Инсон хоҳлайдими-хоҳламайдими, ҳаётининг охири бир: ўлим. Ўзини қанча орқага ташламасин, ихтиёрсиз равишда борадиган манзили ҳам аниқ: қабр. Бу ҳақиқатни ҳамма сўзсиз қабул қилади.
Аммо ўлимни тушунишда ва ҳиссий қабул қилишда одамлар турли тоифаларга бўлиниб кетадилар.
Мўминлар ўлимни дунёдаги хизматларини адо этиб бўлгач, вазифаларидан озод бўлиб, энди абадий хаётларини бошлаш учун ҳақиқий диёрларига қайтиш деб қабул қиладилар, қабрни эса амал дунёсидан ҳисоб-китоб оламига очилган эшик деб биладилар.
Яратганни инкор эттувчи, моддиюнчилик ботқоғига ботган кимса ўлимни борлиқдан йўқликка кетиш деб тушунади. Унингча, дунё фақат мана шу дунё, нарёғида ҳеч нарса йўқ, қабр эса жасадларни ютиб тупроққа айлантириб берадиган аждарҳо гўё.
Бу икки хил тоифа инсонлар дунёда: бири охират учун ишлайди, иккинчиси шу дунёси учун яшайди; бири дунёсини охиратига васила қилади, иккинчиси охиратини дунёсига қурбон қилади. Ўлимдан кейин ҳаёт борлигига ишонган мўминнинг ҳаёти нақадар чиройли, хотиржам ва мазмунлидир. Ўлимдан кейинги ҳаётни инкор килган кофирнинг дунё ҳаёти эса, нақадар тушкун, чиркин ва маъносиздир.
Ушбу китобча тўғри эътиқодни ва тўғри йўлни ахтараётган, балки уни топишга қийналаётган, иккиланаётган, хақиқат сари дадил қадам ташлашга қалбидаги ва ақлидаги нималардир тўсқинлик қилаётган кишиларга айниқса фойдалидир. Муаллиф ниҳоятда билағонлик билан уларнинг мушкулларини зеҳнларига мос услуб ва мантиқий далиллар ила ҳал этишга ҳаракат қилган.
Севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), насиҳат истаганга ўлим етар, деганлар. Зеро, ўлимдан таъсирчанроқ, ҳужжатлироқ насиҳатгўй йўқ. Гап юрак кўзи-қулоғининг очиқлигида. Юмуқ бўлса, ҳар куни ўлимга дуч келса-да, кўрмаганга-эшитмаганга олади, бу ҳақда ўйлаб бошини қотириб ўтирмайди.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни насиҳатни тинглайдиган, оладиган ва шунга кўра ўзини ўнглайдиган, ақл ва юрак кўзлари очиқ бандаларидан қилсин.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
“Ўлим йўқликми?” китобига сўзбоши, Тошкент, “Моварауннаҳр”, 2005
Leave a Reply