
Кейинги кузатишларимни битишдан олдин бир эслатма:
а) булар Кундалик дафтардан эмас, алоҳида тартиб йўқ, гоҳо олдингиси кейин, кейингиси олдин ёзиляпти;
б) тўғридан-тўғри фб. саҳифамга ёзилаётгани учун матн таҳрир маъносида камчиликли бўлиши мумкин;
в) Туркияга тўртинчи келишим эканини олдин ёзганман, хотираларда маълумот ва оҳанглар ҳаммасидан аралашган, яъни, бугун бир ишдан ҳайратлансам ё ажаблансам, у ишни бугунгина кўрдим дегани эмас;
2013 йил май-июн ойлари таътилимни Истанбулда ўтказдим.
Бир куни қарши тарафдан Ускудар ёқасига ўтгунимча асрга азон айтилди. Жамоатдан қолганим аниқ. Қирғоққа тушиб, намозни қайси мачитда ўқисам экан деб бир оз иккиландим.
Ускудар марказида бир қулоч ерда тўрт-беш мачит бор. Искаланинг том қаршисида, йўлнинг у юзида баландда денгизга қараган жуда чиройли мачитда кўп марта намоз ўқиганман. Жамоат доим катта бўлади. Оралиқда ҳам қачон кирсангиз гавжум одам намоз ўқиётган бўлади.
Бу гал бу ерга кирмадим. Ўнглаб юрилса, эллик метрлар олдинда яна бир улкан мачит миноралари ва гумбази кўринди. У ерга ҳеч кирмаган эдим, ўша ёққа юрдим.
Қадим мачит экан. Волида Султон ("Султоннинг онаси", ўзининг оти эсимга келавермади) 450 йилча бурун қурдирибди. Биқинидан кирилса, чап қўлда 10-15 чоғли қабр мачит ҳовлисидан панжара билан ажратиб қўйилган. Волида Султоннинг қабри ҳам шу ерда экан. Йўлдан ўтиб кетаётган эркагу аёл бир кириб қиблага юзланиб Фотиҳа сурасини ўқиб, руҳларига бағишлаб чиқиб кетишяпти.
Демак, яқин 400 йилдан бери орқасидан дуо боряпти Волида Султоннинг!
Диққатимни тортгани – Султоннинг онаси бўлга бу аёл, табиий, Султоннинг хотини ҳамдир. Чунки Султоннинг хотини доим ҳам Султоннинг онаси бўлавермайди. Бу аёл Султон эрига валиаҳд туғиб берганлардан, яъни, иккиёқлама Малика эди!
Хонақога кирдим. Аср билан шом ораси бўлгани учун менга ўхшаб жамоатга кечикканлар хонақонинг ҳар ерида намозларини адо этишарди. Чеккаларда шунчаки дам олиб ўтирган уч-тўрт киши бири чала ёнбошлаган, бошқаси Қуръон ўқияпти. Хонақода тахминан 6 ёшли, 4 ёшли ва 3 ёшли уч нафар бола бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнаяпти. Хурсанд. Унча-мунча қийқириб ҳам қўйишади.
Ишқилиб олдимдан ўтиб намозимни бузмасинлар-да, деб минбар қаршисида туриб намозимни бошладим. Ҳартугул ўқиб тугатгунимча болалар олдимдан қувалашиб ўтмади.
Бир оз дам олиш учун сал чеккага чекилдим. Болалар ҳамон қийқириб чопқилашиб ўйнашар эди. Икки каттаси пайпоқда, кичиги чиройлигина бошмоқчасини ечмабди ҳам. Худди ўзларининг уйларидадай эмин-эркин ҳис этишяпти ўзларини! Намоз ўқишга кирган ҳам, намоздан сўнг китоб ўқиб ёки шомни кутиб ўтирган ҳам бирон одам уларга танбеҳ бермаяпти. Ётади, думалайди, туради, қувалашади, минбарга чиқиб кетади (бу ерларда минбар кўп зинали узун ва баланд бўлади)… аммо ҳеч ким бир оғиз уларга танбеҳ бермас эди! Аксинча, айримлар ёнларидан ўтаётганида болаларнинг бошини силаб қўярди.
Мен ҳам улардан кўзимни оломай қолдим. Ўйга берилдим. Ўзимизнинг аҳволимизни ўйладим. Ҳамма бўлмаса ҳам бир-икки одам албатта ўшқириб берган бўларди. Тартибга чақирарди. "Бунақа тўпалончиларни мачитга ким опкелди?!" деб гўё мачитнинг тинчлигини сақларди. Ихтиёрсиз равишда хаёлан ўзимни ўша урушқоқ кишилар ўрнига қўйдим-да, мана шу болаларга худди шундай танбеҳ бердим. Кейин яна хаёлан шу болалар менинг танбеҳимдан кейин тушиши мумкин бўлган ҳолатларининг расмини чиздим: ана, ҳозиргина катталарнинг эркаловчи нигоҳлари олдида, дунёнинг энг тинч, энг сурурли макони бўлмиш Оллоҳнинг уйида эркаланиб, хушланиб, ўзларини оналарининг бағрида тургандай ҳис этиб ўйнаб-кулаётган болалар… бирдан тўхташди, важоҳатимни кўриб мендан қўрқишди, қисиниб-қимтинишди, қадрдон ва суюмли масканга бегонасирашди, яйраб қувониш учун кирган жойларида катталар урушиб бериши мумкинлигини кўриб бу ердан тезроқ чиқиб кетгилари келди… балки энди бундан кейин бунақа жойга кирмаслик керак экан деган хаёлга ҳам боришди…
Хуллас, ўз хаёлларимдан қўрқиб кетдим. Болалар олдида ўзимни айбли ҳис этдим. Мен туфайли болалар мачитни ёмон кўриб қолиши менинг энг йирик кулфатим бўлишини сездим.
Дарров ўзимга келдим. Ёқимсиз хаёлларни миямдан қувдим. Болаларга меҳр билан боқдим. Ўрнимдан туриб бориб ҳар бирининг бошини силаб қўйдим, хаёлдаги айбимни гўё ювмоқчи бўлдим. Болалар миннатдорлик балқиган нигоҳлар ила бир-бир юзимга боқиб, яна чопқилаб кетишди…
Ташқари йўналдим. Оёқ кийимимни кия бошлаганимда хонақо биқинидаги бошқа эшикдан уч аёл чиқди. Улар ҳам намозларини ўқиб чиқаётганлари билиниб турарди. Иккитаси ҳозиргина мен чиққан эшикдан ичкари энкайиб, бир-икки исмни айтиб чақиришди. Қайта-қайта чақирганларидан кейин ҳалиги болачалар чиқиб келишди.
Демак, улар бу аёлларнинг болалари экан. Ўғил бўлгани учун уларни эркаклар хонақосига киритиб, ўзлари аёлларга ажратилган хонада намозларини бемалол ўқиб чиқишган.
Болаларнинг оёқ кийимларини кийгизиб, ҳар бири ўз боласини етаклаб мачит ҳовлиси томон юришди.
Бу манзарани охиригача томоша қилиш учун айвон қошида атай пича ўтириб қолдим. Аркдан чиқишаркан, болачалардан бири орқасига ўгирилиб менга бир қараб қўйгандай бўлди.
Leave a Reply