Тақвим-китобимизнинг ушбу чораги нашрга қизғин тайёрланаётган кунлардан бирида мамлакатимиз бўйлаб хунук хабар тарқалди: пойтахтнинг беш-олти ерида даҳшатли портлашлар рўй берибди! Шубҳасиз, дастлаб кишининг хаёлига "Ким?" деган савол келади. Сўнгра: "Нега?" деган саволга жавоб ахтарамиз. Албатта, вақти билан бу икки мушкул, аммо ниҳоятда зарур саволга аниқ жавоб чиқади, иншааллоҳ. Ҳозирча суриштирув-тергов ишлари кетаётган экан, олдиндан ҳар хил башоратлар ё гумонлар қилиб, бу нозик ишнинг тадқиқига халақит бермайлик деган ўйда гапни шу ерда қисқа қиламиз.
Аммо бегуноҳ қонлар тўкилди. Неча хонадонга кутилмаган мусибатлар ёғилди. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳимиздан бу портлашлар оқибатида оламдан кўз юмган барча мўмин биродарларимизнинг ҳаққига мағфират ва жаннат тилаймиз.
Анъанага мувофиқ китобимизга мухтасар бир кириш сўз ёзишимиз керак эди. Бу мудҳиш портлашлар ва унинг оқибатида юзага келган кейинги ғалати бир ҳолатлар калладаги ўй-фикрларни ҳам тўзғитиб юборгандек, руҳимизни мувозанатдан чиқаргандек эди. Ҳадеганда ёзилавермади. Қарийб сўнгги куни қўлимизга бир мақолача келиб қолди. Унда Жаноби Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бир ҳадислари қисқача шарҳланган эди: "Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди", деган эканлар Сарваримиз (с.а.в.).
Фаросат… Шунчаки фаросат эмас, мўминнинг фаросати… Мўминнинг шунчаки фаросати эмас, Аллоҳнинг нури ила йўғрилган, нурлантирилган фаросати… Бундай фаросат соҳибини ўткинчи ҳеч бир нарса чалғитолмайди, ҳатто кечаги қабиҳ портлашлар ҳам уни мувозанатдан чиқаролмайди, фикр-ўйларидан тиниқликни кетказолмайди. Мўмин гумонга берилмайди, фол очмайди, аммо мўминлик фаросати билан қараса, ҳаммасини тушунади. Бугун юртимизнинг, мусулмон халқимизнинг бошига тушган ташвишдан, мусибатдан довдираб қолмайди, Аллоҳнинг буюк ҳикматига кўра имони яна бир бор синалаётганини мўминлик фаросати ила англайди, унинг имон қалъасига қандай ёвуз кучлар таҳдид этаётганани билади, шунга қараб тадорикини кўради. Модомики Аллоҳнинг расули (с.а.в.) хабарини берибдиларми, мўмин Аллоҳнинг нури билан қараши рост, уни алдаб, қўрқитиб, тўғри йўлдан оғдириб бўлмайди. Фақат, бундай улуғ мартабага эришишнинг биттагина шарти бор. Яъни, сиз ва биз аввало мўмин бўлишимиз керак. Қалбларимизга имон тўласича кирган бўлиши керак. Зеро, ушбу тақвим-китобларимиздан кўзланган мурод ҳам шу. Шояд кимнингдир имонга келишига, кимнингдир имонининг зиёдалашишига сабабчи бўлиб қолсак деган умиддамиз.
Келинглар, биродарлар, ҳақиқий маъноси-ла мўмин бўлайлик, бепарво бўлмайлик, атрофимизга, кечаётган ҳодисаларга имон кўзи ила, Аллоҳнинг нури ила боқишга ўрганайлик.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
(“Мусулмонлар тақвим китоби”, II чорак. Тошкент. “Моварауннаҳр”, 1999)
Leave a Reply