Оқ бино оқшомлари (филм ҳақида суҳбат)

Oq bino oqshomlari

«Ўзбекфилм» киностудиясининг “Дебют” ижодий уюшмасида таниқли оператор, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ҳамза мукофоти лауреати Ҳотам Файзиев илк бор “Оқ бино оқшомлари” номли қисқа метражли филмни режиссёр сифатида суратга олди. Ушбу киноасар ёш қаламкаш Нурулло Отахоновнинг шу номли ҳикояси асосида яратилган бўлиб, унинг сценарийсини ҳам ҳикоя авторининг ўзи ёзган. Қуйида мухбиримизнинг ана шу филм режиссори билан қилган суҳбатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Режиссёр Ҳотам Файзиев билан суҳбатлашишдан аввал у киши эдабиётимизни, айниқса ёшлар ижодини жуда яхши кузатиб борар экан, шунинг учун ҳам Нурулло Отахоновнинг «Оқ бино окшомлари» номли ҳикояси асосида филм яратибди деган фикрга келдим. Чунки бу асар кейинги йилларда ёзилган ҳикояларнинг энг саралари қаторидан ўрин олади, менимча.

 

Ҳотам ака тўғрисидаги фикрим тўғри чиқди. Суҳбатимиз билан танишиш жараёнида бунга ўзингиз ҳам иқрор бўласиз.

– Ҳотам ака, нима учун сизда айнан Нурулло Отахоновнинг «Оқ бино оқшомларн» номли ҳикояси асосида филм яратиш нияти пайдо бўлди? Ёки бирор киши шу асарни тавсия қилдими?

– Ижозатингиз билан аввал иккинчи саволингизга жавоб бераман. Менга ҳеч ким шу ҳикоя асосида филм суратга олсангиз, деб таклиф ҳам, тавсия ҳам қилган эмас. Мен ўзим бадиий адабиётни жуда яхши кўраман. Вақтим бўлди дегунча китоб ўқийман. Бир куни қўлимга мана шу ҳикоя тушиб қолди. Ўқиб кўрдим, менга жуда ёқди. Унда ўзбек халқининг ҳаёти билан бир қаторда ҳар бир қаҳрамоннинг ички дунёси равон тилда очиб берилган. Очиғини айтишим керак, мен адабиётчи эмасман, асарни батафсил таҳлил қилсам, аммо ҳикоя жуда ёқди ва қани энди иложи бўлса шу асар асосида кинофилм яратсам, деган хаёлга келдим.

Тасодифни қарангки, кунларнинг бирида «Дебют» ижодий уюшмасининг раҳбари Фирдавс Зайнутдинов билан учрашиб қолдик. Шунда Фирдавс менга, Ҳотам ака, бир вақтлар режиссёр сифатида филм яратмоқчи эдингиз, бизнинг уюшмада бир ҳаракат қилиб кўрмайсизми, деб қолди.

Тўғриси аввалига рози бўлмадим. Чунки кўп йиллардан буён бирор филмни режиссёр сифатида суратга олиш ниятимдан қайтмаган бўлсам-да, нима учундир билмадим, баъзи раҳбарлар рухсат беришмаган. Шунинг учун бўлса керак режиссёрликка бўлган қизиқишим анча сусайганди.

Бироқ кейинчалик Фирдавснинг таклифига рози бўлдим. Агар иложи бўлса, шу «Оқ бино оқшомлари» ҳикояси асосида қисқа метражли бадиий филм суратга олиб ўз кучимни синаб кўрмоқчи бўлдим.

Рухсат бўлгандан сўнг ҳикоя автори Нурулло Отахоновни қидиришга тушдим. Қизиғи шундаки, у билан ҳали таниш эмас эдим. Қисқаси Нуруллони топдим, унга сценарий ёзиб беришни таклиф қилдим. Шундан сўнг аста-секин ишларимиз юришиб кетди.

Гарчанд бадиий кинодаги илк ишим мана шу «Оқ бино оқшомлари» бўлсада, Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли филмлар студиясида «Навоий шаҳри», «Чотқол қўриқхонаси» каби бешта кинолентага режиссёрлик қилганман. Ўрни бўлса, ўшанда менга ёрдам қўлини чўзган таниқли киноарбобимиз Малик Қаюмовга ўз миннатдорчилигимни яна бир бор журнал орқали изҳор этсам…

–    Демак оз бўлса-да, режиссёрликда тажрибангиз бор экан-да?

–    Ҳа, албатта. Аммо ҳужжатли кино билан бадиий кинода бир-бирига нисбатан фарқ бор. Чунки бадиий кино ўз номи билан бадиий. Демак, шундай экан, ҳар бир автор томошабин дидига мос асар яратишга ҳаракат қилади. Бунинг учун албатта ижодкор халқнинг ичида бўлиб, кишиларнинг дардлари-ю қувончларидан хабардор бўлиши ва ўз асарида ана шу дарду аламлар ҳақида гапириши керак. Шундагина бадиий асар ҳаётий бўлади.

–    Ҳотам ака, энди бевосита янги бадиий филмингиз ҳақида, унда қатнашган актёрлар ҳақида тўхталсангиз.

–    Нима десам экан, филмимизда ўша ҳикоядаги Ҳафиза, Авазбек ва Шарифжонлар асосий қаҳрамонлардир.

Авазбек ҳам, Шарифжон ҳам Ҳафизани ёқтириб қолади. Тақдир тақозоси билан Шарифжон ва Ҳафизаларнинг тўйи бўлади, улар бир-бирлари билан жуда иноқ яшайдилар.

Аммо Авазбекчи? У ҳам Ҳафизани яхши кўрарди-ку? Гарчи бошқа қизга уйланган бўлса-да, Авазбек Ҳафизани тинч қўймасдан даладаги ўзининг ишхонаси, яъни мироблар учун қурилган «Оқ бино»га кечаси келишини таклиф қила бошлайди…

Асар воқеаларининг ривожланиши Ҳафизанинг «Оқ бино”га келишидан бошланади.

Менимча асар воқеаларининг ҳаммасини айтиб беришимнинг ҳожати бўлмаса керак, чунки азиз ўқувчилар Нуруллонинг ҳикоясини ўқишган, филмимизда эса ҳикояни деярли ўзгаришсиз экранлаштирганмиз. Кинолента қандай бўлганлигини баҳолаш томошабинларга ҳавола.

Актёрлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, уларнинг деярли ҳаммаси кинода биринчи маротаба роль ижро этишди, лекин шундай бўлса-да Лола Сайдалиева (Ҳафиза), Беҳзод Муҳаммадкаримов (Авазбек), Фотиҳ Жалолов (Шарифжон), Мунаввар Абдуллаева (Ҳафизанинг онаси) ва бошқалар топширилган вазифани яхши бажаришди деб ишонч билан айта оламан.

Шуни қўшимча қилмоқчиманки, филмимизда таниқли хонанда Шерали Жўраевнинг дилрабо қўшиқлари ўз ўрнини топган.

– Суратга олиш жараёнида қийинчиликлар бўлдими! Қаерда суратга олинди филм?

– Ижодий коллективимиз жуда аҳил, иноқ ва ҳамфикрлик билан ишлади. Бир биримизга керак вақтда ёрдам ва маслаҳатимизни аямадик, шунинг учун бўлса керак, эсда қоларли жиддий қийинчилик бўлмади. Қисқаси филмимиз ижодкорларининг фикри бир жойдан чиқди. Бу албатта қувонарлидир.

Энди картинанинг қаерда суратга олингани ҳақида тўхталадиган бўлсак, биз кўпгина қишлоқларни бориб кўрдик ва Фарғона область Ўзбекистон районидаги Ойимча қақир номли қишлоқни маъқул топдик. Адашмаган эканмиз, негаки қишлоқ аҳли ўша ернинг табиати, кўркига мос ажойиб кишилар экан. Мен бунга ўша ерда ишлаш жараёнида амин бўлдим. Умуман халқимиз билан биз чексиз фахрлансак бўлади. Жуда ҳам одамохун, меҳмондўст, танти халқимиз бор. Мен шу халқ фарзанди эканим билан фархланаман. Қилаётган ишларим халқимга ёқса, ўзимни чексиз бахтиёр ҳисоблайман.

–    Ҳотам ака, гапларингиздан шундай хулосага келдимки, картинани биргаликда суратга олган ижодий коллективдан беҳад розисиз, хурсандсиз. Айтинг-чи яна биргаликда филм яратиш ниятингиз борми?

–    Ижодий группамиз, айтайлик, оператор Ҳамидулла Ҳасанов, рассом Қаҳрамон Нуриддинов ва бошқа ҳамма-ҳаммасидан мен билан шунчалик иноқликда ишлагани учун юқорида айтганимдек чексиз миннатдорман. Агар бизга яна бирор нарса топширилса, бошқалар ҳам рози бўлишса, ҳеч иккиланмасдан ишга киришишга тайёрман.

–    Шу асарни ўзини ҳам кенгайтириб тўла метражли филм қилиш мумкинми?

–    Албатта, чунки бунга асос ҳикоя бор. Шунинг ўзи етарли менимча.

–    Ҳозир нима иш билан бандсиз?

–    Шу кунларда режиссёр Ҳожи Аҳмарнинг «Уран планетасининг йўлдоши» номли янги фантастик филмида ишламоқдаман. Кейинги ишларимизни ҳаётнинг ўзи кўрсатади.

Хотам Файзиев–    Суҳбатингиз учун журналхонлар номидан сизга катта раҳмат! Келгуси ишларингизда омадлар тилаймиз.

Агар рухсат берсангиз филмингизга асос бўлган ҳикоянинг сўнгги сатрларидан бир парчани эътиборингизга ҳавола этсам…

…Бешикда Муҳаббат биғиллаб йиғлай бошлади.

Ҳафиза ортига қайтмади. Чорвоқ эшикни очиб, далага чиқди. Эшик тарақлаб ёпилди.

Далада шамол ҳовлидагидан ҳам кучли эди: буралиб-буралиб,        чийиллаб-чийиллаб, Ҳафизани аллақаёқларга сургалаб кетаверди.

Қизчаси бешикда биғиллаб-биғиллаб қолаверди.

Зим-зиё тунда тўрт тараф поёнсиз кетган йўлдек эди: Ҳафиза сочлари тўзғиб, кўйлаклари пирпираб, боши оққан томонга кетаверди.

Гувиллаган шамол тинимсиз йиғлайверди, Ҳафиза ўзини шамолнинг эркига бериб кетаверди. Энди унинг бўм-бўш бошида Авазбекдан эшитган ҳақоратли сўзи ҳамда боягина қилган дил иқрори билан бирга бешикда чирқиллаб қолган Муҳаббатининг йиғиси ҳам қўшилишиб ғувиллар эди.

Шамол эса, бу кўҳна дунёни зир-зир титратиб, биғиллаб-биғиллаб, сўкиниб-сўкиниб йиғлайверди…

 

Суҳбатни Раҳматилло БЕРДИЕВ олиб борди


1988 йил, 11-сон


 

Ҳафиза – Лола Сайдалиева

Шарифжон – Фотиҳ Жалолов

Авазбек Беҳзод Муҳаммадкаримов.

Ҳафизанинг онаси – Мунаввар Абдуллаева.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*