Осойиш айёми

Кейинги ўн – ўн беш йиллар қалбида миллат туйғуси солим, виждони уйғоқ, адабиётни ҳаёт тарзи деб билган зиёлиларни ўзбек насри бир жойда депсиниб қолмаяптимикан, деган бир ташвиш безовта қилиб келаётгани сир эмас. Бу айни пайтгача мавжуд ёхуд кейинги даврларда ёзилаётган асарлардан қониқмаслик туйғусидан кўра, замонавий ўзбек насрининг минг йиллик бадиият тарихига эга бўлган миллий адабиётимиз имкониятларини тўла намоён қила олмаётганидан норозиликка кўпроқ ўхшайди. Расмий-норасмий давраларда кимдир қандайдир ҳикоя ёки роман ёзгани ҳақидаги гап-сўзлар, менинг кузатишимча, доим бор, лоақал бир кун бўлсин тўхтаб қолгани йўқ. Аммо ажабки, бундай гап-сўзлар давралардан ташқарига чиқиб-чиқмай совиб қоляпти, олинган энерция эса нари борса ўша асарни хафсаласизлик билан бир варақлаб қўйиш учун кифоя қиляпти холос. Ҳатто баъзи  “асарлар”нинг холис фидойилари борлиги ва улар томонидан ўша асарлар яхшигина тарғиб қилинаётгани ҳам бугунги адабий жараён деб аталмиш сокин уммон осойишини бузишга, жилла қурса, унинг юзига бир тўлғоқ ажинини солишга арзимаяпти.

 

         Бунинг сабаби нима? Гап адабиётдами ёки ростдан ҳам, баъзи ёзувчилар иддао қилаётганларидек, танқидчилик мудраш синдромини бошдан кечирмоқдами? Ёки адабий танқид чиндан-да лоқайд бўлиб қолдими? Танқидчиликнинг адабий жараён авангарди бўлишдек жамоат кўниккан миссияси ўтмишга айландими? Энди мақтовлару тарғиботлар, бирор ёзувчи ёки асарни оталиққа олиш, жудаям кўмакка муҳтож бўлса, думидан арқон солиб судраш чиндан-да таомилдан чиқдими? Ростдан ҳам, танқидчиликнинг мазмун-моҳияти ўзгардими? Ўзгарган бўлса қаёққа?.. 

         Бундай саволлар, бошқаларни қийнагани сингари, мени ҳам қийнайди. Бу саволларни қайта-қайта ўзимга бераман. Ўзимга ўзим савол берароқ зимдан уларга жавоб излайман. Янги нашр этилган асарларни ўқийман, ўзимча улардан фазилат топишга уринаман, топаман ҳам. Фақат ёзишга келганда олдимда қандайдир тўсиқ пайдо бўлаверади, қалам юрмайди. Нега бундайлигини билмайман, билолмайман. 

         Ёки, ростдан ҳам, бу кунлар адабий жараённинг осойиш айёмимикан? Борлиқда ҳар бир ишнинг ўз ҳикмати бор деганларидек, бу жимликда ҳам ҳикмат бормикан?

         Балки шундайдир, ҳақиқатда бундай жимлик улкан бир қонуният, буюк бир ҳикмат измида содир бўлаётгандир. Гўё узоқ йиллар осойишта сўз уммони остида нафас ростлаган ўзбек насри бугунга келиб аста-секин ҳаракатга тушаётгандир.  Зеро, сўнгги йилларда пайдо бўлаётган баъзи асарлар, адабий усулларда кўзга ташланаётган нодир ҳолатлар одамни шунга умидлантиради.

         Эҳтимол янглишаётгандирман. Балки мен ҳозир сўз юритмоқчи бўлган жараён аллақачон, беэътибор қараганим асарлар тимсолида бошланиб бўлгандир. Эҳтимол, мен англаган, очиб бермоқчи, таъкидламоқчи бўлганим бадиий кашфиёт учқунлари бошқалар наздида у қадар катта воқеа эмасдир. Балки бугунги адабиётимизнинг бизларни дўппини осмонга отиш даражасида қувонтирадиган ютуқлари тамомила бошқа томондан, бошқа шаклда юз кўрсатаётгандир. Жараёндаги бир поэтик ҳодисот хусусида фикрларимни баён этишга киришар эканман, бу каби эътирозлар бўлиши мумкинлигини истисно этишга ҳаққим йўқ, деб ўйлайман. Зотан, асл ҳикмат шундаки, мулла билганини ўқийди.     

          Кейинги йилларда нашр этилган баъзи қисса ва ҳикояларни кузатиш, бугунги ўзбек насрида нисбатан янги (тарихий поэтикамиз учун бегона бўлмаган, демакки, мумтоз анъанамизда мавжуд) бир поэтик усул замонавий қиёфада намоён бўлаётганини кўрсатади. Англашимча, бу – адабий-тарихий жараён генида бор бўлган қонуний ритм, бугунги адабий жараён негизида қайта туғилаётган соф бадиий янгиланиш, шу билан бирга, ижод психологиясига хос ҳодисага ўхшайди.

Қизиғи шундаки, бундай нодир, моҳиятан миллий ҳодисанинг майдонга келишида на адабий танқиднинг, на тарғиб-ташвиқнинг, на хориж адабиётинининг даҳдорлиги сезилади. 

         Худди шу маънода айни ҳодисани “поэтик усул” деб атаганимда бир оз хасислик қилаётганга, андек истиҳолага бораётганга, адабий-танқидий жараёндаги баъзи психологик тўсиқларни айланиб ёки ошиб ўтишдан қўрқаётганга ўхшайман. Чунки биз мансуб адабий жараёнда “поэтик ҳодиса”, “воқеликни бадиий идроклаш”, “поэтик идрок босқичлари”, “метафорик модел”, “метафорик талқин” сингари тушунча ва истилоҳлар деярли ишлатилмайди. Ишлатилган тақдирда ҳам, кимлардадир истеҳзо уйғотиб қолмасмикан, деган хавотир туйғуси муаллиф онгостида, тадқиқотнинг тагматнида сезилиб туради.

         Менимча, айни кунларда бу каби майда ҳиссиётларга илтифотсиз бўлишга, психологик тўсиқлардан имкон даражасида кўз юмишга ундайдиган, жиддий ва чуқур поэтик талқинларга асос берадиган асарлар майдонга келяптики, бундай асарлар, ҳеч шубҳасиз, миллий адабиётимизнинг ютуғи, бугунги адабий жараёнга хос муҳим поэтик ҳодиса ҳисобланади.

Мақола мени шу шу тахлит сўз юритишга ундаган, ва, албатта, янги талқин учун бевосита асос берадиган икки асар тадқиқига бағишланади. Булар Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Этакдаги кулба”, Назар Эшонқулнинг “Баҳоуддиннинг ити” асарларидир. (Албатта, худди шу тахлит ўрганилиши мумкин бўлган бадиий манбаларни фақат икки асар ташкил этади десак, инсофдан бўлмайди. Бундай асарлар бармоқ билан санарли бўлса-да, бор. Келгусида, Оллоҳ насиб қилса, уларнинг ҳаммасини жамлаш, умумлаштириб ўрганиш, адабий жараёнга хос бундай поэтик ҳодисот сабаблари ва моҳияти хусусида тўлиқроқ фикр юритиш ниятидамиз.) 

Икки асарнинг ҳам ҳикоя жанрига мансублиги (шунга яқин бошқа ҳикояларнинг ҳам вақтли нашрларда кўзга ташланаётгани) воқеликни эпик талқин этишда айни жанрнинг авнгард эканидан далолат беради.  Демак, насрий жанрларимиздаги янгиланиш учқунларининг ҳикоядан бошланаётгани тасодиф эмас, балки ижод психологияси ва жанр табиати билан боғлиқ. 

         Муддаони бир тезис-жумлада ифодалайдиган бўлсак, бу икки асар тақрибан  уч нуқтада умумийлик касб этади ва шу жиҳати билан “янги асар” аталишга лойиқдир. Булар:

А) воқеликни идрок этиш, бадиий ифодалаш ва унга поэтик муносабатда тугал метафорик моделнинг намоён бўлиши; Б) бадиий талқинда ассоциатив усулнинг етакчилиги; В) сюжет ва образларнинг тўлалигича метафорага қурилганлиги.

         Ҳар иккала асар ҳам моҳиятига кўра бугунги кун ҳақида (Бошқача ифодалаганда, ҳар икки асар бугунинг асаридир). Уларга асос бўлган хом-ашё эса айни дамларда ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турган воқеалардан, яшаб ўтаётганимиз замон чегараларидан ташқарида эмас. Аммо ҳар иккала ёзувчи ҳам шу ҳаммабоп воқеликни метафорик қабул қилади ва ифода этади. Бирйўла икки ёзувчида кузатилаётган бу жараён ўзаро келишувларсиз(бундай ҳолат ижодий жараён тарихида кузатилмагани, асл ижод табиатига тўғри ҳам келмаслигини биламиз), ақлнинг сунъий аралашувисиз, энг муҳими, соф ижодий шуурсизлик даражаси(соф илҳом жараёнида)да содир бўлган(асарга инсоф билан ёндашган мутахассис буни тўғри англайди, қалбан ҳис қилади). Воқеликни бадиий шаклланишида кўринган бу нозик жараён бадиий ифоданинг бирбутунметафорик модел қиёфасида акс этишини таъминлаган. Натижада ижодкорларнинг конкрет воқелик ва замонга, хусусан, ўз-ўзларига бадиий муносабатлари ҳам метафорик моҳият касб этган.

         Асос.“Этакдаги кулба” асари воқеаси ҳаёт наҳри бир маромда оқаётган, сукунат ва рутубат ҳидлари анқиб турган қишлоқда содир бўлади. Бу осойишталик уйқусида ётган қишлоққа фавқулодда бир девона оралайди. Қишлоқ одамларни унутаёзган ҳақиқатни баралла айтиб, сокин қишлоқ аро жар солади. Қачонлардир бу чорлов моҳиятини билган, аммо эндиликда ўзининг соясидан-да чўчиб қолган одамлар бу чорловга жавобан ҳеч қандай ҳаракат нишонасини билдирмайдилар. Фақат қишлоқ этагидаги бир ғарибона кулбада бор-йўқлиги сезилмай яшаётган, қишлоқ аҳли ҳатто ўлдига чиқарган, ўз шеваларида Бегона деб ном қўйган кимсагина бу чорловга жавоб беради. Девона унинг ис босган қулоқларига нималарнидир уқдиради, нималардир деб ҳайқиради. Шу билан Девона ва Бегона ҳакояси якун топади. Қишлоқ одамлари эса гўё аслида ҳеч нарса содир бўлмагандек, ўзларининг аввалги турмуш маромларига қайтадилар. Ҳикоя мазмуни бор-йўғи шу. Аммо фавқулодда ва яшиндек тез содир бўлган, содир бўгани каби шиддат билан интиҳо топган бу воқеа қатида катта ҳодисотнинг метафорик модели берилганки, асарга айнан шу нуқтаи назардан қаралгандагина у ўзининг бадиий имкониятларини очади.

          Дарҳақиқат, “Этакдаги кулба” асари воқеаси шунчаки “кечмайди”, айнан “содир бўлади”. Негаки, қишлоқ аҳли чақмоқдек келиб-кетган воқе моҳиятини англаб-англамай қолади. Агар ҳикоянинг биринчи жумласи: “Жимжит Қишлоққа(бу ўринда қишлоқ сўзининг бош ҳарфда берилишида гап кўп – У.Ж.) жимжитликни бузиб ўхшовсиз бир девона оралади”, деб бошланишини, сўнгги жумланинг эса “Худди аслида бўлмагандай…” (“Шарқ юлдузи”, 2010, 1-сон) тарзида уч нуқта билан якунланишини ҳисобга олсак, ибтидо ва интиҳо жумлалари ҳикоя-метафоранинг таянч модели – қолип жумлалар экани ойдинлашади. Модел ичидаги воқеанинг қандай фавқулодда бошланган бўлса, шундай шиддат билан тугаши, анъанавий ҳикояларда бўлганидек, асар сўнггидаги “хулоса-ҳисса”нинг йўқлиги, ёзувчи маҳорати, бадиий усулига хос сифатдан кўра, кўпроқ воқеликни метафорик қабул қилиш ҳамда ифодалашнинг онг ва онсизлик орасида содир бўлишини урғулайдики, бу ижодий жараёнинг ғайритабиий ҳодисалиги, соф бадиий асарнинг эса ижодий сакарот (экстаз) ҳолати маҳсули эканидан далолат беради.

 Асарнинг вужуд-вужудига изтироб ва мунг сингиб кетган. Метафорик модел изтироб ва мунг асосига қурилган. Бу жиҳат ҳикояда баён этилган воқеада эмас, балки унга ёзувчи сингдирган оҳангда намоён бўлади. Айни пайтда бу оҳанг муаллиф ва бизларни ўраб турган воқелик оҳангидир. Қизиғи шундаки, “Баҳоуддиннинг ити” ҳикояси худди шу оҳангнинг сўз воситасидаги тасвирига қурилган. Ҳолбуки, бу жўн иш эмас. Кўп йиллик руҳий жараёнлар, ғайришуурий изтироблар, инсонинг ўз-ўзи билан мулоқоти, ўз-ўзига ҳисоб бериши, онг ости муқоясалари, умумжамоат ҳосил қилган тарихий, маданий, психологик ауранинг айни дамдаги синтезлашуви оқибатидир. “Овоз режиссёри тасмани олдин бошига , кейин охирига қараб айлантирди. Аммо бутун тасмага ўша нола ёзилган, худди устимиздан кулгандек, қаерида тўхтатиб, тугмачани босса, ўша ердан эшилиб-буралиб, соҳибидан айрилган каби нола чекаётган итнинг увиллаши чиқиб келарди. Бу шунчаки увлаш эмасди. Қандайдир табиатдаги жами товушлар, сайрашлар ва шовуллашлар уйғунлашган ўта ғамгин, дилни ўртайдиган, одамни ғамгин ва дилгир қилиб қўядиган, бизнинг пъесамиз (дунёйимиз – У.Ж.)га мутлақо зид андуҳ тўла увиллаш эди” (“Ёшлик”, 2011. Таъкид бизники – У.Ж.). Асар фабуласини бошдан-охир мана шундай мунгли оҳанг ташкил этади. Ҳикоя қаҳрамони – журналист йигит радио каналида қўйилиши кутилаёттган бир замонавий пъеса учун материал тўплаш жараёнида шаҳар четидаги экзотик  қиёфасини сақлаб қолган боғдан табиат симфониясини магнит тасмасига ёзиб олмоқчи бўлади. Аммо ажабки, боғда эшитилиб турган қушлар сайроғи, ҳашоратлар товуши, дарахтлар шовури, майсалар шитири тасмага тушмайди. Тасмада яккаш бир мунгли товуш – нола чекаётган итнинг увлаши  муҳрланиб қолади. Бу воқеа ҳаммани ғалати, тушуниксиз ҳолатга солиб қўяди. Ит улишини ҳар ким ўзича қабул қилади, аниқроғи, қабул қилолмайди. Фақат кўнглида аждодларининг маҳзун оҳанглари сирли тарзда яшаб келаётган бир киши – журналист йигитгина бу мунг моҳиятини тўғри англайди. Натижада унинг ҳаёти тамомила қадимий, таниш, шу билан бирга жорий замона оқимига ўхшамаган ўзга бир оқимга қўшилиб кетади. Бир пайтнинг ўзида айни ҳолатни “Этакдаги кулба” ҳикоясида ҳам кўриш мумкин.

Умуман, бу икки ҳикоя аро муштарак жиҳатлар талайгина: Хусусан, “Баҳоуддиннинг ити” асаридаги итнинг мунгли увлаши билан “Этакдаги кулба” ҳикоясидаги девонанинг: “Уйи куйган ким бор?..Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..” (Таъкид бизники – У.Ж.) деган ҳайқириғи ўртасида, ҳеч шубҳасизиз, сирли ришта бор. Қолаверса, бу икки товуш том маънода тақдирдош ҳам. Зотан, итнинг товуши жамият томонидан кутилмаган ва бегона бир оҳанг сифатида инкор қилинса, бир маромдаги мунгли девона қўшиғи ҳам ўз мухлисини топа олмайди. Итнинг дилгир мусиқасига маҳлиё бўлган “Баҳоуддиннинг ити” ҳикояси қаҳрамони “ақли солим”лар тарафидан телбага чиқарилса, Девонанинг улишига қулоқ тутган “этакдаги кулба” соҳибини Қишлоқ аҳли “Бегона” деб билади. Моҳятга кўра бу икки образ, икки товуш метафорик қатламда уйғотувчи, покликка ундовчи, айни пайтда унутилган ғайримоддий куч – маънавий потенциядир. Шунинг учун ҳам мудроқ синдромини бошидан кечираётган жамият уни бирданига ҳазм қила олмайди. Фақат хос руҳият кишиларигина бу оҳанг маромини англайдилар ва оқибат ўлароқ жамият томонидан таъқибга учрайдилар.

Ҳикоялардаги умумийликни таъминлаган иккинчи хусусият “бадиий талқинда ассоциатив усулнинг етакчилиги” эди. Илло, инсоф билан айтганда, “ассоциатив усул” истилоҳини бу асарларга тўлиғича ёпиштириб бўлмайди. Бу ўринда “усул” сўзи “асарнинг соф ижодий жараён натижаси” экани ҳақидаги юқоридаги хулосаларимизга у қадар ўтиришмайди. Чунки бу сўз мазмунида рацио (совуқ ақл) бор. Менинг тушунишимча, таҳлил этилаётган ҳикояларга хос ассосиативлик ақлдан кўра иррационаллик (биз назарда тутаётган тўлиқ маъноси — ақлдан юқорилаш ҳолати, пастлаш эмас) талаби билан вужудга келган. Моҳиятан, айни (конкрет) замонда содир бўлаётган воқелик ҳар икки қаҳрамон(муаллиф) кўнглида ассоциация уйғонишига туртки вазифасини ўтаган. Натижада ақл ихтиёрийлигидан кўра қалб беихтиёрлиги вожибга айланган.

Ҳар икки асарда ҳам ассоциативлик ягона мақсадга хизмат қилади. Ретроспектив (қадимий ёки ўтган) хронотоп (макон-замон), яъни поклик феномени, метафорик моделни – ҳикоя моҳиятини ташкил этади. Кирланган кўнгил (ёки кўнгиллар) учун нажот эса покловчи изтироб (Аристотель таъбири билан катарсис)да  экани маълум бўлади. Агар Н.Эшонқул ҳикояси қаҳрамони шу изтироб илинжида севган касби, орттирган обрў-эътибори, қолаверса, бутун жамиятни инкор этса, Қишлоқ аҳли ўлдига чиқарган Бегона Девона чорловини дафъатан эшитиб қолгач, бировнинг журъати етмайдиган ва ҳеч ким кутмаган ишни қилади – таъқиқланган сарҳадга қадам қўяди. Бегонанинг бу иши зулмат қўйнидан нурнинг, ўлик ер бағридан майсанинг бош кўтаришига ўхшайди. “Бегона ҳали ўлмаган экан, ўлмаганини Қишлоққа ёғсираган эшиги билдирди. Жимлик пардасини чок-чокидан сўкиб, бу пастқам эшик бу улкан оламга жар солди: — Ғий-й-йиқ!..”

 Айни лаҳза талқинидаги ассоциация уч нуқтада кўринади. Буларнинг биринчиси асар дунёсида содир бўлади. Бегона унутилган овозни эслайди ва, бунга ҳикояда очиқ ишора сезилмаса-да,  таъқиқлар оралаб ўзлигига қайтади. Иккинчиси бадиий идроклаш (рецепция) жараёнида, ўқувчи бадиий тасаввур дунёсида кечади. Ўқувчи Бегона тимсолида кимнидир ёки ниманидир топгандек бўлади. Бадиий таъсир, эстетик завқ натижасида кўнглида покланишга мойиллик туғилади. Учинчиси эса метафорик моделлашув асносида – муаллиф ижодий мақоми (“самовий миқёс” – С.Мели)да рўй беради. Ёзувчи ўз қаҳрамони тимсолида кирланган хронотоп (макон-замон)ни тарк этади. Нафақат жамият  аурасини, балки ўз кўнгли ҳудудларини ташлаб, “жон қуши” (Навоий) қиёфасида бир лаҳза ломаконга эврилади. Шу боис ҳам  “Этакдаги кулба”даги қишлоқ аҳли ўз қаҳрамонида Бегонани кўрса, “Баҳоуддиннинг ити”даги ровий “Боғда бошқа ҳеч кимни”, яъни жамият тасаввуридаги Одамни учратмайди. Муҳими шундаки, ҳар икки қаҳрамон ташқи олам вакиллари назарида “фано” – йўққа айланади.

Зоҳиран ҳикоялар воқеаси (фабула ва сюжети) биз анъанавий ҳикояларимиз таъсирида кўникиб қолган одатдаги бадиий шаклни эслатса ҳам, моҳиятда соф метафорага қурилган. Биринчи ҳикоя сюжетидаги Қишлоқ, кулба ва кўча тасвири, иккинчи ҳикоядаги ишхона, шаҳар четидаги боғ, шаҳар тасвири воқеа мазмунини англатишга эмас, метафора негизида ишора қилинаётган улкан, умуминсоний идеални ҳис қилишга ундайди. Қишлоқда Девонанинг пайдо бўлиши (“Этакдаги кулба”), шаҳар аҳли кўниккан минглаб овозларни маҳв этган увлаш оҳангининг тантанаси(“Баҳоуддиннинг ити”), бир қарашда ҳаётий мантиққа сиғмайдиган воқеа эмас. Аммо бадиийятнинг қудрати шундаки, асарга мантиқ билан ёндашган ўқувчи асл мантиқни топа олмайди.

Биринчи ҳикоядаги Девона ҳам, иккинчи ҳикоядаги ит ҳам ягона шахс, демакки, жамият осойишталигига раҳна солади. Мавжуд оқимни издан чиқаради. Ҳикоялардаги Девона билан ит, Бегона билан журналист образлари гўё эгизакка ўхшайди. Метафориклиги жаҳатидан ҳам ҳар икки образ ўз манзил-маконида “олами кабир”ни ифодалайди. Аммо бу оламларнинг бири (Девона ва ит) ўтмиш, бошқаси эса ҳозир қиёфасига эга. Мана шу икки замон ва икки сийратнинг қоришуви метафорик модел оригиналлигини, ўзига хос ҳикоя хронотопини, эстетик идеалнинг умуминсоний, шу билан бирга замонавийлигини таъмин этади.

Умумлаштириб қараганда ҳар икки ҳикояда инкор ва бегоналашув жараёни бадиий воқеланади. Одам жамиятдан қайтиб, узлатга чекинади. Мавжуд воқеликдаги қонуниятлар, мезонлар ва таъқиқлардан юз ўгиради. Аммо таъкидлаб айтишга масъулманки, бу жараённинг, баъзи элементлари бугунги ўзбек адабиётида ҳам “соф тақлид” ўлароқ кўзга ташланаётган абсурдизмга асло алоқаси йўқ. Нуруллоҳ Муҳамма Рауфхон ва Назар Эшонқуллар “БЕГОНА”сини зинҳор Камю “бегонасига” тенглаштирмаслик керак. Зоҳирий ўхшашлик бизни чалғитмаслиги лозим. Негаки, бу икки бегоналашув инсон доҳил икки метакосмик қатламда содир бўлади. Аниқроқ айтганда Камю бегонаси том маънодаги афсурдаҳоллик – телбалик синдромини яшаб ўтар экан, уни етакловчи куч вазифасини  НАФС феномени бажаради. Нафс исканжасидаги Камю қаҳрамони илоҳий қонуниятларни том маънода бузиши, ҳаётнинг табиий оқимида маънисизликни кўриши билан чинаккам телба қиёфасини акс эттиради. Мен сўз юритган БЕГОНАЛАР эса ақлсизликда ақл, мантиқсизликда мантиқ, узлатда эса ҳаловат топадилар. Бизнинг телбалар ҳолати Шайх Санъон, Мажнунлар телбалигига монандки, буни, ҳеч иккиланмасдан машрабона ИЙМОН истиғноси, дея тушуниш мақсадга мувофиқдир. Айнан шунинг учун ҳам, сўз юритганимиз икки ҳикоя миллий, шу билан бирга оригинал бўла олади.   

Шулардан келиб чиқиб хулослаш мумкинки, бугуннинг уйғонган адабий руҳи осойиш айёми инқирозини туймоқда. Инқироз фасли муждалари бугунги бадиий насримизда ёрқин намоён бўляпти. Бу албатта яхшиликдан, бугунги адабиётимиздаги ўсишдан далолат.

Алқисса, барча сўз ошиқларига тўлғоқ ажини муборак…

 

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*