Таҳририятимиз меҳмони
Ўтган йил нўябрининг охирларида таҳририятимизга оврупача кийинган бир жаноб кириб келди ва ўзини Олмонияиинг Муйнҳен шаҳрида жойлашган "Озодлик" радиостанциясининг ходими Муҳаммад Ёқуб Турон деб таништирди. Тошкентга "Озодлик"нинг бир шўъбасини очиш тараддудида келган экан, расмий-норасмий учрашувлар орасида озгина бўш фурсат топиб, мусулмонлар идорасининг нашриёти ва хусусан, "Ислом нури" жаридасининг иш фаолияти ила танишмоқчи бўлиб, тошкентлик бир биродаримиз етакчилигида ташриф буюрибди. Бир-икки соат чойлашиб ўтирдик. Баҳонада жаридамиз учун икки оғиз сўз айтишни Муқаммад Ёқуб жанобдан сўраган эдик, жону дил ила рози бўлди.
Қисқагина шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола зтамиз. Марҳамат.
– Аввало, муштарийларимизга ўзингизни таништирсангиз.
– Ассалому алайкум, ҳурматли "Ислом нури” жаридасининг мухлислари! Менинг номим Муҳаммад Ёқуб Турон, Афғонистонда туғилганман, миллатим ўзбек, ўзим асли тошкентликман. Ҳозир Ғарбий Олмонияда истиқомат қиламан. Оила аъзоларим билан бирга мен узоқ йиллар Инглизистонда яшадим. Тақрибан беш йилдан бери "Озодлик" радиостанциясида ишдаман.
Ўзбекча эшиттиришлар берадиган шўъбанинг мудири вазифасидаман. Мана, узоқ йиллик узилишдан сўнг энди йўллар очилиб, ота юртимга, она юртимга келганимдан жуда хурсандман.
– Сиз хизмат кўрсатаётган "Озодлик" радиостанциясининг Мовароуннаҳр мусулмонлари ҳаётига оид нима ишлар қилаётгани ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.
– Мен "Ислом нури” жаридасини ўқиганман. Дин эркинлиги, виждон эркинлиги берилгандан бери жарида анча ўз азиз ўқувчиларининг қўлига етиб боряпти, деб ишонаман. Ва мен ўйлайманки, мустақиллик даврида мусулмон, диндор халқимизнинг талаб-истаклари, орзулари ҳам мана шундай жаридалар орқали оммага етиб бораётган бўлса керак. Чунки фикр эркинлиги, виждон эркинлиги, эркин ахборот ва фикр алмашиш йўли ҳар бир демократик, ҳур ва мустақил давлатнинг асосий ғоясидир.
"Озодлик" радиоси ҳам инсон ҳақ-ҳуқуқларига риоя этган ҳолда ва мамлакатларнинг ички ишларига аралашмай туриб, балки эркин ахборот алмашиш, ҳақиқатга асосланган холис маълумотларни тингловчиларга етказиб боришга ғайрат қиляпти. Бу йўлда биз азиз тингловчиларимизга хизмат қилишдан ҳамиша хурсандмиз.
"Ислом нури" жаридасининг барча муҳлисларига мен чин юракдан соғлик-саломатлик тилаб, бу жариданинг муваффақиятларини Аллоҳ таборак ва таолодан тилаб қоламан.
ЗАРУРИЙ СЎНГСЎЗ
Саволимизга берилган жавобдан кўнглимиз тўлмаган бўлса-да, меҳмоннинг ҳурмати юзасидан ҳадеб ижикилайвермадик. Фақат, меҳмон мақтаётган фикр эркинлиги "Озодлик" радиостанциясининг беҳисоб шўъбалари орасида ҳам амал қиладими, деб қизиқиб кўрдик. Яъни, бу радио ўзбек тилидан ташқари собиқ ўн беш жумҳуриятнинг ҳамма тилида ҳам эшиттиришлар олиб боради. Мисол учун, ўзбек тили шўъбаси, бошқа бир бўлимдан давлатимиз ҳақида нотўғри ахборот тарқалса, унга раддия бера оладими? Муҳаммад Ёқуб Турон жаноблари: "Биз биронта хабарни тарқатмасдан олдин текшириб кўрамиз, ҳар бир хабар камида икки манбадан тасдиқланиши керак… "Озодлик" радиосининг ички принсипи шундайки, биз ҳеч бир шахсни ёки гуруҳни ё миллатни ҳақорат қилишга, камситишга ҳаққимиз йўқ…" ва ҳоказо шунга ўхшаш умумий гаплар билан чекландилар ва саволимиз яна очиқ қолди ҳисоб. Суҳбатимиз сўнгида Муҳаммад Ёқуб Турон жаноблари бундан кейин Мовароуннаҳр мусулмонлари ҳаётига кенгроқ эътибор беришга ваъда қилдилар ва биз сиз азиз муштарийларимиз номларингиздан меҳмонга ташаккур изҳор этдик.
Сўзимизнинг охирида сизларга маълумот учун шуни хабар қиламизки, "Озодлик" радиостанцияси Ғарбий Олмонияда фаолият кўрсатгани билан Амриқо конгресси қарамоғидадир. Маошларини ҳам Амриқо таъминлайди.
Муҳаммад Ёқуб Турон жанобларининг беш нафар фарзандлари бўлиб, икки қизи ҳозир у киши билан бирга Муйнҳенда яшайди ва ўқийди, хотинлари ўғиллари билан бирга Лўндўнда туришаркан. Шу.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
“Ислом нури” газетасининг 1993 йил 1-сонида чоп этилган.
Leave a Reply