
Муҳтарам ватандош!
Маҳкамамиз “Мақсад на эдики, жаҳона келдинг?” мавзусида давра суҳбати ўтказмоқчи. Суҳбатимизга сизни муносиб кўриб, қуйидаги саволлар билан мурожаат қилаётирмиз.
Мухтасаргина (1-2 қоғоз) жавобингизни 31 май, душанба кунига қадар олсак, миннатдор бўлур эдик.
1. Ватанимиз мустақиллик, халқимиз озодлик йўлини тутди. Сизнингча, энди унинг маънавияти, мафкураси қандай тамоиллар асосида ривожланмоғи керак? Бу борада нималар қилиниши лозим деб ўйлайсиз?
2. Ватан нима? Сиз уни илк бор қачон ҳис этгансиз? Давр ўзгарди, сиёсат ўзгарди, Ватан ҳақидаги тушунчангиз-чи?
3. Шўро замонида дастурхон нисбатан тўкин, кўнгил хотиржамроқ, эртанги кунга омонатроқ бўлса-да, бир ишонч бор эди. Энди-чи? Дарвоқе, истиқлолдан мақсад не эди-ю, нималарга эришилди?
ЎзА маъмурияти
ЎзА саволларига жавоблар
1. Биринчи галда, Мустақиллик, Озодлик тушунчаларини суиистеъмол қилмаслик лозим. Мафкурада ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керакки, об-ҳаво ўзгаришлари ҳам, дала ишларидаги бирон муваффаққият ҳам ҳадеб Мустақиллик билан боғлайверилиб, халқ нафақат бу сўзлардан, балки мустақиллик ва озодликнинг ўзидан ҳам безиб қолмасин. Ҳозир ойнаи жаҳоннинг ёки радионинг қулоғини бурасангиз, қулоққа биринчи чалинадиган сўз “мустақиллик” бўлиб қолди. Кескин камайтириш керак. Зеро, амалда мустақил бўлган халқ бу юксак маъноли сўзларни ҳуда-беҳуда тилга олавермайди. Халқаро муносабатлардагина онда-сонда қайд этмаса, кундалик ҳаётда бу нарсага ўз-ўзидан англашиладиган ҳол сифатида қарайди ва бу улуғ неъматдан тўла баҳраманд бўлаверади. Шундай муносабатга биз ҳам ўрганишимиз лозим.
Энди мафкура масаласига келсак. Мафкураси аниқ бўлмаган миллат ҳар мақомга йўрғалайди ва охир-оқибатда боши берк кўчага кириб қолиши тайин. Лекин бу дегани шоша-пиша мафкура яратиш керак дегани эмас. Асло. Ҳозир мафкура ахтариляпти. Кимдир Мустақилликни, кимдир Ватанни мафкуранинг асоси бўлиши керак деяпти. Зоҳиран, бу таклифларда жон борга ўхшайди. Лекин англаш қийинки, масалан, мен ҳеч тасаввур қила олмайманки, қандай қилиб “Мустақиллик” ё “Ватан” мафкура бўла олади?! Мустақиллик ва озодлик мазлумнинг мақсади бўлиши мумкин ҳамма халқларнинг доимий ва табиий эҳтиёжи бўлиши мумкин, аммо мафкура тушунчаси ҳар қанақа мустақилликдан кенг ва баланд-ку. Ҳозир дунё кескин воқеалар ичида қийналяпти. Замон инсон ақли етмас даражада ўзгаришларга учради. Жараёнлар шиддатли. Бугун ҳақ туюлган фикр эртагага тўғри келмаяпти. Бундай вазиятда янгидан мафкура ясаш хавфли. Хавфли бўлмаган тақдирда ҳам самарасиз машғулотдир. Бугун оддий инсон ҳам, мустақилликка янги эришган ҳар қандай мамлакат ҳам замонлар синовидан ўтган, кучли ўзгармас, турланмас ва тусланмас, йўлида ва адолатида собит мафкурага суянса, ҳеч қачон адашмайди. Оллоҳ хоҳласа, шундай кунларга ҳам етажакмиз.
2. Болалигимда дадамдан (Оллоҳ раҳмат қилсин) “Фалончи ватанли бўлди”, “Ҳар инсоннинг ватани бўлсин”, “Уй қур, беватан юрма” деган сингари гапларни кўп эшитганман. Шунда, Ватан уй экан-да, деб ўйлардим. Мактаб бордим. Унча-мунча ўқиб тасаввуримда Ватаннинг сарҳади кенгайди. Ҳатто “қуёш дафъатан қуча олмас” бир маконни ҳам Ватан деб қабул қилиб, шундан ғурурланиб юрдим. Ўқиш-ўрганиш давом этди ва қизиқки, бора-бора тасаввуримда Ватан сарҳадлари торайди. Аллақаерлардан ўтган чегара ичидаги заминни Ватан деб ўйлай бошладим. Оллоҳга шукрлар бўлсинки, илм шарофати билан тасаввурим аслига қайтди ва раҳматли дадамнинг фикрлари даражасига ўсиб етдим. Яъни оддий инсон сифатида мен Ватан деганда икки нарсани тушунаман: бири – ўз уйимни, иккинчиси – бутун заминни.
3. Кўнгилнинг ҳақиқий хотиржамлиги имон билан воқе бўлади. Имонга асосланган тўкинликдан кўнгил ҳам қониқади. Совет замонидаги нисбий тўкинлик маънавий қашшоқланишимиз ва руҳий қуллигимиз эвазига тўланган бир ҳақ эди. Ниҳоятда арзон ҳақ эди. Ўшани агар ҳозирги ҳолимиздан устун қўядиган бўлсак, демак, биз ҳали қуллик кайфиятидан қутулиб кетолмаган бўламиз. Истиқлолдан мақсад дастурхоннинг тўкинлиги бўлса, унда шу бугуноқ Совет мустамлакаси ҳукми остига қайтишимиз керак бўлади. Биз шуни истаймизми? Ҳеч қачон! Масалан, мен ҳозирги унча-мунча қийинчиликларни ички сабабларнинг эмас, кўпроқ ташқи сабабларнинг оқибати деб биламан. Чунки халқимиз ниҳоятда меҳнаткаш, тупроғимиз ниҳоятда сахий. Бундай шароитда дастурхонимизнинг тўкин бўлмаслиги мумкин эмас. Демак, бу қийинчиликлар ўткинчидир. Муҳими – руҳий, сиёсий ва маънавий мустақилликка эришиб олишимиз керак. Умид борки, иншооллоҳ, яқин орада аслимизга қайтамиз. Илигимиз ҳам тез орада тўла бошлайди. Бунинг учун озгина сабр ва фидойилик талаб этилади, холос. Буларнинг ҳаммасига эса, биринчи саволнинг жавобида айтилганидек, миллатни бирлаштирадиган жуда кучли ва ўзгармас мафкурага асосланибгина эришилади. Бундай мафкурани бизга Оллоҳнинг ўзи беради.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
“Моварауннаҳр” нашриётининг бош муҳаррири
Leave a Reply