Шифо умиди

Муқаддима ўрнида

 

Яқинда жияним айтиб қолди: бир аёл "Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм" билан "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм" ёзилган бир қоғозни кўрсатиб:

– Кўриб беринг, тўғри ёздиммикан? – дебди. Жияним текшириб бергач:

– Нимага ёзиб олдингиз буларни? – деб сўрабди. Аёл:

– Ёдлаяпман, – деб жавоб қилибди.

Шу воқеани гапиратуриб, жияним ажабланди:

– Наҳотки одамлар "аъузу" билан "бисмиллоҳ"ни ҳам билмаса?!

Ота-онаси ўргатмаган бўлса, бу калималар тилга олиб туриладиган давраларда юрмаган бўлса, қаердан билсин.

 

Қолаверса, биз кеча: "Худо-пудо йўқ, дунё ўзидан-ўзи пайдо бўлган, одам маймундан тарқалган…" деган назария билан қуролланган жамиятда яшадик. Худонинг йўқлигини исботлаш учун "Худо бор!" дегувчиларни қиличдан ўтказган тузумни бошдан кечирдик. "Худо бор!" дея таълим бергувчи  китоблар ўтга ташланди, "Худо бор!" деган кимсалар қатлиом қилинди, "Худо бор!" деган қалблар заҳарланди. Ёнганлар ёнди, ўлганлар ўлди, аммо заҳарланган қалблар… Яъни, кетганлар имон билан кетди, қолганларга қийин бўлди. Қийин бўляпти. Қийин бўлади ҳам. Қийин бўлиши шунинг учунки, қалбнинг заҳри унча-мунча ҳаракат билан кетмайди. Асоратини ҳали узоқ вақт кўрсатиб туради. Аммо қўл қовуштириб ўтиравериш ҳам ақллининг иши эмас. Тезлик билан мутахассис табибга мурожаат этишимиз лозим. Ҳолбуки, бизнинг Бош табибимиз Қуръони Каримдир, суннати Набавиййадир. Тилимиз билан дилимиз: "Худо бор! Худо бир! Худодан бошқа илоҳ йўқ! Муҳаммад (с.а.в.) Унинг элчисидир!" деган ҳақиқат устида бирлашса, шифо шундадир.

Ҳолимизга бир қарайлик-а, бундан ортиқ тушкунлик бўладими?! Ҳар бир хайрли ишини Аллоҳ исми билан бошлашга буюрилган миллатнинг тили бугун "бисмиллоҳ"га келмай турса! Бугун ҳатто кексалар ҳам "Баракаллоҳ!" демай қўйишди, бир ишимиздан қониқишса, "Малладец!" деб елкамизга қоқишяпти. Бир ишдан ҳайратга тушсак, "Гап йўқ!" деймиз, "Субҳаналлоҳ"га тилимиз айланмайди. "Бўловради” деган сўз билан ҳалол-ҳаром аралашиб кетди. Аллоҳимиз бу ишдан қайтарган, болам", деб қўйиш зеҳниятларимизга ёт бўлиб қолди.

Бу ҳолимизни ўнглашни оиламиздан бошлашимиз керак. Фарзанд тарбиясида майда нарса йўқ. Икир-чикиригача эътибор бериб, ҳар бир чиройли, исломий лафзларни уларнинг тилларига ва дилларига солиб боришимиз лозим. Бир ишни шунчаки "Қил!" деб қўяқолмасдан, "Аллоҳимиз шу ишга бизларни буюрган", деб уқтирсак; бир ишни шунчаки "Қилма!" деб қўяқолмасдан, "Пайғамбаримиз (с.а.в.) бизларни бу ишдан қайтарганлар", десак; ҳар бир ишни "Динимизнинг кўрсатмаларига мос" ёки "Динимизнинг кўрсатмаларига зид", деган ўлчовларда баҳоласак, шоядки қалбларимиз шифоланиши ҳам тезлашса. Худосиз тузум узоқ йиллар давомида, аста-секинлик ва тиришқоқлик билан лафзларимиздан диний истилоҳларни сиқиб чиқарган эди, бунга муқобил биз ҳам энди жидду жаҳд ва сабр билан у муборак сўзларни тилларимизга қайтарайлик. Шоядки шунда калбларимиздаги заҳар сўрилиб кетса, тилларимиз яна “аъузу” га ва “бисмиллоҳ"ларга келиб қолса…

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

 


2000 йил

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*