Ниятларимиз ҳолис

«Ўзбекистон мусулмонлари» ойномаси ходимлари бутун мамлакатимиз халқларини ва сиз мухлисларини Мустақиллигимизнинг 8 йиллиги байрами билан чин юракдан муборакбод этади ва шуни маълум қиладики, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси ва мадади ила ижодий жамоамиз бундан буён сиз азиз ўқувчилар билан ҳар томондан янгиланган ойнома саҳифаларида тез-тез дийдорлашиб туради, иншааллоҳ!

Муқовамиздаги ёзувлардан ҳам сезгандирсизки, қўлингиздаги ойнома Ўзбекистон мустақиллиги кунига бағишлаб чиқарилган махсус сондир. Лекин безалишидаги, ички мазмун-мундарижасидаги ўзгаришлар фақат шу сон учунгина хос бўлиб қолмайди.

Сизларга маълумки, ойнома кўп йиллик гўзал анъаналарга эга. Бу даргоҳда не-не алломалар ишлаб кетишмаган, неча авлод вакиллари ойнома саҳифаларида берилган ҳақиқат нурларидан баҳраманд бўлишмаган! Халқимиз ҳузурида ўзига яраша обрў-эътибор қозонгани ҳам бежиз эмас, албатта.

 

Лекин, шу билан бирга, бизнинг назаримизда, ойнома бугунги кун талаблари даражасига чиқиш учун ўзининг энг яхши анъаналарини давом эттирган ҳолда кескин янгиланишга муҳтождир. Мамлакатимизда чиқаётган бошқа газета-журналлар қаторидан муносиб ўрнини олиши керак. Бунинг учун эса, мазмун доирасини кенгайтириб, республикамиз ҳаётига тааллуқли ҳамма томонларни қамраб ёритишга ҳаракат қилиши лозим. Ниятларимиз холис: ойномамиз умумхалқ ойномасига ва минбарига айланса деймиз. Шунда ўртадан жуда кўп тушунмовчиликлар кўтарилади, бўшлиқ тўлдирилади. Жамиятнинг дили, фикри, қадами бирлашади, буюк ва нурли келажак сари пароканда, тарқоқ ва заиф бўлиб эмас, балки якдил, ҳамфикр ва ҳамқадам бўлиб борамиз.

Халқимиз аксари мусулмон миллатдир. Бутун дунёда Ўзбекистонимизга мусулмон мамлакати сифатида қарашади, шунга кўра муомала қилишади ва дарҳақиқат ҳам шундайдир. Бинобарин, биз мусулмонлар ҳар биримиз ўзимизни шу жамиятнинг аҳамиятли бир парчаси, мамлакатнинг тўлақонли бир фуқароси ва эгаси деб ҳис этишимиз керак. Бўлаётган ҳар бир ишга бевосита алоқадор эканимизни унутмайлик. Онгларимизга масжид бизники, масалан, самолётсозлик заводи бизга тегишли эмас, деган каби тушунчалар шу қадар сингиб кетганки, бундай қараш миллатнинг тараққийига кўринмас тўсқинлик қилаётир. Аксинча, масжидлар бизники. Асака автозаводи ҳам ўзимизники, миноралар бизники, СамКўчАвто заводи ҳам ўзимизники, азонлар бизники, Қамчиқ довони қурилиши ҳам ўзимизники, деб ҳис этишимиз, ўзимизни четга тортмаслигимиз. бегонасирамаслигимиз керак. Нега деганда, уларни қураётганлар ҳам бизмиз, бизнинг халқимиздир, ташаббускорлари ўзимизнинг йўлбошчилардир.

Бундан етти йиллар бурун кичикроқ даражадаги бир раҳбар билан диний тарбия хусусида суҳбатлашиб ўтирганимизда у дабдурустдан: «Ҳамма масжидга кириб кетса, буғдойни ким экади, заводда ким ишлайди, учоқни ким бошқаради?» деб қолди. Ўшанда мен ўзимча бу зиёли одамни динни тушунмасликда, фикри торликда айблаган ва ичимдан зил кетиб суҳбатни тўхтатган эдим. Аслида ҳам шундай. Аммо бугун ўша кўнгилсиз суҳбатни қайта эслаб, қайта таҳлил этиб кўрсам, айбнинг кўпи ўзимизда экан. Ахир, у ўша фикрини осмондан олмаган, сиз билан бизнинг аҳволимизга қараб шундай хулосага келган. Сиз билан биз динимизни унинг кўзига мана шунақа маҳдуд қилиб кўрсатиб қўйганмиз. Бундай калта ўйли саволга бугун ҳам худди ўша етти йил бурунгидек қилиб: «Бошқа мусулмон мамлакатларида буғдойни ким экаётган бўлса, бу ерда ҳам ўшалар экади, заводда ҳам ўшалар ишлайди, учоқларни ҳам ўшалар бошқаради!» деб жавоб бериб қўяқолсак бўлади, бу иш осон. Аммо бу жавоб унинг кўнглидаги шубҳаларни аритишга, қаноат беришга камлик қилади. Токи, тутаётган ишларимиз, феълларимиз билан кўрсатмасак, қарашлари ўзгармаслиги табиий.

Мана шу мулоҳазалардан чиқарган хулосамиз шуки, ойномамиз нафақат соф диний мавзуларни, балки, сўзимиз бошида айтганимиздек, республикамиз ҳаётига тааллуқли ҳамма мавзуларни қамраб олишни ният қилди. Келгусида дунёвий илм-фан сифатида танилган соҳаларни ҳам, тарих ва адабиётни ҳам, ижтимоий масалаларни ҳам назаримиздан четда қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. Муаллифлар доирасини кенгайтириб, ёзувчи-шоирлар, олимлар, инженер ходимлар ёрдамларига ҳам таяниб иш кўриш ниятларимиз бор. Ва, албатта, сиз азиз ва муҳтарам ўқувчиларимиз билан доимо яқиндан алоқада бўламиз. Сизларнинг фикр-мулоҳазаларингиз бизларга ҳам нозир, ҳам далдадир.

Тавфиқ Аллоҳдан.

 

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН

 


“Ҳидоят” журнали,1999 йил, сентябр 1-сон


Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*