
а) АВТОБУС
Шаҳарларни автобуссиз тасаввур этиб бўлмайди. Одам эрта билан инидан чиқиб, ризқ талабида чумолидай ҳарёққа тарқайди. Шаҳарга хаёлан тепароқдан боқилса, чиндан одамлар у ёқдан-бу ёққа чумолидай изғиб юрганини кўрса бўлади. Лекин ҳамманинг ҳам иши чумолига ўхшаб яёв битмайди. Истайдими-йўқми улов воситаларига, бошқаларнинг хизматига иши тушади.
Кимдир ўзига тегишли бирон уловда ишини битирса, жуда кўпчилик шаҳар уловларидан фойдаланади.
Уловлар одамларни уйларидан олиб шаҳарнинг турли ерларига сочиб юборади, қайтишда яна уларни ўша ерлардан олиб уйларига келтириб қўяди.
Истанбул дунёнинг энг йирик шаҳарларидан. Мехико, Нуййорк, Қоҳира, Токио, Шанхай… сингари буюк бир макон! Шаҳар-мамлакат деса ҳам бўлади.
Аҳолиси сонини ҳар ким ҳар хил айтади: кимдир 17 милён деса, кимдир 15 милён дейди. Яна, бир кунда Истанбулга 2-3 милён одам кириб-чиқишини гапиришади. Шуларни ҳисобга олсак, бир пайтда Истанбулда 20 милёнга яқин одам ҳаракатланади. Хўп, ана, бир оз камайтирб 18 милён дейлик, ахир, бунча одамнинг қорни бор, емаги-ичмаги бор, у ёқ-бу ёққа бормаги бор ва яна ҳар кимнинг ўзига яраша бошқа эҳтиёжлари бор. Шуларни ўйласангиз, бошқарув ва таъминот миқёсини ҳис этса бўлади.
Мен ҳозир бошлабига уловлардан фақат автобус ҳақида бир-икки оғиз айтмоқчиман. Маълумотномага кўра, Истанбулда (метробуслардан ташқари) 133 та автобус йўналиши бўлиб, жами 926 та автобус хизмат кўрсатаркан. Истанбул автобус хизмати соҳасида уч йирик бўлгага бўлинган: Истанбул бўлгаси, Бейўғли бўлгаси, Онадўли бўлгаси. Бир бўлга автобуслари бошқа бўлгага ўтмайди. Денгиз, бўғоз, қўлтиқ уларни ажратиб туради. Бу ҳақда кейинроқ тафсилотли ёзарман.
1. Истанбулда автобуслар биздагидан бошқача, ўзига хос рақамланади. Бошқача айтганда, рақамлар йўналишга қараб кетма-кет келмайди. Йўналиш кўплигидан рақамлар катта бўлиб кетмасин дейилганми, бир рақамли йўналиш бир нечта бўлиши мумкин, фақат улар рақам ортидан беш-олти, ҳатто ўнтагача ҳарф ҳам ёзилади. Йўналишлар шу билан ажралади. Дейлик, "9" рақами ўзгармайди, унга ёпиштириб ёзилган ҳарфига қараб автобус бошқа-бошқа йўналишга қатнайди.
Масалан, "9ÜD", "14ÇK", "14F", "15B", "15C", "15K" сингари рақамланишларни кўрасиз (мен бўғознинг Ускудар ёқасида кўзим тушган уч-тўрт йўналиш рақамларини келтирдим, холос). Ёзувлар ҳаммаси электрон таблода юриб туради.
2. Йўлкирага пул ишлатмайсиз. Ҳар бир шаҳарнинг "Акбил" деб аталган махсус каточкаси бор, ўшанга бекатларда, дўконларда истаганингизча миқдорда пул киритиб қўясиз, сўнг пулингиз тугагунича юраверасиз.
3. Ҳайдовчи ёнида – кираверишда ўнг қўл томонингизда пул ечиб оладиган қутича ўрнатилган, ўшанинг белгиланган жойига карточкангизни тўғриласангиз, мусиқага ўхшаш бир тур товуш чиқариб етарли миқдорни ечиб олади. Экранча неча пул ечилганию ҳали карточкангизда яна қанча пул қолганини кўрсатади.
Диққатни тортадигани – умуман олганда бир нарх, ўқувчи, талаба, нафақахўр ёки яна бошқа имтиёзли кишилар учун ўзларига яраша арзон нарх ечилади ва қутича имтиёзли карточкаларнинг ҳар бири учун хос товуш чиқаради. Ҳайдовчи парвосиз ўтиргандай бўлгани билан ҳар бир товушни фарқлаб ўтирса керак. Мас., ўқувчининг карточкасини катта ёшдаги одам ишлата олмайди ёки нафақўрнинг карточкаси эканини билдираган мусиқа янраса, уни ёшроқ одам қўллаётган бўлса, ҳайдовчи албатта тўхтатса керак. (Аммо неча марта бу ёқларга келган бўлсам, бирон марта мен йўлкирани алдаб тўлаётганида қўлга тушган йўловчини учратмадим!)
4. Одамлар бекатларда дарров бир қатор бўлиб навбатга туради.
5. Автобусларга фақат олд эшиклардан чиқилади, орқадаги икки эшикдан тушилади.
6. Ногиронлар ёки аравачали болалар бўлса, истисно тариқасида ўрта эшик ҳам очилади. Бунда ҳатто орқани кўрсатувчи ойнадан ногиронни аравачада кўрса, ҳайдовчи тушиб бориб, ўрта эшик остонасини ергача пасайтириб беради, ногироннинг автобусга чиқиб олишига кўмаклашади.
7. Эътибор бердим: ҳайдовчиларнинг асосий қисми катта ёшда – ўзини босиб олган, маданиятли, озода кийинган, айримлари бўйинбоғ ҳам тақиб олибди. Гоҳо манзилингизга етиб олгунча ҳам товушини эшитмайсиз. Онда-сонда эшик тагида одам тиқилиб қолса, мулойимгина қилиб: "Орқароққа ўтиб олинглар. Кираётганларнинг йўлини тўсманглар", деб қўйганинигина эшитдим. Бошқа ҳолларда жим. Унинг асосий вазифаси йўлга қараш, дуроқ (бекат)ларда тўхтаб-юриш, эшикларни очиб-ёпиш, йўловчиларни тинч-омон манзилига етказиш – бундан бошқаси билан иши йўқ.
8. Ҳар бир автобусга "güvenlik kameralari" ўрнатилган, ҳайдовчининг чап ёнбошидаги экранчада автобуснинг этагигача кўриниб турибди.
9. Ҳар гал дуроқлар оти, кейинги келадигани, унинг кетидан йўналиш боши билан охири радиода айтиб турилади. (Биздаги "Кейинги бекат" маъносидаги "Bir sonrakı durak" лафзини ёмон чиройли айтади лекин! ) Автобуснинг шипига чиқаверишда ва ўртада иккита экран осилган, унда бошдан-охиргача ҳамма бекатнинг оти ёзилган, ҳозир келадиган бекат бошқа рангда бўяб кўрсатилади, бундан ташқари экраннинг ўртасига етиб келинган бекат оти катта ҳарфларда ёзуви чиқади. Хуллас, минг карра "yabanci" (чет эллик) бўлсангиз ҳам адашиб қолишнинг сира иложи йўқ. Шунда ҳам адашсангиз, ўзингизнинг парвосизлигингиздан бўлади.
10. …
Истайманми-истамайманми, ўзимиздаги ҳолат эсимга келаверади. Ихтиёрсиз равишда солиштираман. Албатта, Туркия улов хизмати балки ўзидан илғорроқ Оврупа мамлакатларидаги улов хизмати сифатига қараганда бир оз орқададир, аммо биздагига қиёслаганда ўргансак арзийдиган даражада юксак!
Тўғри тушунинглар: мен ёш бола эмасман, сал нарсага ҳаяжонланиб кетиб, ҳамма соҳада четни мақтаб ўзиникини қоралаб ташлайдиган даражада ўзиниёқтирмас (нигилист) ҳам эмасман, мен ватанини севадиган, унга фақат яхшилик соғинадиган бир одамман, аммо шундай бўлса ҳам, айниқса улов хизматида биз анча орқада эканимизни ачиниб тан оламан. Алмисоқдан қолган чипта йиртиб беришлар (у ҳам баъзан "тежалиб" яримтадан йиртилади!), алланима кийимларни кийиб олган, айниқса ёз кунлари майкачан бўлиб олган ҳайдовчи… ва ўзига ўхшаган ҳовдирама чиптачи… улар ўртасидаги бақир-чақирлар, молхонада юргандай бемалол сўкинишлар…
Булардан ташқари, йўлкирани давлатга тўлаётганингизга аниқ ишонч йўқ: нақд пул шипириб олинади, қанчаси қаерга кетади билмайсиз. Ва ҳоказо…
21 асрда яшаяпмиз, аллақачон автобусларимизни янгиликлар билан жиҳозлаб, ҳайдовчиларга одобдан дарс бериб, бизда ҳам хизматни юксак савияларга чиқариб қўйишимиз мумкин эди. Мутасаддилар дунё кезиб, бу ва бундан ҳам илғор хизматларни кўриб туришибди, лекин нимага ўзимизда жорий қилишмаяпти, ҳайронман. Билмадим – нақд пул билан муомаладан манфаатдорлар йўлкира соҳасида карточка тизимига тиш-тирноқлари билан қаршими ё?!
Мошинам бузилиб, бир куни Чорсудан 144-йўналишли автобусга ўтирдим. Ҳали мошина ўрнидан қўзғолмасидан табим тирриқ бўлди. Худди автобусда ҳеч ким йўқдай, ҳайдовчи билан чиптачи ҳаммомда ўтиргандай, бемалол бақириб, икки сўздан бирида сўкиш сўзини қўшиб гаплашяпти. Аёллар бор демайди, қизлар бор демайди! Хўп, ана, ҳаммаси эркаклар бўлса, жамоат жойида сўкиниб гаплашиш керакми?! Биронта эркак ғинг демайди. Кўникиб бўлинганми ё?
Чидамадим. Шартта туриб бориб айтадиганимни айтдим, қиладиганимни қилдим, Оллоҳга шукр, тинчиди.
Анчадан бери жамоат уловларида юрмай қўйибманми, менга бу ҳолат жуда хунук туюлди.
Бугун Истанбулда эканман, юртимни соғиндим. Баҳорини, бодраган гулларини, дарахтларнинг барра, ям-яшил баргларини тўйиб-тўйиб кўргим келди. Теварагимда ғўнғир-ғўнғир ўзбекча товушларни соғиндим.
Ватанимга яхшиликлар тилагим келди.
Истанбул уловларига автобус, метробус, кема, метро, трамвай, дўлмиш (йўналишли такси, бу ерда “минибус” ҳам дейилади), тикучоқ таксилар киради. Шахсий автоуловлар бу қаторга киритилмади, албатта.
Автобуслар ҳақида қисман ёздим. Нархларни айтиш эсимдан чиқибди.
Йўлкиралар Туркияда Ўзбекистонга нисбатан қимматроқ. Буни Туркия нефт маҳсулотларини тўласича чет эллардан сотиб олиши билан изоҳлашади.
Масалан, шу кунларда Истанбулда автобус, кема, метро йўлкираси 2 лира 35 қуруш. (Қийматини тасаввур этишларинг учун: 1 дўллар 3 лирага яқин. Яъни, 2.90 билан 3 лира орасида ўйнаб турибди). Лекин йўналиши яқинроқ бўлса, 1 лираю 65 қуруш. Нафақага чиққанлар билан талабалар учун 1 лираю 15 қуруш. Энг қизиғи, масалан, мен каби ябанжи (чет эллик) ҳам бу имтиёздан фойдаланаверар экан. Албатта, вақтинча яшаш учун бу ерда рўйхатдан ўтган бўлса. Мактаб ўқувчилари бундан ҳам арзонроқ дейишди.
Яна бир хусусияти – йўлкира нархлари маълум муддатдан кейин яна бошқа уловга минганингизда камайиб боради. Дейлик, бугун илк ўтирган уловингизга 2 лира 35 қуруш тўладингиз, сўнгра манзилингизда ишингиз битиб қайтяпсиз ёки бошқа йўналишга чиқяпсиз, агар илк минган пайтингиз билан кейинги ўтиришингиз оралиғи 2 (икки) соатдан ошиб кетмаган бўлса, энди автомат акбилингиздан (йўлкира карточкангиздан) 1 лира 75 қуруш ечиб олади, яна 2 соат орасида учинчи уловга минсангиз, йўлкира 1 лира 25 қурушга тушади. Бунда автобусми, кемами ёки метроми – фарқсиз.
Бундан ташқари яна “Халқ автобуси” деган уловлар ҳам хизмат кўрсатади. Уларда йўлкира арзон – 1 лира 65 қуруш.
2013 йили Туркияга келганимда Истанбулдан кейин Анқарага ҳам ўтиб бир-икки кун айланиб келган эдик. Билсак, Анқара шаҳаричи уловлари Истанбулга қараганда арзонроқ экан. Масалан, ўшанда Истанбулда илк ўтириш 1 лира 95 қуруш бўлса, Анқарада 1 лира 45 қуруш эди. Кейинги минишларда арзонлашиш нисбати ҳам ўшанга яраша камайиб борарди.
Истанбул йирик тижорат маркази. Балки шунинг учун йўлкирадан тортиб озиқ-овқату бошқа хизматлар қимматроқдир. Бундан хулоса қилсак, демак, маконига қараб йўлкиралар яна бошқа шаҳарларда балки яна бошқача бўлиши мумкин.
Автобус йўналишлари бўйича Истанбул уч йирик бўлгага ажратилганини олдинги мақолачамизда айтдик. Улар қайсилар?
А) İSTANBUL BÖLGESİ.
Б) BEYOĞLU BÖLGESİ.
В) ANADOLU BÖLGESİ.
Истанбул бўлгасида, маълумотномага кўра, 37 та йўналишда 271 та автобус хизмат кўрсатаркан.
Бейўғли бўлгасида 52 йўналишда 303 та автобус юради.
Онадўли бўлгасида 44 йўналишда 352 автобус хизматда.
Бутун Истанбулдаги автобус йўналишларини бир-бирига қўшсак, 133 йўналиш чиқяпти. Лекин нимага “1” дан “133” гача рақамлаб қўяқолинмаганига ҳали ҳам ҳайронман. Умумий рўйхатга қарасам, энг кичиги “2”, энг йириги “133” кўрсатиб қўйилибди. Орада кўп рақамлар ташлаб кетилган. “1” рақамли йўналиш йўқ масалан. Яна Е11, Е9, BN1, MR10, HT20 сингари рақам олдидан турли харфлар келган белгилар ҳам бор. Хуллас, бу ҳолнинг тагига етолмадим. Тўғрисини айтсам, нимага бунақалиги тўғрисида бировдан сўраганим ҳам йўқ.
Ўртада денгиз, бўғоз, қўлтиқ бўлгани учун бу бўлгалар автобус қатновида бир-биридан узилган. Мас., Онадўли бўлгасидаги бирон йўналишли автобус Истанбул бўлгасига ёки Бейўғли бўлгасига ўтмайди. Тегишли чегарагача соҳилга борасиз, ундан у ёғига ё кемада, ё метрода ўтиб оласиз.
Метробуслар бундан мустасно. Лекин бу алоҳида мавзу.
Б) КЕМАЛАР
Туркчада “gemı” тарзида “кема” сўзи ҳам бор, ёзмада ҳам, оғзаки ҳам ишлатишади, лекин Истанбулнинг Оврупа ёқаси билан Онадўли ёқаси оралиғида қатнайдиган кемаларни нимагадир ажнабийча сўз билан “vapur” дейишади. Олдинги келишларимда бириларидан бу сўзнинг келиб чиқишини сўраганимда юнонча деган эди. Кейин билсам, фарансузчада ҳам, инглизчада ҳам шу сўз ишлатиларкан. Балки юнонлар Оврупада баланд мавқеда бўлган қадим замонларда бу сўз бошқа миллатларга ҳам ўтгандир. Билмайман. Тагини суриштирсам ёки излансам чиқади, лекин мен бу хотираларимни кетма-кет ва тез ёзаётганим учун айрим пайтларда юзаки маълумотлардангина фойдаланишимга тўғри келяпти.
Яна балки фақат икки қирғоқ орасида қатнайдиган кемаларни “вопур” дейишар. Чунки сувда саёҳат қилдирадиганларини “Tur gemileri” ҳам дейишади. Шаҳарлар орасида қатнайдиган кемаларни эса “Deniz otobuslerı” деб аташади.
Олдинроқ денгиз ҳақида ёзган кичкина мақоламда Туркияни Истанбулсиз, Истанбулни денгизсиз тасаввур этиб бўлмаслигини айтган эдим. Чиндан шундай. Ҳатто дунёни Истанбулсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунақа муҳташам шаҳар бу. Тарихи ўзига хос бўлганидек, жойлашган жуғрофий ўрни ҳам ниҳоятда ўзига хос ва такрорсиз. Осиёни Оврупага боғлаган кўприк. Дунё тижорат маркази. Дунё сайёҳлик маркази. Икки томонини икки денгиз ювиб турадиган шаҳар. Ҳар куни уйғонар экан, юзини денгиз сувларига чайиб иш бошлайди. Бўғоз устидан у қирғоқдан бу қирғоққа лангардай ташланган икки буюк осма кўприк (учинчиси ҳам шу кунларда битди ҳисоб).
Истанбулни муҳташам, гўзал ва дунё бўйича аҳамиятли қилиб турган бойликларидан энг асосийси, албатта, денгиздир. Бу ҳақда ҳар қанча гапирилса оз. Лекин мен ҳозир фақатгина туркчада “vapur” деб аталган кемалар ҳақида қисқача ёзмоқчиман. Чунки ўзим ҳозирча фақат шу хил кемага миндим.
Кемалар асосан уч қаватлидир. Биринчи қават кўпроқ ўралган, иккинчи қават ярми хона, олди-орқаси очиқ, учинчи қават эса фақат очиқдир. Айвон каби ярим ёпиқлари ҳам бор. Иссиқ кунлари одамлар иккинчи ва учинчи қаватга шошилишади, қиш ё кузнинг совуқларида ҳамма ўзини ичкари уради.
Кемалар қирғоқдан узилиши билан теварагини бу ерликлар "марти" деб атайдиган чағалай қушлар қуршаб уча бошлашади. Одамлар отадиган емакка ўрганишган. Йўловчилар кўпи кемага чиқишдан олдин қушларга деб атай “симит” отли 1 лиралик тешикнон сотиб олишади. Айниқса болалар қуш боқишдан завқланади: симитни майдалаб қушларга отади, илиб олса, қийқириб шодланади. Илиб ололмаса ҳам, нон ушоғи сувга тушса ҳам увол кетмайди ‒ бошқаси учиб тушиб сув юзасидан чўқилаб олиб кетади.
Қушларнинг панжаси ўрдак ва ғозларники каби пардалидир, сувда сузишга мос. Қирғоққа яқин ерларда сувга қўниб ёки ўрдак ва ғоз каби сузиб юрганини кўрасиз.
Кема Ускудардан Эминону бекатига ёки у қирғоқдан бу қирғоққа узоғи билан 25 дақиқаларда ўтказиб қўяди. Шу оралиқда ҳам кема ичида юриб чой, симит сотган, ёз кунлари дўндирма (музқаймоқ) ва бошқа емак-ичмаклар сотиб тирикчилик қилаётганларни кўрасиз. Биринчи қаватида махсус буфет тўхтовсиз ишлайди. Юриб сотадиганлар балки шу буфет хизматчилари бўлиши ҳам мумкин.
Кема йўлкираси ҳам автобус каби ‒ бугун 2 лира 35 қуруш. Лекин искалагача акбилингизни ишлатган бўлсангиз, нарх 1 лира 75 лирага тушади, буниси сиз минаётган учинчи улов бўлса 1 лира 25 қуруш. Тўловлар, акбилга пул юклашлар ҳаммаси автоматлаштирилган. Худди ўзимиздаги метро тўсиғи каби ускуна орасидан ўтаётиб акбилни махсус жойга қўясиз, ўзи билиб керагича пулни ечиб олаверади.
Истанбуллилар кемадан фақат у ёқ-бу ёққа бориш учун эмас, бошқа мақсадларда ҳам фойдаланишади. Масалан, туғилган кун, тўй сайри, биронта тўпланти ва ҳоказо тадбирлар учун кема ёллашади; кезиб ёки бўғоз ўрталарида тўхтатиб қўйиб роса ўйин-кулги қилишади.
Кемада кезиш жуда мароқли. Айниқса, биз каби денгизи йўқ мамлакатдан келганлар маза қилворади.
В) МЕТРО
Уловлар ҳақида гапларим бир оз чўзилиб кетди. Китобга тўлиқ ёзсам ҳам, фб. учун бу маълумотларни йўлакай эслаб кетсам бўларди. Зерикарли бўлиб қолмасин дейман-да. Лекин айтмасам бўлмайдиган гаплар бор. Дўстларимиз тажрибасидан ўргансак арзийдиганларини юртга олиб кирсак ёмон бўлмайди. Қолаверса, умрида бир бор Туркияга келмаганлар учун булар ҳам мароқли бўлса керак деб ўйладим.
Хуллас, Истанбул уловларидан яна бири метрога келдик.
Шунча катта шаҳар учун метро йўналишлари, менимча, унча кўп эмас. Шаҳар денгиз ёқасида жойлашганидан иккала қирғоқ ҳам тепалигу пастликлардан иборат. Истанбул текис шаҳар эмас, бу ерда йўл қуришлар, айниқса метро йўли ўтказиш ўнғайсиз. Шундай бўлса ҳам эскидан бери метро ҳам ишлайди.
Зотан, метросиз иложи ҳам йўқ. Шаҳар йирик, аҳоли тиқилиб кетган, ербети уловлари шундоқ ҳам кўп, эрта билан ва ишдан қайтар вақтлари Истанбулнинг ҳамма катта йўллари тиқин (турклар бу тиқинликни “трафик” деишади) бўлади, йўловчиларнинг катта қисми узоқларга ер остида етказилмаса, ербети торлик қилишиб қолиши мумкин. Дунёдаги ҳамма йирик шаҳарларнинг муаммоси бу.
Бу ерда метро поездлари ярми ер тагида, ярми ер устида юради. Шароитдан келиб чиқиб шундай қилинган. Йўналишлар жуда узун лекин. Мас., Еникапи ‒ Отатурк ҳаволимони орасида ўттизга яқин бекат бор. Бекатлар оралиғи ҳам узоқ.
Худди йўлнинг ўзи каби бекатлари ҳам ярми ер остида, ярми ерда, бир-иккитаси ҳатто кўприк устида ҳамдир. Кириш-чиқишлар одамларга қулай қилинган. Бекатлар биздагидай безакли эмас, содда, аммо ҳеч биридан сизот сувлар оқмайди.
Йўлкираси ербети ва сув уловлари билан бир хил. Биз ўрганмасак, ўрнак олмасак яхши бўладиган бир ёқимсиз томони ҳам бор лекин: метро бекатларида йўналиш алмаштириладиган нуқталарда қўшимча йўлкира тўлайсиз. Иккинчи ё учинчи сира сифатида бир оз арзон, лекин барибир иккинчи қайта тўлов бор. “Нимага бунақа?” деб сўрасам, китобимнинг ношири ёзувчи, шоир Шараф Йилмаз: “Илгари бизда ҳам бир йўналишдан иккинчи йўналишга ўтиш текин эди, чиқим кўпайиб кетди шекилли, кейин пулли қилиб қўйишди. Битта Истанбулда шунақа”, деди. Ҳарҳолда, шу тажрибаси бизга тўғри келмайди.
Метро ҳақида ёзилар экан, “Мармарай” йўналишини алоҳида айтмасак бўлмайди. “Рай” темирйўл демак, денгиз отига бу “рай” қўшилиб “Мармарай” бўлибди.
Бу йўналишнинг энг ўзига хос томони ‒ у бўғоз остидан ўтган. Денгиз сувининг 67 метр чуқурликдаги бўлагидан, ер тагидан кавлаб ўтказилган йўл!
Айтишларича, охирги халифа Султон Абдулҳамидхон сув остидан йўл ўтказишни орзу қилган экан. Лойиҳа ҳам чиздириб қўйган экан. Лекин талотўп замонлар бошланиб иш тўхтаб қолган. Ўша эски лойиҳа нусхасини метрога кираверишга илиб қўйишибди!
Бугун унинг неваралари бу асрий орзуни амалга оширишди. Японлар билан ҳамкорликда Осиёни Оврупа билан боғлаган сувости темирйўли қурилди ва икки йил бурун ишга туширилди. Ҳозирча тўрт бекати битган, ишлар давом этяпти. “Kazılıçeşme” бекатидан бошланиб Онадўли ёқасида “Uskudar”, Оврупа ёқасида “Sırkacı” бекатларидан кечиб то “Enıkapı” бекатигача боради ва қайтади. Ускудар билан Сиркачи ораси бўғоз тагидан ўтган.
Поезд ҳам японларники, энг охирги моделлардан. Диққатимни тортгани ‒ ташқаридан қарасангиз 10 та вагонга ўхшагани билан ичкарида бу вагонлар ажратилмаган, бир-бирига улаб юборилган. Тунел денгиз остидан ‒ шунча сув тагидан ўтказилганига қарамай томчи ҳам сув (чакки) ўтмайди.
Вагонларда бу йўлнинг ҳамма хусусиятлари, ёрдамчи хизматлар, хавфсизлик чоралари ҳақида тинимсиз маълумот ёзиб, расмлари кўрсатиб турилади. Янги бекатлар ҳам соддалиги билан ажралиб туради. Бундай тузилишнинг бир қулай томони ‒ ҳамма алоқа воситалари қўл остингизда, керак бўлиб қолганида уларни очиш ва таъмирлаш жуда осон.
Бекатларда вагон келиб тўхтаганида унинг эшиклари қаерга келиши оёғингиз остига чизиқлар билан кўрсатиб қўйилган. Одамлар тартиб билан ўша ерга тўпланиб кутишади. Ўртадан вагондан чиқаётганлар тушиб келади, икки чеккадан кирувчилар киради. Риояси Япониядагидай ё Оврупадагидай эмас албатта, айримлар умумий қоидани бузаётганини ҳам кўрасиз, лекин кириш-чиқиш тартиблари рангли чизиқларда аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган.
Умуман, метро ҳудудига кирганингиздан то чиқиб кетгунингизгача адашмаслик учун оёқ остига рангли кўрсаткичлар чизиб ташланган. Бошқа йўналишларга қандай ўтиш , бекатнинг қайси томонига чиқиш каби йўллар найза учли чизиқлар ва у чизиқларга катта ҳарфларда ёзилган ёзувлар билан билдирилган. Диққат билан боқилса, янги одам ҳам бировдан сўрамасдан йўлини топиб кетаверади.
Г) МЕТРОБУС
“Метробус” дегани, отидан ҳам кўриниб турибди ‒ ўзи узун автобус, аммо йўли метро каби тўсиқсиздир. Иккитомонлама йўлларнинг ўртасида боришга бир мошин, келишга бир мошин сиғадиган борди-келди йўл қилинган. Икки томони панжара билан ажратилган. Ҳар икки-уч дақиқада келади. Бекатлар ҳам тўсиқ ичкарисида. Бир марта кириб олсангиз, бир автобусдан тушиб, мас., биронта шеригингизни кутсангиз, у келгач, бошқа автобусга миниб кетаверасиз.
Хос хусусиятлари:
‒ йўли ажратилган;
‒ манзилга тез етказади, ҳеч қанақа тиқин таъсир этмайди;
‒ икки қитъани бир-бирига боғлайди, шунинг учун йўли узун. Икки бошининг ораси ҳатто 100 чақиримларга ҳам боради-ёв;
‒ манзил узоқ бўлгани ва қўшимча қулайликлари учун бўлса керак, йўлкира нархи бошқалардан қимматроқ ‒ катталарга 3 лира 50 қуруш, талабалар ва бошқа имтиёзлиларга 1 лира 20 қуруш. Яхши томони ‒ агар яқинроқ бекатларга борсангиз, автобусдан тушиб метробус ҳудудидан чиқаётганингизда махсус ускунага акбилингизни қўясиз, илк ечиб олган пулидан керагини олиб қолиб бир қисмини қайтариб карточкангизга солиб қўяди. Адолат ўртада!
Д) ДЎЛМИШ
“Дўлмиш” деб йўналишли таксиларга айтилади. Бизда ўрисча таъсирида “Маршрутка” дейишади. “Дўлмиш” атамаси, назаримда, бу хил таксилар учун яхши, қадрдонроқ от экан, биз ҳам шуни тилимизга олсак бўларди. (Ўрисдан олгандан кўра ўзимизнинг бир парчамиз бўлган қариндошдан ўзлаштирганимиз яхши эмасми, ахир! Турклар ҳам ўзларидаги чет сўзлар ўрнига бизда борларидан олсин, шунда бир-биримиздан бегонасирамай юрамиз.)
Дўлмишга акбил карточкаси ўтмайди, нақд пул ишлатилади. Аммо мундай ўйлаб қаралса, дўлмиш автобуслардан арзон ва қулай. Чунки энг узоқ йўналиш кираси ҳам 2 лира туради. Яқинлашган сари нархлар ҳам арзонлашади. Оддий автобус бир бекатга ҳам, охиригача борсангиз ҳам кира ҳақи бир хил ‒ ўзгармайди. Дўлмиш эса, мошинага минган заҳоти борар ерингизни айтасиз, ҳайдовчи ўша ерга ярашасини олади.
Е) ТИКУЧОҚ ТАКСИ
Истанбул уловларига тикучоқ таксини ҳам киритдим, лекин ҳали ўзим бу тур таксидан фойдаланганим йўқ (шуни ёзаётиб мийиғимда кулиб қўйдим). 2013 йили Туркияга келганимда бир зиёли уйида меҳмондорчиликда эканмиз, устимиздан денгиз томонга қараб тез-тез бир хил тусдаги тикучоқлар ўтди. Нималигини сўраганимда мезбонлар уларни такси дейишди. Шунақа хизмат тури ҳам борлигини айтишди. Истанбулнинг катталигини ва йўллар кўпинча тиқин бўлишини ҳисобга олсангиз, сал ўзига тўқлар учун тикучоқ таксилар борлигини тўғри тушунасиз. Балки келажакда бу хил хизмат янада оммалашар.
Leave a Reply