Раиснинг дил сўзлари

Холбой Отабоев Хабарларинг бордир, журналимизнинг ўтган йилги октябр ойи сонида Нурулло Отахоновнинг «Бригадир нега йиғлади?» сарлавҳали мақоласи чоп этилган, унда Фарғона област, Олтиариқ районидаги «Москва» колхозининг собиқ раиси Холбой Отабоев тақдири, республикамизда яқин йилларда авж олган салбий ҳодисалар, уларнинг илдизлари хусусида гап борган эди. Муаллиф унда X. Отабоевнинг суд ишини ҳам ўрганиб, тергов чоғи ва суд жараёнида айрим қонун бузилишлари рўй бергани, шошма-шошарлик оқибатида жиноятнинг келиб чиқиш объектив шарт-шароитлари ҳисобга олинмаганини кўрсатган эди. Ўрни келганда шуни айтишим керак: бу ва бундан олдинги мақолалар юзасидан редакция журналхонлардан юзлаб хат олди. Ҳар бир хат орқасида инсон турибди, унинг тақдири турибди. Ҳозирги пайтда ана ўша хатлар юзасидан Ўзбекистон ССР Олий суди, республика прокуратураси билан биргаликда иш олиб боряпмиз. Мана, дастлабки янгилик ҳам рўй берди: собиқ раис X. Отабоев журналнинг аралашуви ҳамда Улуғ Октябр байрами арафасида ҳукуматимиз қилган тантилик туфайли шу йил август ойида муддатидан анча илгари озодликка чиқди. Чиқиб, тўппа-тўғри редакциямизга келиб кўп ибратли гапларни айтиб берди.

 

– Аввало, эл-юрт кўзи олдида юзимни ёруғ қилиб берган «Ёшлик» редакциясига, менга далда бериб хатлар ёзган журналхонларга миннатдорлигимни етказсаларинг. Тўғрисини айтсам, мен олдин ҳам, ҳозир ҳам – ҳеч қачон ўзимни мутлақо айбсиз ҳисоблаганим йўқ. Айбим бор эди(буни судда айтганман), эҳтимол икки йил қамоқда кечган ҳаётим ўша айбим даражасига мос келар. Гарчи давлатга ҳиёнат қилмаган бўлсам-да, гуноҳим – виждонимга хилоф иш тутганим, яъни юқоридан берилган айрим нотўғри топшириқларга қарши қатъий тура олмаганим бўлди. Ўйлайманки, 1982 – 83 йилларда содир этилган қўшиб ёзишлар, йўқни бор қилиб кўрсатишлар бир менга эмас, ҳаммамизга ҳам катта сабоқ бўлди. Қамоқда ҳар хил одамларни кўрдим. Хақикатан, оғир жиноят қилганлар у ерда ҳам виждон азобини ҳис қилмай, «Бола-чақамни ўйлаб қилганман!» дейишиб, бемалол кўрган кунларига рози юришибди. Шу билан бирга айрим, аслида ҳалол, бевосита раҳбарларининг қийин-қистови билан жиноятга шерик бўлиб қамалиб қолганлар борки, уларнинг пушаймонлари ўзгача. Бундайлар уйларига хат ёзганда: «Болаларим, бошларингнн кўтариб юринглар, мен давлатнинг бир тийинини ҳам ўзлаштирмадим, виждоним олдида покман, фақат, начора, ҳаммамиз шароитнинг қулига айланиб қолган эканмиз, энди кўзим очилди, лекин сизларни ерга қаратадиган иш килганим йўқ, ўқинглар, ҳаётга дадил ва мағрур қадам қўйинглар!» деб тайинлашарди. Хайриятки, шундайларнинг кўпи амнистияга тушиб, эсон-омон қутулиб чиқишяпти. Буларнинг бари бизга сабоқ бўлиши керак.

 


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”,  1987 йил, 2 октябр

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*