(“Мусулмонлар тақвим-китоби I (1999)” га ёзилган кириш сўзи)
Менинг бир қўшним бор. Ота-онаси унга ер юзидаги энг чиройли исмлардан бирини қўйишган: Абдуллоҳ! Лекин, тақдир экан ҳаётининг аксари қисми, айниқса, йигитлик палласи бу исмга мувофиқ ва муносиб кечмаган. Пивохоналарда, одам бир-бирини таниб бўлмас ҳолда бурқсиган тамаки тутунлари ичра умрининг энг гўзал онларини хазон этган. Оилавий ҳаёти ҳам ҳеч изга тушмаган… Ҳолбуки, Абдуллоҳни яратган Аллоҳ унинг қалбини ўзгартириб қўйишга ҳам қодирдир! Уч-тўрт йил бурун у ҳидоятга эришди. Қўни-қўшнилардан сўраб, намозликларни ёдлади. Масжидга тушди. Кечаги кунини ўксиниб ҳам кулиб эслайди.
– Бир куни келиб сен ҳам намоз ўқийсан, дейишса, ўлай агар, ишонмасдим. Намоз ўқишим тугул, ўзбекона ҳаёт кечиришим мумкинлигини ҳам тасаввур қилолмасдим, – дейди Абдуллоҳ. Бир оз тин олиб қўшиб қўяди: – Ароқ кўп ичмасдим-у, аммо пивога муккамдан кетган эдим. Биласизми, пивога бўкиб, дуч келган жойда думалаб қолишни яхши кўрардим. Хотиним неча марта балчиқли ариқлардан топиб келган… Уст-бошим шалаббо, юз-кўзларим лой, тилинган-шилинган… болаларим дағ-дағ титрарди мени кўрса…
Шундай одамни Инсон қилиб, мўмин-мусулмон қилиб, намозга солиб қўйган Аллоҳимизга беадад шукрлар бўлсин!
Ҳа биродар, ўзимизга бир қарайлик. Имонимиз бўлмаса, биз киммиз?! Ибодатимиз бўлмаса, бу ҳаётимиз қандай ҳаёт?! Буюк Холиқимиз бизни азизу мукаррам қилиб, ер юзига Ўзининг халифаси этиб яратмаганмиди?! Бир он ҳушларимизни йиғиб, ўйлаб кўрайлик. Яна… ён-веримизга қарайлик. Қайсидир абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) ҳамон йўл чеккаларидаги ариқларда думалаб ётгандир. Бошқа бир абдуллоҳ сип-силлиқ яшаб юрган бўлса-да, қалби ва руҳи ботқоқда димиқиб ётгандир. Уларга ҳукм ўқишга шошилмайлик: бири турғазиб қўйишга муҳтож, яна бирига озгина тоза ҳаво керак. Демак, кўксидан итармайлик, қўлимизни мададга чўзайлик. Энг муҳими – бепарво бўлмайлик.
“Мусулмонлар тақвим китоби”нинг ушбу чораги ҳам ўзига хос мадад қўлимиздир, мисқолча бўлса ҳам, тоза ҳавомиздир. Биз қўлларимизни умид ила узатамиз, натижани Аллоҳдан кутамиз. “Келинг, биродар, қўлингизни беринг. Қодир Аллоҳнинг иродаси ила ўрнингиздан туринг!” деймиз.
… Дарвоқе, бир пайтлар кўринишиданоқ фарзандлари қўрқиб зир-зир титраган қўшним Абдуллоҳ имон туфайли кечаги кўча безорисидан бугун рўзғор кишисига айланган. Хотини ҳам хурсанд. Бири биридан гўзал болаларни тарбиялаяпти. Намозга кирган йили эгизак фарзандлар кўрди. Абдуллоҳ уларга жуда чиройли исмлар қўйди…
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
“Мусулмонлар тақвим китоби”да (1999 йил биринчи чорак) чоп этилган.
Leave a Reply