Устоз

Ёшликда билинмаган қадрлар аста-секин ёш ўтиши билан билина бораркан. Жумладан, Устоз қадри ҳам. Айниқса, бир мусулмон ўлароқ динимизнинг ота-она, устоз, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ, ватан, миллат ҳақидаги ўгитларидан хабардор бўлган сарингиз бу Қадрнинг қадри янада ортиб, қаршингизда бутун моҳияти ва барча гўзалликлари билан кўринар экан.

Оллоҳга шукур қилишим керак, мен бир оддий одам сифатида ҳам, шогирд сифатида ҳам, ёзувчи сифатида ҳам жуда бахтлиман. Яратган Эгам тақдиримга бу ҳаётда ёндошликка фақат яхши кишиларни битган экан: кўп улуғ инсонлар билан бир замонда яшадим ва яшаяпман; талабалигимда давримизнинг буюк устозларидан таълим олдим; биринчи иш бошлаганимда соҳасининг энг билимлилари, касбининг энг фидойилари қуршовига тушдим; ёзишда ҳали тетапоя палламданоқ атоқли ва ардоқли ёзувчиларнинг назарларига илиндим − илк машқларимни замонамизнинг кучли ёзувчиси раҳматли Шукур Холмирзаев маъқуллаб-мақтаб бошимни силаган бўлса, халқимизнинг севикли ва ардоқли машҳур ёзувчиси Ўткир Ҳошимов “Оқ йўл” тилаб устозлик меҳрини кўрсатган. Буларнинг ҳаммаси учун меҳрибоним Оллоҳга шукур, албатта.

 

Аммо булардан ташқари мен учун яна бир олижаноб киши бор: ижод деб аталмиш ўзига тортувчи бу оламнинг бутун сир-синоатини менга биттама-битта ўша киши таништириб чиққан, Сўз чаманзори аро сўқмоқма-сўқмоқ олиб юриб, ўхшаши йўқ чиройларини эринмай ўша киши томоша қилдирган, адабиётнинг энг биринчи галда одобиёт эканини билвосита ўша киши билдирган.

Бу киши яхши бир ёзувчи, яхши бир кинодраматург, яхши бир муҳаррир, яхши бир тилшунос заргар, яхши бир Инсон − Эркин Аъзамдир.

Эркин аканинг ёзувчилигини агар бир оғиз сўз билан таърифлаш лозим бўлса, мен самимийлигига алоҳида урғу берган бўлардим. Эркин Аъзам самимий ёзувчи — шу билан ҳамма нарса айтилган бўлади! Ёзганларида ёлғон йўқ, ясамалик йўқ, кучаниш йўқ, зўракилик йўқ, самимият бор! Эркин аканинг илк ҳикояларидан то охирги асарларигача синчиклаб ўқиган киши ҳаммасида ёзувчининг очиқ юрагини, очиқ юзини кўради. Мен “Отойининг туғилган йили”даги шартаки талаба тимсолида ёзувчининг ўзини кўрганман ва яхши кўриб қолганман. Кейин адабиётга бир қанча ва хилма-хил қаҳрамонлар тақдим этди – улар дунёқараши, феъл-ҳўйи ҳар хил кишилар, лекин уларни бир-бирига боғлаб турган ип боя айтганимиз самимийликдир. Эркин Аъзам ёзганлари ўзининг савиясига нисбатан ҳар хил даражада бўлиши мумкин, аммо ҳеч қайсиси бўш эмас ва ҳаммасида ёзувчининг  шахсияти бўртиб кўриниб туради. Мен адабиётшуносликдан қаҳрамонларига қараб ёзувчининг қиёфасини аниқлайдиган йўналишдаги изланишларни кутаман, жудаям қизиқарли йўналиш бўларди бу. Эркин Аъзам ижоди бу йўналишга тайёр хомашё. Албатта, ҳамма қаҳрамонларни ҳам муаллиф шахсияти билан ёки асаридаги воқеаларни муаллиф ҳаёти билан боғлайвериш унча тўғри эмас, лекин агар ёзувчи чинакам самимий ёзувчи бўлса, асари ўзидан мутлақо бегона бўлмайди, ёзувчининг қон томирлари танасидан тошиб чиқиб, асарининг ичига ҳам кириб кетган бўлади, яъни, қони ўз танасида қандай айланиб юрса, асари танасига ўтиб кетган қонтомирларда ҳам бирдай кезади. Бу дегани самимийлик ижодкор шахсиятини асарига ҳам кўчиради деганидир. “Отойининг туғилган йили” қиссасидаги ёш, шартаки қаҳрамон асардан асарга улғайиб, керак бўлса бир оз қуюлиб, гоҳ олдинги шартакилиги ўрнини босиқ-вазминлик ва мулоҳазакорлик эгаллаб, масалан “Жавоб”даги Нуриддин Элчиев сингари, синиқ бир кишига айланса, гоҳо, одатда бир босқичдан бошқа босқичга ўтаётганда доим уйғонадиган Армоннинг тимсоли ўлароқ “Анойининг жайдари олмаси”даги Рамазон бўлиб туғилади…

Албатта, мен хато қилаётган бўлишим мумкин, анчадан бери кўнглимда ўйлаб юрган ўйларимнинг учини бир оз чиқариб қўйдим, холос. Синчи адабиётшунослар бу масалани яхшироқ билишади ва ўта синчковлик билан қойиллатиб ўрганишади. Шунинг учун ёзувчининг ижод олами тадқиқини уларга қолдириб, бу ерда Эркин аканинг адабиёт майдонидаги жуда улкан бошқа бир ижтимоий фаолияти ҳақида ёзсам деган эдим. Бу ижтимоий фаолият муҳаррирликдир, таҳрирдир.

Таҳрирга ҳар ким ҳар хил қарайди –  кимгадир ёқади, маъқуллайди, кимдир уни ортиқча, хатто зарарли иш деб билади, қадрламайди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари “Ёшлик” журналининг, айниқса наср бўлимининг машҳур бўлиб кетишида бўлим мудири Эркин Аъзамнинг шу қадрсиз иши – муҳаррирлиги, таҳрирда талабчанлиги ҳам сабаб бўлган деб ўйлайман. Шунда ҳам айрим ёзувчилар таҳририятимизга келиб: “Сизлар хато қиляпсизлар, ижодкорнинг ўзига хос стилини бузяпсизлар”, деса, инсофли айримлари: “Сизлар хато қиляпсизлар, паст асарни кўтариб, бўш ёзувчини кучайтириб қўйяпсизлар, улар “Ёшлик”дан бошқа жойга асар берса, бунақа ёза олмаслиги очилиб қолаверади-ку”, дегандай эътирозлар билдиришгани ҳануз қулоғим остида турибди. Ҳолбуки, “ўзига хос стил” дегани кўпинча оддийгина саводсизлик бўларди. Ўзбек тилининг ифода қоидалари ва усулларидан хабарсизлик ёки бу борадаги нўноқлик, камбағаллик бўларди. Ким нима деса десин, “Ёшлик”даги таҳрирдан ким рози, ким норози бўлган бўлмасин, ундан қарийб ҳамма фойда кўргани аниқ. Биринчидан, “Услубимни бузяпсизлар!” деб йиғлаб келганлар ҳам эл унинг нарсасини “Ёшлик” саҳифаларида суйиб ёки суйиброқ ўқиганидан кейин тили қисилиб қоларди, тан бермасдан иложи қолмасди. Иккинчидан, халқ хом-хатала нарсани эмас, тилда саводли, бадиий равон асарни ўқирди. Учинчидан ва, балки энг муҳими, миллий тилларни зимдан руслаштириш сиёсати кетган совет даври босими билан тилимизга ёпирилиб кириб келган ёт сўзларга ва ёт ифодаларга тўғон ўлароқ ҳам билгич фидойиларнинг таҳрир мактаблари юзага келган ва улар тилимизнинг гўзалликларини, бойликларини, ифода имкониятларини асраб қолишга ҳаракат қилишган. Эркин Аъзам ана ўшандай таҳрир мактабларидан етишиб чиққан, чин маънода устоз кўрган тилшунослардан биридир. Ва ўзи ҳам кейинчалик бир нечта шогирд чиқарди, билганларини келгуси авлодга ўтказишга жон жаҳди билан тиришди.

Эркин ака сўзларнинг қават-қават этакларини кўтариб, ҳар қавати оралиғига бурунларимизни ишқалаб ҳидларини ҳидлатган, кўзларимизни кериб ранго-ранг товланишларини кўрсатган, хато қилганимизда керак бўлса икки қошимизнинг ўртасига ё бурунларимизнинг учига чертиб-чертиб тўғрисини ўргатган том маънодаги Устоздир. Бир одам бошқа бир одамга  бор билими, куч-ғайратини фидойиларча бағишласа, шунчалик бағишлайди, деб ўйлайман. Гап энди бизнинг шогирдликка ярашимизда ва у ишларни лойиқ даражада давом эттиришимизда қолган, холос.

Эркин Аъзам фақат ўзини, фақат ўзининг ижодини ва фақат ўзининг келажагини ўйлаган бўлса эди, ҳамма ижтимоий ишларни йиғиштириб қўйиб, балки яна қанчадан-қанча қисса, роман ва  киноасарлар яратган бўларди. Лекин унда Эркин Аъзам ҳозирги Эркин Аъзам бўлмай қоларди. Эркин ака ҳануз тил учун, тилимизнинг келажаги учун қайғариб юрибди.  Мана, бир неча йиллардан бери “Тафаккур” журналида миллатимизнинг тафаккур қобилиятини шакллантиришга ва юксалтиришга хизмат қиларкан, айни чоқда, ўзбек тилимизнинг бой имкониятларини ҳам намойиш этиб келяпти. Масалан, журналнинг охирги сонларидан бирида рус тилидан таржима қилинган бир мақолани ўқидим. Таржималиги билинмай кетибди, ўзига хос фикрлаш ва ёзиш тарзи – стили тўла сақланган ҳолда соф ўзбек тилида ёзилгандай бўлибди. Мен таржиманинг бу ҳолга келишида Эркин аканинг қалами изларини кўрдим.

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*