Нурафшон чироқ…

Сентабирнинг ўрталарида Термизийнинг мавлид тўйи баҳонасида Сурхондарёга бориб эдиқ. Қумқўрғонлик бир қуролдош дўстимиз укасини уйлантиряптийкан, шеригим билан бизниям тўйга айтди. Ҳай, бордиқ. Жой катта қилинибди. Келин-куёвни дурбин билан қарамаса, кўриб бўлмайди. Ҳо-ов узоқда. Одам демагани сиғмай кетган. Созандалар интернасанал. Ўрис отарчилариям ўзбек тўйларига юра бошлабди, шукр… Ҳай, меҳмон деб бизгаям сўз беришди. Гапирдиқ. Келин-куёвга кўп фарзанд тиладиқ, болаларини мўмин-мусулмон қилиб тарбиялашга чақирдиқ. Мана етмиш уч йилдан кейин барибир ўзимизнинг ат Термизий керак бўлди, шу-чун яна етмиш уч йил адашиб юрмайлик-да, болаларимизни ҳозирдан имонли қип тарбиялайлик, дедиқ. Одамлар тушундими-тушунмадими, оммалекин роса қарсак бўпкетди.

У ёқларда тўй бўса, учта-тўртта шлапа бошчилигида бутун калхўз кўчиб келаркан.

Биз гапириб, ўтирдиқ, лекин битта шлапа ўтиролмай қопти. Дарров отарчидан сўз сўраб, унолгични (микрафўнни) қўлга олиб… бизга қақшатғич зарба бера бошлади. Пулемўт дейсиз. Шунча гапни қандай эсда сақларкан, дейсиз.

 

–  … мана, бугун биз Илйич чироқларининг чароғон нури остида ўтирарканмиз, барчамизнинг юзимизда хурсандчилик… қўли олтин пахтакорларимиз пахта далаларида меҳнат симпўниясини куйлаб бўлиб, энди ҳордиқ чиқаргани бу ерга йиғилишган ва марксизм-ленинизм ғояларининг тантанаси бўлмиш бугунги фаровон, тўкин-сочин ҳаётимизнинг тимсоли бўлмиш ушбу дастурхон теварагида йиғилганмиз… Она Ватанга қимматли хомашё етказиб, ўзининг пахтакор деган шарафли номларини шод-хуррамлик билан адо этаётган азамат билакли деҳқонларимиз шонли Коммунистик партия раҳнамолигида эришаётган ютуқларидан териларига сиғмай… мен икки ёшга бу йўлда улкан зафарлар, азиз фарзандларини юксак коммунистик руҳда тарбиялашларида муваффақиятлар тилайман ва ишонтириб айтаманки…

Ҳай, иш зарур эди, биз туриб кетдиқ. Кўчага чиққанимизда орқамиздан издиҳом портлагандай бўлди. Яна гулдурос қарсаклар…

Энди жўнаймиз деб турсақ, латтахоч (галстук) таққан бир зиёли ҳаллослаб чиқиб қолди.

–  «Муштум»дан экансизлар, жон акалар, эртаминан ўн дақиқага бизди мактабга бир кириб ўтинглар… Шикоят қимаган жойимиз қомади, силаргаям ёзганмиз, яна қайтариб ўзимизи катталарга жўнатибсизлар… у-бу…

Ҳай, дедиқ. Фирқа ташкилотига шлапали пулемўт котиблик қиладиган шу калхўздаги Суворов (саркарда бу жойларда қачон жанг қилганикан?) номидаги 11-ўрта мактабга келдиқ. Бизни илмий бўлим мудири Абдураҳмонов Холтўра, ўрис тили ва адабиёти ўқитувчиси Алиев Маҳмуд, бригада бошлиғи Раҳимов Раҳматулла кутиб олишди ва аҳвол билан таништиришди:

… Эски бино талабга жавоб бермайди. 320 ўринли янги бино қуришга хўжалик 390 минг сўм ажратиб 275-қурилиш ташкилотига ўтказган. Ҳали битмаган иморатни тузатишга икки марта 22 минг сўм ўтказган. Шундаям битмаган, лекин хўжалик раиси Эсон Жўраев 1990 йил майида хат-қалам қилиб олаверган. На мактаб директўрини, на ноҳия халқ таълими бўлимидагиларни бундан хабардор этган. Жиҳозлар Термиздан келтирилган, лекин ўриндиқлар, лингафўну магнитафўнларнинг ярми йўқ, ўрнатилмаган. Деразалар бир қават. Девор кўчиб ётибди. Оёқ остида чарм қоплама буришиб-тиришиб кетган. Сувга қувур ўтказилган, лекин очқичлар йўқ. Мактабни ўраши лозим бўлган девор ўрнига арзон-гаров симтўр тортилган. Жисмоний тарбия хонаси ҳали деворлари, томи ёпилмай, тагига тахта қоқилган ва ёмғирда қолиб, қийшайиб-майишиб, михлари чиқиб ётибди. Текис қоқилмаган, рандаланмаган…

Мана шу ҳолда сентабирдан бу бинога кўчирмоқчи бўлишган. Хайрият, ўқитувчилар қаттиқ туриб, «Аввал тўла битказиб беринглар, кейин кўчамиз», дейишибди. Энг қизиғи – раис ўқитувчиларни бир амаллаб кўндириб, янги бинога кўчирсак, эскисини боқча қиламиз, деб ҳали йўқ боқчага иш ўринлари тайинлаб, маош белгилаб қўйибди…

Шуларнинг ҳаммасини ўз кўзимиз минан кўрдиқ. Мактаб ҳовлисига пахта ёйилган экан, биргадга қарадиқ.

– Шийпонимиз хароб, домлалардан илтимос қилиб, шу ерга ёйиб турибмиз, – деди Раҳматулла.

Эски мактабга болалар сиғмайди, янгиси ҳали битмай туриб эскириб ётибди. Ташландиққа ўхшайди. Ҳатто Илйич чироқлариям қўйилмаган. Симлари осилиб, тунукалари шипдан тушиб кетай-тушиб кетай деб турибди…

Оқшомги тўйда нутқ сўзлаган шлапали котиб эсимга келди. Роса, бийрон гапирди, ўзиям! Афсуски, магнитафўним йўқлик қилди, бўлмаса қип «Қизил Ўктабир» хўжалиги қип-қизил фирқа котибининг қип-қизил нутқини ёзиб олардим. Ёзиб олардим-да…

Бу нутққа гулдурос қарсак чалганларни нима қилдиқ энди? Ҳай, майли, улар тўй дастурхони олдида қишлоқ кўчаларининг чанг-лойлигини, дам олишга биронта ҳам масканлари йўқлигини, ҳатто шийпонлариям хароблигини, болалари ўқийдиган мактабнинг эса, аҳволига маймунлар йиғлаётганини… эсларидан чиқариб қўйишгандир-да.

…Шуйтиб, эски мактабни кўриб турсақ Эмма Трофимовна Василйева исмлиқ ўқитувчи бизга бир «закун» сўқа  бошлади: «Ноҳия халқ таълими бўлимининг вакилисиз ё директўрсиз, қонун бўйича, мактаб ҳудудига қадам қўйиш мумкин эмас!»

Биз тортишмадиқ. Фақат, ўйлаб қолдиқки, ўқувчилар, ўқитувчилар, қолавурса, қишлоқ аҳли қийналавурса, майлими? ёки бунга қонун бўйича рухсат берилганми? Ҳай, кейин қайтавердиқ.

 

Нурулло ОТАХОН

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*