
– Озод ака, мен бугун ҳузурингизга «Оқшом» газетамизнинг таклифига биноан, «шаҳар – одамлар – адабиёт» хусусидаги фикрларингизни билгани келдим. Болалигингиз шу ерда ўтган, шаҳарнинг ҳар хил даврини ўз кўзингиз билан кўрганснз, демак Тошкент тўғрисидаги болалик тасаввурингиз билан ҳозирги таассуротларингизни қиёслашга, баҳо беришга имконингиз бор. Бугунги Тошкентга қараб туриб, кўнглингиздан нима ўйлар кечади?
– Аввало шуни айтишим керак: ўзим асли Қўқон яқинидаги Охунқайнар қишлоғида туғилганман, кейин тўрт ёшларимдами бу ерга кўчиб келганмиз. Эсимни таниганимдан Тошкент билан мустаҳкам боғланганман. Умуман, Тошкент менга онадай қадрдон бўлиб қолган, унинг руҳи бутун вужудимга сингиб кетган.
Устоз Ғафур Ғуломнинг бир шеърида айтилганидек, Тошкентни на Рум, на Париж, на бошқа шаҳарга алиштираман. Албатта, 30-йиллардаги – болалигимдаги Тошкент билан ҳозирги Тошкентнинг фарқи осмон билан ерча бор. У пайтлари шаҳар асосан бир қаватли эди. Шарқона қиёфаси ҳали йўқолмаган, Эски шаҳару Янги шаҳар кескин ажралиб турган шаҳар эди. Эски шаҳар қисмида гувала уйлар, қинғир-қийшиқ кўчалар, анъанавий иморатлар кўп эди. Лекин шунинг ҳам ўзига яраша файзи, таровати, жозибаси бўларди. Масалан, эрталаблари ҳамма вақт кўчалар супуриб-сидирилиб, сув сепиб қўйилган бўларди, икки чеккасидаги ариқларда ҳамиша тоза сувлар оқиб турарди. Бу сув шунақа тоза, шунақа ширин бўлардики, аксари хонадонлар шу ариқларнинг сувидан ичарди. Сувни ифлос қилиш, умуман, кўчани қаровсиз ташлаб қўйиш жуда айб иш саналарди. Энди, мана, ҳозир шаҳримиз бутунлай ўзгариб кетди: ҳаммаёқда сув қувурлари ётқизилган, кўчалар кенгайтирилган, транспорт воситалари кундан-кун кўпайиб бормоқда, метро… Тошкентнинг бугунги қиёфасини кўрганда, бу ерда 2 миллиондан ортиқ аҳоли яшаётганини, Иттифоқимизнинг энг катта шаҳарларидан бирига айланганини ўйлаганда, албатта, киши қувонади. Шунга қарамасдан, Тошкентнинг тез ўсиб, тез ўзгариб бораётгани менда қарама-қарши туйғулар ҳам уйғотади. Умуман, шахсан мен кўп сонли аҳоли яшайдиган шаҳарларни унча ёқтирмайман. Дунёда уч, беш, ўн бир, ҳатто ўн саккиз миллион киши яшайдиган шаҳарлар бор. Улар шаҳар эмас, шаҳар киёфасидаги мамлакатлар-ку! Начора, ҳозирги замон тақозоси шу экан: шаҳар катталашиб боравераркан, бунга бутунлай қарши чиқиш ҳам унча тўғри эмас. Айни чоқда, кундан кун туғилаётган муаммоларини ўйласангиз, юрак орқага тортиб кетади. Тошкентимизда қурилиш катта. Чунки бизда ҳали уйжой жуда танқис. Уйсиз ёки ноқулай шароитларда яшаётган кишиларимиз кўп. Уларни таъминлаш зарур. Булар ҳаммаси қурилишни жуда тез суръатлар билан олиб боришни тақозо қилади. Шундай бўлгани билан бир нарса қурмасдан аввал ўйлашимиз, ишни пухта қилишимиз, иморатларни 30–50 йилга эмас, абадий қоладиган қилиб қуришни кўзлашимиз лозим деб ўйлайман.
Мен бир нарсадан кўп сиқиламан. Дунёнинг жуда кўп қадимий шаҳарлари бор: мана, ўзимиздан Ереван, Тбилиси, Боку, Киев, Ленинград, Болтиқбўйи шаҳарлари… ҳаммаси ўзига хос қиёфага эга. Ё бўлмаса Парижни, Римни, Коҳира ё Истамбулни олайлик – буларнинг ҳар бирини буюк қилган жиҳат фақат аҳоли сонининг кўплиги эмас, балки ўша шаҳардаги иморатлардир. Улар ҳам ҳар хил эҳтиёж туфайли қурилган, уларни ҳам сиз билан бизга ўхшаган одамлар қурган: улар бир неча асрлардан буён нафақат яшаб келяпти, балки шаҳар қиёфасини белгилаб турибди. Бир-бирини такрорламайди, бир-бирига ўхшамайди, ҳар биттаси дунё тарихига бир бобдай, саҳифадай кирган. Шулардан бирортаси бўлмасин, дунё тарихи нақадар қашшоқлашиб, камбағаллашиб кетарди. Бизнинг Тошкентимиздан, афсуски, бу жиҳатдан фахрланолмаймиз. Қадимий обидалар-ку бепарволигимиз қурбони бўлиб кетган, энди янги, гўзал иморатлар қуриладими десак, ҳали-вери ниятимизнинг рўёбга чиқиши гумон шекилли. Тўғри, Навоий театри биноси бизнинг ифтихоримиз. Халқлар Дўстлиги саройи ҳам ҳозирги замон меъморчилигининг ажойиб намунаси, Лекин бундайлари кам-да. Аксари иморатларимиз бир-бирига ўхшаш, тўртбурчак шаклида, қуп-қуруқ. Ички ноқулайликларини айтмай қўяқолай.
– Айниқса, кейинги йиллар ялпи қуриб ташланган ва ҳали ҳам тўхтовсиз қурилаётган тўққиз қаватли уйлар шаҳар қиёфасиии бутунлай ўзгартириб ташлади. Чилонзорга борсангиз ҳам шу уйлар, Юнусободга ё Қўйлиққа, Қорасувга ё яқнндагина қуриб битказилган «Қизил Шарқ» массивига борсангиз ҳам шундай. Ёзувига кўзингиз тушмаса, қаерда турганингизни ҳам дабдуруст илғай олмайсиз. Ёмон қовуннинг уруғига ўхшаб бирам кўпайиб кетдики… Уларнинг сифатсиз курилаётгани, қўполдан-қўпол кўриниши, республикамиз шароитига, иқлимига жуда ҳам мос келавермаслиги гўё меъморларимизни, қурувчиларимизии ҳеч ташвишлантирмаётгандек. Газеталаримиз эса, «Бугунги Тошкент» деб шундай иморатларни тарғиб қилгани-қилган. Бугуннинг ўзида эскирган бундай иморатларимиз йигирма йилдан кейин кимга завқ бера оларди?
– Назаримда, меъморчилик анча жиддий масала. Мана, Чилонзорни олайлик. Унинг архитектураси ҳақида гапирмоқчимасман, бошқа нарса мени ўйлантиради: хўш, шаҳар Чилонзор ҳисобига кенгайиши шартмиди? Гап шундаки, Тошкентнинг асрлар давомида шаклланиб қолган ўз ички хўжалиги, ички турмуш тарзи бўлиб, унга кўра шаҳарда қанча аҳоли яшаса, Тошкентни ҳалқа каби ўраб олган теварак боғлардан шу аҳолига етарли миқдорда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олинарди. Мева-чеванинг у пайтлардаги сероблиги шундан. Чилонзор нафақат Тошкентни мева билан таъминловчи боғзор, балки унинг ҳавосини тозалайдиган улкан кислород комбинати ҳам эди. Ўша боғлар ҳаммаси қўпорилиб, ўрнига шаҳар қурилди. Ҳозир Юнусободни айтдингиз. Унинг тақдири ҳам Чилонзор билан бир хил. Ахир, бир боғнинг бино бўлиши учун бир йигитнинг умри керак! Тошкентнинг бошқа томонларида, айтайлик, Олмалиқ йўлида, Чирчиқ дарёси бўйларида қанчадан-қанча бўш ерлар бор эди. Шаҳар ўша ёқларга қараб кенгайса, ҳеч кимга зарари тегмасди… Биз буларни афсус билан гапирамиз, холос, чунки энди у хатоларимизни тузатиб бўлмайди, лекин келажакда доим назарда тутишимиз, хатоларимизни унутмаслигимиз керак.
Меъморчиликда миллий анъаналардан фойдаланиш масаласини олайлик. Мен бу соҳанинг билимдони эмасман, меъморликка даъвом ҳам йўқ, лекин қайсидир жиҳатдан боғлиқлигим бор: мен шуларнинг меҳнатидан баҳраманд бўламан. Назаримда, анъана масаласини биз меъморчиликда ҳам анча жўн тушунадигандекмиз. «Коробка» уйларнинг олд томонига бетондан меҳробсимон ё яна бошқача шакллар ясалса, майда кошинлар тармаштириб шарқона безаклар ҳосил қилинса бўлди – гўё шу миллийликдан далолат. Ҳолбуки, моҳият бошқа нарсада. Қадим миллий меъморчилигимизнинг ўлмаслиги, доҳиёналиги шундаки, иморатлар қурилаётганда аввало маконнинг табиий шароитлари, иқлими ҳисобга олинган. Ёзда иссиқ 40 даражадан ошиб кетади, нафас олиш оғир бўлади, эски ҳовлиларда, эски уйларда мана шу жазирама иссиқни сезмайсиз. Нега? Чунки уйлар шундай қурилганки, ичкаридаги ҳарорат ташқаридагидан 5 – 6 даража паст бўлади. Иккинчидан, ҳар бир ҳовлидан ариқчалар ўтган бўларди, бу эса ўзига хос микроиқлим вужудга келтирган. Миллий анъана деганда, менимча, мана шуларни тушуниш керак. Тошкентда қурилаётган жуда кўп уйлар шу жиҳатдан Ўрта Осиё шароитига мос эмас. Биз Тошкентимизни дунёнинг энг гўзал, яшашга энг қулай шаҳарлари қаторида кўришни истаймиз. Мавжуд нуқсонларни юрагимиз ачиб гапиришимизнинг боиси шу. Лекин нима бўлганда ҳам Тошкентнинг ўзига хос сўлим томонлари ҳам борки, улар ҳар биримизга ардоқли. Афсуски, дунё шаҳарлари ичида адабиёт билан муносабатда, адабиётда инъикос этиш нуқтаи назаридан жуда омади келмаган.
Буюк ёзувчилар ўзлари яшаган шаҳарга ҳайкаллар қўйиб кетишган. Биз Гюгонинг асарида Парижнинг сўнмас бир образини кўрамиз. Достоевский асарларида Петербургнинг қиёфасини кўрамиз ва ҳоказо. Бизда эса Тошкентнинг буюклигини, поэзиясини очиб берувчи асарлар жуда оз. Ҳатто шаҳар ҳаётига махсус бағишланган асарларда ҳам унинг ўзи поэтик тимсол, поэтик образ даражасига кўтарилмаган. Ҳозирги ёшларимиз, бундан кейин ижодга қўл урадиган ёзувчиларимиз Тошкентнинг ҳақиқатан такрорланмас образини яратишларини жуда истардим. Тўғри, шеъриятда Тошкентга бағишланган унча-мунча асарлар бор. Ғафур Ғуломда шундай шеърлар кўп, Шайхзоданинг «Тошкентнома» достонини пойтахтимиз ҳақидаги энг яхши асар деса бўлади. Лекин барибир катта миқёсларда адабиётда ўзининг бадиий ифодасини топган эмас.
– Яъни, адабий шаҳарлар каторига кирган эмас, Хўш, нега шундай? Тошкентдан ёзувчи-шоир чиқмаганида ҳам буни тушунса бўларди, ваҳолангки, илгари ҳам бу ердан анчагина ижодкорлар чиққан, ҳозир ҳам бор. Менимча, Озод ака, бунинг сабаби, шу кунларимизга қиёсан айтганда, яна-тағин шаҳарнинг ички ва ташқи қиёфасига бориб тақалса керак. Яшараётган Тошкентнннг тобора бир хиллашиб бораётгани, шаҳар романтикасининг тобора камайиб, ижодкор юракларни боғлайдиган гўшаларнинг тобора йўқ бўлиб кетаётгани ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказаётгандир. Иккинчидан, Ўзбекистон далаларига фақат пахта экилавериши (монокултура) қишлоқ аҳолисннинг ҳатто маънавий қиёфасини, онгини, фикрлаш тарзини бир хиллаштириб (монотафаккур деймизми) қўйгани сингари Тошкентдаги бир хил қурилишлар, район, массив, дала ва кўчаларнинг бир хиллиги одамларни ҳам бир хил қолипга солиб қўйяпти шекиллида. Ҳар бир кўча, ҳар бир майдон, боғ-маҳалла, ҳар бир район бетакрор, ранг-баранг бўлганида, аниқ ишонаман, шаҳар аҳолиси ҳозиргидан бошқачароқ – қизиқарлироқми, ҳурфикрлироқми бўлар эди! Ана ўшанда эҳтимол адабиётдаги инъикоси ҳам Сиз орзу қилаётган даражага кўтарилармиди…
– Бутун XX аср стандартизация асри бўлди. Маъморчиликда ҳам катта инқилоб ясалди. Материали ўзгарди. Илгари асосан ғишт, кесак, ёғоч бўлган бўлса, ҳозир бетон, темир, ойна. Турмушда техниканинг кучайиши умуман ҳамма нарсани стандартга солиб қўйяпти. Масалан, уйсозлик комбинатлари бор. Улар ҳар битта уйни алоҳида-алоҳида шаклда қуролмайди. Бирор машинанинг муайян ашёси қанақасига узлуксиз чиқиб турса, уй ҳам ҳалиги комбинатлардан девори, шиплари, томлари бир хил бўлиб чиқарверади. Шунга қарамасдан, меъморларимиз шаҳарни барибир ранг-баранг қилишни ўйлашса бўларди. Ҳаётимизнинг энг чатоқ томонларидан биттаси, менимча, шундаки, фақат архитектура ёрдамида эмас, бошқа соҳалар ёрдамида ҳам умуман одамни бир хиллаштириш кетяпти. Бунда адабиётнинг ҳам маълум «хизмати» бор. Биз доим, янги одамни тарбиялашимиз керак, деймиз. Янги одам қандай бўлиши керак деган беҳуда масала устида тинмай ўйлаймиз. Ўзимизча ўн-ўн беш хил фазилатлар ўйлаб топамиз ва ўшаларни тарғиб қилаверамиз, Инсонни бир хилликка чорлаш эмасми бу? Ҳамма биз таклиф этган сифатларгагина эга бўлса, ҳамма қарийб бир хил фикрласа, бунинг нима қизиғи бор? Инсон ранг-баранглиги билан гўзал, адабиётга битмас-туганмас манба. Ҳар ким ўзига хослиги билан бошқасини тўлдиради. Акс ҳолда, диалектиканинг диалектикалиги қоладими!
Албатта, қурилишдаги бир хилликка фақат меъморларимиз хаёлот дунёсининг торлиги сабаб, демоқчимасман. Бундан ташқари, гап яна хомашёда, эҳтиёжнинг мажбур чиқишида ва ниҳоят, маблағда ҳам. Бизнинг ақидамизча, қуриладиган иморатга иложи борича кам пул сарфлаш лозим. Бунақада бир иш қилиб бўладими?
– Шу маънода, Тошкентдаги «Жанубий» вокзал давлатга роса «арзонга» тушган бўлса керак. Эшитишимизча, унинг лойиҳачилари анча-мунча маблағни иқтисод қилиб қолганлари эвазига мўмайгина мукофот ҳам олишибди. Лекин бир уни бориб кўринг… Мантиқ бўйича кейин қурилган ҳар қандай иморат аввалгисидан аъло бўлиши керак.
«Жанубий» вокзал эса, эскисининг олдида шумшук боладай бўлиб қолган. Шаҳар дарвозаси шундай бўлгандан кейин… Мен ҳалигача шу вокзални мақтаган одамни учратмадим.
– Булар ҳаммаси келажакни ўйламасдан иш қилишдан. Хайрият, фикрлашда ошкоралик принципи ўрнатилмоқда, жамиятни демократлаштириш жараёни бошлаб юборилди, бундан буёғи, энди эҳтимол юқоридагидек камчиликларга камроқ йўл қўйилар.
Мен, масалан, бир нарсага сира тушунмайман. Бизда катта-катта мажлислар бўлади. Ўша мажлисларда биз ҳар хил қарорлар қабул қиламиз. Улар шунчаки қарорлар эмас, халқнинг тақдирида, мамлакат тақдирида бурилишлар ясайдиган катта масалалар бўйича қарорлардир. Табиийки, уларда минглаб одамлар иштирок этади. Лекин, ажабки, ҳамма, қарор ҳамма вақт якдиллик билан қабул қилинади. Мен ҳайрон бўламан: наҳотки шу минглаб одам ичида бошқачароқ фикрлайдиган кимса бўлмаса, наҳот уларнинг ҳаммаси бир хил фикрласа? Бунақа бўлиши мумкинмас. Бу одамнинг табиатига зид ҳол. Кимдир қарши чиқса нима? Хўп, муҳим қарор якдиллик билан қабул қилинмаса нима? Бир овоздан қабул қилиш «ҳаракати» одамларни қандайдир бир қолипга солиш тенденциясидан туғилган иллат. Ўзига хос бўлмасин, бошқача фикрлайдиган кадрларнинг бизга кераги йўқ – мана, у иллатнинг моҳияти. Бунинг илдизи айланиб бориб яна шахсга сиғиниш йилларига тақалади. У давр тарихимизнинг энг даҳшатли йилларидир. Қатлиом қилинганлару ноҳақ қамалганларнинг тақдири бир фожиа бўлса, қамалмай қолганлар ўртасида яна бошқа даҳшатли фожиа бўлган.
– Уларнинг фикри камалган…
– Ҳа. Одамларда ўзини темир гардиш билан сиқиб қўйиш, фикрлашдан қўрқиш ҳисси пайдо бўлган. Ва бу ҳис халқнинг вужуд-вужудига сингиб кетганки, ҳалигача унинг асоратидан қутулолмаймиз. Оқибати нима бўлди? Раҳбаримиз бизнинг ўрнимизгаям ўйлайди, раҳбаримиздан доноси йўқ, ҳар қанча фикрлаганимиз билан нима бўларди, биз бир винтикмиз, кичкина деталмиз, ўзимиз ким-у, фикрлашимиз қаёққа борарди, дегандек тушунчалар мия-миямизга ўрнашиб қолди. Шуниси даҳшат. Турғунлик даврини туғдирган ҳам шу. Лоқайдлик, теваракда бўлаётган ҳодисаларга бепарво қараш, «оч қорним – тинч қулоғим» принципи – ташаббускорликнинг сўниши…
– Озод ака, ўз-ўзидан меъморчиликда миллийлик (анъанавийлик) ва новаторлик хусусида гап очилди. Энди шу масаланинг адабиётдаги аҳволи тўғрисида ҳам фикрлашсак. Чунки, бу иккала соҳа бир-биридан қанчалик узоқ туюлмасин, анъанавийлик ва новаторлик масаласида ўзаро ўхшаш муаммолари борга ўхшайди. Бир пайтлар «эскисини бузамиз, янгисини қурамиз» деган мутлақо нотўғри шиор чиққан эди. Шунинг таъсиридами, тарихий обидаларга ҳалигача муносабатимиз илимилиқ. Моҳиятан миллий, айни чоқда, ғоят замонавий меъморчилик мактаби бизда йўқ. Бу нарса эскидан кўр-кўрона воз кечиб, янги туюлган нарсани кўр-кўрона қабул қилиш оқибати эмасмикан. Адабиётда бу ҳодиса тақлид деб аталади. Ваҳоланки, миллийлик билан янгиликнинг кесишган нуқтасидагина чин маънодаги новаторлик юз бериши мумкин. Адабиётда ҳам баъзан анъанавийликдан юз фоиз воз кечишга, чет эл адабиётида бундан йигирма-ўттиз йиллар аввал топилган ва ишланган усуллар янгилик деб юз фоиз қабул қилишга чақириқлар бўлмаяптими? Мен, масалан, адабий таъсир деганда, ҳар қандай ҳодисанинг қонга ўтишини тушунаман. Қонга ўтгандан кейин катта адабиёт яратиш учун миллий заминдан узилиш шарт эмас. Қонга ўтмасаю «янги»лиги учунгина қабул қилсак, шаҳарларимизга қуриб ташланган мана бу бетон уйлар сингари юрагимизга сингишмай тураверади.
– Бу масала ҳам жуда мураккаб масала. Янги нарса фақат янги бўлгани учун яхши деб қаралмаслиги керак ва эски нарса фақат эски бўлгани учун ундан воз кечиш керак эмас, иккаловидан ҳам маънавий, керакли нуқтани қидириш зарур. Энди, анъанасиз ҳам иш қилиб бўлмайди, новаторликсиз ҳам. Айниқса, адабиёт ва санъатда. Хоҳлайдими, йўқми – ижодкор ўзидан аввал яшаб ижод қилган жуда кўп ёзувчиларнинг тажрибасига таянади. Бу уларнинг асари қандай кўринишидан қатъий назар, боя айтганингиздек, тажриба қон-қонига сингиб кетган бўлади. Шу заминда туриб мўлжални каттароқ олаверади. Борди-ю эски рамкадан чиқмай қолиб кетса, асари барибир эътиборни тортмайди.
Янги марраларга чиқиш нималарда кўринади? Шу ўринда бир нарсани айтай: ҳозирги ёшларимизнинг Ғарб ёки Лотин Америкаси ёзувчилари адабий тажрибаларига қизиқаётганларидан мен мутлақо чўчиётганим йўқ. Хавотир ҳам олмайман. Тўғри, айрим асарларда сиз айтгандай, тақлидчилик ҳам сезиляпти. Тақлид ҳеч қачон оқланмаган, у билан узоққа бориб бўлмайди. Халқ охир-оқибатда ўзига керакли асарлар ажратиб олади. Мен шундан хурсанд бўляпманки, биз фақат ўз доирамизда чекланиб қолишимиз мумкин эмаслигини ҳозирги барча ёшларимиз тўғри англаб етишган. Дунёга кўзимизни каттароқ очиб, кенгроқ қарашни ўрганишимиз керак. Ўзбекларнинг ҳам дунё даражасида фикрлайдиган халқ эканини кўрсатишимиз лозим. Дунё халқлари билан биродарлигини, қондошлигини кўрсатиб беришимиз керак. Бугун бир нарса жуда аён бўлиб қоляпти. Одамлар табиатан бир-биридан ажралган ҳолда яшай олмас экан. Буни Хемингуэй (ўрта аср ёзувчиларидан бирига мурожаат қилиб) буюк таъбир билан бундай деган: «Одамлар оролга ўхшаб эмас, яриморолга ўхшаб яшайди». Яъни, ҳар бир одам ажралган ҳолда эмас, бир чеккаси билан бошқа одамларга боғланган ҳолда яшайди. Мана шу ҳақиқатлар бизнинг асарларимизда ҳам акс этиши керак энди. Биз бундан 40-50 йил аввал умуман инсоният ҳаддан ташқари табақаланиб кетади, бир-бирига душман лагерларга ажралиб олади деган ҳақиқат билан яшаганмиз. Бугунги кунда шу қарашларимизни ўзгартирмасак бўлмай қолди. Нимага? Маълум бўлдики, биз чексиз, улкан деб ҳисоблаб келган курраи заминимиз жуда кичкина экан, Абдулла Орипов айтганидек, «салмоғи Қуванинг анорича бор» экан холос. Бутун инсоният шу заминда яшаяпти. Демак улар бир-бирини тепиб, туртиб-суртиб эмас, бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаб, бир иттифоқ бўлиб турса, Замин узра тирик қолиши мумкин. Акс ҳолда Ер айланаркан, уларни чирпиратиб улоқтириб юбориши тайин бўлиб қолди. Одамлар табиатан бир-бири билан биродар, бир-бирисиз яшай олмайди. Халқлар эмас, ҳатто битта одам камайса ҳам дунё кемтийди. Энди, халқлар бир-бирига қарши турса, бир-биридан юз ўгирса, умуман ҳаёт кемтиб қолмайдими? Бугунги техника, бугунги тараққиёт, бугунги ядро қуроллари инсониятни шу ҳақиқатга олиб келди. Шу маънода ҳар биримиз иложи борича бош халқларни ўзимизга яқинлаштирадиган, биродарлаштирадиган томонларини ўйлашимиз, шунга қўлимиздан келган барча имкониятни сарфлашимиз керак. Айниқса, адабиёт бу ишда катта хизмат қилиши лозим.
Суҳбатни Нурулло ОТАХОНОВ олиб борди.
“Тошкент оқшоми” газетаси, 1988 йил, 15 феврал.
Leave a Reply