Тегирмон навбати билан

Муштумчи укаларимиз Нуруллоҳ Отахон, Набижон Боқий, Сирожиддин Саййидларнинг шу йил 15-сонда босилган ва жумҳуриятимизда матбуотнинг аҳволи ҳамда ягона ҳажвий мажалламизнинг келгуси борасидаги иншоотини ўқиб, бу хусусда бир-икки оғиз фикр билдириш истаги туғилди. Барчага маълумки, жамиятнинг руҳи-аҳволига таъсир кўрсатишда матбуотнинг олдига тушадиган бирон-бир азамат йўқ, бошқача қилиб айтганда, одамни одам қиладиган ҳам ёинки уни гумроҳи лаинга айлантирадиган ҳам матбуотдир. Матбуот бир жиловдирким, бу жиловни қўлга олмоққа ҳамма ишқибоз. Кимдир жиловга эришса, ҳовлиқиб, уни жаҳолат жарига рўпара қилади, кимдир минг азоб билан адолат йўлига етаклайди. Хуллас, инсонга дунё ҳақида бор гапларни етказиш, уни эзгулик, тараққиёт йўлига бошлаш мақсадида инсон томонидан ихтиро этилган босма сўз дунёга келибдики, манфаатпараст кучлар, синфлар, табақалар қўлида торт-торт, улоқ-улоқ… Дастлаб якка ҳукмдорлар уни хоҳлаган йўлларга буришди, кейин пулдорлар истаган номаъқул кўчаларига йўрғалатишди, ундан сўнг эса ишчилар манфаатини «кўзловчи» ишбошилар жиловни қўлларига олиб, рост йўлга юргизамиз, деб ваъдалар беришди, афсуски, матбуот бу даврда ҳам манфаатпарастликнинг тор, ўйдим-чуқур йўлларида эшак қилиб минилди, ҳавойи гаплар, ноўрин ҳаракатлар қули бўлиб қолаверди. Бу хусусда ёзган йигитлар ҳақдирлар.

 

«Эркин матбуот,– деган эди Карл Маркс,– халқ руҳининг ўткир кўзи, кўп оғизли овозидир, унинг ўзи олдида ўзи истиғфор айтишидир». Лекин, афсуски, бундай бўлмади, шу таълимот бўйича иш тутувчи матбуот омманинг онгига яккаҳоким ғояни мажбур қилиб тиқиштирди, ҳақиқатни айтмади, сал бошқача фикрдагиларни «душман» деб таъқиб қилди, айрим кишилар томонидан назорат қилиб бориладиган ноўрин сиёсатнинг қули, «лаббай»чи маддоҳи, малайи бўлиб келди.

Матбуотда ишлаган давримдан қолган менинг ягона хулосам – матбуотимиз фақат юқоридан келган буйруқлар асосидагина иш кўрувчи бир идораю ходимлар «хўб бўлади» деб қўл қовуштириб турувчи хизматкорлар эдилар. Биз, ёшлар гоҳ-гоҳ «нега бундай экан-а?» деб ўйланиб қолардик, кейин билсак, биздан олдин неча йиллар давомида «ғинг» деганнинг тили кесилавериб, ҳамма соқов ёки бир хилда сайровчи булбулигўё бўлиб қолган экан. Мен зое кетган ўша ўсмирлик йилларимни ўкинч билан эслайман.

Афсуски, «Муштум» ҳам ана шу кўзга кўринмас қуюшқондан ташқарига чиқолмаган эди. Тўғри, уни севимли адиб Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари яхши ният билан, жаҳолатга, ёмонликка қарши бир қурол («ҳақлик муштуми») бўлармикан, деб ташкил қилишган, бу йўлда жонбозлик кўрсатиб, ҳажвий матбуотчилигимизнинг пойдеворини яратишган. Аммо орадан икки-уч йил ўтар-ўтмас, ўзлари йўргаклаган гўдак ўзларининг бошларига шундай кунлар солганки, асти қўяверасиз: арзимаган бир эркин фикр, ҳатто фикр ҳам эмас, эркин услуб учун Қодирийнинг ўзи қамоғу сазойиларга дучор қилинган, кечагина бу ўткир ҳажвчининг асарисиз чиқмаган «Муштум» ўз саҳифаларида уни душмандан олиб душманга солган, шамолнинг қаёқдан эсаётганини биладиган «содиқ шогирд»лар эса устоз устига тоғора-тоғора мағзава ағдаришган. Кейин «Муштум» Абдулла Кодирий йўлидан, яъни чинакам ҳажвий ижод йўлидан эмас, «ол, тут», «ур, йўқот» йўлидан кетди, не-не доноларнинг бошига етди. Шунинг учун ҳам Абдулла Қодирий 26-йилдан то умри фожиали якун топгунига қадар ўн бир йил мобайнида «Муштум»га бир сатр ҳам нарса ёзмаган!

Жулқунбойдан кейин мажаллани ҳажвчилар эмас, қандайдир «эпчил» сиёсатчилар бошқаришди, унинг тепасида турганлар бирортаси ҳам (уруш қурбони Ғулом Ғафуровни истисно қилганда) ҳажвчи эмас эдилар! Юқорига «Муштум»нинг сиёсий кулки, ҳажв мажалласи эмас, аксинча, ўзларининг измидан заррача бўлсаям чиқмайдиган нашр бўлиши муҳим эди. Қўлидан сал-пал ҳажвчилик келадиганларни иложи борича унга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилинди. «Муштум» урушдан кейин то яқин йилларгача ичкиликбоз, ялқов, қиморбоз, уч тийин қайтимини бермаган сотувчи ва яна аллақандай қаланғи-қасанғилар билан овора бўлиб келди. Амалдорлардан шаҳарда нари борса ҳаммом мудирию қишлоқда – бригадир ёинки бирорта саводсиз раис билан ғижиллашишдан нарига ўтолмасди. Тўғри, шопмўйлов, қориндор раиснинг масхара сурати яқин кунларгача мажалла саҳифасини безагани-безаган эди. Аммо наҳанглар… худо асрасин! Бир сафар доҳий номидаги хўжаликда фалон ишлар чатоқ, деб ёзиб қўйиб балога қолай деганман. (Ниҳоят, мажалла пешонасига битта ҳажвчи битди энди.)

Устоз Жулқунбой: «Замон ўзгарадир, ишлар янгарадир», деб башорат қилган эдилар. Мана, худди шундай бўляпти – замон ҳам, одамлар ҳам ўзгаряпти, миллатнинг кўзи очилиб, юр деса суриштирмасдан кетаверадиган содда, гўл, гумроҳ бўлиб келганини кўриб, тавба деб ёқа ушлаяпти, етмиш йиллик рўё – туну кун мажбуран тиқиштирилган тўқима мафкура, ғоявий мағзавалардан жирканиб, ўзини поклаяпти, инсонлардай яшаш йўлини излаяпти. Ҳозирги даврнинг номини биров қайта қуриш дейди, яна кимдир бошқача айтади, лекин таъбири ожизимча, йигирманчи асрнинг охири Ер куррасининг маълум қисмида жуда кучли халқ инқилоблари даври бўлди, афкор омма ғоявий-сиёсий мустабидлик, яккаҳокимликка қарши бош кўтарди, бунинг натижаси ўлароқ бирдан-бир буюк эрк – ҳақиқий мустақилликка эришишга интила бошлади. Халқ инқилоблари Шарқий Оврупо мамлакатларида тўла ғалаба қозонди, энди Ўрусия ва унга ёндош жумҳуриятларга етиб келди, аммо афсуски, бизга бу буюк халқ ҳаракатининг фақат шабадасигина сезиляпти, холос. Лекин халқни барибир тўхтатиб, алдаб бўлмайди, халқ учун жонини фидо қилган шоиримиз Чўлпон айтганларидек:

«Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,

Халқ исёндир, халқ офатдир, халқ ўчдир».

Халқ албатта енгади, ўз елкасидаги ғоявий мустабидлигу тўраларча маъмурий-буйруқбозлик идорасини итқитиб ташлайди, эгилган қаддини ростлайди. Ҳозир уйқусираб турган бизнинг халқ ҳам эртами-индин барибир уйғонади, уйғонмай иложи йўқ. Шунда ҳақиқий халқ ҳокимияти, халқ адабиёти, санъати, матбуоти вужудга келади, сотқин аа ёлланма матбуот халқ лаънатига учраб, албатта таназзулга юз тутади. Ана ўшанда халқнинг турли табақа ва қатламларининг фикр-туйғуларини ифодаловчи жуда кўп янги матбуот нашрлари пайдо бўлади, улар орасида янги ҳажвий мажаллалар, рўзномалар ҳам бўлса не ажаб? Афсуски, чўмич қўлида бўлган мутасадди идораларимиз мустақил йўл тутиш, халқ истак ва хоҳишларига қулоқ солиш ўрнига ҳамон Масковдан нусха кўчириш билан оворалар ва у ерда нима нашр чиқса, шуни такрорлаб («Диалог» – «Мулоқот» сингари) қоғозни исроф қилишдан нарига ўтмаётирлар.

Энди, «Муштум»нинг номини ўзгартириш хусусига келсак, ёшларнинг фикри тўғри, негаки, зўравонлик, муштбозлик билан шу ергача келдик, етар. Халқимиз ўрганиб қолган «Муштум» эса яхши ният билан бошланиб, кейин сиёсатбозларнинг чирмандасига ўйнаб, тўғригаям мушт, эгригаям мушт дўлайтирган бир нашр сифатида тарихда қолавергани маъқул. Агар унинг ўрнига ҳақиқий халқ номидан иш тутиб, халқ номидан кулиб, кулдирувчи бир нашр чиқса (номидан қатъи назар) халқпарвар адиб Абдулла Қодирийнинг арвоҳи шод бўларди.

Мен ўзим, шахсан, «Насриддин афанди» деган мустақил, холис, халқ кулки мажалласини чиқаришни жуда-жуда орзу қилардим.

Ленин кимки матбуот эркинлиги тўғрисида оғиз очса: «Қандай матбуот эркинлиги? Нима учун? Қайси синф учун?» деб сўраш керак», деган эди. Биз ҳозирги ҳукмрон маъмурий-буйруқбозлик идорасидан матбуот эркинлиги талаб қилар эканмиз, бу саволларга: «Ҳақиқий матбуот эркинлиги, халқнинг ўз фикр-туйғуларини бемалол, бетўсиқ ифода этиши учун, халқ орасидан етишиб чиққан виждонли, онгли, инсоф-диёнатли, тараққийпарвар, ватанпарвар кучлар учун», деб жавоб берамиз ҳамда ҳали ҳам матбуотдан панжаларини бўшаштирмаётган амалдор зотлардан: «Ахир, Иттифоқ Олий кенгаши қабул қилган «Матбуот ҳақидаги қонун»нинг биринчи бандидаёқ «Матбуот нашрлари учун цензура бекор қилинади», деб ёзиб қўйилган-ку, нега сизлар ўз қиблангиздан берилган фатвога ҳам шак келтирасизлар?» деб сўраб қўямиз.

Дарвоқе, энг муҳими – Асосий Қонундаги 6-модда ҳам энди йўқ, бинобарин «ҳокимият менинг маҳримга тушган», дейдиганлар қаттиқ янглишади. Энди ғоявий мустабидлик, тўраларча яккаҳокимлик эмас, ақл, виждон, адолат, ҳақиқат, эзгулик ҳукмронлиги пайти келди. Ҳа, азизлар тегирмон навбати билан!

 

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ,

ёзувчи, Тошкент дорилфунуни

матбуотшунослик бўлимининг мударриси

 


“Муштум” журнали, 1990 йил, 24-сон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*