Сизни муборак ҳаж сафарига бориб, Аллоҳнинг фарзини сидқидил адо этиб қайтганлигингиз билан чин дилдан табриклаймиз.
Сизга қуйидаги саволлар билан мурожаат этамиз:
1. Ҳаж амалларини адо этиш чоғингиздаги кечинмаларингиз ҳақида?..
2. Ҳаждан сўнг дунёга муносабатингиз?
3. Сиз гуноҳлардан покланиб қайтдингиз. Иншааллоҳ, дуоларингиз мустажоб. Элу улусга тилак ва истакларингиз?
1. Зиммамиздаги улуғ бир фарзни адо этишга бизни ҳам муяссар айлагани учун Тангри таолога шукрлар айтаман.
Ҳаж чоғида доим ҳис қилганим гуноҳларимнинг нақадар кўп ва оғир эканини билганим бўлди. Тавбалар қилдим. Билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечиргин, деб Тангрига ёлвордим. Кечирмаса нима қиламан, деб ўйлаб роса изтироб чекдим. Шайтонга тош отиш маросимида мен у шайтонни аниқ кўрдим. У менинг онгимга, юрагимга ўрнашиб олган экан. У қон томирларимга кириб олиб, бутун тана аъзоларимни бошқариб юрган экан. Хаёлимда уни онгимдан, юрагимдан суғуриб олиб, қон томирларимдан сидириб чиқариб, қаршимга қўйдим-да, роса тошбўрон қилдим. Менинг ғазабимни, ваҳшатимни шайтоннинг ўзи ҳам кўриб турганига аминман, ҳар гал “Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳ” деганимда тиртаб-титраб тушганини аниқ кўриб-сезиб турдим. Юракни бирор идишга ўхшатсак, идишга лим-лим тўла сув қуйсангиз, бошқа нарсага жой қолмайди, шунингдек юракка ҳам лим-лим имонни жойласангиз, шайтонга ўрин қолмас экан.
2. Ҳаж давомида ва ундан сўнг ҳаётга бошқача назар билан қарай бошладим. Ҳақиқатни жуда кам инсонлар билар экан. Кўплар адашиб – улоқиб, кўриб турганларини ҳақиқат билиб юрар экан. Бутун дунёдан йиғилган ҳожиларнинг ибодатларини кўриб туриб, бу ёқдаги кўп ташвишларимизнинг сариқ чақага арзимайдиган беҳуда талвасалар эканини яна бир бор ҳис қилдим. Дунёга муносабатим тўла ўзгарди, дея олмайман, аксари ҳаж давомида тасдиқланди, қисман янгича кўз қарашлар пайдо бўлди. Ҳаждан олган энг катта сабоғим бор, уни айтмайман, келгуси ҳаётим давомида эҳтимол юзага чиқар. Тангри ўзининг йўлидан адаштирмасин.
3. Ҳожилик мартаба эмас. Биров ҳажга борган бўлса, зиммасидаги фарзни адо этиш учун борган. Худди намоз ўқигани, рўза тутгани сингари. Мен ҳажга бориб келдим, деб ҳурмат талаб бўлиш қанчалик ярамас иллат бўлса, бир одамни ҳажга бориб келгани учунгина ҳурмат қилиш ҳам шунчалик ярамас иллатдир. Шу ерда Исломга кам зарари етиб юрган одам, ҳажга бориб келгач, зиён кони бўлиши мумкин. Чунки у гуноҳ ишларни давом эттираверса, халқ: “Ҳожиси шунақа бўлса…” деб хафсаласи пир бўлади. Ҳаж ўтди. Беш кунда ҳаж амаллари адо этиб бўлинади. Булар ҳеч гап эмас. Энди бу ёғи муҳим. Ҳаждан мурод – кейинги ҳаётимизнинг покланиши. Хўш, ҳаждан сўнг яхши томонга ўзгардикми? Қуръон таълимотидан чекланмай юрамизми энди? Ахлоқимиз камол топдими? Ҳажимизни, тавбаларимизни, дуоларимизни Тангри таоло қабул қилган-қилмагани мана шулардан билинади.
Нуруллоҳ ОТАХОН,
“Моварауннаҳр” нашриётининг бош муҳаррири.
Leave a Reply