Қайтаётган адабиёт

(“Ота боғи”ни ўқиб)

 

От айланиб қозиғини топади.

Халқ жуда билиб айтган экан: ҳақиқатан, от айланиб қозиғини топаркан. Адабиёт аталмиш соҳа тимсолида бу қайтишнинг ҳақлигига тобора ишонч ҳосил қиляпман.

Бизда қарийб ўн икки асрлик ёзма ва тарихининг у ёғи қанчалиги номаълум даражада қадим оғзаки адабиёт бор эди. Биз унга жисми ва моҳиятига монанд қилиб, “адабиёт” деб исм берган эдик. Алиф-босидан тортиб лом-алиф-йосигача ўзимизники эди, юракларимизга қадрдон эди. Шуниси билан кўркам ва жозибали эди! Сўнгра муқаддас ҳовлиларимизга девор ошиб алламбало исмли ажнабий туйғулар кириб келди. Ўзининг қонун-қоидалари, бизга ёт назариялари билан бостириб келди. Келдию бу ҳовлида шаклланган минг йиллик анъана, тартиб ва низомларни издан чиқаришга киришди.

 

Бирини сарқит деди, бирини зарарли (реаксион) деди, яна бирини ботилга чиқарди. Ниҳоят, ниятига етди. Адабиётимиз ипини узди. Қозиғининг қаердалигини ҳам унутди. Ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Исми жисмига монанд одобиётимиздан вақт ўта-ўта биргина ном қолди. Мазмун моҳияти руҳларимизга ётлаша бошлади. Бора-бора руҳларимизни аслимизга ётлаштирди. Шу қадарки, бугунга келиб, айтилаётган мана шу оддийгина ҳақиқатни ҳам кўтара олмайдиган бир насл пайдо бўлди. Ёт руҳ ўзиникига айланган, қадрдон туйғулар унга қарийб бегоналашган қалб эгаларидан бундан бошқача муносабатни кутиб ҳам бўлмайди зеро.

Гап бир тўплам устида эмас, умуман адабиёт ҳақида боряпти. Тўғрироғи – адабиётнинг қайтиши ҳақида. “Нега ривожи, яъни, олдга ҳаракати тўғрисида эмас, балки қайтиши, яъни, ортга ҳаракати тўғрисида?” деган савол туғилиши мумкин. Чунки, менинг назаримда: бугунги бизнинг вазиятимизда адабиёт ривожланиш учун ҳам олдин бир ортга қайтиб олиши керак. Қозиғини топиб олиши лозим. Акс ҳолда, олдга ҳаракат бўлиб туюлган ҳар қандай жараён ривожланиш эмас, балки тобора асл қозиқдан узоқлашиш бўлади?

Қолаверса, мамлакат мустақил бўлди. Халқимиз истиқлолга эришди. Энди руҳлар мустақиллиги, туйғулар истиқлоли керакки, буларсиз унисини мустақкамлаб ҳам бўлмайди, сақлаб қолиб ҳам бўлмайди. Бу йўлда адабиётнинг аҳамияти ҳам, масъулияти ҳам ниҳоятда катталиги шу боисдандир.

Ўзи учун ўзак масалани тўғри ҳал қилиб олмасдан туриб, бошқа соҳалар каби, адабиёт ҳам тўғри ривожланмайди. Ўзак масала нима? Яшашдан мақсад не? Қаердан келдим, нега келдим ва қаерга кетаман? Мана шу масалаларни ҳал этиб олмаса, адабиёт ҳаётда жиддий мавқе эгаллай олмайди.

Фикрнинг зоҳиринигина кўрувчи баъзиларга ушбу мулоҳазалар ҳозирча ботмаслиги мумкин. “Гапнинг маромини қаёққа буряпти? Нима, эски адабиёт адабиёт-у, бу ёқдагилар адабиёт эмасми?” дейишлари мумкин. Ҳолбуки, гап моҳият, асос, ўзак устида бораётир. Асосда Ҳақдан чекинилмаса, “бу ёқда” нима ёзсангиз, ёзинг у тўғри бўлади, у дуруст бўлади, у ўз маъноси-ла адабиёт бўлади. Ҳозир миллий адабиётимизда мана шу йўналишда изланишлар қилинаётгани умидли ҳолдир.

Қадим Хоразмнинг чўнг ижодкорларидан бўлмиш Фозил Зоҳид оғанинг ушбу шеърий тўплами кейинги йиллар маҳсулидир. Муаллиф рамзий қисса деб сифат берган “Ота боғи” ҳақида ҳам, тўпламга киритилган бошқа шеърлар ҳақида ҳам алоҳида-алоҳида сўз айтсак бўларди ва арзирди. Аммо камина бу ишни ўқувчининг ўзига қолдиришни маъқул кўрдим. Ўқинг, ўйланг, қалбингизга қулоқ солинг. Шеърларнинг руҳияти бир қадар юрагингизга кўчса, қон томирларингизда оз бўлса-да таниш руҳ ва қадрдон туйғулар оқа бошласа, муаллиф ўй-фикрларига, дардларига қандайдир миқдорда алоқадорлик ҳис этсангиз, қувонинг, биродар. Шу руҳ, шу туйғулар Сизга муборак бўлсин.

Яратган Раббимизнинг инояти ила адабиётимизнинг қайтаётгани муборак бўлсин!

 

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН


2000 йил 13-17 март Қурбон ҳайити кунлари ёзилди.

17-18 март оққа кўчирилди.


(Фозил Зоҳиднинг “Ота боғи” (Тошкент, “Моварауннаҳр”, 2000) китобига сўзбоши)

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*