизим. Иншаоллоҳ, бу ситамлар кетидан хурсандчилик кунлар ҳам келар, – деди доя.
Лайли лоҳас бўлди. Эти жунжикди.
– Совқотиб кетяпман, – дедию аста-секин ғужанак бўла бошлади. Танасига титроқ кирди.
Доя унинг устига яна битта тўшак ташлади. Ва ўзи билдирмай чиқиб кетди.
Лайлининг пешонасига тер тепчиди.
***
Ярим тун. Момақалдироқ еру кўкни ларзага келтириб гумбурлайдир. Осмонда ўткир чақмоқ чақнади, Мажнун ётган қабр ичигача ёришиб кетди. Ёмғирнинг шиғалаган товушига қўшилиб, ғойибдан таҳликали овоз кела бошлади:
«Эй дарду бало қўшинининг шоҳи! Тургин, ҳозир ётадирган вақт эмас. Тоза боғинг хазонрезги бўляпти, ҳамчироғинг тонг елига учради. Ёринг сафар ишига киришди, бир ҳамроҳга маҳтал бўлиб турибдир…»
Мажнун овоз кела бошлагандаёқ уйғонган эрди. Эмаклаб қабрдан чиқди ва Лайли қароргоҳи сари югура кетди.
Йўлларда ёмғир суви тўпланиб-тўпланиб қолган, чақмоқ чақнаганида, гўё ойна синиқлари сочилиб ётгандай, ҳаммаси акс қайтарар эрди.
***
Ташқарида ёмғир тинимсиз ёғяпти. Чодир томига урилишидан гувиллаган аллақандай шовқин чиқарадир.
Лайли бошдан-оёқ оппоқ кийимда, жойнамоз узра тиз чўкканча, намозининг охирларини ўқияпти. Ожиз ҳаракатлар ила икки томонга салом берди-да, дуога қўлини очди. Бошини ҳам хиёл кўтариб, бармоқлари учига қараётгандай, анча дуо ўқиди.
Ниҳоят, намозни тугатиб, қўлини секин юзига тортди.
Орқада ўтирган онаси ҳам унга қўшилиб юзини силади.
Лайли яна пича жойнамоз устида ўтириб, кейин амаллаб ўрнидан турди-да, секин-секин юриб ўринжойига келди. Она уни суяди. Авайлаб ётқизди.
Лайли ётиб, нафас ростлаб олгач, кўзларини қийғос очиб, онасига меҳрибонлик ила термилди:
– Мушфиқ онажонгинам! Менинг ғамларимни ўзингизга олиб, дард-аламларга қолдингиз…
– Сенинг ғаминг Тангримнинг менга мукофоти-ку! Иншаоллоҳ, шифосини берса, яна ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетамиз.
Лайли оҳиста кўзини юмди. Хиёл бошини чайқади.
– Йўқ, гулим хазон бўла бошлаган кўринадир, – деди. – Ҳар ҳолда кетар вақтим етиб, бу боғда туришим тугабдир.
– Нималар деяпсан, қизим!
– Тангрим сизларга сабр берсин… Агар мотамим ошкор бўлса, шаксиз бу хабар Мажнуннинг қулоғига-да етадир. Шунда, эҳтимол, бошимга келар, менинг руҳимни истаб унинг-да руҳи танини тарк этар. Зинҳор уни ҳурматлангиз, ёнимдан ўрин берингиз… иложи бўлса, иккимизни бир кафанга ўраб кўмингиз…
Яна бир нафас дам олиб, тағин кўзини очди ва онасига илтижо ила боқди:
– Мажнун совға қилган кўйлакни олиб чиқсангиз, кўргим келяпти, – деди.
Шояд кўйлакни кўриб қизим дармонга кирса, деган илинжда она шоша-пиша ўрнидан турди ва «ҳозир» дея қўшни чодирга ўтди.
Дарров қайтиб кирди. Қўлида узун, мовий тусли кўйлак. Иккинчи қўлида марварид шода. Қизига қараб, ранги бўзарди ва жонҳолатда устига ўзини ташлади:
– Лай-ли-и!!! Қизгинам-м-м!!!
Лайли беозоргина жон берган, юзи эшик томонга қараб қолган эрди.
***
Қоронғуликда Мажнун сўқмоқларданми, даштданми юриб-чопқилаб келарди. Ҳалқобларни сакраб-сакраб, баъзан ўртасига тушиб қолиб, сув сачратиб, аммо ҳеч нарсага эътибор қилмай, маҳбуби сари ошиқар эрди. Жулдур кийимлари шалаббо, оёқлари яланг…
***
Субҳи содиқ палласи бўлишига қарамай, Лайли қабиласи аллақачон уйғонган, ҳовлида тўс-тўполон қўпган эрди. Ичкарида эса…
…қизининг бу дунёдан абадул-абад кўз юмганини она юраги сира қабул қила олмас, туни билан йиғлай-йиғлай кўзда ёши қуридими ё йиғлай олмаяптими, ҳар ҳолда, оппоқ сочлари тўзғиб, қизининг бошида паришон ўтирар эрди. Гўё жондан ширин қизи ўлмаган-у, қаттиқ уйқуга кетгандек, ҳадеб уни уйғотмоқчи бўладир:
– Тонг отяпти, қизим, кўзингни оч. Тонгда ухлаш муносиб эмас…
Қизининг ўлганини билади, аммо кўнгли кўнмайди. Кўзачадан кафтига гул сувидан қуйиб, моҳтобининг юзига сепар, шояд сесканиб уйғониб кетса, деб умид қилар:
– Қандай оғир уйқу экан бу! Кўзингни оч, қўзичоғим, кечанинг кечалиги қолдими, қиз шерикларинг чорбоғ сайрига майл қилиб, сени кутиб туришибди. Мажнун ҳам йўлингга интизор. Сен кеч қолсанг, у дилтанг бўлиб излаб келса, нима деб жавоб қиламан… Бизни зор қилма, она қизим! – деб муштипар она айтиб-айтиб қўяр эрди.
Қўлидаги райҳон туплари ила қизининг юзини елпийдир.
Лайли чиндан ҳам ҳозиргина чиройли уйқуга кетгану яна бир-икки уйғотса, уйғонадигандек ҳолда ётар эрди.
***
Ғира-шира тонг отди. Момақалдироқ тўхтаган, чақмоқ чақнамай қўйган, ёмғир-да тинган. Осмоннинг у ер-бу ерида булутлар уммонидан ортда қолиб кетган лахтаклар юзиб юрибдир.
Одамлар Мажнунни таниб, индамай йўл бўшатишар, у ҳеч кимни кўрмай, Лайли ётган чодирни истаб борар эрди.
Бу ерда даҳшатли ўлим юз бергани аниқ, бу ўлим унинг ҳам жонини танда омонат қилиб қўйган, ҳозир қуруқ жасад судралиб борар эрди.
Одамлар ўраб туришидан Лайли қайси чодирда ётгани маълум бўладир. Мажнун шу чодирга яқинлашаётиб, атрофга қаради. Мотамсаро кўзлардан ўзининг қайғули кўнглига қандайдир юпанч, таскин ахтарар, топмоқчи бўлар эрди. Қани энди бу издиҳом мотамга эмас, тўй муносабати ила йиғилган бўлса! Қани энди Лайли нигори тирик бўлсаю унга пешвоз югуриб чиқса!
Одамлар қайғуда – кимдир муштини лабларига босган, кимдир юзини чангаллаган…
Орадан бирови ажралиб келиб Мажнунни қучди. Ҳамдардлик билдирди гўё.
Бу ҳамдард – Зайд эрди. Зайднинг қучоғидан чиқаётганида, Мажнун чап томонда дод-фарёддан ўзини зўрға тийиб турган Ҳайни кўрди. Кўзлар тўқнашди. Мотам кийимида, қариб кетган Ҳай Мажнуннинг қарашларига дош беролмади. Боши эгилди.
Мажнун-да нигоҳини ундан узиб, остонага қадам қўйди. Ичкаридагилар бир зум йиғидан тўхтаб, худди келишиб олгандек, бараварига тисарилиб, ўртани очдилар. Ўртада Лайли ётар эрди. Мажнун яқин келди, юзига термулди. Шундай термулдики…
Тангри қудрати ила Лайли кўзларини очди. Юзини хиёл буриб, тепасида севикли ёрини, етолмаган армонини кўрди. «Келдингизми?» дегандай майин жилмайиб қўйди ва… абадийга жон таслим қилди.
Кўз кўзга тушиб, иккисининг-да муродлари ҳосил бўлган эрди.
Шундан сўнг Мажнун аста Лайлининг ёнига тиз чўкди. Паривашнинг пешонасига, қошларига, юмуқ кўзларига, юзига соғинч ила термулди, нигоҳи ила бир-бир сийпалаб чиқди гўё. Ўнг қўлини оҳиста Лайлининг юзидан юргизди ва… бир уҳ тортиб, қабатига чўзилди.
Қўли ёнига шилқ этиб тушди.
Мажнун ҳам беозоргина жон берган эрди.
***
Шу заҳоти жасадлардан икки руҳ ажрала бошлади. Оёққа турди. Ерда қолган жисмларига ажабсинганнамо тикилди.
Ҳар қандай бузуқликдан пок бу икки вужуд ёнма-ён, хонани нурга тўлдириб, бир-бирига ярашиб ётар эрди.
Иккала руҳ бир-бирига яқин келиб жипслашди ва аста-секинлик билан ҳавога кўтарилиб кетаверди.
Раҳмсиз ишқ ҳаёт чоқларида бу иккала вужудни бир нафас ҳам шодлантирмаган бўлса-да, уларнинг руҳлари жаннатда абадий висолга етишиши аниқ эрди.
***
Адир ёнбағрида икки туп дарахт ёнма-ён ўсибдир. Неча замонлардан бери ўсаётган бўлса керак, қариб, таналари бир-бирига жипслашиб, шохлари чирмашиб кетган эрди. Шу дарахтларнинг тагида бир-бирига деярли қўшилиб кетган икки қабр дўмпайиб кўринадир.
Кечаси билан ёғиб чиққан ёмғир ерларни салқин қилган, ҳавода ҳам салқинлик уфурадир.
Қабрларнинг қибла ёғида бир кимса чўнқайиб ўтирибдир. Яқинроқ келиб қаралса, у кимса дарвеш экани билинадир. Жаҳонгашта дарвеш! Ёнида ҳамишалик ҳамроҳи – йўлхалтаси. Бу дунёни унутган. Берилиб, қабрдагилар руҳига Қуръони каримдан оятлар тиловат қилаётир. Бутун дашт бўйлаб таралаётган овози мунгли, титроқли. Кўзларидан дув-дув ёш оқадир.
Ниҳоят, дуога қўл очди, ўқиган тиловатини қабр аҳлига бағишлаб, қўлини юзига тортди. Ўрнидан турди. Сўнг бор қабрларга назар ташлаб, кета бошлади.
У юра бошлаган лаҳза ғойибдан таниш овоз келди:
«Мен хастаки бу қиссани битибмен ва таҳрири учун қалам тортибмен, мақсадим афсона айтиш бўлмади, балки руҳим бунинг мазмунига мойил бўлиб, илоҳий ишқимга восита қилдим. Ё Раббим! Авлодларимни-да шу руҳдан бенасиб этма! Шайтону иблислар таъсиридан уларни ўзинг асра!»
Дарвеш йўлхалтани елкасига ташлаганча, тобора узоқлашиб, жуссаси тобора кичиклашиб борар, бунга сари ғойибдан келаётган овоз кучаяр эрди:
«Ё Тангрим! Бу ишқ қиссасини ҳар ким англаса, англамаганларини андиша ила ўйлаб, муддаоларимни билса, ундайларга чин ошиқликни насиб эт, оғизларига дард ва шавқ шаробини қуй!
Гуноҳларим кечирилсин. Омин!
Тангри тилагимга етказсин. Омин!
1989 – 1990
Сўнгсўз
Ушбуни матбуотда эълон қилиш мўлжалим бошда йўқ эди. Бироқ у гарчи 1990 йил октябри ва декабрида «Ўзбекфилм»нинг турли студияларида қайта-қайта қабул қилиб олинган бўлса-да, аламли сабабларга кўра бир йилдан бери суратга олинмай ётгани, яқин келгусида ҳам экранларга чиқиш истиқболи кўринмаётгани боис, ҳеч бўлмаса ўқувчиларимиз назаридан ўтказиб олсам-чи деган хаёлда «Шарқ юлдузи»га келтирдим. Қолаверса, Алишер Навоий таваллудининг яхлит санаси муносабати ила бу йил диёримизда «Алишер Навоий йили» деб эълон этилди. Шунга озми-кўпми ҳисса тариқасида қабул қилсаларингиз, каминанинг кўнгли андак ором топган бўлур эди.
Достонни кино тилига ўгиришда режиссёр Ҳотам Файзиевнинг хизматларини алоҳида эҳтиром ила тилга олишни бурчим деб биламан. Бир ярим йилдан бери ҳамма ишларни ташлаб қўйиб каминага қарийб ҳаммуаллифлик қилдилар. «Лайли ва Мажнун» дарди билан яшадилар, суратга олишга баланд иштиёқда эдилар, афсус, маблағ тақчиллиги баҳона орзуларимиз рўёбга чиқмади.
Ҳар қандай бадиий асар кинолаштирилганида айрим ютуқлар билан бирга кўп ютқизиқлар ҳам бўлади. Айниқса, Алишер Навоийнинг ижод оламларига, айниқса, «Лайли ва Мажнун»дай гўзал асарларининг руҳий дунёсига аралашилса, бундай йўқотиш бўлиши турган гап. Шунга қарамай, юракда журъат сезиб, бу нозик ишга қўл урдим. Асарнинг насрий баёнидан ҳам унумли фойдаландим. Гўзал чиққан ҳамма жойлари Ҳазратники, ўхшамай қолган жойлари бизникидир. Бинобарин, ишимизда камчилик топилса, маломатингизга нишон каминадир, ютуқлар учун Ҳазратни дуо қиласизлар деган умиддаман. Тангри таоло у кишининг жойларини жаннатдан ато этсин. Омин.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил 11-сон
Leave a Reply