Муҳтарам Ризо Салим Бош афандимиз!
Биз Сизга, Сиз орқали Туркия Диёнат вақфига бизни гўзал мамлакатингизга таклиф этганингиз, муборак Рамазони шариф кунларида юксак даражада меҳмон қилганингиз учун самимий ташаккурларимизни билдирамиз. Жаноби Ҳақ барчаларингиздан рози бўлсин.
Мана, юртимизга қайтиб келганимизга ҳам бир ой бўлди. Аммо ҳануз Туркия сафари таассуроти остида юрибмиз. Ўйлаймизки, ҳали узоқ вақт бу таассуротлар-ла яшаяжакмиз. Бизлар учун бир тан аъзосидай қадрдон бўлган мамлакатингизнинг тарихи, миқёси, бугунги кундаги натижалари, қардош турк миллатининг шаъну шавкати, порлоқ ўтмишию умидбахш бугуни, ҳар жиҳатдан тараққиёти, айниқса, замон талабига жавоб берадиган даражадаги, яъни, XX аср сўнг кунларига уйғун ҳолатдаги исломий ҳаёти ва самаралари ақлларимизии лол қилди.
Туркия қалбларимизда қайтадан, янада порлоқ бир тарзда инкишоф бўлди. Биз минг йил бурун уйимиздан олис бир сафарни ният қилиб чиққан ва Аллоҳ таолонинг буюк ва масъулиятли вазифасини адо этиш учун ўша ерларда қолиб кетган ва, тарих гувоҳки, бу вазифани кутилганидек бажара олган оға-инимизни топдик, бошларимиз кўкка етди, кўп йилги айрилиқларимиз бесамар кетмаганига шоҳид бўлдик; бугун ҳам уни бутун Ислом умматининг тараққиёти йўлида хизмат устида кўрдик, кўнгилларимиз хотиржам бўлиб уйимизга қайтдик, алҳамдулиллаҳ!
Бизнинг бу ўн беш кунлик сафаримиз айниқса Рамазони шариф кунларига тўғри келгани ва, айниқса, муборак Рамазон байрами ҳам ичига дохил бўлгани учун ниҳоятда файзли кечди. Туркиянинг қаерига бормайлик, бизга балки ҳаддимиздан зиёда баланд мақомда иззат-икром кўрсатилганини ҳар қадамда ҳис қилиб турдик. Аллоҳ рози бўлсин.
Келгуси ҳаётимиз давомида бу икки қардош мамлакатларимиз, бу икки жонажон миллатларимиз ўртасидаги робитани мустаҳкамлашга ақлларимиз ва қалбларимиз, сўзларимиз ва қаламларимиз ила муносиб улушимизни қўшамиз, иншааллоҳ. Ҳали бу уруғлардан гуллар унгусидир!
Муҳтарам Ризобий афандимиз! Энди бир-икки хусусий саломларимиз ва миннатдорликларимиз борки, эгаларига етказсангиз. Сафар давомида бизларни қабул қилган, бебаҳо суҳбатларидан баҳраманд этган устозлар, муфтийлар, давлат одамлари ва миллат вакилларига, хоссатан, шофёримиз Меҳмет, меҳмондоримиз Мурод ва …га, Чаноққалъа тарихини англатган биродаримизга, истанбуллик Ҳикмат Барбар акамизга ва ҳоказо. Мазкурлар кўп яхшиликлари, самимий хизматлари ила бизни қарздор қилиб қўйдиларки, ҳаққиларини ҳалол этсинлар. Ота Туркистонга йўллари тушса, бехабар қолмайлик. Яна бир бор юракдан миннатдорлик изҳор этиб: Тоҳир МАЛИК, НуруллоҳМУҲАММАД РАУФХОН.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!
1997. 18. 03
Leave a Reply