Сўнгсўз ўрнида айрим мулоҳазалар

“Ўқитувчи” нашриётининг бош муҳаррири И. Ғ. Аҳмаджонов

 

 

Савол. Ўқитувчи нашриёти медицина институтлари учун ўзбек тилида қандай дарсликлар чиқармоқда?

Жавоб. Республикада «Медицина» нашриёти мавжуд. У медицина институтлари учун дарслик-қўлланмалар чиқаради. Бизнинг «Ўқитувчи» нашриётимиз медицина олий ўқув юртлари учун ҳеч қандай дарслик чиқармайди.

 

***

«Медицина» нашриёти беш йил давомида (1983–1987 йиллар) медицина олий ва ўрта махсус билим юртлари учун қуйидаги ҳажмда дарслик ва қўлланмалар чоп этган:

 

I. 1983 йил. Медицина институтлари учун иккита ўқув қўлланма (рус тилида) ва медицина билим юртлари учун саккизта ўқув қўлланма (ўзбек тилида).

II. 1984 йил. Медицина институтлари учун иккита (рус тилида), билим юртлари учун тўққизта (ўзбек тилида).

III. 1985 йил. Медицина институтлари учун битта (ўзбек тилида), билим юртлари учун еттита (ўзбек тилида).

IV. 1986 йил. Медицина институтлари учун битта (рус тилида), билим юртлари учун саккизта (ўзбек тилида).

V. 1937 йил. Медицина институтлари учун битта (рус тилида), билим юртлари учун саккизта (ўзбек тилида).

 

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР

 

Биз РЕАЛИСТлармиз. Бизнинг идеалистлардан фарқимиз шуки (жайдаригина қилиб тушунтирганда), биз ҳеч қачон йўқ нарсаларга асосланиб фикрламаймиз, хулосаларимиз ҳаётда мавжуд ва фақат мавжуд фактларга суянган бўлади. Орзу-истакларимиз ҳам осмоний эмас, заминдан униб чиқади. Реализмдан озгина чекинилган жойда нималар рўй бериши мумкинлигини жамиятимиз тараққиётининг турғунлик даври деб баҳоланган кейинги йигирма йили яққол кўрсатди. Бу давр бизга унутилмас сабоқ бўлди. Биз энди реал фактларга очик кўз билан қарашни қайтадан ўрганишимиз керак. Ўтириб қолган хўжаликларимизни, иш юритиш принципларимизни тубдан қайта қуришимиз, бунинг учун энг аввало эски ўзимиздан, эскича фикрлаш йўсинимиздан, воқеликка эскича муносабатимиздан воз кечишимиз лозим. Қанчалик тез воз кечсак, шунчалик яхши. Бугун халқнинг ҳам, партиямизнинг ҳам талаби шундай.

Энди журналхон Б. Эргашевнииг хатида кўтарилган масалалар доирасида фикр юритсак, кундалик ҳаётимизда реализмга асосланган соғлом тафаккурнинг нақадар зарурлигига янада иқрор бўламиз.

Шубҳасиз, рус тилини ўрганиш, билишнинг фойдаси беқиёс. Бугунги кунимизни рус тилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Умуман, жамиятнинг ҳар бир илғор фарзанди ўз она тилидан ташқари яна икки-уч тилни билса, қандай яхши! Тил билган ҳеч ерда қоқинмайди. Афсуски, бу ҳозирча бизнинг орзуимиз, холос. Қишлоқни-ку қўятурайлик, ҳатто шаҳар мактабларини битираётган ёшларнинг ҳаммаси ҳам рус тилини мукаммал билади, дея олмаймиз. Бу реалликми? Реаллик. Масалага ёндашганда худди шу реалликдан келиб чиқиш зарур, бизнингча. Бундай олиб қараганда, министр С. М. Баҳромовнинг жавоб хатидаги фикрлар ҳаммаси тўғри, эътирозга ўрин йўқ. Бироқ фактлар ниҳоятда ўжар, улар билан ҳисоблашмаслик мумкинмас. Шунинг учун ҳам хатнинг ҳар бир пункти бўйича министр билан мунозара қилгимиз келди. Чунки Б. Эргашев “ёш талабалар рус тилини чала билгани оқибатида дарс сифатининг паст бўлаётгани”, “сифатсиз ва самарасиз дарслар бўлғуси врачларнинг ҳам малакасига салбий таъсир этаётгани” тўғрисидаги долзарб муаммони кўтарган. Ахир, медицинамизда чидаб бўлмас аҳвол юзага келганига, меҳнаткашлардан шикоят тобора кўпайиб бораётганига чаламулла врачларнинг урчиб кетгани ҳам сабаб эмасмикан?! Жавоб хатда эса масаланинг бу томонига мутлақо эътибор берилмаган; ҳаммага маълум гаплар такрорланган, холос. Рости хатни министрликка жўнатаётганимизда, у ердан конструктив мулоҳазали, ишчан жавоб кутган эдик…

Қани бир бошдан кўриб чиқайлик-чи:

1. “Олий ўқув юртларининг кўпмиллатли” экани муаммони ижобий ҳал этишга сира монъелик қилмайди, бизнингча. Республикамиздаги кўпгина илм даргоҳлари (лоақал учала дорилфунунни эсланг!) мисолида шундай хулоса чиқаришга хақлимиз. Ёки улар кўпмиллатли эмасми?! Бундан ташқари, гап ТошМИда таҳсил олаётган “ҳар бир миллат вакилларига алоҳида-алоҳида дарс ўтиш” устида эмас (бунинг иложи йўқлигини биз ҳам биламиз, чунки республикамизда 100 дан ортиқ миллат вакиллари яшайди! Бунга ҳожат ҳам йўқ, Ўзбекистонда ўрта таълим асосан икки тилда олиб борилади, (холос), балки рус тили қатори ўзбек тилида ҳам ўқитишни йўлга қўйиш тўғрисида бормоқда. Зораки шунда кадрларимиз  янада малакали бўлиб етишсалар, деган эзгу ниятда айтилмоқда.

2. Тўғри, медицинада барча ҳужжат фақат рус ва лотин тилларида юргизилади. Энди тасаввур қилинг: рус тилини чала билган, демакки ТошМИда чала-ярим билим олган врач иш жойига боргач касаллик тарихини, касаллик варақаларини, хуллас барча ҳужжатларни рус тилида ҳам эмас, лотин тилида ҳам эмас, инсон зоти тушуниб етмайдиган қандайдир чулчут тилида тўлдирса, бундан кимга фойда?! Қайси тилда саводли бўлса, шу тилда муомала юритгани маъқул эмасми?

3. Фикр тўғри, эътирозга ўрин йўқ. Бироқ… яна-тағин мантиқ бузиляпти-да. Чунки бу фикр ўқиш буткул ўзбек талида бўладиган илм даргоҳларидаги талабаларга ҳам бирдай тааллуқли-ку. Қолаверса, яна қайтарамиз, бу ерда гап озгина хатоси ҳам катта фожиаларга олиб келадиган ниҳоятда масъулиятли соҳа кишиларини – инсон саломатлиги ҳимоячиларини тайёрлайдиган ўқув юртларида дарсларнинг иложи борича барчага баравар етиб бориши тўғрисида бормоқда.

4. Жавоб хатда бу гап нега айтилган – ҳайронмиз. Чунки Б. Эргашевнинг мактубида интернационализмнинг юксак идеалларига ҳеч қандай шубҳа билдирилмаган. Бинобарин «табиий офат» атрофидаги гапларни уқтириб кўрсатишга ҳеч қандай ҳожат йўқ эди.

Ва ҳоказо…

ТошМИ проректори профессор Ш. Ш. Ҳамроевнинг жавоби бизда, гарчи унда асосий фанларнинг қайси тилда ўтилиши ҳозирча ҳал этилмаган эса-да, журналхон кўтарган масалалар тўғрисида ҳеч бўлмаса ўйлаб кўриш мумкин экан-ку, деган илинж уйғотди.

Медицина ва табобат атрофида бўлаётган гап-сўзларни анчадан буён кузатиб юрибман. Марказий матбуотда, ўзимизнинг матбуот органларимизда ҳам фавқулодда қобилиятли халқ табиблари, биотокли экстрасенслар тўғрисида унча-мукча материаллар чиқди. Бундай хабарларга профессионал шифокорларнинг муносабати қандай бўляпти – ҳар сафар шунга алоҳида эътибор бераман. Табобатда хурофотнинг яшовчанлиги ҳодисаси ҳам ўрганса арзийдиган, фойдали хулосалар чиқарса бўладиган ҳолдир. Мен шахсан экстрасенснинг имкониятлари хусусида жуда оз тушунчага эгаман, шунинг учун уларни медицинадан устун қўйишга маънавий ҳаққим йўқ. Хурофотга ҳам муносабатим салбий. Лекин шундай акс ҳақиқатни англадимки, уларнинг пайдо бўлишига ва аҳоли орасига яшин тезлигида ёйилишига кишиларнинг ҳар хил ирим-сиримларга ишониши эмас, кўпроқ айнан шу медицинамиз, яна ҳам тўғрироғи, шифокор кадрларимиз айбли. Ахир, ўзингиз ўйланг: агар бизда даволаш маданияти юксак бўлса, фақат марказларда эмас, балки ҳар бир поликлиникаю ҳар бир касалхонада ишлаётган врачларнинг ҳам савияси баланд бўлса, сувтекинга даволаниш мумкин бўлган муассасани ташлаб ким ҳам қаёқдаги табиб ё биотокли қизни излаб юзлаб километр узоқларга қатнар эди!! Шунинг учун, ўрток медиклар, гап Муяссар Шариповада эмас, медицинамизда эканини очиқ тан олайлик! Албатта, матбуотчиларимизнинг субутсизлиги ҳам баъзан масалани бутун мураккаблиги билан кўтариб чиқишга халақит беради. Айниқса, телевидение ва радио бу соҳада алоҳида «жонбозлик» кўрсатаётир: хурофотга қарши курашиш баҳонасида битта куф-сувчини топиб олиб бошига ҳар куни гурзи ўқталиш билан овора, лекин шифокорлар тейёрлаш системамизни бутунлай қайта қуришимиз лозимлиги тўғрисида кам бош қотирмоқда…

Биоток билан даволашга қарши турувчи олимларимизнинг бир фикрлари тўғри: ҳозирги замонда медицина илми ниҳоятда юксалган ва ҳеч қандай экетрасенсларга, хурофотга хожат йўқ! Бироқ ҳамма гап шундаки, медицина илми бошқа, шифокор кадрлар бошқа. Иккаласининг савияси ҳамиша ҳам бир-бирига мувофиқ келавермайди. Ҳар бир конкрет ҳолда инсоннинг тақдирини умуман медицина илми эмас, балки конкрет бир шахс, (дейлик, ТошМИни чала-чулпа битказган врач) ҳал қилади. Медицина илми минг тараққий этган бўлмасин, унинг амалда қўлланиши муҳим-ку биз реалистлар учун!

Ўрни келиб қолди, бир янги фактни айтай. 1987 йилги кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган, врач бўлишни астойдил истаган ТошМИ талабаларидан иккитаси ўқишлар бошланиб ўн кун ўтмасидан институтни ташлаб кетиш пайига тушиб қолди. Ҳайрон бўлдик. Ахир, ўқишга кириш осонми! Минглаб йигит-қиз кўксида армон билан қайтиб кетгани ҳолда студентликка мушарраф бўлган икки йигит институтни ташлайман деб турса! Ё адашиб… «Йўқ, адашганим йўқ, – деди улардан бири. – Дўхтирликни хоҳлаб, қатъий ният билан кирганман ТошМИга. Лекин… фанлар ҳаммаси рус тилида ўтиларкан. «Тудавой-судавой» дейишдан бошқани билмасак… Мактабда ўтганимиз билан… кўп умримиз далада ўтган-да, ака. Энди, домла гапираверади, биз оғзимизни очиб ўтираверамиз. Бундай ҳолда мендан қандай дўхтир чиқарди…» Ўрганасиз-кўникасиз деб насиҳат қила-қила зўрға бу ниятидан қайтардик. Ҳозир ўқияпти, лекин барибир «янги ўқув йилидан бошқа бирор ўзбекча ўқитиладиган ўқишга» ўтиб кетмоқчи. Эҳтимол, тўғри қилар ҳам. Кундаги олти жуфт сабоқдан бир чимдиминигина тушуниб, қолганига тиши ўтмай юраверса (ёмон ўқишидан эмас, азбаройи тил билмаслигидан!), оқибатда қорин оғриққа йод ичириб юрадиган «врач» бўлиб етишишидан ким фойда кўрарди! Касалми, медицинами ё ўзими! Алқисса, боланинг куйинишида жон бор. Ҳозирги паллада реал аҳвол шундай экан, бу билан ҳисоблашмаслик мумкинми, ахир!! Бу билан ҳисоблашмаслик, бизнингча, идеализм ботқоғига ботиш билан баробардир.

Биз ИНТЕРНАЦИОНАЛИСТлармиз! Етмиш йил бурун таркиб топган ва шу йиллар ичи турли синовларга бардош берган миллатлараро дўстлик туйғуларимизга ғоявий мухолифларимиздан ташқари ҳеч ким шубҳа қилолмайди. Ва биз шу жиҳатимиз билан ҳамиша фахрланаверамиз! Чунки интернационализм байроғига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган қоидалар ўзбекнинг ҳам, қозоқнинг ҳам, қирғизнинг ҳам, украиннингу литваликнинг ҳам юрагидаги сўзлардир. «БИЗНИНГ ЖАМИЯТДА ҲЕЧ БИР МИЛЛАТГА АЛОҲИДА ИМТИЁЗ БЕРИЛМАГАН!» Мана, ўшандай қоидалардан бири. Нафақат ТошМИда, балки барча техника институтларида ҳам дарсларнинг фақат рус тилида ўтилиши эса, айрим миллат вакилларига суньий равишда алоҳида имтиёз яратиб қўяётибди. Бу бизнинг том маънодаги интернационалистик принцилларимизга тамомила зиддир. Ундай институтларнинг талабалари ўз-ўзидан икки табақага бўлиниб қолган: имтиёзлилар ва имтиёзсизлар. Рус тилини мукаммал билган «ўзбек ва рус, татар ва қозоқ, туркман, еврей ва бошқалар» шунинг учун имтиёзлики, улар ўқитувчининг дарсидан максимал даражада сабоқ олади (албатта, агар у ўз кучи билан кирган бўлса!), илмга чуқурроқ кириб боради, қолаверса, стипендиядан маҳрум бўлмайди, домлаларидан ҳадеб дакки эшитавермайди, энг муҳими – улар ЯХШИ, МАЛАКАЛИ мутахассис бўлиб етишади. «Имтиёзсизларига алам қилаётган жойи ҳам шу – мактаб программаси бўйича илмлари етарли, медицинага (ёки техникага) қизиқиш ҳам кучли, лекин ниҳояти тил билмаганлари туфайли ёнларидаги ҳамкурслари эришаётган муваффақиятдан бебаҳрадирлар. Тўғри, бундай зиддиятлар кўзга яққол ташланиб турмайди, лекин улар мавжуддир ва бу зиддиятлар билан ҳисоблашишга мажбурмиз.

Мулоҳазаларимизни якунлашдан аввал айтиш керакки, Б. Эргашевни «масалага бирёқлама, атрофлича ўйламай ёндашган»ликда айблаётган министрлик ҳам масалага бирёқлама, атрофлича ўйламай, яъни ТошМИнинг фаолиятидан кўзланган бош мақсад юксак малакали, ишончли врачлар тайёрлашдан иборат эканини унутган ҳолда ёндашибди.

Албатта, йиллар давомида шаклланган, хато бўлса ҳам ўзига темир қонунлардан «хитой девори» ясаб олган таълим системасини бирданига ўзгартириш оғир. Лекин бу оғирликдан чўчимаслик керак. Модомики, мақсадимиз ҳар бир соҳа бўйича юксак малакали кадрларни тайёрлашдан иборат экан, бу ишда қандай йўл энг самарали бўлса, ўшани тутган маъқул. Бундан ҳеч ким ютқазмайди, ҳамма ютади – барча миллат вакиллари бирдай ютади! Озгина хоҳиш, озгина иштиёқ бўлса – бас.

Хўш, биз нимани таклиф қиламиз!

1. Дарсларнинг қайси тилда ўтилишини талабаларнинг ўзлари танласалар.    _

2. Врачлар, инженерлар кундалик ҳаётда рус тилига тез-тез мурожаат қилиб турадилар. Талабалардан етук мутахассис бўлиш, айни чоқда, рус тилини ҳам теран билиш талаб қилинар экан, бунинг учун мазкур олий ўқув юртида рус тили кафедраларининг ишини янада жонлантириш зарур. Токи улар «эга, кесим, тўлдирувчи» қонун-қоидалари билан ўралашиб қолмай, кўпроқ амалий машғулотларга эътибор берсинлар яъни бевосита институтдаги дарсларга мос программалар тузиб, шу соҳа терминлари, муомала йўсини устида кўпроқ шуғуллансинлар.

3. Дарслик масаласини ҳам ижобий ҳал қилса бўлади. Дарслар рус тилида ўтиладиган олий ўқув юртларида йигирма-ўттиз йиллик иш тажрибасига эга кўплаб ўзбек ўқитувчилар бор. Улар йиллар давомида ўқиган лекцияларини тўпласалар ҳам анча-мунча брошюралар пайдо бўлади. Бу брошюралар токи мукаммал дарсликлар яратилгунча талабаларга қўлланма вазифасини ўтаб туриши мумкин.

Мулоҳазаларимизни шу ерда тўхтатиб турайлик-да, кўплашиб ўйлаб кўрайлик, тортишайлик, таклифлар киритайлик ва энг мақбул, адолатли йўлни танлайлик.

Демак, ИШЧИ, АКАДЕМИК, ДЕҲҚОН, ТАЛАБА, ИНЖЕНЕР, ВРАЧ, ЖУРНАЛИСТ, РАҲБАР, МАКТАБ ЎҚУВЧИСИ – ХУЛЛАС, АЗИЗ ЖУРНАЛХОН, СИЗНИНГ ФИКРИНГИЗ ҚАНДАЙ?

 

Нурулло ОТАХОНОВ

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*