Аввало, рўмонни кўриб чиқайлик.
Мулоҳазаларимизни бошламасдан бурун бир нозик ҳолатни айтиб қўйиш жоиз. Гап шундаки, Мирза Карим ака бундан бир-икки йилча илгари ҳам XIX асрнинг йирик шоираларидан Нодира Бегимга бағишланган бир қисса ёзган, «Шарк юлдузи» мажалласи уни ички тақризга каминага берган, камина фикрларимни мажаллага ёзма равишда, муаллифга оғзаки тарзда муфассал баён этган эдим. Муаллиф танқидий мулоҳазаларимизни эътибор ила тинглади, кўпларига кўшилганини изҳор қилди, танқид эшитса ё асари босувдан қайтарилса каттиқ ранжиб кетадиганлардан фарқли ўлароқ, Мирза Карим ака каминага миннатдорлик билдирди ва яна бир қаттиқ ишлаб чиқишини айтди. Ўша ишловлар ва катта меҳнат самараси бўлиб, мана, ниҳоят «Моҳларойим» рўмони юзага келибди. Дарвоқе, аввалги фикрларимиз маъқул топилган шекилли, кейинроқ муаллиф каминани йўлда учратиб: «Қиссани бутунлай қайта ишладим, ҳатто аввалги ҳолатидан ҳеч нарса қолмади ҳисоб, бутунлай янгидан ёздим, рўмон бўлди, энди шуни ҳам бир ўқиб бермайсизми», деб қолди. Рози бўлдим.
Тасодифми ёки ўшанда фаришталар омин деган эканми, «Шарқ юлдузи» мажалласи мазкур рўмонни ички тақризга тағин каминага берди. Демак ҳам муаллифнинг, ҳам мажалланинг таклифи бир ердан чиқиб, менга бу рўмоннмнг тақдири тасодифий қўлда ҳал бўлмаётганига бир ишорадай туюлди-да, олдим.
Чеккадагиларга унча аҳамиятсиздай бўлган бу ҳолатни атай батафсил ёзаётганимга боис муаллиф билан бизнинг муносабатларимиз самимий ҳамда ўзаро тушуниш нуқталарига эгалигини айтиб қўйишдир.
Энди асосий мақсадга кўчсак бўлади.
«Моҳларойим» рўмони Қўқон хонлиги тарихининг энг мураккаб, айни чоқда, энг ёрқин даври Умархону Нодира бегим даврини ёритишга бағишланган. Маълумки, бу даврда мамлакат чегаралари анча кенгайди, хонликнинг йирик бир давлатга айланиш жараёни кучайди; шаҳарлар обод бўлди, турмуш хийла фаровонлашди; илм-фан, маданият, айниқса, адабиёт ривож топди; қурилишларга зўр берилди. Булар билан бир қаторда қонли урушлар-да бўлиб турди, бир юртнинг ободлиги ўзга юрт элининг бошига муайян кулфатлар солиниши эвазига рўёб бўлди. Хуллас, давр ниҳоятда мураккаб, улуғ кишиларга, катта тарихий воқеаларга бой. Бинобарин, рўмонга, ҳатто Мирза Карим ака яхши ният қилганидай, бир неча китобли рўмонга бемалол арзийдиган давр. Аммо…
Яшириб ё гапни айлантириб не қиламиз: рўмон бизни буткул қониқтирмади. Нимаси қониқтирмади? Қаери яхши чиққану қаерини ишласа бўлади? Бу саволларга муфассал жавоб бериш, жавоб берганда ҳам бир дунё далил-исбот ва асардан келтирилган кўплаб мисол ёрдамида жавоб бериш мумкин. Бироқ рўмон бизга умуман ёқмади, шунинг учун бу ерда умумий фикрларимизни баён этмоқчимиз. Чунки барча майда-чуйда камчилик, бизнингча, асарнинг умумий асосий камчилиги оқибатида юзага келган. Муаллиф тарихга, ўтмишимизга қарашда, уни баҳолашда ёлғон ва сохта мактаб дарсликлари таъсиридан чиқиб кетолмаган. Асар мундарижасини белгилашда ҳам мавжуд сохта идеологияга бўйсундирилган адабиётнинг ясама, зарарли қонуниятлари чирмовуғига ўралашиб қолган. Ҳамма хато шу икки сабабдандир.
Бошланиши сал-пал дурустга ўхшайди. Ўқиган сарингиз била борасизки, рўмоннинг бу ёғида тарих йўқ, бадиий тадқиқ йўқ. Бунинг ўрнига тарихга четдан қўпол равишда аралашаётган, уни кир-чир, биқиқ қопга солишга уринаётган йўл бор. Воқеалар давридан, муҳитдан узилган. Персонажлар билан бирга яшаб кетмайсиз, муҳитни ҳис этмайсиз, рангини кўрмайсиз, исини сезмайсиз, балки кўз олдингизда нуқул муаллиф пайдо бўлаверади. Ўзаро қарама-қарши синф ва табақалар, олижаноб туйғули «меҳнаткашлар» ва уларнинг мавжуд тузумга нафратларию фаҳш ва разолатга ботган, умуман инсоний қиёфадан бебаҳра, зулм ва адолатсизликдан бошқа иш қилмайдиган «эзувчилар» ва уларнинг чиркин ҳаётлари… Булар бари бор, аммо рўмонда энг асосий нарса – Ҳақиқат йўқ. Тарихий ҳақиқат ҳам, бинобарин, бадиий ҳақиқат ҳам иўқ. Муаллиф сўзимизни самимий қабул қилар деган умидда айтамизки, бу асар агар бундан ўн ё ўн беш йиллар муқаддам, яъни сохта қадриятлар ва сохта дунёқарашлар ҳукмрон бўлган даврда ёзилган бўлгандаям майлийди, ночор кўнардик ё дамимизни ичимизга ютардик. Бу асар бугун – ёзиш, нимани ва қандай қилиб ёзиш кўнгил иши бўлиб турган ҳозирги паллада, тарихимизга эндигина сал инсоф билан қарашга ўрганаётган чоғимизда ёзилгани, унинг устига, мана шундай ёзилгани кўп ачинарлидир. Бордию уни кўнгилдан ёзилган деб ҳисоблайдиган бўлсак, унда ўн карра, юз карра ёмон: бу мараз идеология кўнгилларимизни-да бузиб бўлибди!
Бу фикрлар рўмоннинг ғоявий жиҳатига тегишли. Энди икки оғиз сўз бадиий жиҳатига.
Очиғини айтиш керак, асарнинг ўқишли чиқишини таъминлашга муаллифнинг тарихий-бадиий қуввати етмагандай. Бу соҳанинг ҳар қанча холис билимдонлари ўқиб чиқишсин, марҳамат. Кўпчилик фикри фойдали-ку. Тил қашшоқ. Тарихий нутқ яратаман деб сохта, сунъий ифодалар қалаштириб ташланган. Холбуки, ҳар қандай бурама, оҳанжамали нутқ, тил ҳам тарихий нутқни ёки қиборлар нутқини беравермайди, унда энг аввало халқ руҳи бўлиши лозим! Бундан ташқари, жамлаб келинса, уч юз саксон бир саҳифада нуқул бир хил услубдаги гап-сўз, бир хил ёрлиқлар, бир хил миннатдорлик ёки нафрат туйғулари, бир хил ўй-хаёлу бир хил ҳолатлар такрорланаверади. Одатда асарларни ҳаётнинг бадиий инъикоси деймиз. «Моҳларойим»да ана шу нарса – бадиий инъико етишмайди. Нуқул баён, баён, баён…
Персонажларга муаллиф муносабати ё баҳоси ҳам чекланган. I. Олампаноҳ УМАРХОН: тинимсиз зинони, ҳатто Нодира ҳузурида ҳам ўзга қизлар қучоғини ўйлайди; нуқул чоғир ичади; чилим тортади; атрофида қизиқчи, машшоқ, раққоса ва баччаларни олиб юради; мавҳум жанглар қилиб эл бошига кулфатлар солади; онда-сонда, илм-фан, адабиёт ва юрт ободонлигини-да ўйлаб қолади… холос. II. Бош қаҳрамон саналмиш НОДИРА бегим тимсоли ҳам якранг – дарсликларда берилган характеристикадан ўзга маълумот йўқ. III. «МЕҲНАТКАШ» ХАЛҚ: хонлик тузуми туфайли бири севиклисидан, бири қизидан, бири ота-онасидан, бири ватанидан жудо; бири жинни, бири эрсиз, бири қаллоб; бирини худди инқилобчи болшевик дейсиз, IV. Вазири казо ИСМАТИЛЛАБИЙнинг асосий иши – қўшмачилик ва хонга хушомад…
Рўйхатни яна истаганча давом эттирса бўлади. Лекин ичингиздан бир ҳайқириқ отилиб чиқади-да, томоғингизни ғип бўғади: «Бунақа эмас-да, ахир!» деб юборасиз.
Саҳифалар хошиясида белгилаган мисолларимиз ва эсда қолсин деган ниятда озгина эҳтирос ила битган қайдларимизни бу ерда келтирадиган бўлсак, тақриз анча шишиб кетади. Муаллиф улар билан бирма-бир танишиб чиқса, бу ички тақриздаги фикр-мулоҳазалар барчаси ўшаларга асосланганини билиб олади. Қўшилиш ё қўшилмаслик – ҳар кимнинг ихтиёри.
Энди «Мунавварага эртаклар» қиссаси хусусинда.
Бошданоқ айтиб қўяқолайлик: эртак-қисса бизга маъқул бўлди. Мажаллада босишга тавсия этамиз. Бу асарда келтирилган эртакларнинг кўпи муайян бирор жиҳати билан бизга-да таниш, буни муаллиф ҳам алоҳида таъкидлабди: «Ўзим болалигимдан эшитган Нўхатполвон ҳақидаги эртакни… ёдимдан чиққан жойларини ичимдан тўқиб, айта бошладим» дебди. Биз ҳам ўзимиздан шуни қўшимча қиламизки, яхши шакл топиб, болаларга етиб борадиган тарзда айтибди. Лекин мазкур тақриздан мурод мақтов эмас, балки, асарни пишитиш учун яна нималар қилиш лозимлигини ўзимизча кўрсатишдир.
Аввало, агар шу ном қоладиган бўлса, уни «Мунаввара эртаклари» деб ўзгартирган маъқул. Ўзбекчароқ бўлади.
Хакимбойваччага 22 ва ундан кейинги саҳифаларда исмиданоқ муаллиф ҳозирги синфий-ғоявий н.н.да туриб ёндашгани сезилади. Уни, масалан, “Ҳаким зўр” деб атаса ҳам бўлади-ку! Болага ҳали ўзи тушуниб етмайдиган ғояни эмас, балки умуман ҳақ билан ноҳақлик, зулм билан эзгулик тушунчаларининг фарқини сингдириш муҳим ва лозим.
24-саҳифада. Жанжалдан кейиноқ Нўхатполвон отасидан эртак айтиб беришни сўраши айни дамдаги аҳвол-руҳиятига мос эмас, шунинг учун чойхонага етиб, бир пиёла чой устида сўраса мантиқлироқдир.
28-саҳифада. Подшоҳ машваратида жаллодларнинг иштирок этиши тўғри эмас. Ҳеч қурса, қўшни хонада кутиб ўтирсин.
Ҳар эртак бошланишидан олдинги сарлавҳани ота билан қизнинг кириш суҳбатидан кейинга кўчириш лозим, бизнингча. Кириш суҳбатларни бошқа ҳарфда териб, ажратиб кўрсатса бўлади.
23-, 24-, 46- ва айрам бошқа саҳифаларда. Нўхатполвон инсофсизга қарши инсофсизлик қилади. Бу усулни болаларга ибрат қилиб кўрсатиб бўлмайди. Бола юрагига яхшилик уруғини қадайдиган йўлдан бориш керак. М: Нўхатполвон ўзи сотган ўтиннинг асл қийматидан ортиқча пулни бемалол олаверади, ҳолбуки, ярашасини олиб, қолганини қайтиб бериши лозим эди.
33- ва 46-саҳифаларда. Қўлга пул тушган заҳоти бозордан кўп нарса харид қилиш хархашаси очкўзликка ўхшаб кетади. Умуман, бойликка ҳирс, очлик руҳи бор. Ҳаммаси, ҳатто уйда онаси ҳам хурсанд бўлаверади бойликдан. Ахир биз фарзандларимиз мунаввараларни қандай руҳда тарбияламоқчимиз?!
50-51-саҳифадан белгиланган жойни қисқартириш керак.
64-65-саҳифадаги қисм умуман ортиқча: сиёсий ғоя учун шунчаки киритилган, асарда давом этмайди, кейинги воқеаларга-да алоқаси йўқ.
65-66-саҳифалардаги қизча билан ота суҳбатини олдинга олиб, эртакни шундан кейин бошласа яхши бўлади.
Энг бўш жойлардан яна бири Нўхатполвоннинг болалар билан ўйини саҳнасидир.(81-87-саҳифалар). Уни олиб ташлаб, 81-саҳифадаги «Сен ҳам ухласанг бўларди, болам», деган жумладан кейин Нўхатполвон: «Эртак айтиб берсангиз, майли, ухлайман”, десаю ота 87-саҳифадаги «Жин ва тулки» эртагини бошлаб юбораверса бўлади.
Нўхатполвоннинг 99-108-саҳифалардаги меҳмондорлик саргузаштлари-да яхши эмас. Шу ерда эртак тили ҳам унутилган. Ғоя юзаки. Мингбошини уриб бериш илтимос қилинади. Нега? Мантиқ борми? Йўқ.
«Жаҳон ва Жоду» эртаги олдингилардай эмас. Қолдирса ҳам бўлаверади-ю, менимча, олиб ташланса ҳам ёмон бўлмасди.
117-саҳифани қисқартириш лозим.
«Сахийбой, учқур от ва бир бурда нон» шеърий эртаги аслида Ҳотамтой ҳақидаги машҳур ривоятдан олинибди. Шуни Ҳотамтойнинг ўзини қўйиб ёзса бўлаверади-ку! Кейин, «бурда нон» эмас, «ушоқ» ёки «нон ушоғи» дейиш керак.
Эртакчи билан қиз суҳбатлари, вазият, ҳолатлар ҳар гал қарийб бир хил. Агар бу қоплама усул ҳар бир эртак олдидан такрорланиши зарур бўлса, унда янги-янги вазият, янги гап-сўз топиш керак.
Эртак-қисса бу ҳолида анча чўзиқ. Ўқувчи боланинг нафаси етинқирамайди. Шунинг учун агар юқорида айтилган ўринлар қисқартирилса, жуда меъёрдаги асар бўлар эди.
Хулоса шуки, бу эртак-қиссани бемалол мажаллада эълон қилса бўлади. Биз билдирган мулоҳазалар инобатга олинса, айтилган камчиликларни бартараф этиш унча қийин иш эмас: ўрин алмаштиришу озгина қайчилашу айрим ўринларга бирров қалам уриш кифоя. Шунда эртак-қисса янада сайқал топишига ишончимиз бор.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Отахонов)
1991. IV. 19
Leave a Reply