Рамазон ҳайитинг қутлуғ бўлсин, эй мусулмон юртим!

Ҳар ҳайит яқинлаша бошлаганида болалигимни эслайман.

Арафа куни сандиқлар, бўхчалар очиларди. Байрам биз болалар учун сандиқ очилишидан бошланарди. Раҳматли аям бизга олдиндан тайёрлаб қўйган кийимларни алоҳида-алоҳида авайлаб олардилар. Буниси сенга, манавиниси сенга, деб бўлиб  чиқардилар. Ҳар биримиз ўзимизнинг тегишимизни кутиб, ҳаяжонли онларни яшардик. Чунки ҳайитга кўпинча янги кийимлар ҳозирланарди. Кийгазиб кўрардилар. Баъзан эски бўлса ҳам, ювиб тозаланган, оҳорли қилиб дазмолланган кийимлар ҳам киярдик. Айниқса, кийим янги бўлса, бутун бир маросим бўлиб кетарди. Кўйлакми, шимми, пайпоқми – нима янги бўлса, оёқ тагига ташлардик-да, тепкилай-тепкилай: “Латта чирик, ўзим тирик!” деб бир неча марта такрорлар эдик.

Шундан кейин олиб киярдик. Бугунги кўз билан қарасак, қизиқ туюлади. Ўшанда биз бу “маросим”ни айрича завқ-шавқ билан ўтказардик. Бир қараганда, иримга ўхшаб кетади, шуям иш бўлди-ю, деб ҳайрат бармоғингизни тишлайсиз ҳозир. Аммо бу “ирим” тагида улкан тарбия кўраман. Ота-оналаримиз шу йўл билан, биз болаларнинг кибрини синдиришга ҳаракат қилишган экан. Янги кийим кийган бола кибрланади-да одатда. Оёқ остига олиб тепкилашимиз “Сен бир латтасан, бугун борсан, эртага чириб тушасан, мен эсам, тирикман, мен учун сенинг қадринг йўқ. Бўлса, чириб тушгунча бор”, деган маъноларни англатар эди. “Латта чирийди, одам эса азиз” деган қаноатни таълим берарди бу “маросим”.

 

Меҳрибон онамизнинг яна бир ширин ташвишлари – ҳайит куни саҳарлаб ҳаммамизни ювинтириб, таҳорат олдириб, кийинтириб, ҳайит намозини ўқишга кўчага чиқарардилар. Болалигимда ҳайит кеч куз ёки қишга тўғри келгандир, эгнимда чиройли тўнча, белимда атлас қийиқ, оёғимда ғарч этикча, қўлтиғимда жойнамоз билан мачитга йўл олганларим эсимда. Совет пайти мачитда ҳайит намозини ўқиш қаёқда. Одамлар кўчада, ҳаммаси қўлтиғига жойнамоз қистириб, у ёқдан-бу ёққа изғийди. Бир-биридан сўрайди: “Қаерда ўқиларкан?”

Гап шундаки, ҳар ҳайит яқинлашганида совет давлати ҳайит намозини ўқитмасликка тиришарди. “Мачитлар ёпилсин! Одам тўпланганини билиб қолсак, қамаймиз!” деб бир-икки кун олдиндан дўқ уриб кетарди. Лекин, совет ҳам ўзимизнинг одамлар эмасми, исми-расмини қилиб кетганидан кейин, шу билан кўнгли тинчиб, ҳайит куни қишлоқма-қишлоқ изғимасди, одамларни ўз ҳолига ташлаб қўярди. Бошқача айтганда, ҳайитни нишонлашни тўхтата олмасди. Қишлоқ муллалари охирги дамгача индамай, ҳайит куни эрта билангина намоз қаерда ўқилишини айтишарди. Овлоқроқ бир ер танланарди. “Ҳов қувла (“қибла” демоқчи) кўчада Фалончининг эшиги олди кенгроқ, ўша ерда ўқиларкан”, дерди билганлар. Қишлоқдошларим ўша ёққа оқарди. Биз болалар ҳам ўзимизни катта бўлиб қолгандай ҳис этиб, жиддий қиёфада катталарнинг орқасидан эргашардик. Ҳар йили қишлоқнинг ҳар ерида, лекин албатта катта кўчадан кўринмайдиган сайҳонликларда намоз ўқиларди. Кўчама-кўча излаб, тополмай, ҳайит намозини ўқиёлмай қолганлар ҳам бўларди. Анчагача афсусланиб гапириб юришарди. Биз ўқиган бўлсак, кўтаринки кайфиятда уйларимизга кириб келардик.

Рамазон ҳайити намозидан кейин бизнинг уйда (балки ҳамма уйларда ҳам шундайдир) биринчи ейиладиган таом атала бўларди. Аям аталани жуда ширин пиширардилар. Ҳалигача оғзимда таъми қолган. Бир ойлик рўзадан чиққанда атала иккитомонлама фойда бўлса керак-да: ҳам енгил таом – ошқозонга ботмайди, ҳам танга қувват беради. Совет тугаб битди, лекин бу анъана бизнинг оилада тўхтаб қолгани йўқ. Бугун ҳам ўғилларим билан ҳайит намозини ўқиб келсак, келгунимизча онаси мазали аталани пишириб қўяди, мириқиб ичиб оламиз. У замонда, бутун оила бир дастурхон теварагида тўпланиб, сандиқларда сақланадиган қанд-қурслар ҳам дастурхонга тўкиб-солинган ҳолда ўтиришларимиз нақадар мароқли эди. Сўнгра…

Сўнгра бутун мусулмон олами болалари каби, бизнинг ҳам, байрамни ҳис этадиган, байрамни ҳис эттирадиган алоҳида бир палламиз келарди. Аталадан кейин ҳайитнинг балки энг асосий қувончини яшардик. Бу қувонч, албатта, катталардан ҳайитлик олишдан туғиларди. Биринчи ҳайитликни кийим-кечак кўринишида Онажонимиздан олдик ҳисоб. Энди ҳайит куни эрта билан ҳаммамиз Дадажонимизга қарардик. “Нима ёки неча пул бераркинлар?” дея ҳайитликни ҳаяжонли интиқлик билан кутардик. Катта-кичиклигимизга қараб, ҳар хил миқдорда пул ва бошқа ширинликлар улашардилар. Буларни тарқатаётганларида кечадиган ҳар хил хазил-хузул гап-сўзлар байрамнинг шаънини яна ҳам кўтариб юборарди бизнинг назаримизда.

Тўғри-да, ҳайитлиги бўлмаса, биз болаларга ҳайит ҳайитга ўхшармиди!

Нонуштадан кейин тўғри қишлоқ гузарига чиқиб борардик. Йўқ, тўғри чиқиб бормасидик. Йўл-йўлакай қишлоқдаги қариндош-уруғларнинг уйларига бир-бир кириб, кейин гузарга чиқардик. Ким чақа, ким қанд-қурс, ким майиз-туршак – лекин ҳамма нимадир ҳайитлик берарди.

Энди ўйлаб қарасам, совет динсиз бўлса ҳам, доим динга қарши курашса ҳам, намозларни ўқитмаса ҳам, барибир диннинг кўп аломатларини йўқота олмаган экан. Ҳаётдан тўла-тўкис сиқиб чиқаришга қурби етмаганидан, улар халқ орасида яшар эди. Жумладан, ҳайит кунги жўшқинлик, чекка-чекка қишлоқларда ҳам байрамона кайфият, ҳозирги газ билан ўлчаганда ҳам, бошқача эди!

Гузарда катта-кичик одам гавжум, чойхоналар тўла. Сайил бўлиб кетарди. Ўзаро табриклар, тухум уриштиришлар, сой устидаги сўриларда ош-овқат қилишга тайёргарликлар!.. Бу ёқда пистадан тортиб қурутгача, хўрозқанддан тортиб дандонқандгача бор. Ҳузур қилиб пул сарфлаймиз. Ким қанча кўп ҳайитлик тўплагани билан бир-биримизга мақтанамиз.

Қишлоқда бир меъёр байрам қилиб олгач, куннинг иккинчи ярмида энди сал узоқроқдаги қариндошларникига йўл олардик. Бугун одамни ажаблантирадигани – биз болаларнинг кириб боришимиз у қавм-қариндошларимизни сира оғринтирмасди. Нурсухлик опоқбувимни кўп эслайман. Ўзлари Дадажонимизнинг тоғаларининг кейинги хотинлари. Бир оёқлари тиззадан букилмайди. Шундай бўлса ҳам, дарвозахонада пайдо бўлишимиз билан “Вой гиргиттон, вой кўзимнинг нури! Ойбувимнинг неваралари кепқопдилар-ку! Қани-қани, келинг-чи!..” деган севинчлар ила, оёқни эҳтиётлаб ўринларидан турар ва албатта қаршимизга пешвоз чиқар эдилар. Келиб, пешонамиздан ўпардилар. Кап-катта хотин биз каби чулдурвоқиларга чой қўйиб, обдан меҳмон қилардилар. “Ҳайитда булар мени йўқлаб кепти!” деб алқаб-алқаб, қўлимизга ҳайитликлар бериб кузатиб қолардилар.

Албатта, айрим қариндошлар зиқналик қилиб, нимага борганимизни билиб турса ҳам, ўзини билмаганга солиб, қуруқ кузатганлар ҳам бўларди. Бунақалари оз эди. Аммо болалик кўнглимда қолган. Ҳозиргача ўша қариндошимизга болалик тасаввурим ила баҳо бераман.

Бунақа икки ҳолатдан ўзимча хулоса қилиб, катта бўлганимдан кейин ҳамма болага, хоссатан қариндош-уруғларимнинг боласию неварасига ҳайитлик беришга одатландим. Болаларимга ҳам доим шуни ўргатаман.

Биз мусулмонларнинг икки буюк байрамимиз, хоссатан Рамазон ҳайитимиз менинг болалик хотираларимда мана шунақа тотли излар қолдирган. Бугунги болалар ўтган аср эллигинчи-олтмишинчи йиллари болаларидан кўп томондан анча илгарилаб кетгандир, аммо болалик туйғулари маъносида ҳеч ҳам фарқи йўқ. Болалар севинсин, ҳайитни ҳайитдай ҳис қилсин десак, кўнглини олайлик, ҳайитликлар улашайлик, пешоналаридан ўпиб қўяйлик. Ўртада меҳр-муҳаббат пайдо бўлади, қавм-қариндошчилик мустаҳкамланади. Энг муҳими, оқибат давом этади.

Катталар ҳам бир-биримизни чин юракдан қутлайлик. Оилаларимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларимизга ва азиз Юртимизга қут-барака тилайлик:

Рамазон ҳайитинг қутлуғ бўлсин, эй мусулмон юртим!

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

 


“Истиқлол қуёши” газетаси, 2013 йил 7 август сони

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*