Шукрона байрами

Тарих босқичларининг энг коронғи паллаларида Оллоҳ таоло пайғамбарлар юбориб, жақолат ботқоғига ботган жамиятларни бот-бот тўғри йўлга йўллаб турган. Хазрати Иброҳим (алайхиссалом) ҳам шунақа бир зулмат замонда дунёга келдилар.

Бу пайтда одамлар ягона Оллоҳдан юз буриб, бут-санамларга топинишар, “Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, аксинча, ўзи яратилувчи бўлган, у (одам)лар учун бирон ёрдам қилишга қодир бўлмайдиган, ҳатто, ўзига ўзи ёрдам қила олмайдиган нарсаларни” (Аъроф сураси 191–192-оятлардан), яъни, ожиз тош ва ёғочлардан ясалган бутларни улуғлашар эди. Буларнинг устига ўша замоннинг подшоҳи Намруд ҳам ўзини “худо” деб эълон этган, одамларни ўзига сиғинтириш билан овора эди.

 

Иброҳим (алайҳиссалом) мана шундай бир даврда, энг ҳикматлиси, айни ўша бутларни ясовчи уста Озар хонадонида туғилди. Аммо ёшлигидан бу сохта илоҳларни ёмон кўриб ўсди. Ақли тўлишган сари одамларнинг кўзини очишга, бутларга сиғинишдан қайтаришга ҳаракат қила бошлади. Йигит ёшига етган палласида Намруд қавми қайсидир байрамни нишонлаш учун шаҳардан ташқарига чиқиб кетганида ибодатхоналарига кириб, ҳамма бутларни йиқитиб, синдириб ташлади. Шаҳарга қайтган одамлар “худолари”нинг аҳволини кўриб, лолу ҳайрон бўлиб қолишди… Шундай кунларнинг бирида – Иброҳим (алайҳиссалом) отаси Озарни бут ясашдан қайтаришга уриниб турганида бир одам касалманд ўғлини кўтариб келиб қолади, уни йирик бир бутнинг оёғи тагига ётқизади ва: “Эй тангрим, мендан ушбу қурбонлигимни қабул этгин!” деб илтижо этади.

Ҳа, инсон ҳақ йўлдан ва тўғри кўрсатмалардан тойиб, ягона Оллоҳни эмас, ожиз-нотавон бут-санамларни ўзига “худо” қилиб олгач, ҳатто, энг азиз боласини ҳам у нарсаларга атаб қурбон қилиш даражасида тубанлашган эди.

Шунда Озар ўғлига: “Одамларнинг эътиқодини кўряпсанми, бут учун, ҳатто, севикли фарзандини ҳам қурбон қиляпти, сен ўша ягона Худоингга ўғлингни қурбон қила олармидинг?!” дейди.

Албатта, бу ишлар ортида Оллоҳнинг буюк ҳикмати ётган эди. Ҳикмат сири орадан йиллар ўтиб очилди. Иброҳим (алайҳиссалом) кексайиб, узоқ йиллар боласизлик доғидан сўнг ниҳоят ўғил кўрди. Исмоил отанинг кўз қувончи бўлиб турган ўсмир ёшида Оллоҳ таоло уни қурбонлик қилишга буюрди. “Албатта, бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбонлик қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни эваз қилиб бердик…” (Соффат, 106–107).

Ҳазрати Иброҳимга (алайҳиссалом) буюрилган иш бир синов учун эди, зотан у зотнинг имон ва садоқатлари бу синовдан аъло даражада ўтди ҳам. Шунда Оллоҳ таоло жаннатдан бир қўчқор юбориб, ўғли ўрнига шуни қурбон қилишга буюрди. “Бу ҳодиса Оллоҳнинг инсониятга буюк неъмати ва лутфи бўлди. Оллоҳ ўзи агар бандаларини инсонни қурбон қилишдан сақламаса эди, одам болалари бу даҳшатли одат билан одатланиб қолар ёки мана шунақа оғир бир мажбурият остида қолган бўлар эди”. 1

Чиндан ҳам, бу ҳодиса байрам қилса арзигулик улуғ ҳодиса, улуғ марҳамат эмасми?!

Шунинг учун динимиз инсоннинг шаъни қадрланган бу кунни катта байрам деб жорий этган. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки Ислом инсонийлик дини, жоҳилий одатлардан холи, одам боласини икки дунёда бахтли-саодатли қиладиган диндир. Меҳрибон Оллоҳнинг бу марҳаматига шукрона ўлароқ, бу кунни байрам қиладилар.

“Бу кунда (эчки, қўй, мол каби) бирон ҳайвон қурбонлик қилинади. Аммо, моҳиятан, қурбонлик одамни Аллоҳга суюкли ва яқин қиладиган бир ибодатдир. Бу амал билан инсон ўзининг Яратувчисига боғлиқлигини билдирган бўлади. Булардан ташқари, қурбонлик кишилар ўртасида ўзаро ёрдам ва меҳр-оқибатнинг Исломдаги гўзал намунаси ҳамдир”. 2

Байрам ўз номи билан байрам. Унга тайёргарлик ҳам, байрамнинг ўзи ҳам кўтаринки рухда ўтиши керак. Болаларга суюнчилар улашиш, ота-оналарга, қўни-қўшни, қариндош-уруғларга меҳр-мурувватлар кўрсатиш, камбағалларнинг ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, одамларга кўплаб яхшиликлар қилиш бу байрамимизнинг файзига файз қўшади.

Аммо, минг афсус, халқимиз орасида кейинги замонларда ўлик чиққан уйларга ҳайит кунлари одам тўплаб, байрамни азага айлантиришдек жуда нохуш ва кўнгилсиз одат урф бўлиб қолди. Оллоҳ таоло инсонни қурбон қилишдек ножоиз одатни бекор қилган бу кунни динимиз байрам, яъни, шодиёна кун деб эълон этган, айримларимиз эса уни мотам кунига ўзгартириб олганмиз. Динимизда бўлмаган “анъана”ларни чиқариш билан елкамизга йўқ ердаги оғирликларни юклаб олганмиз. Илмсизлик пайтида ҳайит кунлари азама-аза юришни балки диндан деб ўйлагандирмиз, лекин энди шукрким, дин илмига кенг йўл очилди, олимларимиз бу ишлар диний йўриқларимизга зидлигини айтишяпти, хабардор бўлдик, савоб деб қилаётган ишларимиз гуноҳ эканини билдик, энди тўхтатайлик. Ҳайитларимизни савоб ишлар билан ўтказишга интилайлик.

Аввало, байрам кечаларини дуо ва ибодат билан ўтказган яхши. Чўмилиб, покланиб, тоза ё янги кийимлар кийиб, кун бўйи очиқ чеҳра ва хурсанд бўлиб юриш керак. Бола-чақага кўпдан-кўп совға олиш лозим. “Бу муборак кунлар кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни кучайтирадиган кунлардир. Ҳаётнинг икир-чикирларига кўмилган инсонларга бу байрам хушнуд кайфият, ғайрат ва келажакка умид бахш этади. Бу кунлари ота-онамизни бениҳоя ҳурматлаб, яхши дуоларини олишимиз, учраган ҳар кимни ҳайит билан табриклашимиз, ёр-биродарларимизни зиёрат қилиб, ҳолларидан хабар олишимиз керак. Бемор танишларимизни кўргани борсак, уларга яхши истаклар билдирсак, аразлашиб қолган яқинларимизни яраштириб қўйсак, қандай яхши!”. (Лутфи Шонтуркнинг “Қурбонлик қандай ибодат” китобидан.)

Оллоҳ таоло ушбу Қурбон ҳайити байрамини ҳаммамизга муборак қилсин.

 

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН

 


“Ҳаёт” газетаси, 2006, 52-сон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*